ШАЙТАНАТ… (109-қисм)

0

 

 

* * *

 

Марҳумларнинг фақат қиёмат қойим бўлганида, сур чалинган онда тирилмоқлари маълумдир. Шундай бўлмаганда эди, Фиръавн тирилиб келиб Хонгирейнинг қилмишларини кўриб, аъёнлари Ҳомон ва Қорунга қарарди-да, «Сенлар ўтмиш ҳаётларингдан кўп ҳам куймаларинг. Сенлардан баттари ҳам бор экан. Сенлар-ку, мени худо деб билиб қилдиларинг барча гуноҳларни. Бу бефаросат бола эса ўзини ўз оламининг худоси деб фаҳм этяпти. Мен дўзахга ҳукм қилинганман, аммо бу ақли қосир билан бир ўтда куймоқликдан ҳазар қиламан», деган бўларди.

Фиръавн тақдиридан бехабар ўнлаб, юзлаб, балки минглаб, балки ундан-да кўпроқ бандалар сафидаги Хонгирейни у дунёда кутилажак азоблар мутлақо ташвишга солмас эди.

Унинг айни дамларда ташвиши фақат бу дунёга хос — синган Асадбек ўрнига ўзининг содиқ вассалини қўймоқ. Ҳа, у Асадбекни синган ҳисобларди. Қуриган, синган шохларни гулханга ташлаб, оловда қўлларини иситиб роҳат олгани каби Асадбекнинг жон талвасасидан ҳузурланишни истаётган эди.

Қонундаги ўғри шоҳсупасида ўтирган, устози Зелихон томонидан «Княз» деб эркаланган Хонгирей қиморбозларни азалдан ёқтирмас эди. Ҳали ўғрилар оламида суяги қотмаган маҳалларда шериклари билан милитсия либосини кийиб қиморхоналарни беш-олти марта босган эди. Омади келиб катта ютуқ олган қиморбозларнинг ҳам додини берган эди. Унинг учун давлат хазинасини ургандан кўра қиморбозларнинг шўрини қуритиш дурустроқ эди. Чунки қиморбоз аҳли ҳукуматга арз-дод қилмагани учун таъқиб ташвишидан ҳоли эди. Катта қиморбозлар билан қонундаги ўғрилар орасида сулҳ мавжуд бўлгани сабабли «қонундагилар»нинг катталари Хонгирейнинг танобини тортиб қўйишгач, ресторан директорининг шўрини қуритаман деганида ўзининг шўргинаси қуриб қолди. Шу ҳолатнинг асосий сабабчилари қиморбозлар деб билиб уларга нисбатан сўнмас нафрати юрагига муҳрланди.

Шунданми, Хонгирей ўзга ўғрилардан фарқли ўлароқ, қимор ўйнамас эди. Ҳатто шунчаки ҳавас ёки кўнгил очар учун ҳам қўлига қарта олмас, ёнидагилар учун ҳам қиморга яқинлашмоқликни ман этган эди. Ўжарлик, ўз аҳдида қатъий туришда унга бас келувчининг топилиши қийин. Аҳдга вафо қилмоқ, қатъийлик покиза қалб эгалари учун яхши фазилат саналади. Зулм уруғи ниш урган юраклар учун эса офат эшигининг очилмоғидир.

Хонгирейнинг бу оламга кириб қолишига асосий сабаб ҳам шу ўжарлик эди.

Қофқазнинг осмон билан ўпишган ерларида жойлашган Ҳамзат овули фақат атрофидаги мағрур чўққилари билан эмас, йигитларининг бўйдор, бақувватлиги билан ҳам бошқалардан ажралиб турарди. Эндигина ўн бешни қоралаган Афтондил эса гавдада ҳам, абжирликда ҳам йигирма ёшлилар билан баралла баҳслаша оларди. Чавандозликда, курашда овулнинг фахрига айлана бораётган эди. Майхўрлиги туфайли овулга иснод келтираётган одамнинг ўғли атроф овулларнинг ҳам назарига тушаётган пайтда шайтон ғолиблик қилди.

