СНАЙПЕР… (28-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кўчада баҳор ҳавоси кезар, шаҳар аҳли аллақачон енгил кийимга ўтиб улгурган, ёш-ялангдан тортиб, қари-қартангларгача юзларида табассум ила одимлар, қалблар қувончга тўлиб-тоша бошлаганини очиқ, истарали чеҳралар исботлаб турарди. Аммо Мирсолига шу манзара, шодликлар сира татимасди. У ҳар бир одамга боққанида биринчи навбатда оёқларини кузатар, гоҳ чопаётган, гоҳ илдам қадам ташлаётган бу оёқлар унинг вужудини эзарди. Кўнглидаги алам, қалбининг аллақаерига беркинган нафрат туйғуси қўйиб берса қозонда қоврилаётган маккажўхори дони каби потирлаб кўкка сапчий дерди. Устига-устак олдинда кутилаётган кўнгилсизликка ўхшаш бир соя баттар бағрини тиғларди. Шунда ҳам у ортга чекинишни истамас, қандай бўлмасин, бу соядан устун бўлишга ошифта эди.

Банк биноси ичкарисига киргани ҳамоно юраги икки чандон ортиқроқ ғаш тортди. Мирсоли бу ҳолатга ҳам эътибор қилмай, ҳисобчи қиз ўтирган туйнукчага яқинлашди.

— Келинг, ака, хуш кепсиз, — қиз даст ўрнидан турди-да, мулойимлик билан сўз қотди. — Бизга нима хизмат бор?

Мирсоли жавоб ўрнига киссасидан паспортини олиб қизга узатди.

— Ячейкам бор сизларда, — деди қовоқ уйиб. — Шуни олиб кетмоқчиман ҳозир.

— Жуда яхши, — дея ячейкалар сақланадиган хона томонга бир қараб олди қиз. — Сиз бир дақиқа кутиб туринг. Мен компьютерда текшириб оламан. Хўпми?

— Хўп, билганингизни қилинг, — нафратга қоришиқ нигоҳларини қизга тиккан кўйи жавоб берди Мирсоли. — Фақат тезроқ қимирланг. Шошиб турибман.

Қиз жилмайганча компьютердан кўзлаганларини қидира бошлади. Чамаси, бир, бир ярим дақиқадан сўнг қайта бошини кўтарди-ю, маъюсланди.

— Ака, сизнинг фамилиянгиз кўринмаяпти рўйхатда. — деди қиз ачиниш назари билан Мирсолига боқиб. — Мабодо банкни адаштирмадингизми?

— Мен аҳмоққа ўхшайманми? — тўнғиллаб берди Мирсоли. — Оёғи йўқ экан деб ерга уравераркансиз-да! Худога шукр, миям, хотирам жойида турибди. Худди шу банкда сақлайман пулларимни. Яхшилаб қаранг!..

Қиз Мирсолининг қўпол муомаласидан ранжиган бўлса-да, сир бой бермай қайтадан компьютерга тикилди. Барибир топа олмади чоғи, чуқур хўрсиниқ аралаш яна бошини кўтарди.

— Йўқсиз рўйхатда. Кечирасиз! Мана, мен компьютерни титкилаб ташладим.

— Бошлиғингиз жойидами? — сўради Мирсоли жаҳлини жиловлай олмай. — Нега серраясиз? Бошлиқ шу ердами?

— Ҳ-ҳа, шу ерда, — деди қиз ранги бўзариб. — Ана, чапга юрсангиз, биринчи эшик.

Мирсоли ҳеч нарса демай кўрсатилган томонга аравачасини ғилдиратди ва биринчи эшикни зарда билан очиб ичкарига кирди. Кабинетда ўрта ёшли, башанг кийинган, тепакал эркак ўтирарди. Огоҳлантиришсиз киргани учун жонҳолатда ўрнидан туриб уришмоққа шайланди. Бироқ Мирсолини ногиронлар аравачасида ўтирганига кўзи тушди-ю, бироз шаштидан тушди.

— Келинг, ука, — деди Мирсолига пешвоз чиқиб. — Қани, тўрга ўтинг! Биздан нима хизмат?

— Бу қанақаси? — деди Мирсоли кабинетни бошига кўтариб. — Миллионлаб пулларни банкингизга қўйган бўлсам-у, рўйхатдан тушириб қолдирсангиз. Бу қанақа бедодлик бўлди, тақсир?

— Тушунмадим, — деди раҳбар. — Қанақа пул ҳақида гапиряпсиз? Сизни… Танимайроқ турибман, ўлай агар!

— Мен Марат Морозов бўламан, — дея қўлидаги паспортни раҳбарнинг қўлига тутқазди Мирсоли. — Шу банкка ячейка қўйганман. Қани пуллар? Ким ўзлаштирди?

— Ука, узр, қизларимиз адашгандир-да! Ҳозир аниқлаймиз. Сиз шу ерда ўтира туринг! Мен дарров аниқлаб бераман. Хавотир олманг! Агар пулларингиз бизнинг банкда бўлса, шу ерда туради. Мен ҳозир…

 

* * *

 

Раҳбар қисқа муддатга кабинетни тарк этди. Мирсоли эса ҳануз олдинда кутилажак кўнгилсизликдан ич-этини ер, аъзойи бадани титрарди.

Ниҳоят банк раҳбари кабинетга қайтиб кирди ва паспортни Мирсолига узатди.

— Узр, укажон, ҳақиқатан ячейка сақлайдиганлар рўйхатида йўқсиз. Балки бошқа бировнинг номига расмийлаштиргансиз-у, ёдингиздан кўтарилгандир? Яхшилаб эсланг! Ҳар ҳолда анча-мунча бўлса керак пулларингиз…

Шундагина Мирсоли банкка илгари бошқа ҳужжат, фамилия билан келганини эслади. Айни чоғда пластик операциядан сўнг буткул ўзга одамга айланганини, қўлидаги паспорт ҳам Марат Морозов номига расмийлаштирилганини идрок этди. Пешонасига бир урди-ю, аравачани ортга юргазиб банк раҳбарига жавдиради.

— Хўш, ука, эсладингизми? — сўради банк раҳбари. — Ё…

— Мени кечиринг, — деди Мирсоли уф тортиб. — Ростданам бошқа бировнинг номига расмийлаштирилганди ячейка. Умуман ёдимдан кўтарилган экан. Демак, ўша одамнинг ўзи келмагунча пулларни ололмайман-да-а?

— Албатта, — деди раҳбар Мирсолининг яримта оёқларига ачиниш аралаш, аммо сездирмасдан боқаркан. — Ўзингиз тушунасиз-ку! Қонунларимиз шуни тақозо қилади. Ишонинг, агар қўлимдан қандайдир ёрдам бериш келса, мен тайёрман. Майли, ўша одамни қидиринг, топинг, у билан бирга келсангиз, ҳеч қандай ортиқча машмашаларсиз ишингизни битириб бераман…

Бу Мирсоли учун ўлимдан-да баттарроқ эди. Энди миллионлаб пулларига эгалик қила олмаслигини тасаввур этгани сайин юраги орқага тортар, танасидаги ҳар бир тукни аллақандай маҳлуқлар юлиб олаётгандек ўртанарди. Бу ҳам етмагандек, ташқари эшикдан чиқаётганда аравачага бир барзанги тиззаси билан урилиб кетди. У оғриган тиззаларини сиқимлаганча Мирсолига совуқ тикилиб турди-да, беихтиёр сўкинди.

— Вей, чўлоқ, кўзингга қараб юрсанг, ўласанми-а? Ҳе онангни!..

Чўлоқ деб ҳақоратлашига чидарди. Оналарини ҳақорат қилгани алам қилди. Эҳтиёт шарт барзангининг юз тузилишини эслаб қолди. Бироқ бу билан тинчлана олмади. Пул жазаваси ҳануз бағрини тиғлайверди. Мирсоли катта йўл бўйига чиқди-ю, нима қилишни, қандай чора топишни билмай бошини қуйи солган кўйи ўтириб қолди. Шу тобда дафъатан номаълум товуш борлиғини эгаллаб қичқира бошлади. Бошқа пайт бўлса, Мирсоли жаҳлини тиёлмаган, телбаларча ҳайқириб юборган бўларди. Ҳозир эса шу товуш соҳиби дардига малҳам бўладигандек туйилди.

