“Ўзбекнефтгаз”: «2 миллиард доллар атрофида қарзимиз бор»

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, 2018 йил 13 миллиард куб метр газ экспорт қилинган. Бугунги кунда Ўзбекистонда йилига 61 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Шундан 35-40 миллиард куб метрини “Ўзбекнефтгаз” АЖ қазиб олади. Истеъмолчиларга 35 миллиард куб метр газ етказиб берилмоқда. Республиканинг ички истеъмоли эса 39-40 миллиард куб метрни ташкил этади. Қарорга кўра, табиий газни қазиб олиш ҳажмини кейинги йил 41 миллиард куб метрга, 2024 йилда эса 42,3 миллиард куб метрга олиб чиқиш режалаштирилган.

«Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллиард доллар атрофида қарзимиз бор. Ушбу кредитни ўз вақтида тўлаб боряпмиз. “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2017-2018 йиллар зарар билан чиқди. Агарда бу йил соҳада катта ислоҳотлар бўлмаганида акциядорлик жамияти яна молиявий зарар кўрарди.

Бугунги кундаги “Ўзбекнефтгаз” АЖ муаммоларини ҳал қилишимиз учун газ нархини икки баравар оширишимиз керак. Шундагина муаммолар ижобий ҳал этилади. Бу таклифни муҳтарам Президентимизга олиб кирдик. Қаттиқ танбеҳ эшитдик. Эндиликда ўз имкониятимиздан келиб чиқиб, юқоридаги муаммолардан қутилиш йўлини излаяпмиз. Бунинг учун давлат томонидан бизга катта ёрдам берилмоқда.

Мавжуд муаммонинг 20 фоизини тарифлар оширилиши орқали, қолган 80 фоизини давлатнинг молиявий ёрдами орқали ҳал қиладиган бўлдик. Ишлаб чиқилаётган тарифларда катта ўзгаришлар бўлмайди. Бу инфляция даражасида бўлади», деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов.

UzA.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here