Тенгсиз чавандоз бўлиб етишаётган йигитчанинг уйида от тугул эшак ҳам йўқ эди.

Афтондил учун эса бу бир адолатсиз ҳол эди. Бу ноҳақликка чек қўйишга аҳд қилган дамда қалбига зулм ўргимчаги ҳали тўрини ёймаган эди. Дастлаб аҳдини ҳалол тарздаамалга оширмоққа уринди. Тўй-ҳашамдаги пойгаларда, курашларда ғолиб чиқсачиқмаса унга меҳрини боғлаганлар суюнчи сифатида пул берар эдилар. У ана шу пулларни йиға бошлади. «От бўлмаса той оларман», деб ният қилди. Назран томондаги Ингуш овулда бир тойнинг довруғини эшитиб, харидор бўлиб борди. Тойнинг эгаси нархни айтганида Афтондилнинг капалаги учиб кетди: тўплаган пули тойнинг битта туёғига аранг етарди. У тойнинг қимматини тахминан чамалаб кўрган, аммо зотдор тойнинг бу қадар қиммат бўлишини ҳисобга олмаган эди. Ўжар, мағрур, айни дамда соддадил йигитча «ҳозирча шу пулни ола туринг, қолганини ке-йинроқ олиб келиб бераман», деди.

Тойнинг эгаси бу соддаликдан кулиб, «бўлмайди, иним», деб қўя қолса бўларди. Аммо у ҳазиллашиб «бу пулингга эшак олиб мина қол» деб мағрур йигитчанинг иззат-нафсига тегиб қўйди.

Худо урганни, банда ҳам туртиб ўтади, дейишлари рост экан. Назрандаги Ингуш овулдан алам билан қайт-ган Афтондилнинг ғам дарёси икки кундан сўнг тошгандан тошиб кетди: отаси пулни ўғирлаб олиб, шериклари билан бўкиб ичибди. Афтондил ҳар қанча аламда бўлса-да, отасига қарши гапирмади — ҳаддида турди, мағрур тоғликлар урфини бузмади.

Айтилиши лозим бўлган гапларни онаси айтди: «Бу кунингиздан ўлганингиз минг марта яхши. Ўғлингиз от олмоқчи эди бу пулга, сизда инсоф деган нарса борми?! Кеча Назранга борганида пули етмаган экан, тамом қуритдингиз-ку энди!» деди. Кайфи ҳали тарқамаган отаси эса қўл силтаб «Эркак одам пулим етмади, деб ўтираверадими, ёққан бўлса миниб келавермайдими? Битта ингушнинг тойини тортиб ололмаган чечен — чеченми», деб минғирлади. Шунчаки айтилган гап Афтондилнинг қулоғига ўрнашиб қолди. Эртасига эса отасининг кайф аралаш айтганлари ҳақ гапга айланди. Эшак сотиб олиб минишни маслаҳат бериб ҳақоратлаган одамни жазолаши керак эди. Отасининг айтганини амалга оширишни пайсалга солмади. Назранга той миниб келиш қасдида жўнади-ю… уйига бир ярим йилда қайтди. Той миниб эмас, «от ўғриси» деган лаънат тамғаси билан қайтди. Энди унинг кураш майдони ҳам, пойга майдони ҳам ўзгарди. Озодликдаги кунлари бир йилга бормади. Бир дўконни босаман, деганда саккиз йилга кетворди. Ёши ўн саккизга етгунига қадар ўсмирлар ахлоқ тузатиш лагерида бўлиб, сўнг Псковдаги катталар қамоқхонасига кўчирилди. Ахлоқ тузатиши лозим бўлган ерда ўғирлик бобидаги чала илмини анча тўлдирган эди. Псковга келиб эса, «олий маълумот» ола бошлади. Бу «олий маълумот»ни «академик» лақаби билан машҳур Зелихон берди. Кейинчалик «қонундаги ўғри» тожини кийиши ҳам айнан шу устозининг тавсияси билан амалга ошди.

«Афтондил» исмининг «Хонгирей»га айланиши ҳам унинг истаги билан бўлди.

Биринчи марта ўтирганида унга «Зулук» деб лақаб беришган эди. Бу ном Зелихонга ёқмади. Йигитни синаб, ҳунарини ўргатгач, бир куни:

— Сен балчиқда туғилганмисан? — деб сўради.

— Мен тоғлиман! — деди Афтондил ғурур билан.

— Тоғда қўнғиз ҳам туғилади, бургут ҳам, — деди Зелихон. — Сен бургут бўла олармикансан?

— Мен бургутман! — деди у ишонч билан.

— Унда нима учун шунча йилдан бери «зулук» деган паст номни ортмоқлаб юрибсан.

Бургут бўла олсанг, нимага чанг солишни билиб ол: қузғунга ўхшаб ўлакса овлама.

Зулукнинг вазифаси нима, биласанми? Билмасанг билиб ол: у ҳаром қонни сўради. Ҳаром қон сўрувчи зулук билан ўлакса еювчи қузғуннинг нима фарқи бор? Сен лақабингни ўзгартир. Зулук деган номдан ор қилмаганингга ҳайронман.

Чиндан ҳам ор қилмаган эди. Бу дашномдан сўнг изза чекди.

— Мен сенга Хонгирей деб ном бераман. Мен Хонгиреевлар насабиданман. Сен ҳам Гирей хонлар сингари бу оламнинг зўри бўл, хони бўл!

Афтондил — Хонгирей Олтин ўрдага бўюнсинмай, Қрим хонлигига асос солган Гирей хонлари сулоласини, уларнинг европага даҳшат солганларини, Давлат Гирейнинг эса Москванинг додини берганини билмас эди. Буни Зелихон ҳам яхши билмас эди.

Шубҳасизки, шогирдининг Давлат Гирей изидан бориб, Москвага ин қўйишини, Москванинг зўрларидан бирига айланишини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.

Афтондилга устозининг биттагина гапи кифоя қил-ди — ўшандан бери у Хонгирей. Аммо номи ўзгаргани билан феъли аслича қолаверди. Ҳаром-харишнинг, ўлаксанинг фарқига бормай яшайверди. Зелихон вақти-вақти билан унга дашном бериб турарди. Хонгирей устозининг дашномларини индамайгина эшитарди, бошини эгарди, кейин эса яна ўз йўлида давом этаверарди. У гарчи «Тоғликман!» деб ғурурланса ҳам, бургутман, деб керилса ҳам, устозига хиёнат қилишга мажбур бўлди: Зелихонни охиригача ҳимоя қила олмади. Ўз жонини гаровга қўйиб устозини сақлаб қолмоғи мумкин эди, аммо бундай қилмади, юрагини мой каби ўраган худбинлик бунга йўл қўймади.

Биринчи хиёнатни кўпчилик сезмай ҳам қолди. Зелихон ўлдирилгач, унинг руҳига ҳам хиёнат қилдики, буни бошқалар ҳам пайқашди. Биринчи галда Байгилдин фаҳмлади.

Байгилдин ўша Псковдаги қамоқда Хонгирейни Зелихондан «қабул қилиб олган» ўғри эди.

Банклар бўйича «мутахассис» ҳисобланган Байгилдин қамоқдан кейин ҳам Хонгирей билан бирга бўлди. Мустақил ишлашни ёқтирмайдиган Байгилдин оқибатда Хонгирейнинг ўнг қўлига айланди.

Майда ўғирликлар барҳам топиб, Хонгирей қулочини каттароқ ота бошлаганда Байгилдинга иш ҳам қолмади. Аммо Хонгирей уни ёлғизлатмади, Байгилдин «маслаҳатчи» мартабасида юраверди. Байгилдин берадиган маслаҳатлари ҳавога учиб кетишини, Хонгирей ўз билганидан қолмаслигини билса ҳам уни ташлаб кетмади.

Шогирднинг Асадбекка осилаётганини фаҳмлаган Байгилдин аввалига индамади.

Асадбекнинг ўғиллари ҳибсга олинганидан сўнггина аралашмоқликни маъқул кўрди.

Маматбей кириб Асадбекнинг ўғиллари раён милитсиясининг қамоқхонасида ўтиришганини маълум қилгач:

— Келишганимиздек, эртагача кутамиз. Асад келса келди, келмаса ўғилларини Лефортовога ўтказиб юбораверамизми?

— Шошилма, — деди Хонгирей эснаб, — сен ўзбекларни яхши билмайсан. Ўлар жойда бўлса ҳам етиб келади. Ўзбекнинг кўзига жони эмас, боласи кўринади. Менинг кўнглим тўқ. Шу бир-икки кун ичида Асаднинг масаласи ҳал бўлади.

— Ўғилларидан қайси бири?..

— Айтувдим-ку? Бўшангроғи қолсин, отасига ўхшаганини тинчитасан.

— Биттаси аеропортда ғалва кўтарди. Жангарироқ экан.

— Ана, ҳукм тайин экан-ку? — Хонгирей бу сафар обдон керишиб, эснади. — Нима бало, ланжлик тарқамаяпти-ку?

— Коняк қуяйми? — деди Маматбей ўрнидан туриб.

— Йўқ, сен чиқиб айт, аччиқ қаҳва беришсин.

Маматбей эшикни қия очиб буйруқни етказгач, яна Байгилдин ёнига ўтирди.

— Хон, — деди Байгилдин, — Сен Зеляни унутдингми?

Хонгирей унга қараб қўйди-ю, жавоб бермади. Байгилдин ҳам жавобга муштоқ бўлмаган одамдай бошқа гап қўшмади. Савол Хонгирейга ёқмадими, демак жавобдан умид қилмаслик керак. Саволни иккинчи бор қайтармоққа ҳожат ҳам йўқ.

Ўн олтидан эндигина ошган дуркун қиз ишва билан олиб кирган қаҳвадан уч-тўрт хўплагач, Хонгирей устозига қаради.

— Ўзбекларга қўл кўтаришга ҳаққим йўқлигини биламан. Чеченларга нон берганларга қўл кўтарсам, Зели оғамнинг руҳи чирқирайди, шуни айтмоқчимисиз?

Бу гап Маматбейга маълум эди, шу боис ҳожасини қувватлади:

— Улар ўйин қоидасини буздилар, жазосиз қолдириб бўлмайди.

— Сен тўғри гапир, жазоламаймиз, тарбия қиламиз, — Хонгирей шундай деб оёқларини пастқам стол устига қўйиб, чалиштириб олди.

Байгилдин шогирдининг ўзи томон узатилган оёқларига эътибор бермади, кўнгли ҳам оғримади. Одоб деган тушунчадан йироқ бўлган олам учун бундай ўтириш нима экан, агар Хонгирей шу томон қараб таҳорат ушатса ҳам парвойига келмаган бўларди.

Чунки бунда ёш эмас, мартаба муҳимроқ.

Байгилдин шогирдини огоҳлантириш билан вазифасини адо этган ҳисоблаб, гапни чувалаштирмади. Хонгирей эса ўнг билагидаги соатга қараб, яна эснади-да:

— Пончикни соат нечага айтгансан? — деб сўради.

— Вақт бўлди, келгандир, — деди Маматбей.

— Қара, келган бўлса чақир.

Маматбей яна ўрнидан туриб, эшикни очди-да, амр-га маҳтал турган йигитга имлагач, яна жойига қайтди. Дам ўтмай эшик баралла очилиб, остонада Селим кўринди.

— Селим, бормисан, орқадошим! — деди Хонгирей ўтирган ерида.

Селим салом берди-да, гавдасига ярашмаган ҳолда тез-тез юриб келиб, сўрашиш учун узатилган қўлни ўпиб, кўзига суртди. Бу қилиқ маъқул келиб, Хонгирей ўзини чин хон каби ҳис қилиб жилмайди-да, Селимга ёнидан жой кўрсатди.

— Қаерларда тентираб юрибсан? — деб сўради у Селим ўтиргач, елкасига қўлини ташлаб. — Қорабоғда эдинг, Бокуга кўчибсанми?

— Ҳа, энди… — Селим айбдор боладай бошини эгди. — Қорабоғдаги қариндошларни қора тортиб борувдим, у ернинг тинчи ҳам бузилди… Боку тинчроқ бизга.

— Сен қаерга борсанг, ғалва чиқяпти, нима бало шумқадаммисан? — Хонгирей шундай деб кулди. Маматбей ҳожасининг кўнгли учун тиржайди. Дам сигарет тутатиб, дам қаҳва ҳўплаётган Байгилдин эса бу гапларни эшитмагандай жимгина ўтираверди.

— Сен нима учун Ҳосил билан чиқишмай қолган эдинг? — деб сўради Хонгирей жиддийлашиб. — Отанг-дан қолган молингни талашдингми?

— У нархни паст олди, бизга тийин ҳам қолмади.

— Ҳосил менинг одамим-ку?

— Буни билмабман.

— Сен ментларга хизмат қилдингми?

— Йўқ. — Селим шундай деди-ю, ичида нимадир узилгандай бўлди.

— Зели оғам сени нима учун дўппослади?

— Тушунмовчилик бўлган…

— Зели оғамни ўлдиришди. Унинг ўлими сенинг бўйнингда. — Хонгирей шундай деб Селимнинг бўйнига уч-тўрт шапатилади. — Сенинг ҳар бир томирингни битта-битта кесиб ташласам ҳам хумордан чиқмайман. Бўри ўлибди, эшитгандирсан?

— Йўқ…

— Лақиллатма, эшитгансан. Сен ҳар бир балони биласан. Сен титрама, пончик. Нима бало, иштонингни ҳўл қилиб қўйдингми, тур, чиқиб алмаштириб кел. Маматбей бунга лойиқ иштонинг борми? Хотинларники ҳам бўлаверади. Бунинг эркакка ўхшамай қолибди.

Ўзингни тут, шу юрак билан Ҳосилга осилдингми? — Хонгирей шундай деб уни елкасига енгил муштлади. — Сени ўлдирмайман. Бир қоп гўштнинг жонини суғуриб олсам иснодга қоламан. Сен ҳозир кўч-кўронингни кўтарасану Ўзбекистонга қайтасан.

— Нега?

— Кокоин билан шуғулланасан.

— Ким билан… ишлайман? Яна Ҳосил биланми?

Хонгирей «Ҳосилнинг ўлимини ростдан ҳам билмайсанми?» дегандай унга тикилди:

— Ҳар ҳолда Илико билан эмас…

Бу гапдан сўнг Селим ростдан ҳам иштонини ҳўл қилай деди. Фарғонада эканида, ҳали Зелихоннинг тепкисини емай туриб, «Бўри» — Федянинг йўриғига юрмасидан аввал ғилай Шомил уни сиқувга олганида «Илико билан маслаҳатлашайчи…» деб, кимга суянажагини ишора қилиб қўйган эди. Ҳосилнинг Хонгирей билан алоқаси борлигини билганда бу гапни зинҳор айтмаган бўларди.

— Илико билан… алоқам йўқ, — деди Селим титроқ товушда. — Менга осилавермасин, деб шунчаки айтувдим.

— Биламан, — деди Хонгирей, — Илико сен билан ишлайдиган аҳмоқ эмас. Икки қулоғингга қуйиб ол: Ўзбекистон меники. У ерга бир-икки ишончли одам керак.

Алоқаларингни йўқотмагандирсан, а?

— Бор… сиз билан ишлаш биз учун бахт.

— Тилёғламалик қилма. Мен билан ишлаган одам ҳеч қачон бахтли бўлмайди. Сен Ўзбекистонга боравер, нима қилишингни кейин айтаман.

— Мен аввал ўзим бориб, жой-пой қилсам…

— Ҳа, албатта, бир ўзинг борасан. Оиланг эса Москвада туради. Сен у ерда бошқага уйланиб, маиша-тингни қилавер. Маматбей, бунинг ўйнашларидан хабар олиб келдингми?

Маматбей бош бармоғини кўрсатиб, «Зўр!» деган ишорани қилганича ишшайди. Селим эса оиласи гаровда эканини англаб зил кетди.

— Балки Бокуда… — деб гап бошлаган эди, Хонгирей унга ўқрайди.

— Галварс! Одамлар Москвада яшашга етишолмайдилару сен ноз қиласанми? Агар ҳалол ишласанг, уч йилдан сўнг ана у ерда, — Хонгирей устози ўтирган ерни имлаб кўрсатди, — ўтирасан.

Хонгирей шу гапни айтгач, Селим масала ҳал бўлганини англаб, ўрнидан турди.

Остонага етай деганида Хонгирей уни тўхтатди:

— Ҳосилдан қўрқма, у ҳам ўлган.

Селим бу хабарни энди эшитгандай, Хонгирейга ажабланиб қаради. Хонгирей бошқа гапирмади. Ичида «Ҳа, тулки!» деб қўйиб сўкинди.

Бир неча соатдан сўнг Кесакполвон қўнғироқ қилиб, Асадбекнинг Москвага қараб учганини билдирди.

 

***

 

 

Бу воқеадан тўрт кун аввал Асадбек Чувриндининг жанозасидан сўнг эски уйига келиб ўтирганида Хонгирей Москвадан салкам икки юз чақирим нарида жойлашган Шаховской деб номланувчи ўрмон бағрида барпо этилган қароргоҳида маишат қилиб ётарди.

Чувриндининг ўлими хусусидаги Кесакполвоннинг хабари унга айнан шу ерга етказилганди. Ўшанда Хонгирей хушхабарни айтган Маматбейдан:

— Асадбекнинг ўғиллари Германияда эдими? — деб сўраб, саволига жавоб кутмаёқ амр этган эди: — Хабар олчи, ҳар ҳолда қадрдонимнинг болалари, уйига қайтадиган бўлишса, Москвада уч-тўрт кун меҳмон қилайлик.

Уларни қандай кутиб олиш, қандай меҳмон қилиш режаси айнан ўша ерда, ўша дамда пишиб етилган эди. Ёвлашиб қолган икки одамнинг бири отасидан қолган эски уйида, болалик чоғида башарасига туфлаб, халқ душмани ўғлига нафратини изҳор этган дўстлари учун ош дамлатиб ўтирарди. Дўстларини кутаётган Асадбекнинг хаёли болалик хотиралари билан эмас, балки укасидай қадрдон бўлиб қолган Чувриндининг ҳалокати билан банд эди.

Шаховскойдаги қароргоҳда эса Хонгирей шохона дастурхон тузаб, ўғрилар оламига кириб топган Катс, Япончик, Тенгиз, Жамал, Михас, Каро, Якутёнок каби лақаблар билан ном чиқарган дўстларини кутаётган эди. Мазкур маишат Козлов салтанатининг барбод этилгани суюнчиси эди. Хонгирей шу зиёфат баҳонасида Ўзбекистонда ҳам тўла назорат ўрната бошлаганини маълум қилиб, «сенлар у томонларга буринларингни тиқмаларинг», деб ишора қилиб қўймоқчи эди.

Осмонга ҳукмини ўтказишга, қуёш юзини тўсишга аҳд қилган қора булутлар оҳиста ва сокин сузиб юрган бўлсалар ҳам, улардан қўрққулик. Етарли қувват тўплагач, бир-бирига яқинлашади-ю, яшин чақнаб ҳамма-ёқ остин-устин бўлиб кетади. Шамол уларни ҳайдаб, қуёш юзи очилгунга қадар қора булутлар бағридан тўкилган дўл экинларни пайҳон қилишга улгуради. Шаховскойдаги қароргоҳ билан Асадбекнинг эски уйи орасида салкам бешминг чақирим масофа бўлса-да, бу икки жойни, бу икки жонни кўзга ташланмас иблиснинг зулм иплари бир-бирига боғлаб турарди. Қора булутларни-ку шамол ҳайдар, аммо қора ниятларга нима тўсиқ бўла олар экан?

Асадбек «дўстлар даврасида бир оз таскин топармикинман», деб янглишган эди. Танча атрофида фақатгина унинг жисми ўтирарди. Палов сузилиб, ҳиди нафсни бир қалқитиб олди-ю, бироқ томоқдан овқат ўтмади. Айниқса Жалилнинг бир гапи бошига гурзи каби урилди…

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК