СНАЙПЕР… (24-қисм)

0

 

 

* * *

 

Мирсоли талпинганча, қора терга тушиб, аранг худди шу нур томон икки кўзини юмган ҳолда яқинлашди. Яқинлашгандаёқ тўсатдан саҳрои карбалода кундуз зоҳир бўлди. У кўзларини очди-ю, тепасида касалхона палатасининг оппоқ шифтини кўрди. Оёқларининг аллақаерида кучли оғриқ туйди. Юраги ғижимланган латта каби сиқилиб, базўр нафас олди.

— Вой, дўхтир, бемор кўзини очди-и!

Мирсоли бу ҳайқириққа жавобан бошини чап ёнбошга бурди. Каравотдан сал наридаги дераза қаршисида эгнига оппоқ халат кийган, юзларига ҳам худди шундай оқ матодан ниқоб тутган ҳамшира турар, эшикдан шошилинч ичкарига кириб келган паст бўйли, кўзойнак таққан врачга гўё бир қоп тилла топиб олган одам каби ўтли жилмайган кўйи нуқул Мирсоли тарафга ишора қиларди.

— Хайрият, — деди врач Мирсолининг тепасига келиб бошига қўлини қўяркан. — Иситмасиям тушибди. Тез шприцга анави уколдан тортинг! Беморимиз безовталаняпти. Тинчлантириш керак! Хўш, ука, тузукмисиз энди? Қўрқитиб юбордингиз-ку ҳаммани! Ҳеч қаерингиз оғримаяптими? Ё оғрияптими?

Мирсоли ўзига келган бўлса-да, аланглаб яқиндагина ўзи бўлиб қайтган водийни қидирар, оёқларидаги кучли оғриқ зўр келганда иҳлаб оларди. Шунда ҳам врачнинг саволига жавобан нимадир дегиси келди. Тил-жағи ўзига бўйсунмади. Бир неча бор уриниб, сўзлашни уддалай олмагач, чуқур нафас олди-ю, кўзларини юмди…

Орадан уч кун ўтди. Мирсоли ҳийла ўзини ўнглаб, энди ҳамширалар, даволовчи врач билан тиллаша оладиган бўлди. Бахтга қарши бу гал врачдан эшитган гапи кўнглини алғов-далғов қилди. Оғриқларни соат сайин енгиш палласига кирган Мирсоли шу бир оғиз гап туфайли тушкунлик домига тушди. Врач гапни узоқдан олиб келиб, шундай деганди:

— Ука, биламан, иродангиз жуда кучли экан. Акс ҳолда бунча азоблардан устун бўла олмасдингиз. Айтинг, ҳақиқатни тўкиб солсам ёмон бўлиб қолмайсизми? Тўғри, бу гапни кейинроқ айтсам ҳам бўларди… Таваккал қилай дедим, ука!

— Айтаверинг, — деди ҳазин товушда Мирсоли. — Айтадиганингизни сезаётгандайман. Чунки танамнинг қайсидир жойлари ғойиб бўлгандай туйиляпти. Айтинг, дўхтир! Бундан баттари бўлмайди.

— Биласизми, — деди врач барибир чайналиб. — Икки оёғингизни ўқ тешиб ташлаган экан. Ўша куни сизни жуда оғир аҳволда олиб келишди. Очиғи, яшаб кетишингизга сира ишонмовдим. Мард ва жасур экансиз. Баракалла!

— Чўзмасдан айтсангиз-чи энди! — жаҳл аралаш хириллаб сўз қотди Мирсоли. — Ўлмабман-ку ҳарқалай! Ё ўлимданам қўрқинчлиси бўладими?

— Йўқ… Хўп, айтсам айтай… Қисқаси, ука, иккала оёғингизнинг тиззадан паст қисмини кесиб ташлашга тўғри келди. Шундай қилмасак, зиён аъзойи баданингизга тарқаб кетарди. Ўзингиз тушунасиз, бундай аҳволда одамзоднинг яшаб кетиши даргумон… Сиз сира хавотир олманг! Ҳозир техника ривожланиб кетган. Протезларнинг зўри чиқиб ётибди фабрикалардан. Протез қўйдирсангиз, аслига қайтади-қолади. Нима дейсиз?..

Мирсоли шундан кейингина қўллари билан икки тиззасини пайпаслаб кўрди. Врач ҳақ экан. Тиззадан пастида ҳеч вақо қолмабди. Аммо бу манзара Мирсолини қаттиқ қайғуга солмади. Хаёлида ўша машъум кечадаги баъзи ҳолатлар узуқ-юлуқ намоён бўлди. Барибир тушкунликка ён бермади. Оёқсиз қолганидан увиша бораётган юрагига кафтини босди-ю, дадил тилга кирди.

— Пешона-да, ака! Нимаям қилардим? Нияти бузуқ кимсалар мени ростакамига ўлдиришмоқчийди. Худога ҳақ эканман, ниятларига ета олишмади… Айтганча, протез керакмас менга! Барибир ўз оёғимдек бўлмайди. Яхшиси, ногиронлар аравачасини сотиб оламан. Ишонинг, мен оёқсиз аҳволдаям беш-ўнта маразни ағдариб ташлашга қодирман. Фақат сизлар бўшашмасангиз бас! Неки дори-дармон зарур бўлса, ёзиб бераверинг. Топиб келишади. Ҳа, бир нарсани сўрамоқчийдим, сал қурса ёдимдан кўтарилаёзибди. Менинг олдимга биронтаси келдими?

— Ҳа, Вадим деган йигит ҳар куни келади. Комада ётганингизда худо берган куни ярим тунгача тепангизда ўтириб чиқди шўрлик! Жуда меҳрибон экан сизга.

— Шунақами? Шавкат деган бола-чи? У кўринмадими?

— Йўқ, бошқа ҳеч ким келмади.

— Тушунарли, — деди Мирсоли асабий лаб тишлаб. — Демак, Вадим келибди-да! Бугун-чи? Бугун ҳам келдими?

— Келиб қолар. Иш куни энди бошланди-ку!..

Мирсоли ортиқ ҳеч нарса демади. Негадир кўнгли оза бошлагандек ютина-ютина қайтадан кўзларини юмди.

 

* * *

 

Орадан бир соатча вақт ўтгач, ниҳоят палата эшиги оҳиста очилиб Вадим кириб келди. У қўлидаги мевалар жойланган халтачани тумбочка устига қўйди-да, каравотнинг бир четига чўкди. Вадимнинг қиёфасида маҳзунлик ҳукмрон эди-ю, Мирсолига сездириб қўймаслик учун мажбуран жилмаярди.

— Қўйиб юборишдими ҳаммани? — сўради Мирсоли ётган еридан Вадимга сирли боқиб. — Клубда тинчликми?

— Ҳаммаси яхши, босс, — деди Вадим Мирсолининг елкасига қўлини қўйиб. — Сиз камлик қиляпсиз холос. Аммо бу вақтинча. Тузалиб, оёққа турсангиз, тез орада қайтасиз сафга.

— Йўқ оёқда қандай тик тураман? — сўради Мирсоли алами келиб. — Мени тинчлантирмай қўяқол. Ундан кўра ҳақиқатни гапир! Шавкат нега келмаяпти? Қаерда ўзи?

Вадим бу саволга қандай жавоб қайтаришни билмасди. Шу сабабли чайнала-чайнала гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди. Аммо уддалай олмади. Мирсоли унинг билагини маҳкам сиқиб, дўқ аралаш саволини такрорлади.

— Шавкат қаерда деб сўрадим!?. Гапирсанг-чи!..

— У.. Кетиб қолди, — деди Вадим бош эгиб. — Ментлар қўйиб юборишгандан кейин мен тўғри шу ерга келгандим. Кейинроқ Шавкат қўнғироқ қип қолди. Аҳволингизни эшитгандан кейин кетишини очиқчасига айтди. Номардлик қилди ҳамюртингиз! Ўзи… Ўшанда бекор ишга олган экансиз-да!

— Ҳа-а, — дея чуқур хўрсинди Мирсоли. — Кимнинг ким эканини мана шунақанги пайтда билиб оларкан киши. Демак, синфдошим номардлик қилибди-да! Афсус, калта ўйлабди хумпар. Менинг қўлимдан осонликча қутула олмаслигини унутиб қўйган кўринади. Минг афсус, яна бир дўстимдан айриладиган бўлдим… Майли, икки оёғимни кесиб ташлашсаям ҳали тетикман. Ақлдан, кучдан қолганимча йўқ, Вадим. Хўш, буёғига нима режа тузамиз?

— Сиз тўлиқ тузалиб олаверинг! Кейин бир йўли топилиб қолар. Худога шукр, клуб жойида турибди, ишчи-хизматчилар, тансоқчиларгача ҳаммаси ишлаяпти. Ўзим назорат қилиб турибман.

— Йўқ, бунақаси кетмайди, — деди Мирсоли. — Энди гуноҳ қилишни йиғиштирамиз шекилли. Ментлар билан ҳам алоқа узилди. Буёғига ишимиз қалтис бўлади. Ментлар кўз очишга қўйишмайди. Шундай дейман-у… Биласанми, мен комада ётганимда нариги дунёга бориб келдим. Аниқ эсимда. Ажойибданам ажойиб водийга борибман. У ерда отам, икки онам капалак қиёфасида парвоз қилишаётган экан. Лекин улар ҳам мени қувиб солишди. Оллоҳнинг қаршисида гуноҳларим кўпайиб кетибди. Шуларнинг ажрини тўламагунча уёққаям кета олмасканман. Афсус… Афсус… Йўқ, ҳеч кимга кори йўқликдан асрасин! Ҳаракат қилишимиз шарт. Тўхта…

Мирсоли беихтиёр ранги докадек оқариб, бошини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга чайқай бошлади. Вадим ҳайрон бўлиб елкасига қўл ташлаганди, Мирсоли силтаб ташлади ва кўзлари чақнаб Вадимга тик боқди.

— Ошна, — деди у бош чайқашдан тийилмай. — Сенинг бир ҳафта умринг қолибди. Ана, фаришталар шундай деяпти! Беркин! Яширин панага! Овлоққа ўзингни ол! Ўлма! Ўлма, Вадим, ўлма!.. Менга аравача сотиб ол! Икковимиз муридларимизнинг уйига борамиз! Сотиб ол аравача, илтимо-ос!!!

Вадим бундай бўлишини сира кутмаганди. Даст ўрнидан турди-да, врач чақириш илинжида йўлакка чопди.

Зум ўтмай, врач ҳамширани эргаштирганча палатага кирди. Олдинига каравотга яқинлашиб, Мирсолига зимдан назар солди. Томирини ушлаб, юрак уришини текширди. Сўнгра ҳамширага имо қилди. У дарҳол шприцга керакли дорини торта бошлади.

— Нима бўлди, ука? — сўради врач мулойимлик билан. — Безовта бўляпсизми? Нега ўртоғингизни қўрқитяпсиз?..

Мирсоли Вадим йўлак томон чопгандаёқ сал ўзини тутиб олган, айтган гапларига афсус чека бошлаганди. Бошини эгганча бир муддат сукутга толди. Кейин илкис қаддини ростлаб, Вадимга юзланди.

— Кечир, — деди у бош чайқаб. — Билмай гапирвордим шекилли. Парво қилма, сал… Миям чайқалгандай бўлиб сенинг кўнглингга озор етказдим, кечир!

— Хавотир олманг, — деди Вадим кулимсираб. — Бундан баттарлариям бўлган-ку! Мана кўрасиз, ҳали шу кунларни эслашиб роса кулишамиз.

Вадим шундай деб аста врачнинг қулоғига пичирлади:

— Дўхтир, балки ҳалиги… Психотерапевтни чақирармиз-а? Ҳар ҳолда комадан кейин…

— Тушундим, — деди врач эшитилар-эшитилмас. — Ҳозир қўнғироқ қиламан. Ташвиш чекманг! Ўртоғингиз отдай бўп кетади!..

Аммо Мирсоли ҳануз хаёлот денгизида сузар, нуқул кўз ўнгида генерал гавдаланиб, ҳадеганда муштларини тугарди.

— Бўлар иш бўлди, — дея Вадимга тик боқди у врач ва ҳамшира чиқиб кетишгач. — Генерал барибир пайимизга тушади. У итдан ҳамма нарсани кутса бўлади. Биласанми, биз уни чув туширамиз. Сезиб турибман, шундай қилсак, албатта адабини ейди у баччағар.

— Нима қилмоқчисиз? — сўради Вадим қизиқсиниб. — Тинчитиш керакми? Ўзим…

— Э йў-ўқ, — деди Мирсоли қўл силтаб. — Шу кунгача қилган гуноҳларимиз ҳам етиб ортади. У ҳозир бизнесимизнинг йўлини тўсгани учун юқори лавозимга тайинланган. Ҳадемай ўзи келиб ҳам қолади. Биз эса у билан ишламаймиз. Клубни сотамиз. Фақат шаҳардаги иккита катта дўконни олиб қоламиз. Қолганларининг ҳаммаси сотилади. Сен ҳозироқ шу иш билан шуғуллан. Чунки иккита дўконнинг ишиниям ўзинг юритасан. Сендан бошқа ишончли дўст қолмади менда. Генерал масаласида ўзимнинг режаларим бор. Вақт келади, ўша режани амалга ошираман. Нима дейсан?

— Сиз нима десангиз шу, — жавоб қилди Вадим. — Харидор топиш муаммо бўлмайди. Лекин…

— Нима демоқчилигингни сездим, — деди Мирсоли кулимсираб. — Қўрқма, ҳаммаси яхши бўлади. Бор, бугуноқ мен айтган ишларни дўндир! Пулларнинг учдан бир қисмини сенга ҳадя қиламан. Борақол!..

Вадим дарҳол ўрнидан турди-да, кетишга чоғланди.

— Хайрлашмайман! Кечқурун натижасини айтаман! Яхши қолинг!

 

* * *

 

Мирсоли энди-энди қай аҳволга тушганини қалбан ҳис эта бошлаганди. Агар илк кунларда оёқларидан буткул айрилиб қолгани ёқимсиз бир тушдек туйилиб, сал ўтгач, кўнглига тушган қоронғилик тарқаган бўлса, айни паллада бунинг қай даражада даҳшатли эканини чуқур ҳис этарди. Ҳис этгани сайин асаб томирлари таранглашар, қўйиб беришса, бор овозда ҳайқириб дод солгиси келарди. У келажакка умуман ишонмай борарди. Ишонч ўрнини фақат тушкунлик, умидсизлик булути қоплаб олганди. Бироқ кўнгил кўзи билан яқин фурсатда қандай воқеалар содир бўлиши муқаррарлигини аниқ-тиниқ кўриб турарди.

«Биламан, Вадим бизнесни сотмайди, — ўйларди Мирсоли. — Мени хотиржам торттириш учун кўнди. Аслида кечқурун телефон қилиб нималар дейишигача биламан. Тўхта, буларни қайдан биляпман? Ким менга шипшитяпти? Нималар бўляпти ўзи? Наҳотки, ростданам башоратчига айланиб қолган бўлсам? Ана, психиатриям текшириб кўрди. Ҳеч қандай касаллик топа олмади. Комадан кейин миям сал анақароқ бўлиб қолганмиш. Бекорларни айтибди. Миям жойида. Бу ерда бир гап бор. Кўраман, агар айтаётганларим тўғри чиқа бошласа… Ким билсин? Мана, ҳозир ўтирибман-у, аниқ сезиб турибман. Генерал мендан хабар олиш учун келяпти. Дарвозадан ўтганиниям кўрдим. Аммо қандай қилиб? Ким менга бундай қудратни ҳадя қилди? Худойимми? Қайси яхши ишим учун? Шу шаҳарга келганимдан бери ўлдир-ўлдирдан, ҳаром пул топишдан бўшамаган бўлсам…»

Мирсоли хаёлларга эрк бермаслик илинжида бирдан сергакланиб, палата эшигига боқди. Ҳақиқатан, орадан бир неча дақиқа ўтиб, эшик очилди-ю, ичкарига генерал кириб келди. Мирсоли унинг юз тузилишига атайин синчков тикилди. Генералнинг кайфияти йўқ эди. Аста юриб келиб, каравотнинг бир четига чўкди-да, Мирсолининг ўнг қўлини кафтлари орасига олди.

— Мени кечир, Крутой, — деди ҳазин товушда генерал. — Сени балодан асраб қололмадим. Аксинча шунга мубтало қилдим. Олдингда бир умр қарздорман. Ҳалиги… Таракан масаласида кўнглинг тўқ бўлсин! Мен бир ярамаснинг бўйнига қўйвордим ҳаммасини! Шундай экан…

— Мени қайғургандан кўра кеннойимни қайтариб уйга опкелсангиз бўларди, — генералнинг сўзини кесди Мирсоли. — Шўрликни ичволиб қаттиқ хафа қипсиз. Уёқда бошқа хотинингиздан туғилган қизингиз қўнғироғингизни кутиб қон бўлган. Қиз вояга етибди, лекин барибир сизни кутяпти. Сиз бўлсангиз, бир марта хабар олай, бағримга босай, кўнглини кўтарай демайсиз. Кап-катта одам, бунинг устига милиция генерали бундай иш тутса, хунук-да!.. Яна…

Генерал бу гапларни эшитиб, ҳайратдан оғзини очганча Мирсолига тикилиб қолганди. Беихтиёр ўзига келиб Мирсолининг гапини бўлди.

— Ука-а, агентуранг зўр ишларкан-ку-а? Вей, қотиб қолдим гапларингни эшитиб! Қачон орқамдан одам қўя қолдинг ўзи? Ким экан мендай генерални кузатиб юрадиган? Ҳойнаҳой уйимга билдирмай кириб камера, овоз ёзадиган ускуналарни жойлаштиргандир-а?

— Топдингиз, — деди Мирсоли совуқ тиржайиб. — Агентурам жуда зўр ишлайди. Лекин у аллаким эмас. Ўзим ўзимга агентман.

— Қ-қанақасига? Қўй-э, ука, сен мана бу ерда ётган бўлсанг… Айтавер, барибир агентурангга ёмонлик қилмайман. Шунчаки… Кимлигини билгим келди, холос.

— Менинг агентурам ҳов уёқда, — деди Мирсоли кўрсаткич бармоғи билан шифтни кўрсатиб. — Жуда-жуда олисда. Унга ҳатто ракетадаям етиб бўлмайди.

— Қойил, — дея кулимсиради генерал. — Барибир тан бердим сенга. Сенга маслаҳатим, ўша агентурани ранжитмагин! Вей, оиламда бўлаётган ишлардан ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Ҳозир сендан эшитиб, ҳайрон бўлиб қолдим. Баракалла! Майли, мен борай, ҳали ишларим жуда кўп. Ҳа-а, сенга қулоқ тутаман. Ҳамма ишни йиғиштириб, кеннойингни уйга опкеламан. Кейин эса қизим Машага қўнғироқ қиламан. Ростданам қиз бечорада гуноҳ йўқ. Бугун бир хурсанд қилай Машамни!

— Менга айтадиган гапингиз йўқмиди мабодо? — сўради Мирсоли генералнинг асл мақсадини англаб турса-да сир бой бермай. — Айтаверинг!

— Йўқ, — деди генерал даст ўрнидан туриб. — Кейин гаплашамиз. Тезроқ тузалиб кет! Айтганча… Кўнглингга келмасин-у, агар рози бўлсанг, бир танишим протез чиқадиган заводда директор. Зўридан қўйдириб бераман. Ишон, протез шунақа зўрки, ўз оёғингда юргандай яйрайсан. Жуда яхши бўларди шундай қилсак. Нима дейсан?

— Йўқ, бу менга тўғри келмайди, — деди Мирсоли қовоқ уйиб. — Менга раҳмингиз келмай қўя қолсин! Ногиронлар аравачасида юришни маъқул кўряпман. Аравачада ўтириб ҳам анча-мунча ишни дўндира оламан.

— Майли, майли… Яна келаман. Зўр таклифларим бор сенга. Бафуржа ўтириб гаплашамиз.

— Насиб бўлса! Хайр, генерал!

— Жонинг омон бўлсин!..

Генерал қайта-қайта хайрлашиб, шошилмасдан палатани тарк этди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