ШАЙТАНАТ… (100-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бир оздан кейин судралиб қуруқроқ жойга ўтди. Кўнгли айниб, ўқчиди. Ичида ҳеч нарса бўлмагани сабабли қайт қилолмади.

Каравоти борлар ётиб уйқуга кетишди. Демак, кеч кирибди…

«Мен неча кундан бери бу ердаман? Мени бунча хорлашади? Бу хорликдан ўлганим яхши эмасми? Яхши… Аммо ўлишнинг чораси борми?» деб ўйлади Шариф.

Унинг фикри қатъийлаша бошлади. Ўлимни чақирди.

Қани энди ўлим ҳазрати олийлари кела қолса, шошила қолса…

Ўлим-ку келар, аммо қай ҳолда жон беради? Ҳаётда омадсиз эди, ўлимда ҳам шундай бўлади шекилли? Итдай хор бўлиб ўлади, мурдасини итнинг ўлигидай олиб чиқиб ташлашади.

Кўмишадими ё куйдириша-дими?

«Нима қилса қилар, шу ердан қутулсам бўлди», деб ўйлади у.

Ҳозир Шариф Насибани, болаларини ўйламас эди. У азоблардан қутулиш йўлинигина ахтарарди…

Қадимнинг аллома шоири айтганидек:

Кишидинки қайтти жаҳон ичра бахт,

Ўзи зор бўлур, иши барча сахт.

Агар қочса ҳар сори елдек, қазо

Анга еткурур жавру дарду бало…

Қазо уни қувиб юрган экан. Қува-қува шу сассиқ қамоқхонада бўғзидан ушлади.

Шариф сал ўзига келгач, ўрнидан туриб гандираклаганича бурчакдаги даврага яқинлашди.

— Нима, яна тортгинг келяптими? — деб сўради муштлаган йигит.

— Йўқ, пичоқ бериб туринглар.

— Нима қиласан?

— Туфлим қисяпти, орқасини кесиб қўяй.

Муштлаган йигит унинг оёғига қаради:

— Яп-янги туфли экан, еч, сенга бошқасини берамиз.

Шариф ўтириб туфлисини ечиб берди. Йигит узатган туфлини кийиб:

— Бу ҳам сиқяпти, пичоқ бериб туринг, — деди.

Муштлаган йигит у томонга чирт этиб тупурди-да, кўкрак чўнтагидан буклама пичоқча чиқариб узатди. Шарифга гўё у нажот қайиғини узатгандек бўлди. Шариф жойига қайтиб ўтирди. Нималарнидир ўйлагандай бўлди. Аслида ўйламади. Ўйлай олмас ҳам эди. Ҳам хумор азоби, ҳам иситма унинг миясини шол қилган эди.

У ўтира-ўтира охири аввал ўнг, сўнг сўл билак томирларини кесиб ташлади.

Шундан сўнг азоб чекиниб, ҳузурланди.

Шу пайтгача бу қадар ҳузур кўрмаган эди…

 

***

 

Тошбақа жайронни қувиб етиб ғажиб ташлаши мумкин бўлмаганидек, Зайнабнинг ўз орзуларига етмоғи мумкин эмасди. Руҳидаги Кумушбибини осиб, отаси-нинг йўлини танлаган кезда, дастлабки қасоснинг аччиқ мевасини татиб, кўнгиллари эзилганда, жаъмики эркак зотидан нафратланиб юрган пайтларда Жамшиднинг тирик эканини, уйига қайтганини эшитди. Эшитди-ю, осиб ўлдирилган руҳи тирила бошлади.

Бу хабарни Ҳайдар амакисидан эшитгани учун дарров ишонди. Кесакполвон бу хабарни Зайнабга бекор етказмади. Асадбекнинг «Жамшид мендан нари юрсин», дегани бир жиҳатдан маъқул бўлди. Буни ўзича Чувринди қанотининг қайрилиши деб англади.

Жамшидни ўз томонига оғдириш режасини туза бошлади. У ҳожасининг ўшандаги ғазабини уйғотган сабабни ўзича тахмин этарди. Янгиликни эшитгандаги Зайнабнинг ҳолатини кузатиб, тўғри йўл танлаганига ишонч ҳосил қилди. У Зайнабга валинеъмат бўлганига тўла ишонарди. Демак, унинг муҳаббати орқали Жамшидга таъсир этиш мумкин, деб ҳисоблади.

