Аёлларимиз учун тарвузли ширин рецептлар

0

Мазали полиз экини барча бозор, дўкон ва кўча расталарида тўла. Тарвуз харид қилаётиб барча қандай қилиб энг ширин ва пишган тарвуз танласам экан дея бош қотиради.

Аммо деярли ҳеч ким сотиб олгач нима қиламан, деб ўйламайди. Шунга ҳам бош қотириш керакми? Шунчаки, сўйиб ейсан қўясан! Бироқ шу оддий ишда ҳам ижод учун кенг имконият бор экан. Бугун сизни ўзингиз маза қилишингиз ва меҳмонларингизни ҳайратга солишингиз учун  бир неча тарвуздан тайёрланган таомлар рецепти билан таништирмоқчимиз.

ТАРВУЗЛИ МОХИТО

Масаллиқлар:

2 стакан пўчоқсиз тарвуз;
35-40 мл оқ ром;
4та шохча ялпиз;
1/2 дона лайм;
2 чой қошиқ жигарранг шакар;
3 ош қошиқ майдаланган муз бўлакчалари.
Тайёрланиши:

Тарвузни яхлатиб, уруғидан тозалаб, кичик бўлакларга бўлинади. Блендерда майдаланади. Стаканда шакар ва лайм шарбатини яхшилаб аралаштирамиз. Ялпиз баргларини қўшиб токи ялпиз ва лайм суви чиқмагунча майдалаймиз. Ялпиз-лайм аралашмаси солинган бокалга майдаланган муз соламиз ва устидан ром қуямиз. Тарвуз сувини қўшиб, натижадан роҳаттланамиз!

ТЕЗ ТАЙЁРЛАНАДИГАН ТАРВУЗЛИ МУМУЗҚАЙМОҚ

Масаллиқлар:

6 стакан пўчоқсиз тарвуз;
2 ош қошиқ шакар.
Тайёрланиши:

Блендерда тарвуз ва шакар бўтқа ҳолига келтирилади. Қолипларга қуйиб таёқча тиқилади ва 8 соат музлатилади. Ҳоҳишга қараб лимон, лайм ёки апельсин шарбати қўшиш мумкин.

 

ГРИЛДА ГЛАЗИРЛАНГАН ТАРВУЗ

Масаллиқлар:

Уруғсиз ва пўчоқсиз 8 бўлак тарвуз;
2 ош қошиқ асал;
денгиз тузи;
янги майдаланган гармдори.
Тайёрланиши:

Тарвузни порцион бўлакларга бўлинг. Бироз туз сепиб, суви  чиққунча ярим соат кутиб  туринг. Кейин тарвузни сувда чайиб, ортиқча сувини салфеткага шимдиринг. Бўлакларга асал суринг ва яхшилаб қиздирилган грилга жойланг. 5 дақиқа қовуринг. Тарвузни грилдан олиб бироз денгиз тузидан ва гармдоридан сепинг.

ШОКОЛАДЛИ МУЗЛАТИЛГАН ТАРВУЗ

Масаллиқлар:

тарвуз;
эритилган шоколад;
устига декоратив  безак.
Тайёрланиши:

Тарвузни катта бўлмаган учбурчак шаклида кесиб оласиз ва бир неча соатга музлатгичга қўясиз. Шоколадни эритиб олиб, тарвузнинг устги қисмига қуйиб чиқасиз. Безак учун какос урвоғларини сепиб юборасиз. Тарвуз ва шоколад тез эриб кетмаслиги учун, дастурхонга тортиқ қилишдан олдин яна музлатгичга қўйиб қўйишингиз мумкин.