— Мен сенинг ўрнингда бўлсам, илгариги ҳунаримга қайтган бўлардим, — дея аюҳаннос соларди товуш эгаси. — Ўйла, танангга кенгаш, ўша пулларни нима эвазига қўлга киритгансан? Албатта зўравонлик кўчасига кирганингдан кейин. Ё нотўғрими гапим? Гапир, паҳлавон!

— Сен кимсан ўзи? — ён атрофдагилар эътиборини тортмаслик учун пичирлаб сўради Мирсоли. — Қачон қараса сайраганинг сайраган. Ахир, билишим керак-ку кимлигингни!

— Сенинг йўриқчингман, — деди у. — Зарурат туғилганда сенга кўмак бераман. Башоратларниям сенга фақат менинг кўрсатмам билан етказишяпти.

— Отинг бордир-ахир? Кимсан?

— Иблисман! Энди англадингми? Локигин, бир нарсани билиб қўй, бандалар шайтони лаин деб мендан нафратланишади. Тўғри, бу дунёда ҳар кимгаям бир хилда ёқиб бўлмайди. Аммо сенга катта пулдор бўлишингда, хавфли ёвлардан халос бўлишингда ёрдам берганим ҳақиқат. Агар мен йўл кўрсатмасам, шиддатни қаердан олардинг?

— Унда нега башоратлар ғойиб бўлди? Қани улар? Нимага ҳеч вақони ҳис эта олмаяпман? Тугадими ҳаммаси?

— Агар йўриғимга киришга сўз берсанг, қайта пайдо қиламан ҳаммасини. Бунинг мушкул ери йўқ. Хўш, зўравон, эски ишга қайтамизми? Бизга ола қарайдиганларни тинчитишни бошлаймизми яна?

Мирсоли бир муддат ўйга толди. Ногирон, яримта, нобоп оёқларига боқди. Сўнгра қайтадан шивирлаб сўради.

— Манави ҳолим билан бир ишни қойиллата оламанми? Мана, аравачага михланиб қолганман!

— Ғалчага ўхшаб валдирайвераркансан-да, — уришиб ташлади иблис. — Сендан баттарларини биламан. Қўшни давлатда умуман қўл-оёқлари йўқ барзанги шогирдим бор. Ўша-чи, милтиқни сонларига қисиб олиб бемалол ота билади. Ўқиям ҳеч қачон хато кетмайди. Милтиқни ўзига мослаштириб олган. Йўлини топиб аллақаери биландир тепкиниям босади қойиллатиб. Хуллас, ўша шогирдим тенгсиз мерган ва зўравон. Бутун бошли шаҳар ундан қўрқади. Гапингни қара-я, нодон! Ўйланмасдан рози бўлавер! Биз манаман деганни ер тишлатамиз, йўриғимизга юришга мажбур этамиз. Анави банкдаги эгасиз қолган пулларинг минг баробарга кўпаяди. Сен сувмас, пулларнинг ичида чўмиладиган бўласан. Ҳамма сенинг сўнгги сўзингни кутиб турадиган бўлади.

— Йўғ-э, — деди Мирсоли бироз ишонқирамай. — Ростдан шунақа бўлармикан-а? Негадир иккиланяпман. Ҳар ҳолда…

— Тезроқ бир қарорга кел! Акс ҳолда сендан юз ўгиришим ҳеч гапмас. Сендақалар йўлимда қалашиб ётибди.

— Хўп, розиман, — деди жўшиб Мирсоли. — Фақат башоратларни ортга қайтар тезроқ! Йўқса ёрилиб кетаман ҳозир.

— Мана бу бошқа гап, — дея гўё дунёни ларзага келтириб хохолади иблис. — Келишиб кетишимизга ишонардим. Энди ҳеч нарсани ўйлама, ҳеч кимдан қўрқма! Менга суян, шогирд! Ҳаммасини муҳайё қиламан. Ишни бошла, шоввоз!..

Шу ондаёқ Мирсолининг қалби янада жўшди, миясида қисқа танаффусдан сўнг илк маълумотлар жо бўлди.

— Ишни полковникнинг жонига қасд қилишдан бошлайсан, — энди хотиржам оҳангда йўл кўрсата бошлади иблис. — У сендақаларга ҳеч қачон дўстлик қилмайди. Иши битгунча «ука»лашни билади. Ўлиб кетганингдаям бир туки сесканмайди.

— Нега уни ўлдиришим керак? Ахир…

— Қанақа анқовсан ўзи? Ўша сенинг пойингни қирқиш ниятида юрибди. Бир муаммоси бор. Ўшани битирволса, сени йўқ қилиб юборади. Мурдангни ҳеч ким топа олмайди кейин. Каллани ишлатсанг-чи мундай!

— Қуролим бўлмаса, қаердан оламан уни?

— Ҳозир бир манзилни айтаман. Ўша ерга бориб Миша исмли эркакка рўбарў бўласан. Қўрқма, сени бу шаҳарда ит ҳам танимайди. Башаранг ўзгарганини унутма!

— Ҳа, шундай қиламан, — деди Мирсоли шошилмайгина аравачани олдинга ғилдиратаркан. — Ўзи боядан бери жоним чиқиб турувди. Бир аблаҳ мени «чўлоқ» деб ҳақорат қилди, ишонасанми? Мен чўлоқманми?

— Худди ўша ярамас қурол сотиш билан шуғулланади, — Мирсолига тайинлай кетди иблис. — Ўшандан оласан қуролни. Бир тийин пул бермайсан. У сенга қуролни қарзга беради. Кейин… Ўша ернинг ўзида биринчи бўлиб уни ўлдир! Иккиланма! Бу дунёда зўр бўлмасанг, «чўлоқ» дейиш ҳам гапми, тепкилаб ўтиб кетаверишади сени! Айтганча, сен ҳеч кимни ўз қўлларинг билан ўлдирмайсан.

— Ким ўлдиради унда менинг ўрнимга?

— Ўзларини ўзлари ўлдиришади.

— Қанақасига?

— Сен шайтоний қобилиятингни ишга соласан. Ўлимга маҳкум кимсаларни гипноз таъсирига туширасан. Ана шу йўл билан ўлдирасан.

— Тушунмадим барибир. Қандай қилиб гипноз йўли билан ўлдириш мумкин?

— Буни кейин биласан. Ҳозир йўлга отлан!

Бу танбеҳ ва кўрсатмаларни эшитгач, Мирсоли аллақачон бир қарорга келиб бўлганди.

У бировларга бўйсунмасликка, ҳар қандай вазиятда ҳам ожизларга ҳукмини ўтказишга қасам ичди.

 

* * *

 

Мирсолини «чўлоқ» дея ҳақоратлаган, қалбига бир парча муз ташлаб ҳам пинагини бузмаган барзанги шаҳардан четроқдаги кўримсизгина ҳовлида кун кечираркан. Ҳовли кўримсиз бўлса-да, дарвозаси мустаҳкам эди. Қалин темирдан тикланган дарвозани ўта мустаҳкам қилиб ўрнатишибди.

Иблис етагидаги кўринмас йўл кўрсатувчилар Мирсолига ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб беришди. У бегона кўзлардан, полиция таъқибидан сақланиш учун ҳам шу ерда яшаркан. Буни Мирсоли аравачада ҳовлига яқин бориб дарвозани қайта-қайта тақиллатгандан кейин билди. Дарвозани чамаси уч-тўрт дақиқача тақиллатиб турди. Иблиснинг «фаришта» ниқоби остидаги кўмакчилари Мирсолини кетишга қўйишмади. Дарвоза барибир очилишига ишора қилишди. Ҳақиқатан, ичкаридан худди ўша ёқимсиз товуш эгаси дарвоза тирқишига оғзини тўғрилаб шивирлади.

— Ким у?

— Оча қолинг, брат, — деди Мирсоли ҳазин товуш билан. — Братвалардан салом опкелдим сизга.

— Қайси братва? — сўради барзанги. — Кимсан ўзинг?

