ШАЙТАНАТ… (98-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бир куни шундай деганда Умар Бахтиёров пичинг билан:

— Худди совет олимларига ўхшайсиз, — деган эди.

— Совет олими бўлмай кимман? — деб ажабланган эди Ҳабиб Сатторов бу кинояни англамай.

— Парапсихологияни фақат совет олимлари инкор этишади. Бу фанни бутун дунё ўрганади, — деб куюниб изоҳ берган эди у.

Тунги воқеадан сўнг Ҳабиб Сатторов биринчи бўлиб шу қўшнисини эслади. Бахтига Умар Бахтиёров уйда экан. Сочлари умуман тўкилиб битган, Ҳабиб Сатторовдан бир ёш кичик бу олимнинг ҳаракати серғайрат, гапириши ҳам шунга яраша эди. У тез гапирганидан айрим фикрларини уқиб олиш қийин бўларди.

— Бир маслаҳатли иш чиқди, — деди Ҳабиб Сатторов, — фақат шартим бор: секин, шошилмасдан гапирасиз.

— Албатта-албатта, — деди Умар шартга кўниб.

Ҳабиб Сатторов тунги воқеани умумий тарзда айтиб бергач, у ғолиб одам кулгуси билан кулди-да:

— Худодан қайтибди, — деди.

— Нимага унақа дейсиз?

— Сиз бир пайтлар менинг гапларимни ғайрифан дер эдингиз. Исботига ўзингиз учрабсиз.

— Менга гина қилманг, менга тушунтиринг, — деди Ҳабиб Сатторов бир оз асабийлашиб.

— Бу биоенергетик чакраларнинг иши, — деб оҳиста гап бошлади Умар. — Яъни — биоенергетик марказ десак ҳам бўлади. Одамлардаги биоқувват ҳам электр қувватига ўхшаб «манфий» ва «мусбат» бўлади. Икки одам биоенергетик майдон ҳосил қилади.

Яъни бир одам иккинчи одамга аура орқали, яъни нурланиш орқали таъсир қилади. Одамда нечта кўз бор? — Умар Бахтиёров шу саволни бериб муғобирларча кулимсиради.

— Сизда балки ўнтадир. Аммо менда иккита, — деб жавоб берди Ҳабиб Сатторов.

— Ўнта эмас, учта. Учинчи кўз — гипофиз. Гипофиз ана ўша аураларни қабул этади.

Укангизни ҳам, сизни ҳам бегона энергоинформатсион майдонлар безовта қилган.

— Улар бошқа сайёраданмиз, дейишди?

— Бўлиши мумкин. Бошқа сайёрада бионурланиш марказлари кучлидир балки?

— Хўп, энди нима қилиш керак?

— Электромагнит экран билан шу майдонни бузиш керак. Мен шундай экран ихтиро қилганман. Лекин уни биров тан олмаяпти. Агар истасангиз синаб кўрайлик. Укангизникига ўрнатиб, нур пайдо бўлишини кутамиз.

Ҳабиб Сатторовга бу таклиф хаёлпараст талаба болаларнинг гапидай туюлди. «Ўйлаб кўрамиз», деб чиқиб кетди.

Шу гапдан кейин Умар Бахтиёров уни ҳоли-жонига қўймади. Охири Ҳабиб Сатторов кўнди. Ихтиро этилган электромагнит экранни олиб боришди. Ўша дераза токчасига ўрнатиб кутишди. Нурнинг пайдо бўлишини кута-кута иккови ҳам ухлаб қолишди.

Эрталаб туриб қарашса, экран пачоқланиб ётибди…

 

***

 

Чувриндини кузатиб чиққан йигит унинг қўлига чиройли қоғозга ўралиб, чиройли тасма билан боғланган қутини берди.

— Бу Хонгирейнинг Асадбекка совғаси. Шахсан ўз қўлига топширасан. Бу Хонгирей билан Асадбекни бир-бирига боғлайди. Уни қўлингда кўтариб кет, синади, — деб огоҳлантирди.

Чувринди назорат бўлими орқали кутиш хонасига ўтганида Жамшидни кўрди. У Жамшид билан бирга кетишини билмаса-да, яқин кунларда кўражагини тахмин қилиб эди. Жамшид эса Чувриндининг Москвада эканидан бутунлай бехабар бўлгани сабабли бу кутилмаган учрашувдан дастлаб довдиради. Бир неча ой кўришмаган қадрдонлар оддийгина қўл беришиб омонлашдилар. Одамлар қуршовида ортиқча гаплаша ҳам олмадилар. Чувринди Жамшиднинг кўзларидаги савол учқунларига жавобан:

— Ҳаммаси яхши бўлади, — деб елкасига оҳиста уриб қўйди.