Чиндан ҳам Зайнабнинг Жамшидга муҳаббати ўлмаган эди. Жамшидни ҳар эслаган замонда руҳи ҳайқирар эди. Энди бу ҳайқириқ унинг қасамлари тўғонини бузди. Эркак

зотига бўлган нафрати ҳам истисно тариқасида сусайди. Унинг назарида Жамшид душманларни енгиб, суюклиси бағрига қайтган Отабек тимсолида гавдаланди. Фақат…

Отабек суюклиси учун курашган эди. Хомидларни ўлдирган эди. Зайнабнинг Отабеги эса бир одамнинг қаҳридан чўчиб, жон ширинлик қилиб қочворди…

Хаёлига шу фикрлар келиб, ўйланди:

«Ҳозирги вақтда борми Отабеклар?..»

Зайнаб Кумуш бўла олмади, аммо Тупроқбиби бўлгани рост, тупроқдан-да баттар бўлгани рост. Отабеги эса… «Наҳот кўнглида заррача муҳаббат бўлмаса… Наҳот қалбида муҳаббати йўқ инсоннинг бу дунёда яшамоғи мумкин бўлса?..» — Зайнаб ечолмаётган жумбоқлар булар.

Кумушнинг Отабеги бир гўзал мактуб битган эди. Зайнаб бу мактубни ёд олган, хаёлида Жамшиддан шунга ўхшаш мактублар олиб турар эди.

Зайнаб Жамшиднинг тириклигидан бир қувониб, йўқламагани учун бир ранжиб, турли фикрлар ўтида қоврилиб бўлгач, соғинчдан энтиккан юрак яна ўша мактубни қўмсади-ю, «Ўтган кунлар»даги сатрларни ўзига мослади.

«… Суратини кўз ўнгидан кеткиза олмаган, Отабекнинг (яъни Жамшиднинг) юзини кўролмай, сўзини эшита олмаса ҳам ёзған хатини ўқуб эшитиш Кумуш (яъни Зайнаб) учун катта қийматга молик эди. Отаси (хатни отаси эмас, Ҳайдар амакиси берар) йўлакдан кириши билан латиф кўкраги кучлик тин олиш ила кўтарилиб ташланди-да, гўё Отабек (яъни Жамшид) билан учрашатурғондек юраги ўйнамоқға бошлади…»

Ҳайдар амакисидан хатни олгач, у ҳам Кумушбиби сингари уялиб-нетиб турмайди.

«… қизарған, қизарган эмас, ич-ичига ботган шаҳло кўзлари, ёш билан синған жингала киприклари, чимирилған тўсдек қора қошлари уни аллақандай бир ҳолга» қўяди. «Қоши устига тўзғиб тушган сочларини» тузатмаёқ хатни ўқийди.

Кумушнинг Отабеги «ой юзли рафиқам, қундуз қошли маъшуқам Кумушхонимга!» деб бошлаган эди. Жамшид акаси соддагина қилиб: «Салом, Зайнаб!» деб бошласа ҳам майлига.

Кумушнинг Отабеги:

«Шайтон устаси бўлган Хомиднинг маним отимдан сизга ёзған талоқ хатиси ила менга қарши ёниб кетган юракингизнинг нафрат ўти эҳтимол энди ўча тушкандир. Сохта талоқ хатини олған сўнгингизда менга хитоб қилиб ёзған фикрларингиздан эҳтимол энди қайтаёзғандирсиз… Бу хатни ёзар экан, муҳаббатингиз билан тўлуқ бўлған юрагим мудҳиш бир ҳақиқат эҳтимолидан яфроқ каби титрар ва ўзининг тўлиб-тошқан ҳасратларини, фарёдларини ифодасидан адашар эди…»

«… Меним учун кўйингизда ва оёғингиз учида жон бериш жуда ширин эди ва кўбдан бери ғоям эди. Шунинг учун яқинроғингизда ўлмак учун, ўлар эканман, сўнг дақиқамда яна бир мартаба бўйингизни олиб ўлиш учун душман томонидан уйингизга очилган туйнукчага кирдим. Кирдим-да, сизнинг бўйингизни олдим, ҳафиф тин олғандағи латиф ухлаған товшингизни эшитдим…»

«… Баъзи эҳтимолларга қарши сиз билан кўришмак менга муяссар бўлмади. Умримда биринчи мартаба кўнгил орзусиға қарши бордим. Чунки манимча орадағи қора тикон супирилган эди. Мундан сўнг ҳамиша меники эдингиз. Мен Тошкандда юрарман, аммо кўзим ўнгида сизнинг ҳайкалингиз! Ажабо, бусиз менга мумкинми?»

Зайнабнинг хаёлидаги Отабеги шу хилда ёза биларми эди? Чиройли сўзлар тополмаса-да, хунук дағал сўзлар ила ёзса-да, майли эди. Нима деб ёзсин? «Отанг мени ўлимга ҳукм этди», десинми? Отасини «душманим» атасинми? Талоқ хати-чи? Талоқ хати бермоқ учун никоҳ лозим. Никоҳ эса… йўқ. Ўртада фақатгина Зайнабнинг аросат муҳаббати бор. Кумушнинг Отабеги учун маъшуқасининг оёғи учида жон бериш ширин эди.

