«Рустави-2» телеканали директори ўз телебошловчисини Путиндан тиш-тирноғи билан ҳимоя қилмоқда…

0

 

Ёдингизда бўлса, яқинда Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида жойлашган «Рустави-2» телеканали бошловчиси Россия раҳбари Владимир Путинни муаллифлик кўрсатувида куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилганди. Бу ҳақорат халқаро миқёсда катта жанжалларга сабаб ҳам бўлди. Лекин уни маҳаллий раҳбарлар атиги икки ой муддатга ишдан четлатиш билан жазолашди.

Гарчи Путин ҳақоратларга кескин фикрлар билдирмаган бўлса-да, куни кеча шу телеканал бош директори Николоз Гвармия Россияга минерал сув ҳамда шароб сотаётган компанияларни ер билан битта қилди. Уларни сотқинликда айблади.

— Ҳа, минерал сув ва шаробингизни олмай қўймаслиги учун энди Путинни фақат мақташимиз керакми? — деди у телеканал орқали қилган чиқишида. — Тупурдим мен ўша минерал сувигаям, шаробигаям! Ҳов, дўстлар, ўша сув ва шаробни Украинага сотинг!..

Бош директорнинг сўзларига фуқаролар интернет сайтлари орқали боплаб жавоб қайтаришди. Айтишдики, Гвармия телеканалдан каттагина маош олади. Минерал сув ҳамда шароб ишлаб чиқараётган ишчилар эса мабодо Россияга маҳсулоти экспорт қилинмай қўйса, ишдан, маошдан маҳрум бўлади. Яна шуни эслатиб қўйишдики, ҳозир Россияда 800 мингдан зиёд грузиялик ишлаб пул топиб оиласига юбормоқда. Улар ҳам ишдан, тирикчиликдан маҳрум бўлса, бош директор барчаларининг оиласини боқа олармикан?..

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here