Шундай дейишга дегани билан «Ҳаммаси қанақасига яхши бўлишини» ўзи ҳам билмасди. Масала у кутган даражадан ҳам баттар чигаллашиб кетдики, оқибатда Хонгирейнинг усталигига тан бермай иложи қолмади. Айниқса, Жамшидни ўзи билан олиб кетиши… Хонгирей «Жамшидни бирга олиб кетасан», деганида «бу шунчаки тайинсиз гапдир», деб ўйлаб эди. Энди билса, бу ҳам Хонгирейнинг усталигидан экан. Яқиндагина «ўлди» деб эълон қилиниб, мурдасини ўз уйидан чиқарган одамни энди ўзи тириклайин бошлаб боради…

Шаҳарга етиб, хайрлашар маҳалида Чувринди унга:

— Уйингдан чиқмай ўтира тур. Бир-икки кун сабр қил, — деб тайинлади.

Зелихон билан учрашувдан сўнг хаёлнинг минг турли кўчаларига кириб, валинеъматларидан кўнгли қолаётган, ҳатто Хонгирей хизматига ўтганидан қувона бошлаган Жамшид меҳрибонлик билан айтилган бу гапни эшитиб, итоаткорлик билан «Хўп», деди.

Чувринди тўғри Асадбекнинг уйига борди. Ҳожасининг табибга кетганини эшитиб қўлидаги қутини йигитларга берди-да: «Бек аканг келгунларича эҳтиёт қилларинг», деди.

Эртасига болохонадаги йигитлар Чувриндиникига телефон қилиб, қутидан ҳаддан ташқари сассиқ ҳид чиқаётганини маълум қилишди. Юраги нохуш бир нарсани сезган Чувринди дарров етиб келди. Қути болохона айвонига чиқариб қўйилган, ундан таралаётган бадбўй кўчадан кирган одам димоғига уриларди.

Чувринди ҳиддан бурнини жийириб, йигитларга «Олиб тушларинг», деб шийпон томонга юрди.

Қутини олиб тушган йигит уни чаққонлик билан очди. Очди-ю, қўлларига қалтироқ кирди.

Чувринди ҳам ҳайратдан донг қотди: қутида Ғилай Шомилнинг калласи турарди… Шомил калласи узилаётганини сезишга ҳам улгурмаганми, кўзлари очиқ қолган, худди «Дунёнинг охир-оқибати шуми?» дегандай бир кўзи чапга, иккинчиси ўнгга қараб саволига жавоб излагандай бўларди.

 

***

 

Абдураҳмон табиб хайрлашиш маҳалида Асадбекка «Хастаман, деб ғам чекманг. Хасталик — бахтсизлик эмас, бахтсизлик — бу дунё бойлигига муҳаббат қўйишдир», деди.

Мана шу гапнинг мазмунини чақиш учун Асадбек кўп ўйланди-да «устма-уст бостириб келаётган бахтсизликларим шундан экан-да», деган хулосага келди.

Хайрлашишларидан олдин табиб Муҳиддин отага қараб туриб бир ривоят айтди:

«Эмишки, Чумоли яшайдиган жой емишга бой экан. У яхши еб-ичиб, обдон семирди. Сўнг… бир куни қараб, осмондаги қушларни кўрди. Кўрди-да… улар каби учмоқни истади. Қанот чиқармоқни умид қилди. Кутилмаганда умиди ижобат бўлди — қанот чиқарди-ю, учди. Аммо семизлиги туфайли баланд учолмади. Ердан бир озгина кўтарилди, холос. Шунда парвоз этмоқни истаган семиз чумолини қушлар кўрдилар.

Оқибат шуки, у қушларга ем бўлди…»

Асадбек бу ривоятни ҳам кўп ўйлади. Ўзини чумоли ўрнига ҳам, қушлар ўрнига ҳам қўйиб кўрди. Аммо бирон хулосага келолмади.

Асадбек уйига қайтганидан кейин ҳам табибникида ўтган кунларини кўп эслади. Айниқса, Дев аканинг ҳолати бир неча марта тушига кирди.

… Улар чой ичиб ўтиришганда табиб кириб, узрли оҳангда Дев ака хасталанганини, уни бориб кўриши лозимлигини айтди. Муҳиддин ота одамгарчилик юзасидан «Биз ҳам борайлик, беморни йўқлаш савоб», дегач, табибга эргашдилар.

Қишлоқ чеккасидаги сомонсувоқ кичкина уйча. Абдураҳмон табибнинг сайъи-ҳаракати билан қурилган бу уй — Дев аканинг бошпанаси. Ичкарида тахмон. Сандиқ. Кўрпа кўрпачалар. Лекин Дев ака эски палос устида, бошига гувала қўйиб ётибди.

— Бу кишининг одатлари шу, — деб изоҳ берди, Абдураҳмон табиб. — Кўрпа-ёстиқда ётмайдилар. Қишин-ёзин шу аҳвол.

— У дунёда барчамиз шу ҳолда ётамиз, — деди Муҳиддин ота.

— Муту қабла ан тамуту, — деб қўйди табиб.

Беҳол ётган Дев ака бошини сал кўтариб, табиб билан Муҳиддин отага миллион сўмдан ваъда қилди. Бу сафар ҳам Асадбекка «ҳеч нарса тегмади».

— Мен мих тополмадим, сен топдингми? — деб сўради Дев ака табибдан.

— Топдим, — деди табиб унинг билак томирини ушлаб.

— Яхши! — деб жилмайди Дев ака. — Яхши, энди юртимизга қайтамиз. Сарой соламиз.

Ҳамма озод бўлади!

— Ҳа… озодликка оз қолибди… — деди Абдураҳмон табиб беморнинг қўлини оҳиста равишда шолча устига қўйиб.

Унинг нима демоқчи эканини Муҳиддин ота англади-да, Дев акага ачиниш билан қараб қўйди.

Улар кетмасларидан аввал ҳам табиб ундан хабар олган эди. Муҳиддин отанинг «Қалай, тузукмилар?» деган саволига бош чайқаб қўйиб, «Шифо Оллоҳдан» деган эди.

Асадбек уйига келгандан бери ўзига «миллион сўм бергиси келмаган бу ғалати одам тирикми ё бандаликни бажо келтирдими?» деб ўйлади. Кейин ўзининг ташвишлари билан бўлиб бошига гувала қўйиб ётувчи бу одамни унута бошлади.

У шифо топаётганидан қувониб, уйга қайтганда бирон яхши хабардан умидвор эди.

Аммо… шодликни оширгувчи хабар бўлмади.

Чувринди ҳам, Кесакполвон ҳам унинг қайтишини ўзларига хос интизорлик, сабрсизлик билан кутар эдилар. Тилла тангани олиб келгач, уйига қайтган Жалил ҳам хавотир, ҳам умид билан кутарди. Кесакполвон уникига икки марта келиб, «Яна бориб, хабар олиб келинг» деб тиқилинч қилди. Жалил биринчи сафар «Табибнинг ғашини келтириб қўйсам, «Кўтар аравангни!» деб ҳайдаб юборади» деган мулоҳазасини айтиб, уни тинчитди. Иккинчи сафар келганда «Мен сенинг югурдагингманми!» деб бобиллаб берди.

Асадбек шаҳарга етиб келишлари билан, ҳайдовчига «Жалил акангникига ҳайда», деб буюрди-да, Муҳиддин отага қараб: «Хавотир олиб ўтиргандир», деди.

Жалил уйда йўқ эди. Шу учун келинга «Ўртоғимга салом айтинг», дегач, уйига қараб юрдилар.

Кесакполвоннинг уйида сиқилиб кетган, айниқса Мардонадан ўч олиш мақсадида қаттиқ қўрққан Зайнабнинг касали қўзиб, анча қийналди. Шунинг учун Чувринди қайтган куниёқ унга телефон қилиб, отасининг уйига келди. Ёш жувон ёлғиз ўзи турмасин, деб Чувринди хотинини ҳам шу ерга олиб келган, буни эшитиб Кесакполвоннинг фиғони ошган эди. Унинг фикрича, Чувринди Асадбекнинг хонадонига тўла ҳукмронлик ўрнатишга эришган эди.

Чувринди хотинига айрим ишларни тайинлаб кетаётганда ҳовлига Асадбек кириб келди.

Ҳожасининг анча дадил кириб келаётганини кўрган Чувриндининг зулумот бағрига чироқ ёқилгандай бўлди. Асадбек билан қучоқлашиб кўришиб, «Худога шукр» деб қўйди.

