СНАЙПЕР… (25-қисм)

0

 

 

* * *

 

Генерал кетгач, Мирсоли беихтиёр ўзини ёмон ҳис эта бошлади. Боши гир-гир айланиб, кўнгли айниди. Сал ўтиб юраги сиқилиб, гўё ёруғ дунё кўзларига тор кўриниб кетаверди. Нималар бўлаётганини тушунмай ҳамширани чақирмоққа шайланди. Бироқ фикридан қайтди. Кўзларини юмганча тек қотди. Тахминан беш дақиқа вақт ўтгач, қайтадан жонланди. Боши айланишдан, кўнгли айнишдан тўхтади. Юраги ҳам бир меъёрда уриб, кўзларини очди ва ўтириб олди. Ажаблангани, энди миясидаги алланечук ўйлар кўпайгандан кўпайиб борарди. Мирсоли сезарди, кимдир, номаълум, нотаниш, ёт овоз соҳиби унга дунё ишларидан сўзлар, гоҳида ўзи ҳам айтилган сўзларни ўнгида такрорларди.

Мирсоли нимадир эсига тушган каби дафъатан безовталаниб, ёстиқ остидаги қўл телефонини олди ва Вадимнинг рақамини терди.

— Вадим, сенга бир гапни айтмасам бўлмайди, — деди гўшакдан таниш овоз эшитилгач. — Бу жуда муҳим. Ишқилиб, харидор топиб қўймаганмидинг?

— Йўқ, — деди Вадим хавотир аралаш. — Ҳали топмадим. Нима бўлди, босс? Тинчликми? Ё етиб борайми касалхонага?

— Керакмас. Бизнесни сотмай қўявер! Ўзинг ишни юрит! Лекин жуда эҳтиёт бўл! Кечаси кўчада ёлғиз юрма! Айтганларимни қил!

— Хўп бўлади!

Мирсоли телефонни ўчирди-да, бошини чангаллади.

— Эссиз, шундай ёрдамчидан ҳам айриладиган бўлдим. Синфдош дўстим Шавкатдан умидларим катта эди. Мана, уям аҳмоқлик қилди. Бир ойдан кейин автоҳалокатга учраши муқаррарлигини билмади. Кўнглимни қолдирди. Майли, ўзидан кўрсин! Барибир буёғига ёрдам бера олмасдим. Ҳа, ҳозироқ генералга қўнғироқ қиламан. Кўзи очилди генералнинг. Ўзича мендан қандай фойдаланиш ҳақида ўйлаб, режани пишитиб олди. Хотини, қизидан узр сўради. Асосийси, менга тан берди… Алам қилгани… Шу одам ҳам узоққа бормайди. Танбаллиги, хасислиги, тилининг суяксизлиги бошига етай деб турибди. Лекин менга ёмонлиги йўқ. Тўғрими, қалбим? Ҳойнаҳой, сен йўл кўрсатяпсан шекилли менга-а? Йўқ? Унда ким? Фаришталар? Улар қани? Мен кўра оламанми уларни? Йўқми? Афсус, фаришталарни кўзим билан кўрсам, армоним қолмасди… Йўқ, йўқ, худога ширк келтирмоқчи эмасман. Тавба қилдим, тавба!.. Ҳа, фаришталарим, сизларнинг қулингизман энди. Тушундим, мен авлод-аждодим юрмаган йўлдан юришга маҳкумман. Сизлар ташлаб қўймаслигингизниям биламан. Фақат худойимдан сўраганим шуки, мени уялтириб, бадном қилиб қўймасин! Тўппа-тўғри, худойим ҳеч қачон бандаларини бадном қилмайди. Мени, айниқса, қўлламоқчи, ўзига яқин олмоқчи! Ўзига беадад шукр!..

Мирсоли шоша-пиша генералнинг рақамини топди-да, яшил тугмачани босди.

— Генерал, — деди салмоқ билан. — Сездим, ҳозир ўзингиз қўнғироқ қилмоқчийдингиз. Овора қилгим келмади сизни. Нима таклиф киритишингизниям аниқ-тиниқ сезиб турибман. Хоҳласангиз, айтишим мумкин.

— Йўқ, — генерал кула-кула сўз қотди. — Яхшиси, олдингга ўзим бораман. Ҳар ҳолда бу телефон орқали айтиладиган гапмас. Тўғрими?

— Ҳа-да, суҳбатимиз қалтис кечади. Кела қолинг! Бафуржа гаплашиб оламиз!..

 

* * *

 

Мирсоли комадан сўнг ғаройиб қобилият эгасига айлангани генералнинг тинчини буткул ўғирлаб қўйганди. Текшириб кўриш учун атайин кўп саволлар бериб кўрди. Оддий одам бу саволларга ҳеч қачон жавоб бера олмасди. Мирсоли эса ҳар бир саволга бир неча ўн сониягина сукут сақлашлардан кейин тўғри жавоб берди. Генералнинг наздидаги шафқатсиз қотил, ўта айёр ишбилармон, жиноят кўчаси эгаларидан бири Мирсоли шу тобда адоғсиз руҳий қудрат соҳибига айланиб бўлганди. Генерал бундай қудратдан қай мақсадда фойдаланишни ҳам аллақачон ўйлаб қўйганди.

— Эсингдами, сенга подполковник раҳматли қачонлардир башарангни ўзгартириш зарурлигини айтган экан? — сўради генерал эҳтиёткорлик билан. — Ё унутворганмисан?

— Унутганим йўқ, — деди Мирсоли жиддийлик билан. — Шунинг учун ҳам сиз билан суҳбатлашиб олишни истадим.

— Тўғри ўйлабсан, — генерал Мирсолининг елкасига қўл ташлади. — Башарани ўзгартириш фурсати етди. Нима сабабданлигиниям айтайми?

— Шартмас. Мен зудлик билан ўзга тусга кириб, ҳужжатимни янгилашим керак. Боягина ўзингиз учрашиб гаплашган одам билан тезроқ таништира қолинг. Чўзиб нима қилдик.

— Баракалла! Хуллас, сени «ўлди» деб эълон қиламиз. Телевидение орқали чиқиш уюштираман. Шундай қилмасак бўлмайди. Шаҳарда душманларинг тиқилиб ётибди. Касалхонадан тирик чиқишингга кафолот йўқ.

— Шу сабабли палата эшиги олдига, касалхона дарвозасига қўриқчилар қўйибсиз-да? Ҳушёрсиз, генерал, ҳушёрсиз!

— Шуниям билдингми? Ё биров айтдими?

— Ким ҳам айтарди? Ҳаммани жиддий огоҳлантиргансиз-ку, ахир! Айтганча, ўзимнинг таъзиямга бораманми?

— Шарт эмас. Хуллас, сен янги ҳужжатда Марат Морозов бўласан. Русларга жуда ўхшайди-да башаранг! Камини жарроҳ тўғрилайди. Розимисан?

— Нима фарқи бор? Нима бўлмасин, менга қандай исм беришмасин, ўзим учун барибир Крутойлигимча қоламан. Лекин ҳеч кимга айтмайман. Қалбимда асрайман уни.

— Унда келишдик. Бу ердан чиқишинг билан бошқа касалхонага ётасан. Мен унгача тадоригимни кўрволаман.

— Бир илтимосим бор, — деди кетишга чоғланган генералнинг билагидан тутиб. — Клубимни ҳам назоратингиз остига олсангиз. Менсиз расвоси чиқиб кетмасин!

— Хотиринг жам бўлсин! Ҳаммаси яхши бўлади. Ҳозирча хайр! Яхши дам ол!

Генерал чиқиб кетгач, Мирсоли қайта бошини чангаллаганча аламли шивирлади.

— Худойим, бу одамнинг ҳам умри қисқалигини нега айта олмайман? Ахир, буям гуноҳ эмасми?!. Ўзинг кечи-ир!..

Орадан икки ой вақт ўтди. Мирсоли деярли тузалиб, яқиндагина не умидларда сотиб олинган янги ҳовлисига келди. Аммо ичига чироқ ёқса ёришмасди. Бизнесга путур етиши, оёқларидан айрилиши, бундан буён ўзи хоҳлагандек эркин юра олмаслиги, ҳеч кимнинг илгаригидек соясига салом бермаслиги тайинлиги ҳам кўзига кўринмасди. Вадимнинг, кетидан Шавкатнинг автоҳалокатга учраб ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни эшитгани алам қиларди. Мирсоли бўлиб ўтган ишларда фақат ўзини айбларди. Шу сабабли марҳум олиб келиб берган ногиронлар аравачасига ўтириб, ҳар куни қабристонга қатнашни одат қилди. Шу баҳонада Вадимнинг руҳи безовта бўлмаслигига ишонди. Аммо тақдирида кескин ўзгариш юз бериш палласи яқинлигини қалбан ҳис этарди. Қоронғи тунларда ҳайҳотдек ҳовлининг каттакон хоналаридан бирига кириб аллакимлар биландир ғойибона тиллашганида, бу фурсат жуда яқин қолганига амин бўларди. Ниҳоят, кунларнинг бирида, кун чошгоҳга яқинлашганда ҳовлига генералнинг ўзи кириб келди. Мирсоли унинг кўзларига зимдан тикилиб қаради-ю, сал қурса яқин кунларнинг бирида ажал таъқиб қилиши муқаррарлигини тилига кўчираёзди. Аранг ўзини тутиб, хунук хаёлларни миясидан ҳайдашга уринди.

— Бу дейман, аравачанг жа зўридан экан-ку, — унинг кўнглини кўтариш илинжида генерал кулиб сўз қотди. — Ғилдиракларини айлантириш ҳам шартмас экан. Тугмачани боссанг, ўзи юриб кетавераркан-да! Замонадан ўргилай! Нималарни ўйлаб топишмайди-я одамлар!..

— Буям менга ўхшаган қайсар ва ўжар чиқиб қолди, — деди Мирсоли мовий осмонга кўз ташлаб олиб. — Зинаданам ўзи чиқиб кетади. «Қўй, ғилдирагингни айлантира қолай», десам кўнмайди.

— Шунақами? Қара-я, гапни тушунгани-чи-а бу матоҳнинг!..

— Андроидда ишлайди-да, генерал, — деди аравача четига ўрнатилган жажжи экранни кўрсатиб Мирсоли. — Биласиз-ку, андроид тизими бало! Ҳамма иш қўлидан келади.

— Ҳа майли, — деди генерал ҳовлидаги курсига чўкаркан. — Мана, баҳорнинг ярмиям ўтди ҳисоб. Буёғига кунлар исий бошлайди. Сен билан бизнинг елкамизга офтоб тегади.

Мирсоли генералнинг бу гапини эшитгач, яна руҳан эзилди. Ҳеч кимнинг ҳаётини асраб қола олмаслигини ўйлаб ич-этини ея бошлади. Лекин тирик одамга «сен икки ойдан кейин ўласан», дейиш қанчалар қабиҳлик эканини қайта идрок этиб, бош чайқаш билан чекланди.

«Генерал деган номи бор, — кўнглидан ўтказди у. — Аммо ҳаром ишлари меникидан юз чандон кўп. Қанча бегуноҳларни қақшатиб пулини олади. Мана, охирги йилларда орттирган гуноҳлари бошига бало бўлай деб турибди. Худойим, шу ҳақиқат ёлғонга айланишини жуда-жуда истардим. Буниям бола-чақаси, рўзғори бор. Жонини олмай турсайдинг!..»

— Энди гап мундай, — деди генерал орадаги сукутни бузиб. — Ҳовлидаги ишларинг кўнгилдагидай экан, кўрдим. Хизматчи қиз ёллабсан. Тўғри қилгансан, у иссиқ-совуғингдан хабар олиб туради уйлангунингча! Айтганча, биронтасини топгин энди! Умр бирпасда ўтади-кетади. Бола-чақаям орттириб қўйиши керак эркак киши, ука!

— Э, — қўл силтади Мирсоли ҳафсаласизлик билан. — Икки оёғи йўқ эр кимгаям керак?!. Бир кунимни кўрарман.

— Ундай дема! Сен оёқсиз ҳам манаман деган спортчини йиқита оласан. Ана, кўзларинг айтиб турибди. Ҳа, иккала кўзинг ҳам ёняпти, йигит! «Бизга муҳаббат ҳадя қил!», деб турибди. Ҳадя қилмасанг, ўзлари қидириб топармиш.

— Башоратчи бўп кетинг-э, — деди Мирсоли кулиб. — Бу гапларни қайдан оляпсиз ўзи?

— Нима, башоратчи битта сенмидинг? Бизам кайфият дурустлигида анча-мунча нарсаларни топа оламиз. Майли, ҳазилни қўйиб турайлик. Мен сени олиб кетгани келдим.

— Қаерга? — атайин ижикилаб сўради Мирсоли. — Биронтасини ўлдиришга буюртма бермоқчимисиз? Шу ердаям айтаверинг!

— Йўқ, ундаймас. — деди генерал беихтиёр қовоқлари уйилиб. — Бундан кейин одам ўлдирмайсан. Худо асрасин! Айтгандим-ку башарани ўзгартириш керак деб! Мен ҳаммасини гаплашиб қўйдим. Ҳозир борасан-у, клиникага ётасан. Палата люкс. Ҳеч нимадан камлик кўрмайсан. Ўзим ҳар куни хабар оламан сендан. Узоғи билан бир ойда буткул бошқа одамга айланасан-қоласан. Ана ундан кейин янги башара билан суратга тушиб берсанг, биз ҳужжат тайёрлаймиз. Ҳамма иш битгач, ўзим ваъда берган ўша одам билан сени юзлаштираман.

— Мени ўлган деб хабар тарқатмоқчийдингиз-ку! — сўради Мирсоли. — Ҳали жимжитликми?

— Аллақачон хабар бериб бўлганмиз. Нима, телевизор кўрмадингми? Расман эълон қилдирдим-ку!

— Телевизор томоша қилиш кўнгилга сиғмаяпти-да! Икки бирдай дўстларим жувонмарг бўп кетишди. Шуларни ўйлаб…

— Мана бу ишинг маъқулмас менга, — деди генерал хўрсиниб. — Уларни худо раҳматига олсин! Ўлган ўлиб кетаверади, аммо тирикларга қийин, ука! Сиқилганинг билан ўлган одамни қайтариб бўлмайди… Хуллас, сен ҳамма учун ўлиб кетгансан. Зора, шу нарса ёш жонингни асрашда ёрдам берса! Хўш, кетдикми?

— Ҳа, — деди Мирсоли. — Ҳозир қоровулларга, хизматчи қизга тайинлаб қўяй. Кейин кийимларимни алмаштиришим зарур. Беш дақиқада тайёр бўламан.

— Яхши, борақол, мен шу ерда ўтира тураман. Ташқарида машина кутяпти. Узоқ қолиб кетмагин!

 

* * *

 

Бир ой деганда Мирсоли ҳақиқатан ўзга бир қиёфага кирди. Кўзгуга боқаркан, ўзини аранг таний олди. Жарроҳлар анча ҳаракат қилишибди. Ҳатто иягигача ўзгартирилибди. Хуллас, илгариги Мирсолидан асар қолмабди.

— Баракалла, — деди генерал одатига кўра эрта тонгда палатага кириб келиб, қўлидаги қайноқ кабобларни стол устига қўяркан. — Вей, ўзингмисан? Ўша… Ўзимизнинг Крутоймисан?

— Йўқ, — деди Мирсоли. — Мен Марат Морозовман!

— Қойилман! Агар кўчада кўриб қолсам, танимай ўтиб кетишим тайин эди… Айтганча, қара, шу ишимизни «ювиш» учун атайин қўй гўштидан кабоб пиширтирдим. Паққос туширамиз-у, йўлга чиқамиз. Сени бир одам билан таништираман…

Мирсоли генерал кимни назарда тутаётганини сезиб, кўнгил кўзлари билан кўриб турарди. Исми-шарифини билмаса-да, у ўта абжир, кучли спортчи, яккакурашни сув қилиб ичиб юборган махсус хизмат идораси полковникларидан бири эканига шубҳа қилмасди.

— Таништирадиган одамингиз жуда инжиқ экан-ку, — деди Мирсоли генералга сирли боқиб. — Келиша олмаймизми деб қўрқяпман.

— Қўрқма! Бизнинг соҳадагилар шунақа инжиқ бўлишади. Мен билан келишдинг-ку! Демак, Леонид Барановч ҳам сенга маъқул бўлади. Ҳа, ҳайрон бўлма, буёғига насиб бўлса, полковник Леонид Баранович билан ҳамкорликда ишлайсан. Қўрқма, ҳақингни тўлайди, ҳимоя қилади, қўллайди, қувватлайди. Қани, ўтир, кабоб совимасин!..

Генерал Мирсолин тушликка яқин шаҳардан четроқдаги тўрт қаватли бинога олиб борди. Бино у қадар ҳашаматли эмас, аммо сокин эди. Хоналар эшиклари, таъмири ҳам одмигина экан. Мирсоли аравачада ўтирганча генералнинг ортидан йўлак бўйлаб кетиб бораркан, бўлаётган ишлардан ниҳоятда ҳайратланар, бундан буён интернет клубидагичалик эмин-эркин бўла олмаслигини ўйлаб сиқиларди. Мияси эса ҳар сонияда турфа ахборотлар билан янгиланар, ёқимли ғойибона хабарлардан қувонар, маҳзун ва фожиага бой ўйлар юрагини эзиб, тилка-тилка қилай дерди.

«Кўнглим шундоқ сезиб турибди, — ўйларди у қизғиш рангга бўялган эшик рўпарасида тўхташгач. — Бу полковник кирганимданоқ дағдаға қилишни бошлайди. Ҳозир ўтирибди-ю, қилган жиноятларимни юзимга солгиси келяпти. Аммо мен қўрқмайман. Чунки менга ҳали кў-ўп ишлари тушади. Бу шаҳарда мендан-да ўтадиган башоратчи йўқ. Мен гўё осмондаги энг ёруғ юлдуз каби кутилмаганда майдонга чиқдим. Ишқилиб, эрта сўндирмасин худойим!..»

Ҳа, полковник худди шундай йўл тутди. Генералга сирли равишда кўз қисиб Мирсолини қамаш нияти борлигини шипшитди. Лекин орадан беш дақиқа ўтгач, чеҳраси очилди. Ҳатто Мирсолини «ҳурматли меҳмон» деб алқади.

— Бизнинг идора махсус, фавқулодда, ўта оғир, чалкаш жиноятларни очиш билан шуғулланади, — деди ниҳоят мақсадга ўтиб полковник. — Махсус хизмат ташкилоти деб аталишининг ҳам сабаби шу. Хўш, ўртоқ башоратчи, ёрдам берасанми бизга?

— Мен изқувар бўлмасам, — деди Мирсоли сир бой бергиси келмай. — Бунинг устига иккала оёқниям бой берганман.

— Генерал, бу йигитингиз жа пишиқ-пухтага ўхшайди-ку-а? — сўради полковник генералга юзланиб. — Нима қилсаям киллерлигига боради-да! Нима дейсиз?

— Марат Морозов бир сўзли йигит, — деди генерал орага туша бошлаган қоронғиликни тарқатиш мақсадида кулиб. — Киллер эмас, у тижоратчийди. Қаранг, худо шу йигитга тенгсиз қобилият бериб қўйибди. Ҳурматини жойига қўйиб иш берсангиз, кейин… Эвазига пул тўласангиз ҳам камайиб қолмайсиз.

— Биламан, — деди полковник пича паст тушиб. — Ишқилиб ҳеч қайсимизни йўлдан адаштирмасин!..

Шундай деди-ю, полковник стол тортмасини очиб, бир дона сурат чиқарди ва Мирсолига узатди.

— Мана шу суратга нима дейсан? — сўради у Мирсолига ер остидан боқиб. — Башарти танишинг эмасми?

— Бу эркак икки ой бурун ўлдириб кетилган-ку, — деди Мирсоли ўйлаб ҳам ўтирмай. — Аммо мурдани ҳалиям топа олмаяпсизлар. Шу ростми?

— Қойил! — дея ўрнидан туриб кетди полковник. — Тан бердим. Менга қара, исминиям айта оласанми?

— Борис Панфилов. Қирқ ёшга тўлган куни ўлдирилган. Қотиллар олдин уни обдон қийнашган, кейин қўл-оёқларини кесишган. Охирида тўппончадан юрагини мўлжаллаб бир неча марта ўқ узишган. Қотиллар озодликда юрибди.

— Мурда қаердалигини биласанми? — ҳовлиқиб сўради полковник. — Илтимос, тезроқ гапир!

Мирсоли бошини бир муддат чангаллаб турди-да, аравачани ортга қараб силжитди ва полковникка юзланди.

— Юринглар, фурсат кетмасин! Бугун мурдани чиқариб олмасангизлар, ўша қотиллар бошқа ерга олиб кетиб йўқ қилиб юборишади.

Полковник ҳайратдан оғзи ланг очилганча ҳануз Мирсолидан кўз узолмай кийимини эгнига илди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