Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 6 июл куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

6 июл сиз учун жуда ажойиб кечади. Ишга ҳам, шахсий ҳаётга ҳам улгурасиз. Ҳатто, бундан ҳамкасбларингиз ҳам бироз ўнғайсизланиши мумкин. Лекин эътибор қилманг. Омад келганда фойдаланиб қолганингиздан фойда. Рўзғор юмушларини тартибга келтиришда тафаккурни ишга солишингиз талаб этилади. Таъмир зарур бўлса, ҳақиқий устасини чақирганингиз маъқул. Кечқурун тоза ҳаво сайрига чиқинг. Саломатлигингиз учун фойдали.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун кун давомида ўзингизни худди армия аскари каби тутишингиз керак бўлади. Ўзингизга бўлган ишонч муаммоларни осон бартараф этишда асқотади. Бу ишонч билан яқинларингиз меҳрини ҳам янада кучлироқ қозониш имкониятига эга бўласиз. Молиявий муаммоларни ижобий ҳал этиш истагида бўлсангиз, шошма-шошарлик қилманг. Бу сизни фақат инқироз сари етаклайди холос. Кечқурун саломатликни тиклаш ҳақида бош қотиринг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

6 июл куни ҳеч кимни танимай, ҳис этмай, пайқамай иш кўришингиз кутилади. Чунки шахсий муаммолар қалашиб ётибди. Уларни фикрни бир жойга жамлаган ҳолда ҳал қилишингизга тўғри келади. Ишхонадаги юмушларни бажаришда янги усуллар ўйлаб топингки, ёш кадрлар қаршисида мулзам тортиб қолманг. Кечқурун ҳар қандай кўринишдаги тадбирлар муваффақиятли кечади. Бироқ сиз қалбингизга яқин тадбирни танланг. Топа олмасангиз, ўзингиз ўйлаб топинг ва ташкил этинг.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Бугун сизни бир талай сюрпризлар ва ажойиб совғалар кутиб туради. Сизни севган ва қадрлайдиган инсонлар совғалар тақдим этиш учун бугунни мўлжаллашган кўринади. Бугун пулингиз етарли бўлади. Шундай экан, харидлар масаласида сира иккиланманг. Мабодо спортнинг экстремал турлари билан шуғуллансангиз, саломатлигингизга алоҳида эътибор билан ёндашинг. Бугун яна янги уйга кўчиб ўтиш хайрли кечади. Омадингизни берсин!

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

6 июлда оиласизлар азалий орзуларидан бирига эришишлари мумкин. Эрталаб уйдан чиқасиз-у, орзуингиздаги инсонни учратасиз. Ишхонада ўзингизни ҳар қачонгидек самимий тутинг. Ҳурматингиз йўқолмайди. Куннинг иккинчи ярмида киссавурлардан эҳтиётингизни қилинг. Серқатнов йўлларни кесиб ўтишга тўғри келса, ҳушёр бўлинг. Жароҳат олишингиз хавфи бор. Кечқурун оила аъзоларингиз кайфиятингизни яна бир неча поғона кўтаришга арзийдиган хушхабар етказишади.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Ишхонангизда ўз зиммангизга юкланган ишларни бошқа бир ҳамкасбга юклаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрманг. Башарти шундай қилсангиз, мукофотдан қуруқ қолишингиз тайин. Оила қурмаганлар кун давомида суюкли инсони билан учрашиб, кайфиятини позитив даражага етказиб олишади. Кўз тегмасин! Фақат романтик тарзда амалга ошириладиган хушомадларни унутиб қўйманг. Севгилингизга шундай хушомадларингиз ёқишини яна бир бор ёдга олинг.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

6 июл куни кайфиятингиз тушкун, кўзларингизда ғам ҳукм суради. Умуман ишга қўлингиз бормайди. Аммо мажбурсиз. Ҳаёт давом этаркан, ишлашингиз ва пул топишингиз зарур. Моддий аҳволингизни яхшилашда узоқ қариндошлардан бири ёрдам қўлини чўзиши кутилади. У пулларни ё почта орқали юбориши, ёки ҳисоб рақамингиз бўлса, ўшанга ўтказиб бериши мумкин. Нима бўлмасин, асосийси, молиявий жиҳатдан бақувватлашиб оласиз.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Ҳали оила қуришга улгурмаганлар ҳаётида янги ишқ романи юзага келиши мумкин. Фақат сиз вазиятга реал кўз билан боқинг. Бу масалада зинҳор таваккал қилманг. Молиявий муаммоларни ҳал этиш жараёнида иллюзиядан қочинг. У сизни тубсиз жарликка қулатишдан бошқасига ярамайди. Сурункали хасталикка йўлиққанлар албатта саломатлигини мустаҳкам тутиш ҳақида ўйлашлари керак. Кечқурун тўғри овқатланинг. Ёғли ва шўр таомлар истеъмол қилманг.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

6 июлда оилавий ҳаёт билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда қатъиятлилик талаб этилади. Ёлғиз бўлсангиз-у, севганингиз билан бу гал қандай салом-алик қилиш ҳақида бош қотираётган бўлсангиз, бунинг қийин жойи йўқ. Оддийликка эътибор қаратинг. Ишхонадаги мартаба ва лавозимини ошириш ниятида юрганларга дадиллик жуда зарур. Бундан олдин ишни қойиллатинг. Кечқурун айримлар хизмат сафарига жўнаб кетиши мумкин.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугун иш жойингиздан тортиб оилангизгача сиз учун катта байрамлар саҳнасига айланиши кутилмоқда. Ҳамкасблар олқиши, оила аъзоларингизнинг сира кутилмаган хушомадлари, мақтовлари… Йўқ, буларни сиз тушда кўрасиз. Тушингизни реал ҳаётга олиб кириш учун эса биринчи навбатда ишни қойиллатиб қўйишингиз керак. Ана шунда ростдан ҳам олқиш ва мақтовлар сизники бўлади. Шахсий бизнеси борлар бугун мўмай даромаддан умид қилмасалар ҳам бўлади. Лекин ҳаракатдан тўхтаб ҳам қолманг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

6 июл куни ортингиздан кимлардир ғийбат қила бошлаганидан хабар топасиз. Ғийбатчи кимлигини аниқлашга бел бойласангиз, билингки, кунни беҳудага бой берасиз. Бир ҳақиқатга ишонинг. Ғийбатчими, ҳасадчими, худога топшириб қўйиш керак. Худонинг ўзи гуноҳкорнинг ҳисоб-китобини қилиб олади. Кўпчилик дўстларимиз ошқозони учун байрам уюштиришни хоҳлаб қолишади. Агар егуликлар ошқозон учун байрам уюштиришга арзиса, албатта ташкил этиш керак. Чўнтагингиз кўтарса, нуфузли ресторанга боринг. Ана ўша ерда ҳақиқий байрам учун арзирли таомларни кўрасиз.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Куннинг биринчи ярмида ажойиб бир инсон билан танишишингиз кутилади. У инсон ҳам яқин келажакда яқин дўстлардан бирига айланиши ҳақиқатга яқин. Муҳаббатда худбинликдан, рашкдан қочинг. Кўзни чирт юминг-у, шу икки нуқсондан воз кечинг. Рўзғордаги муаммолар хизмат сафарига бориб келганингиздан кейин ижобий ҳал бўлади. Дарвоқе, кечқурун хизмат сафарига отланишингиз эҳтимоли бор.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади