КИЛЛЕР… (2-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

— «Қочиб кетсаммикан? — ичкарига кириб каравотга ёнбошларкан, кўнглидан ўтказди Вадим. — Эртагаям шундай қийнаса, ўлиб қоламан… »

Ҳақиқатан оёқлари зирқираб оғрир, беллари қотиб қолганди…

Болалик қилиб, секин ташқарига чиқди. Толиб ҳамон дарвоза олдида ўтирар, Самад ака ҳали келмаганди.

— «Томорқа тарафда бир тешик кўргандим. — ўзича шивирлади у. — Билиб ўтирибдими… Ташқарига чиқиб олсам, бўлди… Топа олишмайди… »

Вадим гўёки ўйнамоқчидек секин-секин юриб томорқа тарафга кета бошлади. Қош қорайиброқ қолганди. Толиб унга эътибор қилмади…

Тешик кичикроқ экан-у, ҳарқалай, бир амаллаб сиғса бўларкан…

Эгилиб эҳтиёткорлик билан бошини суқди…

— Оббо сен-ей!.. — Бу овоз Толибники эди. У тиззалаб ўтирган Вадимни астагина кўтариб турғазди. — Бу ерда нима қилаяпсан, тирранча!.. Ў қочиб кетмоқчимисан?

— Йў-ўқ, амаки, ўйнаётгандим. — жавоб қилди Вадим қалтираб. — Ўйнагим келганди-да!..

— Бор, ухла!.. Сен мишиқига айтгандим-ку!..

Бола бошини эгганча яна ортига қайтишга мажбур бўлди. Шунда ҳам барибир қочиб кетиш фикридан қайтмади…

Толиб Самад акага айтган шекилли, шу куни кечқурун Вадимни спорт залга олиб киришди. Бир четга каравот ўрнатишди.

— Сен бугундан эътиборан мана шу ерда яшайсан. — деди Самад ака қовоғини уйиб. — Толиб амакингнинг айтганидан чиқмайсан. Билиб қўй, шаккоклик қилсанг, сени ўзим жазолайман… Яхшилаб шуғуллан!.. Дангасаларни ёқтирмайман!..

Вадимга шу гаплар етарли эди. Эртаси кундан бошлаб югурганда тўхтаб қолмасликка, иложи борича Толибдан туртки емасликка ҳаракат қилди. Қўлидан келаркан. Кечагидек чарчамади. Қайтиб бемалол бассейнда суза олди. Бундан ўзи ҳам қувониб кетди.

— Юр, энди спортзалга кириб пича шуғулланамиз! — буюрди Толиб.

У ерда спорт анжомлари кўп эди. Бироқ Толиб уларнинг биронтасига ҳам тегмади. Вадимни кийиниш хонасига олиб кириб, эгнига оппоқ яктак-иштон кийдирди. Белига белбоғ бойлади.

— Юр, сен бугундан бошлаб каратэ сирларини ўрганишинг керак, — деди у болани залга бошлаб. — Фақат йиғлаб юрагимни сиқмайсан… Биласан-а мени?..

Вадим мамнун бош ирғаб, йигитнинг кетидан эргашди…

 

* * *

 

… Орадан икки ой вақт ўтди. Куз деярли яримлаб қолди. Вадим спортга анча мослашиб, бўш вақтларида ўзи ҳам мустақил шуғулланадиган бўлди. Самад акага, Толибга меҳри ошди. Айниқса, Толиб билан яқин бўлиб кетишди. Машғулот пайтларида бирор нотўғри ҳаракат қилиб қўйса, йигит унинг бошига тушириб қоларди. Лекин Вадим хафа бўлмас, ерга қараганча кулиб қўя қоларди.

— Қани, бола, бир ҳунарингни кўрсат-чи! — деб қолди Самад ака тўсатдан спортзалга кириб. Бу маҳал айни машғулот қизиган эди. Вадим кулимсираб олгач, бир сакраб икки оёғини икки томонга керган ҳолда полга ўтирди. Бу каратэчилар тилида «шпагат» дейиларди.

— Маладес, ўғил бола! — қарсак чалди Самад ака. — Қолгани-чи?..

Вадим секин Толибга яқин борди-да, ўнг оёғини кўтариб иягигача етказди…

— Зўр… Толиб, менга қара, бу болани «Тир»га ҳам тез-тез опкириб тур, кўзи пишади!.. Каратэни яхши бошлабди. Бўш келма, снайпер!.. Айтганча, мусичаларни отиб турибсанми?

