ШАЙТАНАТ… (101-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кўчага чиққанда осмон ўйини авжда эди. Бевош булутлар чоки сўкилди-ю, Зоҳиднинг кўнглига ҳамоҳанг равишда қуёш бир чарақлади…

Омадли одамнинг хўрози ҳам тухум қилади, дейдилар. Кейинги кунларда Кесакполвон ўзини ана шундай омадли ҳис эта бошлади. Улар айтган қабристон эмас, бошқаларининг текширилиши, гўрковларнинг сўроқ қилиниши Ҳалимжонга бўлган гумон оловини заррача бўлса ҳам пасайтирмади. Хизматга келган дастлабки кунларида бўйин эгмаган бу йигитни Кесакполвон унча ёқтирмас эди. Эндиги қизиқиши туфайли уни қармоққа илинтириб, шу билан Чувринди юзига тарсаки урмоқчи, Асадбекни ундан совутмоқчи эди.

Ана шу ташвишлар билан юрганида унга яна омад кулиб боқди: уйига Маматбей кириб келди.

Кесакполвон маишатни барвақт якунлаб, уйига тунги соат иккиларда қайтган эди.

Маматбей ўн беш дақиқадан сўнг дарвоза қўнғироғини чалди.

Кесакполвон Асадбекка тақлидан болохона қурдирган, унда икки йигит галма-галдан пойлоқчилик қилишарди.

— Хўжайинингни чақир, — деди Маматбей пойлоқчига.

— Сиз ким бўласиз?

— Хонгирейман, Масковдан келдим.

Кийимини алмаштираётган Кесакполвон йигитнинг гапини эшитиб, «калланг борми?» деб сўкинди. Шубҳасизки, у Хонгирейнинг келганига ишонмади. Аммо «Хонгирейман», деган аҳмоқ ким экан?» деган қизиқиш билан елкасига тўн ташлаб, дарвозахонага чиқди. Маматбейни кўриши билан таниди.

— Салом, қардошим, Хонгирейдан сенга улуғ саломлар, — деди Маматбей у билан кўриша туриб.

— Саломат бўлсинлар, — Кесакполвон шундай деб, уни уйга таклиф қилди.

— Ўзбекларга қойилман, — деди Маматбей, меҳмонхонага кириши билан, — дастурхони доимо шай туради.

Маматбей иззатталаб инсонлардан эмас эди. Кесакполвон «Олинг» деб таклиф қилиши билан дастурхондаги ноз-неъматлардан бетартиб равишда истеъмол қила кетди.

… Бу хонадонга у ўз хоҳиши билан келмади. Хонгирей чиндан ҳам Кесакполвонга салом айтган эди.

Чувринди юртига қайтгач, Хонгирей бир режани обдон пишириш учун бир-икки кун ўйланди. Сўнг Маматбейни чақирди.

— Ўзбекларни нима қилсам экан? — деб сўраб, унга синовчан тикилди.

— Улар ўйин қоидасини бузишди. Майдондан чиқариб ташлаш керак, — деди Маматбей дангалига.

— Мен уларни тўсатдан чиқариб ташлай олмайман.

— Нега?

— Ўзбекларга қўл кўтаришга ҳаққим йўқ. Улар дин қардошлар, бу бир. Иккиламчи, улар устозимга нон беришган. Агар уларга қўл кўтарсам Зели оғамнинг руҳи чирқирайди.

— Уларни жазосиз қолдирмоқчимисиз?

— Ҳосилни Асад ўлдирган. Унга тегмасам ҳам эрта-индин ўзи ўлади. Иккита лайчасини нима қиламиз?

— Очиғи… билмайман, — деди Маматбей. У осон йўлини айтган эди, ҳожаси унамади.

Маматбей унинг яширин нияти борлигини пайқаб, жавобдан бўйин товлади.

— Бизга уларнинг биттаси керак. Қайси бири?

— Зўрроғи-да, — деди Маматбей.

— Қайси бири зўр?

— Билмайман.

— Шуни аниқлайсан. У ҳам зўр бўлсин, ҳам бизга итоат этсин — Ҳосилнинг ўрнини боссин.

Ўйла!

Маматбей бош эгиб, ўйланган бўлди. Кейин елка қисиб «Амр ҳожамдандир», деган маънода қаради.

— Мен Маҳмудбейга Асаднинг ўрнига сен бўласан, дедим. У бир оз ноз қилди. Лекин мен бунақа нозларга ишонмайман. Ҳали тахтдан воз кечадиган аҳмоқ дунёга келмаган. Юрагига чўғ солганман. Иккинчи чўғни сен Гайдарга соласан. Ана энди иккиси олишсин. Ақллиси, зўри қолади. Бизга ўшаниси керак.

… Ярим кечада Кесакполвон уйига келган Маматбейнинг асосий вазифаси шу — бўлажак тахт эгаси қалбига чўғ солиш эди. Аслида бунда чўғ эмас, тўғрироғи, олов мавжуд эди. Маматбей энди бу оловга мой сепиб аланга олдирмоғи даркор.

— Маҳмудбей Масковдан қандай гап олиб келди? — Маматбей шу саволни бериб, айёрона кулимсиради.

— У Хонгирейнинг совғасини олиб келди, — деди Кесакполвон, гапни қисқа қилиб.

— Асадбейнинг соғлиғи қалай?

— Яхши, — Кесакполвон шундай деб ажабланди.

— Бу касал ёмон… охири олиб кетади…

— Нима деяпсиз?

— Ракнинг давоси йўқ.

— Рак деб ким айтди сизга?

— Ким айтиши мумкин? Ҳа, яна бир савол: Асадбей нима сабабдан Ҳосилбейни отди, билмайсанми?

— Асадбек отмади.

— Сенга ёлғон гапириш ярашмайди. Асадбейнинг ўрнига ўтирадиган одам ҳақгўй бўлиши керак.

— Ҳақгўй денг… Битта донишманд айтган экан: «Агар рўпарангдан заҳарли илон билан ҳақгўй чиқиб қолса, аввал ҳақгўйни ўлдир».

— Биз ундай донишманд эмасмиз. Биз оддий одамлармиз. Ҳақгўйларни яхши кўрамиз.

— Ҳақиқат шуки, ўша куни мен бошқа ёқда эдим.

— Билишимизча, Ҳосилни сен кўмибсан?

— Ким айтди?

— Ким айтиши мумкин? — деб жилмайди у. — Умуман савоб иш қилгансан. Мусулмонни кўмиб қўйган яхши.

— Шу гапларни… Маҳмуд айтдими?

— Айтмаганида… Жамшидбей иккита каллани кўтариб келган бўларди. Ғилай садоқатлироқ экан, чурқ этмади. Сенлар ўргатган гапни тўтиқушдай такрорлайверди.

— Бу гапларни нима учун менга айтяпсиз?

— Хонгирей Асадбей ўрнида сени кўрмоқчи. Маҳмудбейда шундай ҳаракат борлиги бизга маълум. Лекин у эплай олмайди. Асадбейнинг энг яқин одами — сенсан. Биз сенларнинг ишларингизга аралашмаймиз. Ўзларинг ҳал қилларинг. Мен «лалайиб ўтириб, ўлжани оғзингдан олдирма!» дегани атайин келдим.

Кесакполвон унинг келишидан мақсадини сезгандай бўлди. Шу боис ўсмоқчилаб сўради:

— Агар ёрдамингиз керак бўлса-чи?

— Биз — қардошлармиз, — деди Маматбей.

Кесакполвон келажакда нима бўлиши билан иши йўқ, бугун ҳамнафас топилганидан қувониб, қадаҳни уриштириб ичди.

 

***

 

Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Бани Исроил қавми билан Фиръавн зулмидан қутулмоқ ниятида Мисрдан чиқиб кетаётганларида йўлларини тўсиб турган денгиз Оллоҳнинг қудрати ила иккига бўлиниб, барчалари ундан эсон-омон ўтиб олган эканлар.

Қувиб келаётган Фиръавн ва унинг лашкарлари ўртага келганларида денгиз изига қайтиб, қўшилиб уларни қаърига ютган экан. Ўлими ҳақ эканини билган Фиръавн иймон келтириб «Мен мусулмонлардандирман — Оллоҳга бўйинсунувчилардандурман», деган экан.

Асадбек ҳам Абдураҳмон табибникида шу ҳолда эди. Гарчи у Фиръавн каби ўзини Худо деб билмаган бўлса-да, Оллоҳнинг бирлигига ҳамиша ишониб келган эса-да, иймон чегарасига анча кеч яқинлашган эди. Фиръавн учун айтилган «Ал ана ва қод осойта қаблу ва кунта минал муфсидийн»* ояти каримасини балки Асадбек учун ҳам эсламоқ жоиздир, валлоҳи аълам? Бу каби ҳукм этмакка бизда (ҳуқуқ) йўқтур. Аммо Расули Акрам жанобимиз Оллоҳдан ривоят этган сўзда буюрилганки: «Я бани Адама! Иза вақаат фил балаи закартани ва иза кашафтуҳу насийтани кааннака маа арафтани». *

Асадбек кабилар учундир, деб фикр қилишимизнинг боиси шундаки, азон товшини эшитганда, хусусан Абдураҳмон табибникида ибодатни ихтиёр этган одам, хасталиги чекина боргани сайин яна асл ҳолига қайта бошлади. Бу ғофил банда шифога етишмоғи бир синов эканини, булутлар орасида кўринган қуёш дилларни бир яйратиб, сўнг яна беркинишини, сўнг кўп ўтмай тун бошланаяжагини қайдан билсин?

Абдураҳмон табибникида «Уйга боргач, ҳар куни масжидга чиқаман», деган қарорга келган Асадбек аҳдига вафо қилмади, ўз ташвишларига берилиб кетди.

Айниқса, Хонгирейнинг совғаси уни кўп ўйламоққа, тадбир билан иш юритмоққа мажбур этди. Жамшиднинг озгина муддат бўлса-да, Хонгирей қўлида таълим олиб қайтгани ҳам унга бир ташвиш эди. Шу боис унинг изидан одам қўйди, қизини ҳам кузатди. Зайнаб кўпроқ ота уйида бўлгани сабабли уни ортиқча кузатишнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Лекин бу кузатув бошқа натижа берди: Кесакполвоннинг Зайнаб атрофида ўралашиб юришини Асадбекнинг ўзи ҳам сезди, йигитлар ҳам айтишди. Ҳамиша бузуқлик ботқоғига ботиб юрувчи Кесакполвоннинг Зайнаб атрофида ивирсишидан Асадбек бошқа гумонга борди.

Шаҳар марказидаги уч қаватли иморатнинг ертўласига жойлашган идорасида Кесакполвон билан ёлғиз қолганида шу мавзуда гап очди:

— Зайнабнинг атрофида нима учун ўралашиб қолдинг? — деди Асадбек унга қаттиқ тикилиб.

Кесакполвон бир кунмас-бир кун шундай савол берилишини кутгани учун довдирамади.

— Мен унинг амакисиман. Ўз қизимдан аъло кўраман. Бечора эзилиб кетди-ку?

— Сенинг ишинг бўлмасин. Эзилиб кетган бўлса, қарайдиган отаси бор.

— Маҳмудга ҳам шундай дейсанми?

— Маҳмуд мен айтган ишни қилади.

— Маҳмуд уни игнага олиб борди.

— Бекор айтибсан!

— Сен яширганинг билан деворларнинг қулоқлари бор. Бизга ҳам етиб келади. Ўзинг гап очдинг, айтай: ўғилларингни олим бўлишини истардинг — бу ўзингнинг ишинг. Менда ўғил йўқ. Қизим ясан-тусандан бошқасини билмайди. Лекин Зайнаб бошқача. У сенинг йўлингдан бормоқчи. У сенга ўхшайди. Ақлли, қўрқмас, қасоскор…

— Валдирама! — деди Асадбек жаҳл билан. Кейин бехосдан қизининг «Уларни ўзимга қўйиб беринг» деган овозини қайта эшитгандек бўлди.

— Энди сен валдирамай эшит: Зайнаб ўч олмоқчи экан, мен ёрдам бердим.

— Қанақа ўч?

— У Мардонани ўлдирди… ўз қўли билан.

— Бекор айтибсан! Уни… қаердан топдинг?

— У Ғилайнинг ўйнаши эди.

— Ҳайвон! Сен ҳаддингдан ошяпсан! — деб бақирди Асадбек.

— Ҳайвон бўлсам ҳам сенга содиқман. Фақат сенга яхшилик қилишни ўйлайман.

Яхшилик қилиш… Асадбек фарзандларини бу ишлардан нари бўлишларини истар эди. Нодон аъёни эса қизини бу йўлга киритиб, яна «яхшилик қилдим» деб керилади… Асадбек қизининг одам ўлдириши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмас эди. Ҳозир ҳам бир зумгина кўзларини юмиб аввал тўппонча ушлаган, сўнг пичоқ санчаётган, сўнг… бўғаётган Зайнабни кўриб инграб юборди-да, кулдонни олиб, рўпарасидаги Кесакполвонга қараб отди. Оғир кулдон елкасига тегиб, зириллатган бўлишига қарамай, Кесакполвон сапчиб туриб, Асадбекнинг қўлларига ёпишди.

— Асад, ўзингни тут, жаҳлинг чиқмасин!

— Сен… ҳайвон, мактабдалигингда башарамга туфлаган эдинг. Энди юрагимга туфламоқчимисан?

— Ундай дема, Асад, мен фақат ишимизни ўйладим.

— Ҳе, ишингни!.. — Асадбек бўралаб сўкди. Кесакполвонни нари итариб, тепмоқчи эди, кучи етмади. Илгариги ҳоли бўлганда бу одамчани булғалаб ташлаган бўларди. Қуввати етмагани боис бутун қаҳрини тили орқали сочди: — Сен кесак полвон эдинг. Хоҳлайсанми, йўқми, шундайсан. Сен одам бўлмайсан ҳеч қачон! Йўқол, турқингни кўрсатма!

Кесакполвонни авваллари ҳам Асадбек сўкиб турарди. Лекин бу сафаргиси ошиб тушди.

Аввалгилари Кесакполвоннинг ўнг қулоғидан кириб чап қулоғидан чиқарди. Буниси ҳар икки қулоғидан кириб юрагига қурум каби ўтирди. Асадбекнинг бу қадар ғазабга миниши сабабини излаб, кўз олдига Чувриндини келтирди. Аммо ҳожасига сир бермади. Асадбек уни идорасидан ҳайдаб чиқарган бўлса-да, эртасига нонушта пайти ҳожасиникига қаймоқхўрликка келди. Асадбек уни уйидан қувмади.

* (Фиръавнга) дейилдики: «Ҳаётдан умид узганингда (енди) иймон келтирдингми? Илгари Оллоҳга осийлик қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг?!»

* Эй Одам фарзанди, қачон бало ва мусибатга йўлиқсанг, мени ёдга оласан, лекин қачон у балони сендан кўтарсам, мени ҳеч танимас кишидек эсдан чиқариб юборасан.

 

***

 

— Ҳа, йигитнинг гули, бормисан бу оламда?

Ўйга толиб ўтирган Жамшид Кесакполвоннинг овозини эшитиб, енгил сесканди-да, кўришмак учун ўрнидан жилди.

Қувғинди бўлганидан бери тақдир ўйинларига ажабланиб юрган Жамшид овлоқ кўчаларда адашиб тентираган кимса ҳолига тушган эди. Зелихондан ўзининг «фожиали ўлими», «дафн маросими»ни эшитганда таажжубланган эди. Воқеанинг даҳшатини уйида ҳис этди.

Энг аввал ўгай онасининг эси оғиб қолаёзди. Эрига овқат егизаётган аёл ҳовлида ўгай ўғлини кўрди-ю, аввал кўзларига ишонмади. Жамшид уйга кириб, салом бергач,

«Вой, вой, худойим!» деганича ўрнидан қўзғалолмай қолди. Тилдан, ҳаракатдан қолган отаси кўзларида эса ёш кўринди. У ўғлининг «ўлимидан» бехабар бўлса-да, қалби бир ёвузликни сезган, ўзини соғиниб ётган эди.

Кейин қариндошлар йўқлови бошланди. Бири нима гап бўлганини батафсил билишни хоҳлайди, бири шунчаки кўнгил сўрайди.

Кесакполвондан сал олдин келиб кетган меҳмон эса шунчаки сўрамади. У бўлган воқеаларни ипидан-игнасигача билишни истади. Бу меҳмон — Зоҳид эди.

Зоҳид сўроқни узоқдан — унинг биринчи қамалишидан бошлаб, гапни «ўлими»га олиб бориб тақади. Жамшид Чувринди билан пишитган маслаҳатига кўра «номаълум кишилар машинасини тўхтатишганини, уриб, беҳуш қилиб номаълум ёққа олиб кетишганини, бир неча ой ертўлада сақлашганини» айтди. Зоҳид унинг уйдирмаларини индамай ўтириб эшитди. «Бир неча ой ертўлада ётганини» эшитиб, унга тикилди-да, ўзича «Бир неча ой ертўлада ётган одамнинг ранги бунақа бўлмас», деб ўйлади. Бироқ, гумонини сиртига чиқармади.

— Улар сизни нима учун уришди, нима сабабдан қамаб қўйишди? — деб сўради Зоҳид.

Бу кутилмаган саволга Жамшид қийналмай жавоб қайтарди:

— Аниқ билмайман. Йигитчилик… Бир қиз туфайли бўлса керак.

— Ким у қиз?

— Фақат исмини биламан. Кўчада танишганман. Учрашиб турардик. Унга ҳали тегинмаган эдим.

— Нима учун айнан шу қиз туфайли деб ўйлаяпсиз?

— Ертўлада бир гап бўлувди. «Қизни узатамиз, агар номуссиз чиқса — сенинг ўлганинг» деб шарт қўйишган.

— Демак, улар тўйни кутишган, шундайми?

— Шунақадир.

— Агар қизга совчи келмаса, бир-икки йил ертўлада ётармидингиз?

— Шунақага ўхшайди.

— Шу қизга ўзинг уйланасан дейишмадими?

— Бунақа шарт бўлмади.

— Шу айтган гапларингизга ўзингиз ишонасизми?

— Сиз ишонмаяпсизми?

— Хўп, ишондим ҳам дейлик. Хўш, унда нима учун ўликхонадан мурда олиб ёқиб кетишди.

— Сабаби оддий: мени қидиришмасин, дейишган.

— Ким қидиради?

— Бизда йўқолган одамни ким қидиради? Милиса-да.

— Сизнинг бундай йўқолганингизни Маҳмуд акангиз ҳам билмасмидилар?

— Ҳеч ким билмаган.

Зоҳиднинг тилига бир савол келди-ю, айтишдан олдин ўйланиб қолди.

«Сиз Маҳмуд акангиз билан бир самолётда келибсиз, сиз қамалган ертўла Москва томонларда эдими?» — деб сўрашнинг айни пайти эди. Лекин бу хабарни Саид Қодировга етказган одам шубҳа остига тушиб қолишини ҳисобга олиб, саволни кейинги учрашувлар учун асраб қўйди.

Зоҳид сукутга берилгани ҳолда Жамшиддан кўз узмас эди. Сезгирликда анча-мунча одамга дарс бера олувчи Жамшид эса бу қараш замирида кўп гаплар яшириниб ётганини фаҳм этарди. Шунинг асносида тўқиган уйдирмалари пуч эканини ҳам ҳис этиб, ўзидан ўзи норизо бўларди.

Зоҳиднинг сукути узоқ чўзилмади.

— Сиз телевизор кўриб турасизми? — деди у.

— Ҳа, унда-бунда… — деди Жамшид саволдан мақсадни уқмай.

— Бир эълон беришяпти. «Хайрли тун, кичкинтойлар», деган кўрсатувлари бор. Шу кўрсатувни олиб бориш учун яхши эртакчи одам керак экан. Бир хабарлашинг. Шу иш айнан сиз учун, — Зоҳид шундай деб заҳарли жилмайди-да, хайрлашиш учун қўл узата туриб қўшимча қилди: — Эртакларингизнинг мухлисиман. Яна учрашамиз. Янгиларидан эшитаман, деган умидим бор.

Ҳамиша дангал гаплашишга ўрганган, сўз келмаган тақдирда мушт тилида гаплашган Жамшид бу кинояни ҳазм қила олмади. Бундай учрашув ҳали кўп бўлишини англаб, ғижинди. Мурдани осиб ёқиб юборган акахонларининг катта хатога йўл қўйганларига унда шубҳа йўқ эди. Уларнинг оламида катта хатолар қон эвазига тузатилгувчи эди. Бу хато кимнинг қони эвазига тузатилади?

Жамшид шу саволга жавоб излаб ўтирган дамда таниш овозни эшитди:

— Ҳа, йигитнинг гули, бормисан бу оламда?

Жамшид Кесакполвонни Асадбек ҳузурида кўргандан бери учрашмаган эди. Унинг уйга кириб келишидан ажабланган ҳолда саломлашди. Кесакполвон батартиб хонага кўз ташлаб олгач, диванга ўтирди.

— Ҳайдар деган акахоним бор эди, деб бир йўқлаб ҳам қўймайсан-а? — деди у гина оҳангида.

— Биздан нарироқ юрсин, деган гапни эшитувдим, — деди Жамшид худди шу оҳангда.

— Бу Бек акангнинг гапи. Сен ундан хафа бўлма. Ҳозир касал, юрагига ҳеч нарса сиғмаяпти.

— Бек акамдан хафа бўлган куним — ўлган куним.

— Бу гапни яхши айтдинг. Асаддай одам бу дунёда бошқа йўқ. Сен ўзимизнинг одамсан. Шунинг учун сени ўлимдан олиб қолдим. — Кесакполвон «ўлимдан олиб қолдим» деган гапга алоҳида урғу бериб, «тириклигинг учун Маҳмуд акангга эмас, менга қуллуқ қил», деб шама қилди. — Ҳозир ишларимиз бироз нотинчлигини биларсан? Ҳар ҳолда Красноярларда бекор юрмагандирсан?

— Козловни қидирдик.

— Буни биламан. Сен Хонгирейнинг қўлига қандай тушиб қолдинг?

Жамшид бу тафсилотни яширмай, барчасини айтиб берди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here