Туркманистон полицияси армияга кетаётган қондоши билан хайрлашишни истовчилардан 10 манатдан пора талаб қилмоқда…

0

 

Барчанинг бошида бор. Бир кун келиб ота-оналар вояга етган ўғлини ватанни ҳимоя қилиш учун армия сафига кузатиб қўяди. Бу ҳар бир ота-она учун бахт ва фахрдир. Туркманистонда яшовчи ота-оналар, қариндошлар эса энди вокзал перронига ўтиб фарзандини, жигарини армия сафига кузатиб қўйиш учун транспорт полицияси ходимларига 10 манатдан пора бериши лозим экан. Поранинг бу янги турини вокзал раҳбарлари ва полициячилар ўзаро ҳамкорликда ўйлаб топишибди. Расмий маълумотларга қараганда, Туркманобод шаҳридаги вокзалда худди шундай қоида жорий этилган. Кимлар яқинини армияга кузатиб қўйиш ниятида бўлса, 10 манатдан пул тўлаши лозим. Акс ҳолда уларни перронга ўтказишмайди.

— Бизнинг оиламиз катта, — дейди Туркманободда яшовчи эркаклардан бири. — Ҳаммамиз ўғлимиз билан хайрлашиб қолишни хоҳлаймиз. Лекин перронга ўтишнинг ўзи бўлмайди. 10 манат тўлаган одамнигина ўтказишади. Агар сиз перронга ҳам қаноат қилмай, вагон ичкарисигача кириб бориш истагида бўлсангиз, вагон кузатувчиси (проводник) га 3-5 манатдан яна пора беришингиз керак…

Афсуски, ҳамма ота-она ҳам полиция, кузатувчи талаб қилган пулларни бера олмайди. Шароити кўтармайди. Нима қилсин?!. Шўрлик оналар ўғлини туғиб, вояга етказиб, ватанни ҳимоя қилиши учун кузатишга келса-ю, 10 манат тўлай олмагани учун перронга ўта олмаса, алам қилади албатта.

Энди янги армияга чақирилган аскарнинг ҳарбий қисмдаги аҳволига назар ташланг. У эндигина ҳарбий қисмга кириб келади-ю, ота-онасидан пул сўраб мактуб ёзишга, ёки қўнғироқ қилишга мажбур бўлади. Қайсидир бирини ҳарбий хизматни тугатиш арафасида турган «дед»лар мажбурлайди. Пул бермаса, тинч яшаб бўпти. Айримлар эса командирларга пора бериб, шароити яхшироқ жойда хизматни давом эттиришга ошифта бўлади.

Ашхободда яшовчи олти боланинг онаси айтмоқдаки, тўнғич ўғли бир ой бурун армия сафига чақирилган. Куни кеча қўнғироқ қилиб 400 манат юборишларини сўрабди.

— Пул нима учун кераклигини айтмади, — дейди она. — Яна телефонидаги ҳисоб рақамига 5 манат ташлаб қўйишимизни ҳам сўради. Мен бировларнинг хонадонида идиш-товоқ ювиб болаларимни боқаман. Отаси ўлиб кетган. Боламга 400 манат юборишга қурбим келмаяпти-да! Нима қилсам бўлади ўзи?.. Ўша пулни бермаса, боламни қийноққа солишса, хўрлашса-чи? Қандай чидайман?

Ҳойнаҳой, бу муаммони мутасадди ташкилотлар, шахслар ижобий ҳал этишар. Ҳарқалай, адолатсизликка учраб азобланаётган ота-оналарни аросатда қолдирмаслар! Қанийди шундай бўлса!..

Астағфирилло!!!