Юнусободда чинорлар кесилди, зарар 163,6 млн сўмга баҳоланмоқда…

0

 

Тошкент Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси экологик назорат инспекторлари пойтахтнинг Юнусобод тумани 4-мавзесида дарахтларнинг ноқонуний равишда кесилаётгани ҳолатини аниқлади, дея хабар берди Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати. Дарахтларнинг кесилаётгани ҳақидаги хабар 4 июль куни @EcoControl_bot Telegram-боти орқали юборилди.

Инспекцион текширув натижасида диаметри 68,7 см, 69,1 см, 51,2 см, 61,4 см ва 78,3 см бўлган 5 туп дарахт ноқонуний кесилгани, яна 11 туп дарахтга қисман шикаст етгани аниқланди.

Дарахтларни кесиш Metin Kommunal Servis компанияси раҳбари томонидан ташкил этилган, бунинг учун М. Набиев ва Ж. Илтанов ёллангани маълум бўлди.

Атроф-муҳит ва ўсимлик дунёсига етказилган умумий зарар 163 млн 663 минг 929 сўмга баҳоланди. Ишга оид материаллар прокуратура органларига тақдим этилди.

gazeta.uz