ШАЙТАНАТ… (104-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳозир эса «укамдан хабар олай-чи», деб ота ҳовлисига кириб кетди.

Совуқ уй. Совуқ танча. Худди қирқ йил аввалги каби.

Ҳўл палтосини ечмай танчага ўтириб, қунишди. Эти увишди. Дераза орқали ташқарига қаради. Осмону замин ҳукмронлиги учун бир неча соатлик олишувдан сўнг бемаврид ёпирилган шошқалоқ ёмғир қишнинг сўнгги совуқ нафасига дош беролмай чекинган, қор зарралари эса ғалабадан масъуд, шошмай-шошмай, яйраб-яйраб, учиб-учиб, сўнг аталаси чиқаёзган ерга аста қўнарди. Икки ярим ойлик қиш ҳукмида томир-томирларигача музлаётган замин юзига қўнаётган қор зарраларидан гўё жунжикарди, ҳўл палтоси билан совуқ танчада ўтирган одам каби қунишарди. Орадан кўп фурсат ўтмай ер сатҳи оқарди. Асадбекнинг хаёлига урилаётган фикрлар бу беозор қор зарралари каби эмас, балки беаёв урилувчи дўл сингари эди.

Красноярга бориб қайтгунига қадар бу уйга ҳар келганида, шу ерда ўтириб дераза оша кўча томонга қараганида гўё эшик очиларди-ю, чана кўтарган дадаси кўзига кўринарди. У бир-икки қадам босарди-ю, аммо уй остонасига етиб келолмасди.

Унинг изидан ўша икки одам пайдо бўларди. Дадасининг «Тойчоқ!» деган хитобини уларнинг «Биз дўстларимиз, отанг — халқ душмани!» деган совуқ саслари бўғиб ўлдирарди. Отасининг қабрини зиёрат қилиб қайтгач, ўзи ҳам тушунмаган ҳолда, бу манзара кўринмай қолди. Кимдир уй ичида хўрсинди. Бир эмас, бир неча марта хўрсинди.

Асадбек бу ҳолатдан бир оз чўчиди ҳам. Уйда узоқ ўтира олмади.

Ҳозир ҳам дадасини кўриш илинжида яна қаради. Эшик очилди…

Эшик очилди-ю, Жалил ижроқўм вакилини бошлаб кирди. Асадбек «йўлни нариги маҳалладан сол, бу ер бузилмайди», дегач, «ижроқўмдан келган ўртоқ» беихтиёр равишда «иш бошланган, лойиҳани ўзгартириб бўлмайди», деб юбордию тилини тишлади. Асадбекнинг ўқрайиб қарашига дош беролмай, изига чекинди. Жалил унга эргашган эди, Асадбек заҳарли овози билан уни тўхтатди:

— Жалил!

— Кузатиб қўяй, — деди Жалил, остона ҳатлаб.

— Жалил! — заҳарли овоз энди таҳдид либосига ўралди. — Ўтир. Чақирилмаган меҳмон, ўзи

кетаверади. — Танчага чўғ олиб чиқаман.

— Ўтир дедим, сенга!

Жалил қайтиб, танчага омонат ўтирди. Кейин ўрнидан туриб қўшни хонага кирди-да, электр печи олиб чиқиб қўйгач:

— Аҳмоқлик ҳам эви билан-да. Сен аҳмоққа қўшилиб шамоллашга тобу тоқатим йўқ, — деб яна ташқарига чиқди. Уч-тўрт дақиқадан сўнг хокандоз тўла чўғ кўтариб кириб танчага солди. Чап панжасида сиқимлаб турган исириқни чўғ устига ташлаб, жойига ўтиргач, «гапинг бўлса, ана энди гапир»дегандай ошнасига қараб олди.

Асадбекнинг унга айтадиган гапи йўқ эди. Фақат бир неча дақиқалик ёлғизликдан сўнг дўстининг ёнида бўлмоғини истаб қолганди. Бир зумлик сукутдан кейин Жалил қарашига ярашиқли жавоб олди:

— Илгари ҳам шунақа аҳмоқмидинг ё энди аҳмоқ бўляпсанми?

— Ҳа, укахон, нимага ачишиб қолди?

— Ўртоғингни бошлаб киришинг шартмиди?

Жалил нотўғри иш қилганини англаб турса ҳам айбига иқрор бўлгиси келмади:

— Уйма-уй юрган экан, мен бошлаб келибманми?

Жалил авж пардасини озгина кўтариш эвазига даҳанаки олишувни дебочасидаёқ ўз фойдасига ҳал қилди. Итининг феъли эгасига маълум деганларидек, ошнасининг қилиғини яхши билган Асадбек «яна бобиллаб бермасин», деган ҳавотирли ўйда мағлублик тамғасига итоат этиб, битта гапдан қола қолди.

Оёғидан иссиқ ўтгач, бадани бўшашди. Уйқу босиб мудрай бошлаганда кўча эшик очилиб, остонада тўн билан телпак кўтарган Ҳалимжон кўринди. Жалил ўрнидан тураётганида Асадбек кўзларини очиб, ташқарига қараб олди-да, ошнасининг меҳрибонлигидан ийиб кетди. Тўн, телпак, иссиқ жун кўйлак, жун пайпоқ олиб келишга Ҳалимжонни жўнатиш ҳатто ўзининг ҳам хаёлига келмаган эди. Асадбек кийимларни алмаштириб олгач, декчада қайноқ шўрва, иссиқ нон, чой киритилди. Асадбекнинг иштаҳаси бўлмаса ҳам ўртоғининг зўри билан шўрвани хўриллатиб ичиб олди-ю, пешонасидан тер чиқиб, танаси яйради.

Икки пиёла чойни кетма-кет ичиб олгач, Жалил лўлаболишга ёнбошлади:

— Камбағалнинг тўйгани — чала бой бўлгани, — деди у кекириб. — Сенга қўшилиб мен ҳам бой бўлдим, худога шукр.

— Мен-чи? — деди Асадбек.

— Сен мендан батарроқ камбағалсан.

— Шўрва ичгандан кейин ҳамми?

— Сен камбағал-бой деганда нимани тушунасан ўзинг? Пулинг кўп бўлса бойсан-у, йўқ бўлса камбағалмисан? Пул деганинг қўлнинг кирими? Собитхоннинг гапларини эшитганмисан? Одамнинг чўнтаги эмас, иймони бой бўлиши керак. Эгамнинг олдига шу бойлик билан бориб рўпара бўласиз.

— Шўрва ичса, иймон бой бўладими?

— Калланг жойидами? Шўрва нимаю иймон нима, фарқига борасанми ўзинг?

Жалилнинг чала муллалиги тутиб, у ер-бу ерда эшитганларини дастак қилиб «амри маъруф»ни бошлаб юборди. Асадбекнинг жимгина ўтириб тинглаши Жалилга илҳом берди — ҳали у, ҳали бунисидан чў-қилаб-чўқилаб, бўзчи билганини тўқиганидай гапираверди.

Асадбекнинг сомелиги зоҳиран эди. Хаёли Чувриндининг ўлимига доир муаммолар чигилини ечиш билан банд бўлгани сабабли айтилаётган насиҳатлар у қулоғидан кириб бунисидан чиқар, мияга ўтишга, фикр хазинасидан жой олишга унинг ожиз ҳолати йўл қўймас эди. Унинг учун энг маъқули — Жалилнинг тинмай «сайраб» туриши. Нима деса ҳам майли, гапирса бас, ҳозирги ҳолатида Асадбекнинг вайрон кўнгли ёлғизлик азобига дош беролмайди. Жалил уйига кириб чиққунича буни ҳис қилди — уй деворлари ўрнидан силжиб, уни сиқа бошлади. Жалилнинг жим ўтириши эса, ёлғизликдан ҳам ёмонроқ.

Тош бўлиб қотган, муҳрланган қалбни эритмоқ фурсати ўтганини фаҳмламаган Жалил ошнасининг ўзига хос мамлакат фиръавни эканини, охират қисмати ҳам фиръавнники каби эканини ўйлаб кўрмаган эди.

— Худо сенинг жонингни қайтиб берди, бир ўлиб, бир тирилдинг, — деди Жалил. — У дунёга ўтишингга бир қарич қолувди. Ўлсам нима бўламан, деб ўйла-дингми ҳеч?

Бу савол Асадбекнинг сомелиги сохта экани, «амри маъруф»ни тингламаётганини фош қилиб қўйди.

— Сенга гапиряпманми ё деворгами? — деди Жалил зардали оҳангда.

— Гапингни қайтар, тушунмадим, — дедим Асадбек енгил йўталиб.

— Эшитсанг тушунардинг, — Жалил шундай дегач, саволини такрорлади.

Асадбек хаёлидаги паришонликни яшириш учун жавобдан бўйин товлади:

— Ўлимни ўйлаш учун касал бўлиш шартми, ўзинг ўйламайсанми?

— Менинг ўйлашим бошқа, сеники бошқа. Оллоҳ чақирса, «лаббай!» деб кетавераман.

Менинг бу дунёда ачиниб ташлаб кетадиган матоҳим йўқ. Сенга қийинроқ, шунча тўпланган мол-дунёни ташлаб кетиш ўзи бўладими? Ҳали бу топган-тутганларингни ҳисобини беришинг ҳам бор. У ёқда юмшоқ каравоту пар ёстиқлар йўқ. Муздек ерда ётасан…

Бу гапни эшитган Асадбек худди лаҳадда ётгандек сесканиб кетди:

— Гапингнинг совуқлигини қара, ойинг музхонада туққанларми сени?

— Гапим совуқ бўладими, иссиқми — ҳақиқат шу!

Кўча эшиги очилиб, Тўлқин кўринмаганида уларнинг бу «ширин» суҳбатлари сўкиш билан якунланиши аниқ эди. Тўлқин уларнинг синфдоши, айнан шунинг йўқолган пероси туфайли болалар Асадбекка тупуриб, «халқ душманининг боласи»га ўз нафратларини изҳор этишган эди.

Жалил танчанинг чўғхонасидаги чойнакни олиб чой қуйиб узатди. Асадбек Тўлқинни ҳар кўрганида ўша тупуриш воқеасини эслаб, бир ижирғаниб оларди. Айни дамда, юраги зардобга тўлиб эзилиб турган онларда унинг ташрифи дард устига чипқондай бўлди. Тўлқин бемаврид кирганини фаҳмлаб, қандай туриб кетишни билмай каловланди.

— Асадбек ака, қалай, яхши юрибсизми? — деди-ю, кўзларини ундан олиб қочиб, нажот умидида Жалилга қаради. Асадбек «ҳа» деб қўя қолса, осмон узилиб ерга тушмас эди.

Шундай бўлса ҳам индамади. Орадаги бир лаҳзалик совуқ сукутни Жалилнинг овози қувди:

— Қачондан бери Асад сенга ака бўлиб қолди? — деди у бир оз киноя оҳангида.

— Ҳа, энди ҳурматлари бор-да.

— Ҳурмати зўр бўлса бошқаларга зўр, сен билан менга у бор-йўғи бир ошна. Қолгани сен билан менга сариқ чақа. Ҳа, бирон ёққа шошяпсанми ё акагинангни кўриб иштонингни ҳўл қилиб қўйдингми? — Жалил бу гаплари билан «маънили бирор гапинг ё юмушинг бўлмаса кета қолганинг маъқул», дегандай ишора қилди. Тўлқин буни тушунди, қайноғи ўлмаган чойни ҳўплаб, оғзи куйса ҳам ютди-да:

— Жанозага ўтиб кетаётган эдим, қарасам эшик очиқ экан, балки сизлар ҳам борарсизлар, баҳонада кўришиб қўяй, деб кираверганим, — деди.

— Ким ўлибди? — Жалил шундай деб у узатган пиёлани олди-да, гулдор патнис устига қўйди.

— Суҳроб ота, бир пайтлар почтачи бўлган одам-чи?

Бу гапдан кейин Асадбек унга ялт этиб қаради. Тўлқин у одамнинг хатчи эканини таъкидламаса ҳам Асадбек яхши билади. Красноярдан қайтгач, отасининг хатларини ким ёқиб юборганини билганда уни бўғиб ўлдиргиси келганди. Шуни эслади-ю «Барибир ўлибди-да» деб тўнғиллади. Тўлқин унинг гапини англамай «менга гапирдими?» деган савол назари билан Жалилга қаради. Жалил Асадбекнинг гапини эшитиб, тушунган бўлса-да, эътиборсиз равишда фотиҳага қўл очди. Тўлқин қайнотасининг ҳузурига илк бор кирган куёв каби довдираб ўрнидан турди. Остона ҳатлаётганида Асадбек уни тўхтатди:

— Тўлқин, сендан бир илтимос, ошна, ўша жанозага бориб юрма, у палидни ёқиб кулини совурган одам савобга қолади. Сен болларни тўплаб кел. Ош қилиб беришни ният қилган эдим, бугун би-ир ўтиришайлик.

Тўлқин «хўп» дедию «гапи чинми?» дегандай Жалилга қаради:

— Ҳа, мен буни битта ошга туширганман.

— Асадбекни шу пайтгача ҳеч ким туширмаган, сенга йўл бўлсин, — деди Асадбек, кейин Тўлқинга юзланди. — Кўчада турган болани айтвор, кирсин.

Тўлқин кўчага чиқиши билан Ҳалимжон илдам юриб келиб уй остонасида тўхтади.

— Сен нима қилиб турибсан?! — деди Асадбек унга қаҳрли нигоҳини қадаб. — Ким келса киритаверасанми?

— Болаликдаги ўртоғингиз эканлар, — деди Ҳалимжон гуноҳкор одам товушида.

— Аканг мен билан ўтирганида бировни қўйма ёки аввал сўраб, кейин қўй, нима дединг, укам?

Жалил вазиятни юмшатишга уринмаса ҳам Асадбек хаёлига келган фикрдан кўнгли бир оз юмшагани туфайли йигитга бошқа танбеҳ бериш нияти йўқ эди.

— Болларга айт, иккию икки* га мўлжаллаб харажат қилиб чиқишсин, — деди Асадбек.

«Ўтмиш эса ҳамиша тотли» деганларидек, болаликда орттирилган дўстлари, улар яхши бўладими ё аблаҳми — фарқсиз, кўнгил тусаб туради. Бундай нафс хуружи бошқаларга нисбатан Асадбекда камроқ содир бўларди. Не ажабки, ҳозир эзгин бир кайфиятда ўтирганда, ҳатто Тўлқиннинг ташрифи ёқмай турганида камнамо соғинч уйғонди. Жалил буни тушуна олмас, Асадбекнинг эса изоҳ бермоққа тоқати йўқ эди.

— Менга қара, укам, маҳаллачилик деган гаплар бор. Ош пишгунча жанозага чиқиб кела қолайлик, — деди Жалил.

Асадбек қовоқ уюб қараб қўйди-ю, индамади.

— Ҳали ҳам аламинг бормиди унда. У бечора атай қилибдими? Мусулмон мусулмоннинг гуноҳини уч кун ичида кечириб юбориши керак.

Бу гап Асадбек вужудидаги ғазаб отининг бир сапчишига сабаб бўлди. Қўли беихтиёр равишда патнис устидаги пиёлага югурди, беихтиёр равишда пиёлани чангаллади, беихтиёр равишда уни Жалилга қаратиб отмоқчи бўлди, аммо кўз кўзга тушиши билан фикридан қайтди, совуб қолган чойни ён томонга сепиб ташлаб, пиёлани «тўқ» этиб жойига қўйди.

— Азроилнинг туғишган жияни бўлсанг ҳам ўзингни босиб ол, бола, — деди Жалил. — Нега тўхтадинг? Отавермайсанми, башарамни мажақламайсанми? Қонсираган бўлсанг, биратўла сўйиб ташлай қол.

— Ўчир! — Асадбек шундай деб бақирди-да, сўнг тин олди. Кейин ҳорғин овозда, худди ўзига ўзи гапиргандай деди: — Менга қара, дономахсум, сен туғилишинг билан киндигингни ўзинг кесгансан, а? Билиб қўй, мен у ҳаромнинг гуноҳини уч юз йилда ҳам кечмайман. Ўлганимда шу исқиртнинг ёнига қўйгин, гўрда ҳам бўғиб ётаман. Сен оғайнимсан-у, аммо дардинг бошқа. Юрагимни кемириб ётган қуртлар борлигини билмайсан. Билмаганингдан кейин писта қилиб ўтир.

Эшик оғзида Ҳалимжон кўринмаганида эҳтимол Жалил ҳам писта қилиб ўтириш қўлидан келмаслигини айтган бўларди. Ҳалимжон унинг қалампирга беланаётган гапларини тилга чиқмай қолишига сабабчи бўлди.

— Болаларга айтдим, — деди Ҳалимжон ҳисобот оҳангида. — Янгам телпон қилганмишлар.

Асадбек учун бу хабар хавотирсиз эди. Шу сабабли босиқлик билан сўради:

— Нима дебди?

— Сизни сўрабдилар халос.

Асадбек «бўпти, боравер», деган маънода ишора қилди. Хотинининг бу қўнғироғи улуғ қайғулар саройи дарвозаси қулфига солинажак очқич эканини унинг ғофил қалби сезмади.

Кесакполвон азиз фарзандидан айрилиб, дунё кўзларига қоронғу кўринаётган ота қиёфасида турар эди. Қабристонга келганларнинг аксари қорининг тиловатидан сўнг тарқалишди. Унинг «қайғули» кўринишига биров аҳамият берди, биров эътиборсизгина қараб қўя қолди. У ўзини мотамсаро қилиб кўрсатишга тиришса-да, олазарак кўзлари ғамдан йироқ эканини ошкор этиб турарди. Яқинроқ танишлар «бандалик», деб таъзия билдириб қўярди. Унинг олазарак кўзлари эса одамлар орасидан Асадбекни қидирарди. Юраги айрилиқ азоби билан эмас, хавотир ташвиши билан тепарди.

Асадбекнинг қабр тепасидаги гапи, ҳозир эса кўринмай қолиши уни қафасга тиқилган маҳлуқ ҳолатига солди. «Сен менинг юрагимга тупурдинг», деган гапнинг мағзини чақмоқчи бўлди. Болаликда «халқ душманининг ўғлига нафратини изҳор этиш учун» юзига тупургани нечундир эсига келмади. Асадбек илгарилари аччиқланганида ҳам уни «йўқол!» деб ҳайдаб қоларди. Аммо бугунгиси бошқачароқ оҳангда, «бутунлай йўқол» деган мазмунда жаранглади.

«Нима учун дарров мендан гумонсиради?» деб ўйлади Кесакполвон. Кейин ўзидан ўзи нафратланди: «Асад, агар шу менинг ишим бўлса — Худо урсин!» деган гапи энди ўзига ғалати туюлди. «Нега дарров қасам ичдим. Нега ўзимни оқлашга уриндим?» деб ғашланди. «Қўрқоқ, олдин мушт кўтарар» деганлари каби хатога йўл қўйганини фаҳмлаб, қафасдан чиқиш йўлларини излай бошлади. Агар Асадбек шу ерда бўлганида ёнида туриб, бир-икки гаплар билан юмшатишга ҳаракат қилармиди… Шундай ўйларди-ю, аммо Асадбекни қандай гаплар юмшата олиши мумкинлигини билмас эди. Шунинг баробарида дарғазаб хожасининг қайда қолганини ёки қайга жўнаганини ҳам билмасди.

Кесакполвон беўхшов пилдирак каби хизмат қилиб юрган Хумкаллани кўзи билан имлаб, машинаси томон юрди. Хумкалла ҳаялламай, тезгина яқинлашди.

— Бек аканг кўринмай қолди-ку? — деди Кесакполвон лабига сигарет қистириб.

Хумкалла чўнтагидан чаққонлик билан ёққич олиб унга олов тутди:

— Жалилхон акамиз билан биллашиб мошинага ўтирувдилар. Кейин билмадим, ҳайронман, қаёққа кетишдийкин? — деди.

— Бу акангни нима деб чақирувдинг? — Кесакполвон унга ўқдек кўзларини қадади.

— Бек акам чақиряптилар, тез етиб келинг, дедим.

— Ўзига айтганмидинг?

— Ўзлари ҳали келмаган эканлар, ўғилларига та-йинловдим. Оғзимга рўмолча тутиб гапирдим, мени танимади.

— Ҳайвон! — Кесакполвон шундай деб бармоқлари орасида тутаётган сигаретни унинг юзига отди. Хумкалла бир сесканиб, орқасига тисланди. Атрофда одамлар бўлмаганида уч-тўрт тепки мазасини тотиб кўрмоғи тайин эди.

— Ҳайвон, йўқол! — деди Кесакполвон. У ҳам Асадбек каби ғазаб билан гапирди.

Хумкалла шошиб изига қайтди-ю, «йўқол!» дегани оддий ҳайдаш эмас, балки ҳукм эканини фаҳмламади.

Кесакполвон Асадбекнинг нима учун дарғазаб бўлганини энди тушунди. Хожасининг юрагини бир-икки гап билан юмшатиш мумкин эмаслигини ҳам англади. Шу пайтга қадар Асадбек билан неча марта хафалашган, аразлашган бўлса, буларнинг барчаси ҳолва экани, қабр тепасида айтилган гаплар тил учида эмас, юрак қаъридан отилиб чиққанини ҳам фаҳмлади.

Ярим тунда Москвага, Хонгирейга қўнғироқ қилиб «Маҳмуд тинчиди» деб суюнчилаганда бўлажак хожасининг «эҳтиёт бўл, ўзинг ҳам тинчиб қолмагин», деган огоҳлантиришини эсладию эти бир сесканди. Бу сесканиш енгил қўрқувнинг зарбиданми эди ё ивиган палтосидан ўтиб баданига санчила бошлаган совуқданми — фарқлай олмади.

Хумкалланинг орқасидан бир зум тикилиб туриб, бу бефаҳмни туққан онасини эшакка рўпара қилиб сўкинди-да, машинаси эшигини очиб, орқа ўриндиққа ўтирди. Олд ўриндиқ ғилофининг чўнтагидан бир учи чиқиб турган коняк шишасини олиб қопқоғини очди, пиёлага қуйишга қаноат қилмай, шундайлигича кўтариб, нафаси қайтгунига қадар қултиллатиб ичди. Бу билан нафси ором олмагани сабабли яна кўтарди. Сўнг ўриндиқ орқасида турган икки нокнинг бирини олиб карсиллатиб тишлади. Коняк баданига илиқлик бергач, шиша учинчи маротаба кўтарилди, аммо бу сафар камроқ ичди. Қопқоқни бураб маҳкамлагач, шишани жойига қўйди.

Шу дамда у фақат «Жигари»нинг ўлиминигина эмас, балки навбатдаги икки сайднинг тақдиридан бўлак ҳамма нарсани унутган эди. Тезлик билан овланажак жоннинг аввали — Хумкалла. Унинг умр баёнига нуқта қўйиш Кесакполвон учун оғир иш эмас. Чирт этиб юборгандай бир гап. Фақат «қаерда, қачон, қандай?» деган саволларга жавоб топса бас.

«Жигари» Маҳмуд тақдирига доир бу уч саволга жавоб топган онда «укахони»га бироз ачинган эди. Хумкаллага эса ачинмади. Одам тупроқда ўрмалаётган қумурсқани беҳос босиб олмай деб раҳм қилади. Не қайғуки, Яратган бундай фазилатни барча бандаларига бир хилда беравермас экан. Кесакполвонни яхши билган одам Тангрининг бу мўъжизасига лол қолиб, кичкинагина гавдага шунчалар кўп бешафқатлик, бераҳмлик, зулм чўғи қандай жо бўлган экан, деб ёқа ушлайди.

Қонни қон билан ювиб бўлмайди, деган оддий ҳақиқатни англашга қалдирғоч мўйловини силаганча ўйга толган Кесакполвоннинг ақли қосирлик қилар эди. У кеча қонга беланган қўлини эртага яна қон билан ювмаса ўз қони дарёсига ғарқ бўлишинигина биларди.

Жонини асраб қолиш учун жон олмоқдан ўзга йўл унга кўринмас эди.

У неча кунлардан бери гумони таъқибида бўлган Ҳалимжонни ҳам ўйлади.

Ҳосилбойваччанинг қайси гўрга тиқилгани билан қизиқиб юрувчи бу йигитга ҳам қатъий бўлмаса-да, ҳукм чиқариб қўйган эди. Ҳалимжон фақатгина «милитсияга сотилган» деган гумон тўрида экани учун эмас, балки Кесакполвонга бўйсунмай, Чувринди билан Асадбекка содиқ бўлгани учун ҳам бу дунёда яшаб юриш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди.

Кесакполвон шу ҳукмни ижро этмоқ фурсати етди, деган тўхтамга келди. Ҳалимжон билан Хумкаллани бир-бировига қайраб қўйса бас, қайсиниси ақллироқ бўлса яна уч-тўрт кунча тирик қолади. Кейин эса ўзи ҳам қурбонининг изидан етиб боради.

Кесакполвон бундан ўзгача ният, ўзгача режа қилиши мумкин эмасди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here