Алишер Султонов: Энергия нархлари ошса кўчада нарх-наво икки баробар кўтарилиши мумкин эмас. Ана шуни назорат қилишимиз керак

0

«Халқ сўзи» мухбири энергия ресурслари тарифларидаги ўзгаришларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов билан суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида А. Султонов журналистнинг «Аҳамият берган бўлсангиз, ижтимоий тармоқларда айрим аҳоли қатламлари даромадининг катта қисми коммунал тўловларга сарфланаётгани ­айтилмоқда. Бундай шароитда истеъмолчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи қандай ҳал этилади?» деган саволига қуйидагича жавоб берди.

— Сўнгги икки йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг тўлов қобилиятини ошириш, даромадини кўпайтиришга қаратилган. Тариф ислоҳотлари ҳам халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ошириш режа­лаштирилган. Кўрасизлар, аҳолига катта оғирлик бўлмайди.

Бу ерда ишлаб чиқарувчилар томонидан спекуляция бўлиши эҳтимоли бор. Яъни айрим тадбиркорлар тариф ошди, бу тайёрланаётган маҳсулот таннархига таъсир қилади, дейишлари мумкин. Лекин таннарх ичида энергия ресурсларининг улуши қанчалигини аниқлаб олиш керак.

Нарх-наво икки баробар ошиб кетади, дейдиганлар ҳам топилмоқда. Ўзингиз айтинг, тарифнинг озгина ўзгариши ишлаб чиқаришга шунчалик таъсир қиладими? Ана шуни назорат қилишимиз керак. Бунда жамоатчилик назорати, кўмаги зарур бўлади.

Яқин-яқингача доллар курсига қараб нархни “ўйнатиш” ҳолатлари учрарди. Ҳатто писта сотувчи ҳам баҳосини шунга қараб кўтариб қўярди. Бу нотўғри. Халқимизда шаклланиб қолган бундай қарашни ўзгартиришимиз, беҳуда ваҳимага тушмай ўзгаришлар моҳиятини тўғри тушунишга одатланишимиз керак.

 

everyday.uz

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here