— Йўқ. — деди бош эгиб Вадим. — Сиз айтганингиз йўқ-ку!..

— Мана бу жуда ақлли гап бўлди. Рухсатсиз бир иш қилишларини ёқтирмайман… Майли, кунига бир маротаба мусича отиб туришга рухсат бераман…

… Орадан икки йил ўтди. Вадим ўн иккига қадам қўйди. Бўйи ўсди. Каратэни, милтиқдан ўқ отишнинг ҳадисини олди.

— Буёққа кел, — бир куни Самад ака уни олдига чақириб қўлига елим халтада янги кийимлар тутқазди. — Манавиларни кийиб чиқ, иш бор!..

— Раҳмат амаки! — қувониб кетган Вадим ўргатишганидек икки қўлини кўксига қўйди.

— Баракалла, бор, ичкарига кириб кийиб ол!.. Толиб, менга Найновни чақириб кел!..

Найнов деганлари Самад аканинг «ўнг қўли» эди. Вадимни жуда яхши кўрарди. Бу дачага онда-сонда келишига қарамай, ҳар сафар атайин Вадим учун музқаймоқлар олиб келар, худди ўз боласидек эркаларди…

Ярим соатча вақт ўтиб бўйи нақ икки метр келадиган, эгнига тор жинси шим-кўйлак кийиб, кўзларига қоп-қора кўзойнак таққан Найнов тиржайганча кириб келди.

— Анави Халилнинг қилмишидан хабаринг бор-а? — сўради Самад ака салом-аликдан сўнг.

— Ҳа, албатта, ака!.. Нимайди?

— Мен ўша ярамасни ўйиндан чиқарсамми деб турибман.

— Ким тинчитади, ака? Балки кераги йўқдир-а?

— Нима?.. Жаҳлимни чиқарма, бола!.. Бир йилдан бери дўконлари ишлаб ётибди. «Доля»сини берган эмас. Қочиб юрган. Буям етмай, яқинда кўпчилик орасида мени бўралаб сўкканмиш. Ие, шу мишиқидан сўкиш эшитиб ўтирсам… Йўқолсин, бошқаларга ибрат бўлади… Хуллас, тинчитишга Сариқни ёллаганман… Жа уста снайпер-ку, биласан!..

— Хўп, ака, сиз бир иш қилсангиз, ўйлаб қиласиз!.. Менга нима хизмат, ака?..

— Сенгами? — бироз ўйлаб туриб давом этди Самад ака. — Деярли хизмат йўқ… Вадимни ўша ерга олиб борасан. Кўзи пишсин… Қандай отаяпти, қаерда туриб отаяпти, ҳаммасини кўрсин!..

— Бир оғиз гапингиз, ака!.. Қачонга тайинладингиз?

— Бугун кечқурун соат саккизларда… Халилни шаҳардан чиқаверишда бир супермаркети бор. Худди шу ердан бугун саккизда ташқарига чиқиши керак… Менга шундай етказишди…

— Бўлди, ест қиламиз!.. Бошқа хизмат йўқми?

— Ҳозирча шу… Бор, болани машинангда олиб бор. Мабодо бирор ишкал бўлса, тез менга хабар бер!..

Вадим Найновга эргашганча ярқираган «Жипп» томон юрди. У қаерга бораётганини, нима учун бораётганини билмаса-да, барибир хурсанд эди…

 

* * *

 

Найнов Самад ака айтганидек, Вадимни машинасига ўтқазиб йўлга тушди. Ярим соатча йўл юришгач, катта шаҳар ортда қолиб, посёлка бошланди.

Икки томон бепоён дала. Даладан таралаётган райҳон исига ўхшаш ёқимли ифор одамнинг баҳри дилини очгулик эди…

Супермаркет посёлканинг қоқ ўртасида жойлашган экан. Атрофда кўп қаватли уйлар бўй кўрсатиб турибди…

Кеч кириб қолгани учун бўлса керак, супермаркетдан харидорларнинг қадами деярли узилган. Эшик қия очиқ қолдирилибди. Рўпарага эса, ярқираган «БМВ» қўйилган…

Найнов бу ерда тўхтамай, рўпара уйнинг подьезди ёнида тормоз берди. Ва Вадимга буюрди.

— Туш, етиб келдик!..

Бола секин машинадан тушди. Кечки салқинданми, ташқарига чиқиши билан эти жунжикиб, эгнидаги Самад ака яқиндагина олиб берган чарм куртканинг ёқасини кўтариб олди.

— Юр, энди тепага чиқамиз! — деди Найнов унинг қўлидан етаклаб. — Томга чиқиб олишимиз керак ҳали!..

Вадим томга Найновдан ҳам олдинроқ чиқиб кетди. Унинг эпчиллик билан нарвондан кўтарилганини кўрган Найнов мийиғида кулиб қўйди…

Тепада соч-соқоли ўсиқ, қиррабурун бир эркак эснаб ўтирарди. Унинг қўлидаги ҳайбатли милтиқни кўрган Вадимнинг кўзлари чақнаб кетди…

— Вей, нимага бу болани етаклаб келдинг? — Койинган бўлди эркак.

— Самад ака айтди. Отаётганингни кўриши керак экан. Кўзи пишсин деб тайинлади ака!..

— Шунақами?.. Иштонини ҳўл қилиб қўймасмикан ишқилиб?..

— Буёғини билмадим… Хўш, соат неча бўлдийкин ўзи?..

Найнов шошиб қўл телефони чўнтагидан чиқарди-да, соатига кўз югуртирди.

— ҳа-а, беш дақиқалар қопти… У ярамас кириб кетганини кўрдингми ўзи?.. ҳақиқатан ўшанинг ўзими?..

— Кўрмай сўқирмидим? — тўнғиллади эркак. — Лапанглаганча кириб кетганди… Чиқиб қолар…

Орага бир муддат сукунат чўкди. Вадим ҳамон милтиқдан кўз узолмасди. Бир ушлаб кўрмоқчи бўларди-ю, бегона эркакнинг ғазабидан қўрқарди…

— Ана, чиқди!.. — шивирлади эркак шоша-пиша қўлидаги милтиқни ўқлаб, тешикдан ташқарига чиқараркан. — Сен болани нарироқ олиб тур!..

— Йўқ, — деди Найнов ташқаридаги бир неча эркакларни кузатиш асносида. — бола ҳаммасини кўриши керак. Бу шефнинг буйруғи…

Эркак индамади…

Ниҳоят тепки босилди. Ташқарида қий-чув кўтарилди. Вадим ҳам қараб турганди. Бадани қонга бўялганча ерга қулаган одамни, атрофида бақир-чақир қилганча ўзини ҳар ёққа урганларни кўрди. Оёқ-қўли қалтираб, боши айланаётганини сезди-ю, ўзини орқага ташлади…

— Мен сенга нима дегандим? — норози тўнғиллаб милтиқни сумкага жойлай бошлади эркак. — ҳеч замонда ёш гўдакниям бунақанги жойларга олиб келадими?.. Шуни деб қўлга тушсак…

— Ҳечқиси йўқ… ҳечқиси йўқ… — Найнов ўзича шивир-шивир қилиб Вадимни аста кўтариб олди. — Қўлга тушмаймиз… Болакай, ҳой бола, қўрқиб кетдингми?.. Ие, эркак кишиям қўрқадими?.. Қани, кўзингни очгин-чи!..

Вадим йиғлаб юборди.

— Ўлиб қолди!.. Ўлиб қолди!..

— Ким ўлди? — асабий оҳангда сўради Найнов. — ҳеч ким ўлгани йўқ. Сенга шундай туюлгандир… Қани, оёқда тура оласанми? Маладес ўғил бола!.. Хўш, оғайни, энди кўринмасдан жуфтакни ростлашимиз керак…

Уччовлари орқама-орқа томнинг нариги бурчагига боришди. Милтиқли эркак арқон ҳозирлаб қўйган экан. Аввал Вадимни пастга туширишди. Кетидан ўзлари ҳам сирғаниб тушишди…

Бу тараф шовқиндан холи эди. Деярли ҳеч ким ўтмасди…

Найнов Вадимни етаклаб уйни айланиб ўтди-ю, кўз очиб юмгунча машинаси турган ерга келди. Милтиқли эркак эса, аллақачон таксига ўтириб қуён бўлганди…

 

* * *

 

— Ие, той бола, нега рангинг оқариб кетибди? — ҳовлига кириб келишлари ҳамоно кулиб Вадимни бағрига босди Самад ака. — Қўрқиб кетдингми?

— Биттаси ўқ тегиб ўлиб қолди. — деди Вадим ҳамон титраб. — Қонга бўялиб кетди ҳаммаёғи.

— Тўппа-тўғри. Бундан қўрқиш керак эмас… Мана, ўзинг мусичани уриб туширганингдаям қонга бўялиб ўлиб қолганмиди?

Вадим секин бошини қимирлатиб қўйди.

— Хўш, ўшанда нега қўрқиб йиғламадинг?

— У қуш-ку!..

— Нима қипти қуш бўлса? Барибир жони бор эди… Сен бир нарсани уқиб олгин, болакай!.. Ўша мусичаям ғирт текинхўр. Ундайлардан сен билан бизга ҳеч бир наф йўқ. Шундай бўлгандан кейин уларни йўқ қилиш лозим… ҳалиги сен кўрган кимсаям ўша мусичага ўхшаб текинхўр эди… Уқдингми?

— Ҳа.

— Баракалла!.. Энди яхшилаб қулоқ сол. Келгусида сен ҳам худди бояги ўзинг кўрган амакидай киллер бўлишинг керак… Бунинг учун ҳозирданоқ отишни ўрган. Яхшилаб ўрган. Қизиқасан-а отишга?

— Қизиқаман. — шивирлади Вадим.

— Кейин… Манавинақанги шалвираган бўлмагин. Шалвираганлар узоқ яшашмайди… Толиб!..

— Ҳа, ака!.. — остонада пайдо бўлган Толиб қўлини кўксига қўйди.

— Бу болани эртадан бошлаб тўппончадан отишга ўргат!.. Илгаригидай аҳён-аҳёнда эмас, кунига машқ қилсин! Агар тўппончадан нишонни аниқ урса, винтовкани кўзи юмилган ҳолдаям отаверади…

— Бўпти, ака, ҳозирданоқ бошлаймиз!..

Толиб чиқишга рухсат олгач, Вадимни етаклаб ошхонага югурди…

 

* * *

 

… — Ака, кўнгилсизлик!.. — эрта тонгда Толиб ҳовлига ҳовлиқиб кириб келди.

— Нима бўлди яна? — деразадан бошини чиқариб қичқирди Самад ака. — Буёққа кир тез!..

Толиб ичкарига кирди-ю, эшикни ичидан тамбалади.

— Хўш, нима гап топиб келдинг?

— Сиз назорат қиладиган ерларнинг ярми қандайдир Шўртумшуқ деган кимсага ўтиб кетибди.

— Нима?.. Ким экан у ўзи?.. Нимага менинг «точка»ларимга тегади? Аниқламадингми?

— Аниқладим, ака!.. Жа кучли одамлари бор экан. Битта ишонгани юқорида ишларкан… Э, бизнинг йигитларни дабдала қилиб уриб ташлашди ярамаслар… Айтишларича, энди у ярамас сизни йўқ қилиш ниятида эмиш…

— Шунақа дегин?..

Самад ака бошини чангаллаганча дераза қаршисига бориб ташқарига қаради. ҳовлида ўн еттига тўлиб, мўйловлари сабза ура бошлаган, спорт билан бетиним шуғуллангани сабаб мушаклари туртиб чиққан Вадим астойдил тош кўтариб машқ қиларди.

— Зўрдан зўр чиқармоқчи бўлишибди-да!.. ҳм… Мени йўқ қилмоқчи эмиш, дегин?.. — деди Самад ака ҳамон Вадимни кузатишда давом этаркан. — Йў-ўқ… Мен уларга кўрсатиб қўяман!.. Тошкентда мени ўлдирадигани ҳали туғилганича йўқ…

— Ака, мен нима қилай?.. — икки қўлини кўксига қўйиб Самад акага яқин келди Толиб.

— Сенми?.. Хў-ўш… Вадимни олдимга чақир!..

Толиб деразадан бошини чиқариб Вадимни чақирди…

— Қани, ўғлим, бери кел!.. — буюрди Самад ака остонада қўл қовуштириб турган Вадимга юзланиб. — Милтиқ отишлар қалай бўлаяпти?

— Яхши. — деди Вадим жилмайиб.

— Шундай бўлсин… Биласанми, сен бугундан бошлаб бошқа иш қиласан!..

— Хўп, сиз нима десангиз шу-да!.. — Вадим итоаткорона бош эгди.

— Жуда яхши… ҳа, сени тарбиялаб нотўғри қилмабман… Менга ўз ўғлимданам содиқ хизмат қилаяпсан… Мана, менга душман бўлганларнинг нечтасини ўзинг жуда чиройли қилиб тинчитдинг… Сендан хурсандман… Толиб!..

Самад ака кутилмаганда дераза қаршисида уларнинг суҳбатини кузатиб турган Толибга юзланди.

— Лаббай, ака!

— Шу… Вадимжонни ўша ярамасларга айғоқчи қилиб қўйсак қандай бўларкин?..

— Тушунмадим…

— Нимани тушунмайсан?.. Ўзинг айтдинг-ку, мени ўлдиришмоқчи деб, тўғрими?

— ҳ-ҳа… Тўғри, ака!..

— Демак, киллер ёллашлари аниқ, шундайми?

— Бўлиши мумкин.

— Биз Вадимни ўшаларнинг орасига қўшиб қўйсак-чи?

— Нимага, ака? — Толиб ҳайрон бўлиб Самад акага қаттиқроқ тикилди.

— Уларнинг сирларини бизга етказиб турарди. Бу биринчидан. Иккинчидан, Вадим жуда яхши киллер бўлди. Аниқ биламанки, агар ўша Толиб унинг зўрлигини билиб қолса, албатта мени отиш учун жўнатади…

Бу гапни эшитган Вадимнинг ранги оқариб кетди.

— М-мен… Сизни?.. Йўқ… Мен бундай ишни қилолмайман…

— Қўрқма, ўғлим, — кулди Самад ака Вадимнинг елкасига қоқиб. — ҳаммасини режага қараб қиламиз… Аввал сен ўша душманларимизнинг орасига силлиққина кириб олишинг керак. Уёғини менга қўйиб бер!..

— Ота! — бу сўз оғзидан қандай чиқиб кетганини Вадимнинг ўзи ҳам сезмай қолди. Самад ака ҳам кутмаганди. Тўлқинланиб кетди…

— Яна бир марта қайтаргин! — Самад аканинг овози титраб чиқди. — Қайтар қолгин!..

— Ота!..

— Раҳмат, болам!.. Мен… Шон-шуҳрат, пул деб умримни ўтказиб юбордим. Мана, ёшим ҳам қирқдан ўтиб кетибди… Бола-чақа қилиш хаёлимгаям келмабди. Қаёқдаги қанжиқлар билан ўралашиб юраверибман… Яхшики, сени асраб олдим. Тарбияладим. Шунисигаям шукр!.. Энди мени доим ота деб чақиргин, хўпми, болам?!.

— Хўп бўлади, ота, мен ҳеч қачон юзингизни ерга қаратмайман!..

— Раҳмат!.. Энди қулоқ сол, биз сени ўша Толибнинг хизматига юборамиз. Қиладиган ишинг битта. Уларнинг ички сирларини бизга етказиб туриш. Вақтинча турур жойингни ҳам ўзгартиришингга тўғри келади… Шундай қилгинки, ичига кириб олгин. Сендан умуман шубҳа қилмасин!.. Билиб қўй, улар боришинг билан сенга ишониб қўяверишмайди. Шунинг учун то ишончларини қозонгунча қалтис ҳаракат қилиб қўйма! Бу бироз вақт талаб қилади…

— Сиздан узоқлашиб кетарканман-да!.. — деди Вадим қовоғини уйиб.

— Узоқлашмайсан. Менинг одамларим сени доим кузатиб юришади. Йўқ, йўқ… Тўхта, аввал сен киллер бўлиб ёлланасан. Мени ўлдириш учун.

— Ана шу нарса менинг қўлимдан келмайди, ота! — Самад аканинг сўзини бўлди Вадим.

— Охиригача эшитсанг-чи!.. Киллер бўлиб ёлланганингдан кейин мана бундай иш тутасан… Хў-ўш… Биз сенга махсус патронлар тайёрлатиб берамиз. Бўш патронлар… Одамни ўлдирмайди. Қолаверса, ичига қон рангидаги суюқлик ҳам қуйиб қўямиз. Кўрибсанки, мени отишинг билан ёлғондан йиқиламан. ҳаммаёғим «қон»га бўяладими?.. Бўялади… Қани, ўлмаганимни исбот қилишсин-чи!.. Сен шу заҳоти қуён бўласан… ҳа, энди, уёғини бизникиларга қўйиб беравер!.. Адабини беришади… Сен бўлсанг, ўша аблаҳнинг ишончини қозонасан… Дарров иш таклиф этади…

— Қачонгача ишлайман уларга? — сўради Вадим ҳамон нималар бўлаётганига ақли етмай.

— Мен уруғи билан йўқ қилмагунимча ишлайсан. Йўқ қилишим учун сенинг менга юбориб турадиган ахборотларинг иш бериши керак, уқдингми?

— Уқдим.

— Унда тайёргарлигингни кўр!.. Тушдан кейин сени махсус кишилар уларга киллер сифатида таништиришади…

Вадим елка қисганча хонани тарк этди. Самад ака у чиқиб кетиши билан Толибни ўтиришга таклиф этди ва эшикни ичкаридан тамбалади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