Кесакполвоннинг ваҳимали тарзда тушунтиришидан сўнг хавотир оташида қоврилаётган Зайнаб ҳам отасининг кўринишидан мамнун бўлди.

Зайнабнинг аҳволидан бехабар Асадбек ундан «Нима учун бу ердасан?» деб сўрамади. Қизининг келиб-кетиб юришига кўникиб қолгани учун «Эринг тузукми?» деб қўя қолди.

Муҳиддин ота борлиги учун бу кеч ишдан гаплашишмади. Меҳмоннинг истаги билан уни эртасига Красноярга узатдилар. Шундан сўнг уччовлари шаҳар марказидаги уч қаватли бино ертўласида тўпландилар.

Анчадан бери улар бу ҳолда жам бўлиб ўтирмаган эдилар. Хорижга бориб келган Ташқи ишлар вазири жумҳурраис ва бош вазирга ҳисоб бергани каби Чувринди ҳам ҳожаларини сафари оқибати билан таништирди. У бу ҳисоботга астойдил тайёрланган эди. Чунки Хонгирей айтган гапларни, унинг мақсадини айтмоқ зинҳор мумкин эмас. У гапларини тамом қилиши билан Кесакполвон:

— Ғилай қани? — деб сўради.

Бу саволни у Чувринди келган куниёқ сўраган, «Хонгирей ёнида қолди», деган жавобни эшитган эди. Жавобга қониқмагани учун ҳожаси ёнида яна сўради.

— Ғилайни Хонгирей олиб қолди. Гаровга турсин дейди. Лекин унинг ўрнига… — қолган гапини айтишга қийналди.

— Чайналма, гапир гапингни, — деб жеркиди Кесакполвон. У Ғилайнинг Хонгирей ёнида қолганига ишонмади. Ғилай ким бўлибдики, Хонгирей уни гаровга олиб қолса. «Ғилайни яширган, ўзига керак вақтида ишга солади», деган фикри қатъийлашди.

— Бек ака, биз бир айб иш қилганмиз. Сўксангиз ҳам, урсангиз ҳам ҳаққингиз бор.

— «Биз» деганинг ким? — деди Кесакполвон.

— Сиз билан мен…

— Ие, сен билан шерикликда нима ёмон иш қилибман?

— Жамшидни айтаман…

— Жамшид? — деб ажабланди Асадбек. Кейин у ҳам жеркиб берди. — Гапирсанг-чи, бунча чайналасан!

— Гап шуки, ўшанда Жамшидни ўлдирмаган эдик. Яхши йигит, садоқатли йигит. Жаҳл устида айтвордингизми девдик. Уни Сочига юбориб, ўликхонадан бир мурда топиб ёқувдик.

— Бунақа ҳунарларинг ҳам борми? — деди Асадбек.

Унинг овозида қаҳр ёки зарда сезилмагани учун Чувринди сал дадиллашди.

— Бизга керакли йигит.

— Ўзи қани?

— Уйида, бирга олиб келдим.

— Сочига бордингми? — деди Кесакполвон жаҳл билан.

— Ҳозир тушунтираман. Уни Сочида Зелихон кўриб қолибди. Эсингиздами, «Академик» —

чи? Хонгирейнинг устозиман, деган.

— Эсимда, гапиравер.

— Хуллас, Жамшидни олиб кетишган. Ҳарҳолда бу ўша Зелихоннинг иши.

— Унга нима алоқаси бор?

— У Элчинни ўйлаган. Зелихон Жамшидга Элчинни ҳар қадамда ҳимоя қиласан, деб шарт қўйибди. Эсингиздами, Масковда Хонгирей ҳам Элчинни гапирувди.

— Эсимда… — Шундай деб Асадбек ўйга толди.

Чиндан ҳам ғазаб оловида ёнган пайтида ҳукм қилиб эди. Кейин афсус еди… Агар шу иш бўлмаганда Зайнаби бошига қора кунлар тушмас эди. Ҳамма айб ўзида. Мана, у тирик экан, қайтиб келди. Зайнаби эса… Кесакполвон сукунатга тоқат қилолмади:

— Жамшидни ўзинг билан олиб келувдингми? — деб сўради Чувриндидан.

— Ҳа.

— Нега мен билмадим?

— Аввал маслаҳатлашай девдим.

— Демак, менга айтишинг мумкинмас. Мен сен учун ҳеч кимман. Сен — ҳокимсан, мен эса осиб, ёқишинг учун ўлик топиб келтирадиган аҳмоқман!

— Жим бўл! — деб бақирди Асадбек, хаёлини тўзғитган аъёнидан ранжиб. — Жим бўл! Бу сенга тегишли масала эмас!

— Қайси масала менга тегишли, тушунтириб қўй, бўлмаса?

— Жириллама! Ҳамма нарсага бурнингни тиқаверма!

Кесакполвоннинг алам денгизи тўлиб тошди. Орани очиқ қилиб олиш фурсати етганини ҳис қилиб, Чувриндига қаради-да:

— Сен чиқиб тур, аканг билан гаплашиб олай, — деди.

Чувринди «Чиқайми?» дегандай Асадбекка қаради. Ҳожаси индамагач, ўрнидан туриб, чиқди.

— Оғайни, жуда бунчалик эмас-да! Кейинги пайтда итнинг кейинги оёғидай хор қилиб ташладинг-ку?

Асадбек «қани, гапиравер-чи», деб индамади.

— Нуқул Маҳмуд билан маслаҳатлашасан, пичирлашасан. Нима, мен шунчалик аҳмоқманми?

— Сен ҳовлиқасан, калта ўйлайсан…

— Шунақа деб юриб, уни талтайтирдинг. Ҳозир сенинг ўрнингни мўлжаллаётган бўлса нима дейсан? Айниқса касалинг бошланганидан бери ўзини ҳокимдай тутади. Сен ўзинг билан ўзинг бўлиб, сезмайсан.

— Ахлат титадиган одат чиқарибсанми? Гап экан, деб вақиллайверасанми?

— Асад, шу пайтгача эмакласак ҳам бирга эмакладик, югурсак ҳам бирга югурдик, йиқилсак ҳам бирга йиқилдик, турсак — бирга турдик. Энди нима учун мени четлатасан?

— Четлатаётганим йўқ. Ишдаги суянчиғим сенсан. Фақат ҳовлиқмароқсан. Ҳозирги замон ҳовлиқмаликни кўтармайди.

— Суянганинг учун раҳмат. Сен Маҳмудни ақлли, деяпсан. Тўғри ақлли. Менинг унга хусуматим йўқ. Эсингда бўлса, уни ўзим топганман. Ўзим тарбия қилганман. Лекин ҳамма масалаларда унга тўлиқ ишонишинг яхшимас. Сенга мисол айтайми? Ҳосилнинг Красноярдаги йигитларини ким кутиб олиши, ким улар билан гаплашиш керак эди?

— Улар келишдими?

— «Келишдими?» дейсан-а? Зайнабдан сўра-чи, қанақа келишганини айтиб беради.

Бу гапни эшитган Асадбек хавотирланиб, ўрнида бир қўзғолиб олди.

— Нима бўлди?

— Зайнабнинг уйини пойлашаётган экан.

— Нимага?

— Козлов шу ерга ҳам келиши мумкинмиш. Ҳа, мен бунақа гапларга ишонадиган аҳмоқмасман. Ҳаммасини қўлга олдим. Бола-чақаси гаровда. Бу ёғига сен нима десанг, шу.

— Козловни топишмабдими?

— Шунақага ўхшайди. Энг муҳими — Жамшид ҳам улар билан Красноярда бирга бўлган. Маҳмуд нима учундир буни айтмади. Унутдими? Йў-ўқ, унутгани йўқ. Сен гапираётганда кўзларига қарамадинг, а? Қарашинг керак эди. Гапираётганда бизга қарашга ботинмади. Бир иш қилмайсанми? Хонгирейга телепон қил. Маҳмуд ниманидир яширди. Агар мен адашсам, майли, башарамга тупур.

Асадбек сўнгги гапни эшитиб унга ялт этиб қаради. «Башарамга тупур»… Бу гап эски ярани бир тирнаб ўтди. Асадбек «халқ душмани»нинг ўғлига нафрат изҳор қилинишини ҳали унутгани йўқ. Туновинда Жалил оғайнилар билан борди-келди қилмайсан, деганида ҳам бу ҳолат эсига тушган, башарамга тупурган болалар билан қандай қилиб яхши муносабат ўрната оламан, дейишга оғиз жуфтлаган ҳам эди. Жалилга буларни гапириш бефойда эканини билиб, индамай қўя қолувди. Ҳозир ўша тупурганлардан фақат Кесакполвон билан бирга.

Лекин бу Кесакполвонни ўша иши учун кечирди, деган гап эмас. Кесакполвоннинг тупуриш ҳолати ўқтин-ўқтин ёдига тушиб, дилини эзади. Ғойибона бир овоз «қачондир бундан ўч оласан», деб даъват этарди.

Асадбекнинг ўйга толганини кўриб, Кесакполвон ўрнидан турди-да, телефонни олиб келиб, Асадбекнинг тиззаси устига қўйди. Асадбек унга бир қараб олиб, ён чўнтагидан дафтарча чиқариб Хонгирейнинг телефон рақамини топиб, терди. Хонгирейнинг йигити унинг кимлигини обдон сўраб-суриштиргач, икки-уч дақиқа жим бўлди. Сўнг «Ҳозир улайман», деди. Яна бир неча дақиқадан сўнг Хонгирейнинг овози эшитилди:

— О, Асад, қардошим, омонмисан? Сени касал дейишувди, яхшимисан?

— Раҳмат, тузалиб қолдим.

— Тузалиб қолдим… бу жуда яхши.

— Йигитлар билан кўришдингми?

— Кўришдим. Маҳмудбейдан бир совға бериб юбордим, олдингми?

— Совға?.. — Асадбек савол назари билан Кесакполвонга қаради. Кесакполвон «билмайман», деган елка қисди.

— Ҳа, совға, янги йил қуруқ бўлмасин-да! — деди Хонгирей. — Сўраб ол. Биз сен билан аҳил яшашимиз керак. Бир дўстимиз йўқолиб қолибди, афсусландим. Соғ бўл, қардош…

Шундай дегач, телефонлар узилди. Асадбек ўйга толган ҳолда гўшакни бир оз ушлаб тургач, жойига қўйди-да:

— Маҳмуд! — деб чақирди.

Чувринди ҳаялламай кирди-да, «Булар орасида нима гап бўлди», дегандай уларга бир-бир қараб олди. Чувринди келиб жойига ўтиргунича Асадбек ундан кўзини узмади.

— Хонгирей биз билан иш юритмоқчи, дедингми?

— Ҳа, шунақа хоҳиши бор. Ўзбекларни яхши кўраман, дейди.

— Бирга ишлагиси келса, ишлаймиз. Хонгирей қўли очиқ йигит эди. Менга совға-повға бериб юбормадими? — Асадбек шундай деб унга синчковлик билан тикилди.

Чувринди ундан кўзини олиб қочиб, Кесакполвонга илкис қараб олди-да, хўрсиниб қўйиб:

— Бериб юборган эди, — деди.

— Қани совғаси, нега бу ҳақда гапирмадинг?

— Бек ака, бу совғани… кўрмаганингиз ҳам, эшитмаганингиз ҳам маъқул эди…

Шунинг учун индамаган эдим. Кайфиятингизни бузгим келмади. Кейинроқ айтмоқчи эдим.

— Қанақа совға экан, айт. Ё бир қоп ахлат бериб юбордими? — деди Кесакполвон.

— Бунақа бўлганда дарров айтган бўлардим. Ундан ҳам баттар нарса…

— Чайналмасанг-чи! — деб бақирди Асадбек.

— Ғилайнинг калласини битта қутига жойлаб берибди.

— Нима? Ғилайни ўлдирибдими? — деб Кесакполвон ўрнидан туриб кетди.

— Ўтир жойингга! — деб ўшқирди Асадбек унга. Сўнг Чувриндига «давом эт», дегандай қаради.

— «Совға» дейишса олиб келаверибман, мен лақма. Болохонага қўйиб қўювдим, сассиғи чиқиб кетди. Кейин очдим. Очсам… ўша калла.

— Ўлдиришгунча индамай қараб турдингми? — деб сўради Кесакполвон.

— Борган кунимизоқ уни мендан айириб олишган. Хонгирей «Ўз хўжайинига хоинлик қилган сенларга хизмат қила олмайди», деди.

— Бу гапи тўғри, — деди Асадбек ўйчан тарзда.

Ғилайнинг ўлими унга Кесакполвончалик қаттиқ таъсир этмади. Хонгирейнинг қўлидан тирик қайтса, уни ўзи ўлдирарди. Ўз қўли билан ўлдирмоқчи эди…

Асадбек «Энди нима дейсан?» дегандай Кесакполвонга қаради. Унга Чувриндининг тадбири маъқул келган эди. Кесакполвонга эса бу иш ҳам қинғирдай туюлиб, бир қимирлаб олди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК