СНАЙПЕР… (26-қисм)

0

 

 

* * *

 

Машинага машинага ўтириб улгурмай, Мирсолининг фикри ўзгарди. Ғойибона ахборот етказувчи товушлар уни ҳушёр бўлишга ундай бошлади.

— Сен бу полковникнинг асл ниятини биласанми? — сўрашди улар Мирсолидан. — Агар умринг давомида иккита душман орттирган бўлсанг, ўшаларнинг бири худди шу одам. Нияти сендан катта пул ундириш. Шунинг учун сени қўрқитади, керак бўлса, қамайди ҳам. Чунки улар анчадан бери сени «разработка»га олишган. Сергак турмасанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди. Қолган гапларимизни қулоғингга қуйиб ол… Хуллас, гап мундай…

Мирсоли ғойибона товушларга қулоқ тутаркан, юрагига надомат тиғи санчилгандек бўлди. Ёруғ дунёда яшаётганидан жуда афсус чекди. Айниқса, икки оёғини бой бергани алам қилди. Хаёлан полковник сингари тирик ёвларга қарата лаънатлар ўқиди. Шундай аҳволда қолса-да, нотаниш товуш эгаларининг кўрсатмаларини кўнглига жойлаб олди.

— Биз бошқа томонга кетяпмиз, — деди машина шаҳардан анча нарилаб, адоғсиз серқатнов бетон йўлга чиққач. — Зудлик билан орқага қайтиб, ўнгдаги кўчадан юришимиз керак.

— Сенга нима бўлди, қаҳрамон? — норозиланиб сўради полковник. — Ўзинг айтдинг-ку шу йўлдан кетишимизни!

— Мўлжални сал нотўғри олибман. Ҳалиям кечмас, қайта қолайлик! Вақт кетяпти!

— Майли, — деди полковник ҳайдовчининг елкасига шапатилаб. — Виктор, машинани орқага қайтар! Адашибмиз!..

Бу Мирсоли учун жуда муҳим эди. Олдинда кутилажак манзара, суҳбат айни мана шу иш билан боғлиқлиги уни хавотирга сола бошлаганди. Полковник ортиқча қайсарлик қилмай, гумонсирамай сўзига қулоқ тутгани Мирсолининг кўнглини тинчлантирди…

Лекин қалин ўрмон ичкарисига бурилишгач, полковник безовталаниб қолди. Аввал икки тарафга аланглаб, гоҳ Мирсоли, гоҳ орқаларидан келаётган навбатчи машинага боқди. Ниманидир тушунмагандек бир неча маротаба бош қашиб олди. Сўнгра машина ойнасини очиб юборди. Ҳаво етмай, нафас олишга қийналди чоғи, энтикиб-энтикиб кетаверди. Сал ўтиб, ойнани қайтадан ёпди. Бу орада машина Мирсоли кўрсатган манзилга етиб таққа тўхтаганди.

— Хўш, нега бизни бу чангалзорга бошлаб келдинг? — очиқчасига дағдағали оҳангда Мирсолини саволга тутди полковник. — Мурда шу ерга кўмилган демоқчимисан? Шу ерга-я?..

Мирсоли ўтирган ерида бошини эгган кўйи полковникнинг дағдағасини тек эшитди. Ортиқча хижолат, қўрқувга эрк бермай, шошилмасдан полковникка тикилиб қаради.

— Нима, менинг сирли қобилиятимга ишонмаяпсизми? — сўради у. — Очиғини айтаверинг!

— Маҳмадоналик қилмагин, бола, — энди ростакамига қўрқитишга тушди полковник. — Менинг кимлигимни биласан-а? Жаҳлимни чиқарсанг, ногиронлигинггаям қараб ўтирмайман.

— Албатта, албатта, — деди Мирсоли нафратга йўғрилган нигоҳларини полковникка тикиб. — Сиз мақсадингиз йўлида ҳеч нарсадан қайтмайсиз. Сиздан қўрққулик!.. Айтганча, бир нарсани тушунмадим. Нимага безовталаниб қолдингиз? Нима сабабдан асабларингиз таранглашди? Тинчликми?

— Жонимга тега бошладинг, йигит, — дея муштларини тугди полковник. — Биз қидираётган одам юқори лавозим эгаси эди. Жинояти ҳам шунга яраша катта. Акс ҳолда махсус хизмат идораси овора бўлиб қидирмасди мурдани. Ментларнинг ўзига ташлаб қўя қолардик. Генералинг эса сени жуда мақтовди. Аниқ топа билишингга кафолот берувди. Демак, нотўғри гапирибди-да!..

— Полковник, — дея асабий лаб тишлади Мирсоли. — Биринчидан, у менинг генералиммас. Иккинчидан, сизнинг кимлигингиз менга чикора… Майли, агар йўқ демасангиз, ташқарига чиқсак. Сиз билан гаплашадиган муҳим гапим бор.

— Гапиравер! Ҳайдовчи ўзимизнинг одам. Мендай одамга буйруқ беришга қандай ҳаддинг сиғди? Истасам-чи…

— Яхши, — деди Мирсоли сабр косаси тўлиб. — Унда шу ернинг ўзида гаплашаверамиз.

— Гапир! Ҳе сендақанги башоратчидан ўргилдим! Гапир дедим! Қани жасад? Қай гўрда ётибди?..

— Жасад ҳов анави чакалаклар остига кўмилган, — хотиржамлик билан сўз бошлади Мирсоли. — Буни ўзингизам жуда яхши биласиз.

— Йўғ-э, мен-а?

— Ҳа-да, ўша ўзингиз айтган юқори лавозимли эркак шу ерга кўмилган. Аммо уни номаълум кимсалармас, сизнинг ўзингиз ўлдиртириб, кўмдириб ташлагансиз.

— Нима-а?..

Полковник кутилмаган гапни эшитди-ю, ранги бўзариб, беихтиёр Мирсолининг ёқасига чанг солди.

— Нима дединг, мараз? Қайтар!

— Сиз анчадан бери худди шу ерда ётган жасад эгасидан улуш олиб келардингиз. Охири ораларингда жанжал чиққан. У тинч қўймасангиз, тегишли жойга шикоят қилишини айтган. Сиз бўлсангиз, дарҳол ҳаракатга тушиб киллер ёллагансиз. Ажабланарлиси, уни ўлдиришгандан кейин уйини тинтув қилдириб, бор бойлигини талон-тарож қилгансиз. Агар ёлғон бўлса, айтаверинг!..

 

* * *

 

— Сен… Аблаҳ, ким билан ўйнашаётганингни биласанми? — полковник бу гапларни эшитгач, аъзойи бадани титраб, зарда аралаш машина эшигини очди-да, пастга тушди. — Қани, буёққа чиқ, ўғри, баттол!

Мирсоли ўзгалар кўмагисиз машинадан туша олмасди. Азбаройи жаҳл отига минган полковник бир муддат бу ҳақиқатни унутиб қўйганди. Сал ўтиб, ўзига келган каби ҳайдовчисига буюрди.

— Тушириб қўй манави чўлоқни!..

Мирсоли бундай ҳақоратни ҳалокатга учрагандан бери илк бор эшитди. Эшитди-ю, юраги музлаб кетди. Жавоб йўллашга чоғланган тили танглайига ёпишгандек талмовсирашдан нарига ўта олмади. Хайриятки, қалби, нотаниш овоз соҳиби кўмак беришга ошиқди.

— Сен бу ярамаснинг кўзларига тикил-да, — деди у. — Бир неча ўн сония тош қот! Полковник бўшашиб, тиз чўкади. Бунга ишон! Тиз чўккандан кейин унга буюр. Нимани буюрсанг, сўзсиз адо этади. Сен учун асосийси, бу баттолнинг қўлидан халос бўлиш. Акс ҳолда сени ўлдириб юборади. Шошил!..

Мирсоли бу маслаҳатлардан кўнгли хотиржам тортиб, тепасида кўзини лўқ қилганча масхараомуз тиржая бошлаган полковникнинг кўзларига тик боқди. Ва шу ҳолатда тек ўтираверди. Ҳақиқатан, полковник сония сайин бўшаша бошлади. Тиржайишлар, масхарали боқишлар ўрнини ожизлик эгаллади. У дафъатан Мирсолининг қаршисида тиз чўкди-ю, лаблари пулкиллаган кўйи жим қолди.

— Сен ҳозироқ мени анави машинада кузатиб қўясан, — ўта эҳтиёткорлик билан сўз бошлади Мирсоли. — Олдин қилмишларинг учун узр сўрайсан. Оёғимни ўпишинг шарт эмас. Оёқларим шундоғам яримта. Ҳаром лабларинг тегиб, булғанишини хоҳламайман. Хўш, тушунарлими гапларим?

— Ҳ-ҳа, тушундим, — шивирлади полковник титроқ аралаш. — Мени кечиринг, ука! Мен аҳмоқни кечиринг! Бу ҳеч қачон қайтарилмайди, қасам ичаман!

— Жуда соз, — деди Мирсоли бошини орқага ташлаб, оғир хўрсинаркан. — Ҳолинг шу экан-ку, нима қилардинг мен билан олишиб?

— Билмай қолдим! Мени шайтон йўлдан урди, шайтон!

— Шайтонни тинч қўй, — дея кўрсаткич бармоғини полковникка ўқталди Мирсоли. — Шайтоннинг сенсиз ҳам гуноҳи кўп. Қани, энди а-астагина ўрнингдан тур!

Полковник буйруқни сўзсиз адо этди.

— Энди мени қайтадан ўз қўлларинг билан машинага ўтқаз! Ҳайдовчингга тайинла! Мени ўзим айтган ерга элтиб қўйсин! Мабодо орқамдан тезак ирғитишни мўлжалласанг, билиб қўй, қарғишимга қоласан. Мен қарғасам, албатта тегади қарғишим. Уқдингми, полковник?

— Албатта уқдим, ука, — деди полковник Мирсолини авайлаб машинага ўтқазаркан. — Қаерга десангиз, ўша жойга элтади. Элтмай кўрсин-чи, терисига сомон тиқаман!..

Машина жойидан жилди дегунча Мирсоли ён кўзгучадан полковникка назар ташлади. У ҳануз тек қотганча турар, ора-орада бош чайқаб оларди.

Полковник воқеаси Мирсолига жуда алам қилганди. Агар оёқсиз қолгандан бери то шу кунга қадар ўтмишга қайтмасликка аҳд қилган бўлса, энди аҳдидан қайтишга, ҳеч қурса, оз бўлса-да, ҳалол хизматини қилган, гўё яқин дўст, жонажон укадек бўлиб қолган Вадимнинг аламини олишга онт ичди. Ёруғ дунёда паст тушиш, беозор бўлиш даҳшатли тушдан-да даҳшатлироқ эканини яна бир карра англаб етди. То клубга етгунча келгуси режаларини миясида пишитиб борди.

Тахминан қирқ дақиқа ичида машина клуб рўпарасига етиб тўхтади ва ҳайдовчи тайинланганидек шошилинч пастга тушди-да, Мирсолини ўтирган аравачани ташқарига олди.

— Сен хафа бўлма, ошна, — деди унга Мирсоли. — Қўпол сўзлаган бўлсам, узр! Лекин бир нарсани билиб ол, раҳбаринг мараз одам!

— Биламан, — деди ҳайдовчи эҳтиёт шарт атрофга аланглаб олиб. — Нима қилайлик? Чидаймиз-да! Биз кичкина одам бўлсак…

— Ёрдам керак бўлса, тўғри шу ерга келавер! Мен яхши инсонлардан ёрдамимни аямайман!..

Машина жўнаб кетгач, Мирсоли аравача тутқичидаги керакли тугмачани босди. Аравача автомат тарзда клуб томон йўрғалади. Аммо эшикка етмай, Мирсоли аравачани тўхтатди. Ичкаридан узун бўйли, малласоч, кенг елкали, юзларига ҳуснбузар тошган Рамил исмли татар йигити чиққанини кўриб чеҳраси ёришди. Бу йигит ҳам ҳалол хизмат қилаётганини яқиндагина Вадим айтиб берганди. Мирсоли бугуноқ шу йигитни Вадимнинг ўрнига тайинлашни кўнглига тугди.

— Ака, билардим қайтишингизни, — Рамил мамнунлигидан ёрилай деб дарҳол тиз чўкди-да, Мирсолини қучди. — Сизсиз клубимиз ҳувиллаб қолганди. Энди ишларимиз албатта юришиб кетади, ака!

— Ҳаммаёқ тинчми? — сўради Мирсоли Рамилнинг елкасига қўл ташлаб. — Мен йўғимда ҳеч ким безовта қилмадими?

— Безовта қилишганди, қандайдир генерал келиб тинчитди. Ҳозир ишлар беш, ака!..

— Унда юр, ичкаридан хабар олайлик! Кейин иккаламиз Вадимнинг қабрини зиёрат қилиб қайтамиз!

— Хўп бўлади, ҳозир… Мен эшикни очиб тураман!..

Рамилнинг бу муносабати ростакамига Мирсолининг кўнглини кўтариб юборди. У кимларгадир кераклигини, кимлардир уни ҳам хуш кўришини қалбан ҳис этиб, қайтадан тугмачани босди.

Рамил айтганидек, клубда ишлар жойида экан. Мирсоли буни ичкарига киргандаёқ ўз кўзлари билан кўрди. Хизматчи қизлар, йигитлар уни кўрди дегунча пешвоз чиқиб, қуюқ саломлашди. Лекин Мирсоли ходимлар чеҳрасидаги табассум ортида ачиниш ва қандайдир иккиланиш, ажабланиш ҳисси яширин эканини чуқур ҳис этди. Ходимлар уни таний олмаётганини, танишга уринишса-да, иккиланиб қолишаётганини пайқагани сайин юрагини аллақандай ёввойи дард эзиб, тирмалайверди. Алам қўзғолон қилиб, вужудини армонлар кемира бошлади. Деярли қадрдон бўлиб қолган ходимлар қаршисига аравачада кириб келгани ўзидан, тақдиридан нафратланишга ундади. Бироқ сездирмади. Аста кабинетига кириб, столлар, шкафларни кўздан кечирди. Рамил эса унинг тепасида қаддини ғоз тутган ҳолда турар, раҳбар бўлмиш Мирсолидан навбатдаги кўрсатмани кутарди.

— Рамил, — деди ниҳоят бошини баландроқ кўтариб Мирсоли. — Очиғини айт, мени қандай танидинг? Ташқи кўринишим буткул бошқа-ку!

— Генерал янги юз билан тушган суратингизни келтириб берувди, — жавоб қилди Рамил. — Шунинг учун танидим-да, босс!..

— Бошқаларгаям кўрсатганмидинг суратни?

— Албатта. Кўрсатмасам, билиб-билмай сизга қўполлик қилиб қўйишлари мумкин эди.

— Ажаб қиласан. Энди гап мундай. Биз сен билан бир жойга ўтиб келишимиз керак, — деди тўсатдан Мирсоли безовталаниб. — Сезяпман, ҳис қиляпман, уришяпти, хўрлашяпти! Унинг адабини бериш керак ҳозироқ!

Рамил Мирсолини бундай ҳолатда илк бор кўриб тургани боисми, олдинига ҳайрон бўлиб қолди. Мирсолига савол назари билан оғзи ланг очилганча тикилди.

— Нега қаққайиб қолдинг? — орадаги бирпаслик сукутни бузиб Мирсоли пўписанамо оҳангда савол ташлади. — Тинчликми? Борасанми ўзи мен билан?

— Босс, балки йигитларни юборармиз ўша ерга? Ҳарқалай, сиз учун хавфли бўлса керак-ов! Қолаверса, ўзингиз қабристонга боришимиз кераклигини айтгандингиз…

— Саволлар беришни бас қил! — Рамилни болохонадор жеркиб берди Мирсоли. — Қабристонга кейин борамиз. У ерда бир бегуноҳ, келишган, ақлли, одобли, фаросатли қизни хўрлашяпти дедим! Юрсанг-чи тезроқ!

— Машинани чақирайми? — сўради Рамил бош қашиб. — Ҳайдовчи айни ишсиз ўтирибди.

— Керакмас, — деди Мирсоли қовоқ уйиб. — Пиёда борамиз! Узоқмас! Бир бекат чиқади холос…

Безовталик, дилгир қалб садоси Мирсолини тобора шошилишга ундар, аравача ўзи истаганидек тез юрмаётганидан нолирди. Рамил эса аравача билан ёнма-ён одимларди. Олдинга ўтиш ёки орқада қолишдан чўчиб, ҳадеганда Мирсоли тарафга кўз ташларди.

Ниҳоят улар автобус бекатига етишди. Бекатда деярли ҳеч ким йўқ эди. Фақат узун бўйли, сочини орқа мия остида кокил қолдириб текислатган йигит ва паст бўйли, озғин, хушрўй бир қиз туришарди. Йигит қизнинг икки елкасини ғижимлаб олган, нуқул дағдаға қиларди. Қиз эса ўзини йигитдан нари олишга, унинг қўлларини силтаб ташлашга уринарди-ю, кучи етмасди. Қўйиб юборишини сўраб қайта-қайта ёлворарди.

«Мана энди кимлигимни қайтадан кўрсатиб қўйиш фурсати етди, — кўнглидан ўтказди Мирсоли тишларини билинар-билинмас ғижирлатиб. — Одамлар оёғим йўқлигини кўриб, яроқсиз, ногирон деб ўйлашади, биламан. Аммо мен яроқсиз ҳам, ногирон ҳам эмасман. Оллоҳга беадад шукр, иккита қўлим бор. Улар манаман деганни янчиб ташлашга тайёр. Агар дўппослаш усулларимни манави Рамилнинг қаршисида кўрсатиб қўя билсам, у бошқаларга албатта етказади, асосийси мени янада қаттиқроқ ҳурматлайдиган бўлади, қўрқа бошлайди. Ҳа, имконни қўлдан бермаслигим шарт!..»

Мирсоли ер остидан Рамилга бир қараб қўйди-да, «Шу ерда тур», дегандек кўз қисиб олиб, бекат ичкарисига аравачани ҳайдади. Йигит ва қиз ҳануз тортишар, чамаси йигит бегона қизни зўрлаб ўз йўриғига юргизмоқни ихтиёр этганди.

— Вей, эркак, — деди Мирсоли ўтирган ерида йигитнинг билагини маҳкам сиқиб. — Қиз болага кучинг етдими? Мана, менга дағдаға қил! Духинг етадими ўзи? Ё ўша духингни синдириб қўяйми ҳозир?

Йигит кутилмаган манзарага гувоҳ бўлгач, янада ғаши келиб зарда аралаш билагини тортиб олди.

— Ўв, оғайни, — деди у бир аравача, бир Мирсолига аламли боқиб. — Сенга нима керак? Пулми? Шуни яхшиликчасига айтсанг ҳам бераман-ку! Аҳволингни қара, тағин дўқ қилганингга ўлайми? Сур бу ердан! Халал берма бизга!

Мирсоли бу гапни эшитганданоқ тепа сочлари тикка бўлди. Кутилмаганда йигитнинг чотига муштлар сериясини йўллади. Йигит иҳлаганча энгашиб олган ҳолда айлана бошлади.

— Иҳ, мараз, нима қилганинг бу? Ҳозир…

Афсуски, нимадир қилишга улгурмади. Мирсоли аравачада ўтирган кўйи унинг кўксига қайта-қайта мушт туширди. Агар зарба аниқ нишонга бориб тегса, ҳар қандай зўри ҳам маълум муддат ҳушини йўқотади. Зарба янада кучли чиққанда эса жон бериб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Лекин Мирсоли меъёрга амал қилган ҳолда зарба йўллаганди. Йигит ерга юзтубан йиқилди-ю, жим бўлди. Мирсоли яна бир карра нарироқда туриб қолган Рамилга тиржайиб қўйди-да, аравачани пиқиллаб йиғлаганча йигитнинг тепасига чўнқайиб олиб нуқул юзларига шапатилаётган қиз тарафга олиб ўтди.

— Аблаҳ экансиз! — қиз дафъатан ўрнидан турди-да, Мирсолига тик боқди. — Нима қилиб қўйдингиз уни? Нега бировларнинг ишига бурнингизни тиқасиз? Кимсиз ўзи?

— Кимлигимни жуда яхши билиб турибсан, — деди Мирсоли. — Танимасанг ҳам юрагинг билан сезяпсан. Қўрқма, йигитинг ҳушидан кетди холос. Ҳадемай ўзига келади. Ишон, энди у сени ҳеч қачон хафа қилмайди.

— Ким хафа қилибди мени? — қичқирди қиз жазавага тушиб. — У менинг йигитим бўлади!

— Йигитинг эканини билдим, — Мирсоли аравачани пича ортга юргазди-да, асабий лаб тишлади. — Аммо у сенга муносиб эмас. Бир йилдан бери бошингни айлантириб юрибди. У сени заррачаям севмайди. Кўнгилхушлик керак унга, ишон!

Қиз Мирсолининг гаплари қулоғига кирдими-йўқми, ҳарқалай йиғлашдан, қичқиришдан тўхтаб, сочларини тўғрилаб олди. Кейин эса бирдан сергакланиб, Мирсолига яқинроқ борди.

— Сен… Сен аблаҳни танидим, — деди у ўнг қўлини олдинга чўзиб. — Сен… Менинг опамни ўлдиргансан, ҳа! Аниқ танидим сени! Менга қара, опамни топиб бер! Опажонимни тирилтириб бер! Эшитяпсанми?

Қиз шундай деб Мирсолининг елкасига чанг солди ва телбаларча силтай бошлади. Мирсоли уни бир зарб билан нари суришни хоҳларди. Бироқ қалби унамасди. Шу сабабли ёрдамга шошилган Рамилни ҳам яқинлаштирмай, бир муддат силтанишга мажбур бўлди. Қиз саннай-саннай бўшашиб ўтириб қолгачгина, сўзлашга чоғланиб, томоқ қирди.

— Опанг сотқин эди, — деди у маъюсланиб. — Мени сотганди. Мен бўлсам, сотқинларни кечира олмасдим. Аммо сен ташвиш чекма! Мана, кўриб турганингдек, худо мениям жазосиз қўймади. Шу кўйга солиб қўйди. Қўй, мени қарғайверма! Сочимдан товонимгача қарғишга ботиб қолганман шундоғам. Сен гапларимга қулоқ сол! Анави гўрсўхтани унут! Сен менинг тақдиримсан, келажагимсан! Эшитяпсанми?

Қиз Мирсолининг сўзларини эшитиб, баттар ғазабланди. Нималардир демоққа қайта-қайта чоғланди. Айта олмади. Ё тўлиб тургани, ё андишалилиги йўл бермади. Тош қотганча Мирсолига титраб-қақшаб термилиб турди-ю, ниҳоят нафратини тилига кўчирди.

— Биласанми сен кимсан? Айниқса шу гапларингдан кейин кимлигингни биласанми? Билмасанг, билиб ол! Сен маҳлуқ қиёфасидаги қотилсан! Сен маразлар марази, ваҳшийлар ваҳшийисан! Худо олсин сендақаларни! Йў-ўқ, мана энди сени тинч қўйиб бўпман! Мелисага топшириб қаматаман сени! Шунда чигилим ёзилади.

— Ундай қила олмайсан, — деди Мирсоли хотиржамликни бой бермай. — Аксинча уйингга қайтиб тинчланганингдан кейин фақат мени ўйлай бошлайсан. Мени ростакамига севиб қоласан! Бу севги сенга бахт ҳадя қилади. Йўқ, оёқларим йўқлигига кўз юм, Юля! Чунки оёқларим йўқлиги сени севишимга, ардоқлашимга, ёмонлардан ҳимоя қилишимга халал бермайди.

Қиз ҳеч нарса демади. Вужудига ўрлаган титроқ боягидан-да тезлашиб, бир неча ўн сония тек туриб қолди. Кейин эса бир карра Мирсолига нафрат аралаш қараб олди-да, шартта ортга қайрилиб, дуч келган томонга чопиб кетди.

 

* * *

 

Гарчи келажаги ҳақидаги бор ҳақиқатни аниқ-тиниқ сезиб, кўриб турса-да, Мирсолининг дили хуфтон бўлганди. Кўнглига зулматдан-да зўрроқ, ёқимсизроқ, қувроқ қоронғилик тушиб, бу даҳшатларни қалбан ҳис этгани сайин худди ёруғ дунё торайиб қолаётган каби эзиларди.

— Рамил, — деди йўл-йўлакай Мирсоли бирпасга аравачани ғилдирашдан тўхтатиб. — Одамлар нега ногирондан жирканади? Нимага уларни ўзларидан бир парда паст кўришади?

— Асло ундаймас, — деди Рамил Мирсолини тинчлантириб. — Сизга шундай туйиляпти шекилли. Аслида тескариси. Одамлар ногиронларни эъзозлашади, аяшади, уларга ачинишади, кўмак беришни хоҳлашади. Сиз нотўғри гапирдингиз.

— Анави Юляни кўрдингми? Мен яхши биламан, у менинг келажагим. Бояги йигитда кўнгли йўқ, ундан безиб кетган. Қиз шу кунгача мени кутарди. Нима қилайки, оёқларим йўқлигидан бехабар эди. Мана, аҳволимни кўрди-ю, нафратланишга тушди.

— Қизлар шунақа бўлишади. Бошида нозланишни хуш кўришади. Менингча у аҳволингизга умуман эътибор бергани йўқ, ака!..

— Ҳа-а, шунақага ўхшайди, — деди Мирсоли чуқур хўрсиниқ аралаш. — Нима бўлгандаям, бу соҳада тажрибам бўлмагани панд бераверади-да! Лекин қўрқмайман. Оллоҳ айнан ўша қизни мен учун асраб қўйганди. Қараб тургин, эртага тонг маҳали мени қидириб топади ва узр сўрайди.

— Авлиё бўп кетинг-э, — кулди Рамил. — Тан бердим сизга.

— Нимамга тан бердинг?

— Ҳамма нарсани олдиндан билишингизга тан бердим. Қолаверса, барибир муштлашишда сизга етадигани йўқлиги мени қойил қолдирди…

Клубга яқинлашгач, Мирсоли тўсатдан тўхтади. Нимадир ёдига тушгандек ортга бурилиб, узоқ-узоқларга тикилиб олди-да, тепасида икки қўлини кўксига қўйганча тек қотган Рамилга юзланди.

— Севган одамдан худбини бўлмайди-а, Рамил? Қара, Юля мени деса ўзини томдан ташлай деб турибди-ю, маҳлуқдан олиб маҳлуққа солди-я! Эркаланиши, нозлари жуда қўпол экан баччағарнинг.

— Ўзингиз кейин қайта тарбиялаб оласиз-да! Тарбияланмай қаергаям борарди…

— Бўпти, сен ичкарига кириб ишлардан кўз қулоқ бўл, — деди Мирсоли анча наридан тобора клубга яқинлашиб келаётган қизил машинадан кўз узмай. — Менинг борадиган жойларим бор.

— Мен бирга борсам-чи? — сўради Рамил. — Ҳар ҳолда…

— Мени ит емайди, — унинг сўзини кесди Мирсоли. — Бор, киравер! Керак бўлсанг, қўнғироқ қиламан…

Шу орада машина етиб келди ва Мирсолининг рўпарасида тўхтади. Мирсоли ойналари қорайтирилган машина кимга қарашли экани, салонда ким ўтиргани, не ниятда келганини кўнгил кўзлари билан кўриб турарди. Ўзини олдинда оғир синовлар кутишини ҳам сезиб, ҳалитдан шу синовларга руҳан ҳозирлана бошлаганди.

Кутганидек, машина эшиги очилиб, полковник пастга тушди. Машинадан яна икки барзанги тушиб, полковникка эргашди.

— Нима, қўрқитсам, тилини тияди, мени таъқиб қилмайди деб ўйлаганмидинг? — пўписа қилди полковник Мирсолининг тепасига яқин келиб. — Бекор қиласан. Келгуси тақдиринг менинг қўлимда эканини унутма, йигит!

— Мени худодан бошқаси қўрқитолмайди, — деди Мирсоли полковникка совуқ боқиб. — Ё ўша ҳунаримни тағин ишга солайми?

— Ҳунарингни қўя тур, — полковник бирдан тусини ўзгартириб, мажбуран жилмайди. — Уни турмадагиларга кўрсатасан.

— Турма? Намунча шунга шаъма қилаверасиз-а? Бошқа қиладиган ишингиз йўқми?

Полковник жавоб ўрнига ёнидаги барзангиларга ишора қилди. Улардан бири аста юриб келди-да, Мирсолининг қўлига кишан урди. Мирсоли атайин қаршилик қилмади. Шу йўл билан полковникдан устун эканини намойиш этиб, ғолибона кулди.

— Қани, олиб боринг ўша турмангизга! — деди кулишдан тийила олмай. — Кўрай-чи, қудратингиз қанчайкан!

Полковник бир неча марта бош ирғаб олди-ю, расмий оҳангда сўз қотди.

— Фуқаро Марат Морозов, сиз махсус хизмат ходими ҳаётига хавф солганликда, ўн беш одамнинг умрига зомин бўлганликда айбланасиз!

Бу ҳам Мирсолининг бир тукини ўзгартирмади. Барзангилар аравачани кўтариб машинага юклашганда ҳам бир оғиз сўз демади. Қалбига, қаердандир самолардан таралиб қулоқлари остида жарангловчи сеҳрли хабарларга ишонди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here