— Чиқсангиз таниб оласиз. «Сўтак» жўнатди мени.

Бу лақабни ҳам Мирсоли беҳуда тилга олмаганди. Иблис етагидагилар шипшитишганди. Шу ерда у «Сўтак» шаҳарни ўз назорати остига олиш ҳаракатига тушганини, кўзга яқин бозорлар, гиёҳванд моддалар савдоси қизийдиган манзилларни аллақачон эгаллаб улгурганини билди.

Ниҳоят зулфин туширилиб, дарвоза очилди ва қаршисида худди ўша барзанги ҳозир бўлди.

— Сен? — барзанги Мирсолини кўрди-ю, жаҳли олдингидан-да юз чандон баттарроқ қўзғалди. Жаҳли чиққанда юз-кўзлари қизариб, титрай бошларкан. Мирсоли шу қиёфасига қараб туриб, барзанги спорт билан умуман шуғулланмаслигига амин бўлди.

— Сен, чўлоқ, мендан нима истайсан ўзи? — дағдаға қилишда давом этди барзанги. — Нега у йимга келдинг? Пул керакми?

Мирсоли жавоб ўрнига иблис ва кўмакчилар кўрсатмасига қулоқ тутди. Чап қўлини олдинга чўзиб, бирпас тек қолди. Гипноз таъсир эта бошлади шекилли, барзанги титрашдан тўхтади. Энди эҳтиёткорона қадам ташлаган ҳолда ортга тислана бошлади. Шубҳасиз, Мирсоли ҳам уни таъқиб қила борди. Ҳовлига кирганлари ҳамоно, Мирсоли дарвозани ичкаридан қулфлади.

— Сен яшашдан жуда тўйиб кетгансан, — аста сўз бошлади у барзангининг кўзларига қаттиқ тикилиб. — Буни нигоҳларинг ошкор қилиб қўйяпти. Ҳозир шошилмасдан гаражга кирасан-у, икки дона мойи қуримаган тўппонча оласан. Қани, аста-аста юр!

Барзанги ҳануз ортга тисланган кўйи гаражга борди. Эшикни очгач, Мирсоли амални давом эттирди.

— Сени ҳеч ким қадрламай қўйган. Ярим тунлари уйғониб кетиб, худодан жонингни олишини сўрайсан. Лекин ўла қолмадинг ҳалиям!..

Барзанги Мирсолининг ўта таъсирчан оҳангда янграган жумлаларини эшитгач, кўзлари ёшланиб, ияги қалтираб, қур-қур хўрсина бошлади. Шу аснода тайинланганидек, қайсидир бурчакдан иккита тўппонча олди-да, дарҳол Мирсолига тутқазди.

— Ишни тезлаштир, — қисталанг қилишарди иблис етагидаги кўмакчилар. — Вақтни беҳуда сарфлама! Тез тўппончанинг биттасини барзангига тутқаз!

Мирсоли тўппончаларнинг бирига махсус овоз пасайтиргич трубачани маҳкамлади-да, барзангига тутқазиб, иккинчисини киссага урди.

Барзанги эса вужуд-вужуди билан гипноз таъсирига тушиб, ҳайқиришга шай турарди.

— Мени ўлдиринг! — қичқирмаса-да, баланд овозда ёлвора бошлади Мирсолига. — Яшаш жонимга теккан, ака! Илтимос, тезроқ ўлдиринг! Ишонинг, сизга асло даъвойим йўқ. Аксинча миннатдор бўламан!

— Ўзинг ўзингни ўлдирасан, — деди Мирсоли. — Қани, бошла! Сенинг бу дунёда суянадиганинг қолмаган. Агар яшаб қолсанг, баттар оёқости қилишади, хўрлашади, адо этишади. Сени ўлимгина бу қийноқлардан қутқариб қола олади. Бўл тез!..

Иблисона ҳаракатлар, сўзловлар, таъсирлар барзангига ёввойи куч, шиддат бағишлаганди. Сира ўйлаб ўтирмай, тўппончани пешонасига тиради-ю, тепкини босди.

Барзанги ўз жонига қасд қилгандан кейин ҳам иблис Мирсолини ортга чекинишга, хотиржам тортишга қўймасди. Унинг етагида Мирсоли ҳовлини титкилаб чиқди. Бир қути мойи қуримаган тўппончалар беркитилган экан. Уларнинг бир нечтасини олгач, Мирсоли ими-жимида ҳовлидан чиқиб катта йўл томонга юрди.

— Бу дунёда ҳеч ким сенга таъзим қилмайди, — йўл-йўлакай уқтириб борарди иблис. — Бир умр яхшилик қил, кимларнингдир кўнглини ол, Қ ўлларига катта пул тутқаз, барибир ҳеч ким сендан миннатдор бўлмайди. Шундай экан, сен йўлингга ғов бўлишга шайланганларни анави безоридек ер тишлатаверишинг шарт. Агар сендан қўрқишса, одамлар ҳурматлашади, соянгга салом беришади. Бу дунё беш кунлик, окаси! Яшаб қол! Манаман деганнинг додини бер, катта пул тўпла, саройлардек кошоналарда яша.

— Мен, ахир, тавба қилгандим, — дея шивирлади Мирсоли ҳамон барзангининг сўнгги ҳолати кўз ўнгидан кетмай. — Ёмон йўлга юрмасликка, ҳаром пулга яқин бормасликка қасам ичгандим…

— Э, сен билан менинг қасамимиз, тавбамиз нима бўларди? Бугунингни ўйласанг-чи! Ҳозир бор, Юлянг уйида биқиниб ўтирибди. Аммо уям сенга яхшиликча ён бериб қўймайди.

— Унда боришимнинг нима фойдаси бор? Яшайверсин ўз ҳолича.

— Ие, уни севиб қолгандинг шекилли?!. Ё адашдимми? Кечагина оҳ-воҳ қилиб ётувдинг-ку! Ҳозир ҳам ичингда жон деб турибсан-ку! Нега тан олгинг келмайди?

— Тўғри, — деди Мирсоли хўрсиниқ аралаш. — Ўша қиз кўнглимга ўтиришувди. Лекин унга сира ёмонлик қила олмасам керак.

— Бекорнинг бештасини айтибсан! Билиб қўй, аёл зотининг пулни ёмон кўрмайдигани бўлмайди. Пулни кўрсатсанг, зўрлигингни намойиш қила билсанг, улар сени севиб ҳам қолаверишади, ҳурмат пайдо бўлади, керак бўлса оёғингни ўпиб яшашади.

— Сезиб турибман. Юля ҳалиям опасини унута олмаяпти. Мен бориб унга қаттиқ тегсам баттар алами ортмайдими?

— Ғалчаларнинг саволини беришни бас қил! Ким сенга ёмонлик қил деяпти? Униям барзангининг аҳволига солиб, бўшаштирволасан-у, оласан-кетасан. Уйга олиб бориб билганингни қил! Шундай йўл тутки, эртагаёқ сенга маҳкам ёпишиб олсин, уйланишингни сўраб ёлворсин!..

— Мен биринчи навбатда банкдаги пулларимни олишим керак, — деди Мирсоли ғижини келиб. — Бусиз бошқа ишга қўл ура олмайман, тушун!

— Бор, ичкарига кирмай туриб мен ўргатган амалларни бажар! Ходимидан тортиб бошлиғигача карахтланиб қолсин, сен эса ўзинг мўлжаллаган қутидан пулларингни олиб аста чиқиб кетаверасан. Карахтланганлар бир соатсиз ўзига келмайди.

— Ў, бу зўр фикр бўлди, — деди ҳовлиқиб Мирсоли. — Худди шундай қиламиз. Ундан кейин бемалол Юляникига бораверсак бўлади.

— Юляни уйга қамаб, генерални тинчитишга борасан. У йўғингда анча-мунча пулингни ўмарган. Киримлар ўша ярамаснинг ихтиёрида эди. Атрофдагиларнинг кўзини шамғалат қилиб роса пулингни шилган. Ундайлар жазога лойиқ!

— Аблаҳ! — Мирсоли тишларини ғижирлатиб, киссасидаги тўппончани сиқимлади. — Ер билан битта қиламан у маразни! Тириклай кўмаман!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here