Уники эса… Акалари «қоч!» деб эди, қочди…

«Мундан сўнг ҳамиша маники эдингиз…»

Қани энди шундай деса. Оддийгина қилиб, бир буюмга нисбатан айтгандай «Сен — меникисан!» деса ҳам майли.

Йўқ… ёзмади, ёзмайди ҳам.

Отабеклар борми ўзи дунёда?..

Осмонда учғувчи қушларнинг барчаси бургут бўла оларми экан?

Осмонда бургутлар борми экан?..

Буларни кўп ўйлади. Охири «хат ёзмасалар ҳам майли, бир келиб-кетсалар-чи, ҳеч бўлмаса узоқдан кўрай» деб умид қилди. Бечора жувон Жамшид учун бу кўчадан ўтиш таъқиқ этилганини қаердан билсин?

Хат олиш умиди сароб эканига ўзини ишонтиргач, туннинг ҳаловатсиз оғушида суйгани билан кўришмоқ онларини хаёлида жонлантирди…

«— Зайнаб, мен сени соғиниб келдим… Эсингдами, охирги учрашувимизда «Менинг ўрнимда ҳайвон бўлганида хўрланишига чидолмай, ҳеч бўлмаса ўкирарди. Эгасининг раҳми келарди. Эгаси хўрлатиб қўймас эди», дегандинг. Сен кўп хўрландинг, бунга мен айбдорман. Мени кечир, мен сен учун ўч оламан! — дейди.

— Қандай ўч оласиз?

— Аввал отарчини ўлдираман, биламан, сени у зўрлаган.

— У менинг эрим. Ўч олишингизга йўл бермайман.

— Мен сени ундан тортиб оламан.

— Йўқ… Энди кечикдингиз. «Сен синглимсан», деган эдингиз. Сиз… акам бўлинг…»

Шундай дейди…

Аммо хаёлидаги бу гаплар ҳам амалга ошмайди. Жамшидни яна анча вақт кўрмайди. Фақат… Жанозада узоқдан бир кўради. Кўради-ю, аммо юраги «жиз» этмайди. Руҳидаги Кумушбибини осган Асадбекнинг қизи бу пайтга келиб қалбини муҳаббатдан тозалашга эришган эди.

 

***

 

Муҳиддин ота кетаётган чоғида Кесакполвон билан суҳбатлашиб турган Жалилни четга тортиб «Огоҳ бўлиб туринг. Ҳозирча шифога умид бор. Аммо бир сабаб бўлиб, яна орқага силжиб кетиш эҳтимоли мавжуд экан», деб шипшиган эди. Кесакполвон «Оқсоқол нима деди?» деб сўрайвергач, Жалил айтди. Ҳар ҳолда Асадбекнинг даволатиш ишида улар ҳамфикр эдилар. Шу сабабли ҳам Жалил унинг бу ҳақиқатдан огоҳ бўлиши фойдадан ҳоли эмас, деб ўйлади.

Бу хабар чиндан ҳам Кесакполвон қалбининг моғор босган қисмида пайт пойлаётган нияти учун фойдали эди. Кесакполвон «Барибир ўлади, шекилли», деб тахт сари йўлдаги ғовларни суриш ҳаракатини тезлаштирди.

Қадимда мушриклар санамларнинг ҳайкалларини ясаб олиб сиғинишар экан. Уларнинг ақидасига кўра, бу санам — Худонинг қизи. Улар ана шу санамга сиғиниш билан унинг отасига — Худога яқинлашмоқни ният қилар экан.

Кесакполвон режаларининг биридан ана ўша мушрикларнинг ҳиди келиб турарди. Тахтни эгаллаш йўлидаги муҳим масалалардан бири — Зайнаб билан яқинлашув эди. Гарчи Мардона воқеасида Зайнабнинг отаси йўлига яқинлашуви ҳали узоқ эканини англаган бўлса-да, фикридан воз кечмади. Билъакс, у билан кўпроқ учрашадиган бўлди. Ўз хаёлида Зайнабни қайта тарбиялай бошлади.

Ана шу кунларнинг бирида Хумкалла унга ғалати хабар етказди. Ҳалимжон деган йигит у билан суҳбатлаша туриб, гапни айлантира-айлантира «Ҳосилбойвачча қаерга кўмилди?» деб сўрабди.

Бу хабар Кесакполвон учун кутилмаган ютуқ эди. Ҳосилбойваччанинг қаерга кўмилгани билан ҳатто Асадбек ҳам қизиқмади. Мурданинг қаерга кўмилганини Чувринди ҳам билмайди. Ғилай унга айтмаган бўлиш керак.

«Ҳалимжон деганига бу нима учун керак?» — деб ўйлади Кесакполвон. «Бунга фақат Хонгирей ёки ўрганнинг одами қизиқиши мумкин. Ҳалимжон ким ўзи? Уни Маҳмуд топган. Маҳмуд… Чувринди укагинам… Сени сийласам, чориғинг билан тўрга чиқяпсанми?.. Шунақа қилаверсанг, битта чориғинг билан қолдираман, бола. Бек аканг сени «ақлли» дейди. Ишқилиб ақлинг сени гўрга етакламасин-да… Мен ҳам сени яхши кўраман. Сенга кўп хизматим сингган. Лекин оёғим орасида ўралашаверсанг, халақит берсанг, Бек Жамшидни аямагандек, ман ҳам сенга раҳм этмайман!»

Кесакполвон бир неча фурсат ўз хаёлига банди бўлгач, жавобга, аниқроғи мақтовга илҳақ Хумкаллага қаради:

— Қаерга кўмилганини сўрадими?

— Сўради.

— Айтдингми?

— Билмайман-ку?

«Ҳа, бу билмайди», деб ўйлади Кесакполвон. Сўнг сўради:

— Билсанг айтармидинг?

— Э, мен жинниманми? Бунақа гапларнинг бировга айтилмаслигини биламан мен.

— Гап бундай: сен Ҳосилбойваччанинг қайси қабристонга кўмилганини биласан, — Кесакполвон шундай деб қабристон номини айтди. — Кўмишга Ғилай бирга борган. Сен ўшандан эшитгансан. Шу гапни қанақасига бўлса ҳам унга айтасан. Кейин беш-олти йигит шу қабристонни пойлайди. Қани билайлик-чи, мурда нима учун керак бўлиб қолди экан?

— Қойиллатамиз! — деб тантанали ваъда берган Хумкалла чиндан ҳам бу гапни ишонарли қилиб етказди. Гўёки Асадбек Ҳосилбойваччанинг бу қабристонга кўмилганини билиб, «Бошқа мозорга қўйиш керак эди», деб сўккан эмиш.

Ҳалимжон бу хабарни кутилмаган муваффақият деб билиб, керакли жойга етказди.

Бу унинг жиддий хатоси бўлди.

 

***

 

Ҳалимжондан бу хабарни олган Саид Қодиров бир ишониб, бир ишонқирамай ўйланди.

Ўйлай-ўйлай Зоҳидни чақирди.

— Бир-бирларига уруш эълон қилмай туриб, ўзаро урушни бошлаб юборганлари рост чиқяпти, — деди у. Сўнг Чувриндининг Москвага бориб келгани, Жамшиднинг пайдо бўлгани ҳақидаги кутилмаган янгиликни айтди. — Бу ерда ғалати ўйинлар бор, ипларни роса чигаллаштиришган. Чигални ечишни бошлашимиз керак.

Бу Зоҳиднинг кўнглидаги гап бўлди. Аммо энди чигални ечиш осон эмаслигини у билиб турарди. Айниқса Жамшиднинг пайдо бўлиши муаммоси ажаб ҳол эди.

— Суннатуллаевни кузатинг. Ҳамонки, у ўлмаган эканми, демак икки чўнтакларида тўла баҳона бор. Мени бир нарса хавотирга соляпти. Бизнинг одам дастлаб Ҳосилбойвачча қаерда кўмилгани билан қизиққанда уларнинг одами айтмаган. Ҳолбуки, у ҳам ўша куни Асадбекнинг эски ҳовлисига яқин жойда пойлоқчиликда бўлган. У қабристонни уч кундан кейин айтган. Энг муҳими — гапни ўзи бошлаган.

— Бизни чалғитмоқчи бўлган, демоқчимисиз?

— Чалғитиши бир масала. Иккинчи масала — бизнинг одамга қармоқ ташлашган.

Ундан шубҳаланишган бўлса-чи? Биз ўша қабристонни боссак, шубҳалари тасдиқланади. Ана унда одамимизни аяб ўтиришмайди.

— Бу турган гап. Понани пона билан чиқаради, деган гап бор. Агар улар бизни чалғитмоқчи бўлса, биз ҳам шундай қилайлик.

— Масалан, қандай?

— Масаланми… Бошқа бир-икки қабристонни суриштирган бўламиз-у, улар айтганга яқинлашмаймиз.

— Бутунлай борилмаса ҳам шубҳали. Уч-тўрт қабристондан сўнг у ерга ҳам ўтиш керак. Ҳозир қўлингизда қандай иш бор?

Зоҳид Ботировнинг охирлаб қолаёзган «Иш»и ҳақида қисқача маълумот берди.

— Қабристонлар билан ўзингиз шуғулланинг. Гўрковларда гап кўп.

Бу ташрифдан сўнг Зоҳиднинг кўнгли ёришди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК