Турмуш: «Аҳлоқсиз оилага келин бўлганман!»

2

— Охирги кунлар жуда асабий бўлиб қолганман. Ўз уйимда бегонадек яшаш жонимга тегди. Турмушимнинг биринчи ойидан бошлаб, мени бу уйда ҳеч ким хушламади. Қиз боланинг борган жойида тиниб-тинчиб кетиши жуда қийин масала экан. Олти йилдан буён мана шу уйдан кетишни истайман…

Қизлик давримда жуда эрка эдим. Дадам мени еру кўкка ишонмас, ойим ҳам ҳамма масалада кўнглимга қарарди. Аммо ўзбек оилаларида қиз фарзанд қанчалик эрка бўлмасин, ота-оналар чидаб яшаш ҳақида гап айтишдан бошқасини билишмайди. Чидадим, ҳали ҳам чидаяпман. Билмадим, яна қанчага етар экан сабрим…

Эрим билан муносабатларимиз ёмон эмас. Агар алоҳида яшаганимизда, балки, жуда яхши ҳам бўларди. Бироқ бизнинг алоҳида яшашимиз шунчаки орзу. Бир уйда тўрт келин яшаймиз. Тўртала келин ҳам бир-бирини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ. Ўртамиздаги муносабат ниҳоятда совуқ. Турмушимнинг илк йилларида қандай оилага тушиб қолганимни билиб, роса йиғлаганман. Ҳар куним йиғлаш билан ўтар, уйдаги жанжаллардан саросимага тушиб қолгандим. Кунора ичиб келадиган қайнотам, ўғилларига гапи ўтмайдиган, лекин келинларини ҳар кўйга солишни севадиган қайнонам, ҳар жанжалда соч юлишиб уришадиган овсинларим… Дастлабки кунлар ҳаммаси рисоладагидай эди. Мен барча янги келинлар сингари эрта тонгда туриб, уй ишларига ўзимни урардим ва бундан мароқланардим ҳам. Қош чимириб, бошдан-оёқ мени кузатадиган овсинларимга аҳамият бермасликка уринардим. Аммо уларнинг сохта тинч ҳаёти узоққа чўзилмади. Бир ҳафта ўтар-ўтмас уйимизда катта жанжал бўлди. Икки овсиним кўз олдимда бир-бирини шу қадар аёвсиз калтакладики! Бир қўлимда капгир билан қотиб қолган жойимда катта овсинимнинг туртишидан ўзимга келгандим.

— Анқайиб турмасдан ажратсангиз-чи! — деди у ва ўзини уларнинг устига отди.

Овсинларимнинг бир-бирига айтаётган ҳақоратлари, уятсиз гапларини қоғозга туширишга уяламан. Ўша кундан буён турли ёмон сўзларни эшитиб, юрагимни олдириб қўйганман. Овсинларимга қаттиқ гапиришга умуман ҳаддим сиғмас, бу жанжалларга қўшилиб қолганимдан сўнг кечаси билан қўрқувда ётардим. Қўрқувимнинг сабаби эса катта овсинимнинг мендан аввалгисига керосин сепишга урингани эди.

— Бунча ваҳима қиласан? — дерди оиласидаги вазиятга ўрганиб кетган эрим бепарвогина. — Биз уришганимиз билан бир-биримизни ўлдирмаймиз!

Мана, олти йилдирки, хонадонимизда шу аҳвол. Овсинларим билан рўзғоримиз алоҳида, эҳтимол, шунинг учун уйимизда барака йўқ. Кунора жанжал кўтарилмаса, бу уйдагиларнинг қорни тўймайди. Мана шундай нотинч хонадонга келин бўлиб тушганимга юрагим сиқилади. Энг ёмони, фарзандларим мана шу муҳитда улғайишмоқда. Мен тинч оилада катта бўлганим учунми, бу уйдаги уриш-жанжалларга ҳеч кўника олмаяпман. Доим юрагимни ҳовучлаб яшаш, пиёниста қайнотамнинг феъл-атворига чидаш, аёлларнинг охири йўқ жанжаллари… Бизнинг оилада ҳатто қайнонам ҳам жанжаллар орасида келинларининг калтакларига учраб қолиши мумкин. Баъзан қўшнилардан жуда уялиб кетаман. Аммо овсинларим ҳеч уялишмайди, ҳеч нима бўлмагандай юраверишади. Нима қилишга, қандай йўл тутиб вазиятни ўнглашга ҳайронман.

Ўзим ҳам сўнгги пайтлар мана шу ахлоқсиз одамларга ўхшаб қолаётганимни сезяпман. Жанжалларда менинг ҳам овозим эшитиладиган бўлди. Тунов куни мендан аввалги овсиним юзимга тарсаки тортиб юборганида, ўзимни тутиб туролмай мен ҳам унинг сочига ёпишдим. Авваллари эса эримга айтар, дийдиё қилиб йиғлардим. Бундан кўриниб турибдики, икки-уч йилда бу инсонлардан ҳеч фарқим қолмайди. Ўзимни, ички дунёмни, оиламни ҳимоя қилиш учун нима қилишим керак? Менга ўхшаб мана шундай носоғлом муҳитда яшаган келинлар қандай қилиб бу каби ғавғолардан қутулгансиз? Ахир эримнинг оила аъзолари деб турмушимни буза олмайман-ку. Менга маслаҳат беринг, нима қилсам, қайнонамни алоҳида ажралиб чиқишга, ўз оиламни сақлашга эришаман?!

 

2 ФИКРЛАР

  1. Менимча маблаглари йук булса керак рузгорингизни алохида килишга.

Comments are closed.