Ёзда тонал креми ўрнига нима ишлатиш мумкин?..

0

Ёз кунлари косметика миқдорини имкон қадар камайтириш кераклигини ҳаммамиз яхши биламиз. Чунки иссиқ ҳавода тонал креми остида юз исиб кетади, асос эса оқиб, юзда ялтироқлик пайдо бўлади. Тўғри, юзида нуқсонлари борлар ундан буткул воз кеча олмайди. Бундай ҳолатда бизга юз терисини парваришловчи, озиқлантирувчи, намлантирувчи ҳамда шу билан бир қаторда иссиққа чидамли восита керак бўлади. Мақоламизда эса ёзда тонал кремини нима билан алмаштириш мумкинлиги ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Минерал упа

Юз терисида муаммоси бор аёллар нафақат юзидаги муаммоларни яшира оладиган, шу билан бир қаторда бор муаммони ҳам чуқурлаштирмайдиган восита танлаш борасида қийналишади. Бу ҳолатда бизга минерал упа ёрдам беради. Бундай упа юздаги нуқсонларни беркитиб, юзнинг ҳолатини ҳам яхшилайди.

Юз териси қуруқ бўлганларга ҳам бу упа тўғри келади. Минерал упанинг пардоз асоси, тонал креми ҳамда праймерсиз ҳам юзга яхши ётиб,         табиий кўринади.

Текисловчи салфеткалар

Бетакрор ташқи кўриниш юзнинг тоза бўлишига боғлиқ. Аммо ёз кунларида, юзда, албатта, ёғли ялтироқ излар ҳосил бўлади. Бундан халос бўлишда бизга махсус текисловчи салфеткалар ёрдам беради.

Бу косметик воситани юз терингизнинг ҳолатига қараб танлаган маъқул. Масалан, юзида тўқималари йирик бўлган аёллар уларни торайтирадиган салфеткаларни танлаши керак. Юз териси таъсирчан ҳамда аллергиябоп бўлганлар эса таркибида ҳид берувчи воситалар бўлмаганидан фойдаланиши лозим. Агар юзингизда ҳуснбузарлар бўлса, таркибида чой дарахти ёки розмарин бўлган воситани танланг.

Юз териси учун ниқоб

Ниқоблар ҳам тери маълум муддат тонал кремидан дам олишига ёрдам беради. Лойли ёки фаол кўмирли ниқоблар, айниқса, фойдали. Бу ниқоблар тўқималарни торайтириб, юзнинг текисланишига ёрдам беради. Бундай ниқоблар таркибидаги фойдали элементлар терининг чуқур тўқималарига сингиб, ажинларни текислайди. Бу эса ўз навбатида таъсирчан терини тинчлантириб, тонусини оширади ҳам.

Ниқоблар ёрдамида жуда яхши натижаларга эришишингиз мумкин. Муҳими, ўз терингизга мос ниқобни танлай олсангиз бўлди.

Консилер

Агар юзингизга тошма тошган бўлса, консилерни бутун юзга суртиш шарт эмас. Унинг ёрдамида кўз остидаги доғларни ёки нуқтали муаммоларни беркитиш мумкин. Консилерни ингичка чўтка билан суртиб, бармоқларингиз ёрдамида растушовка қилиб юборишингиз мумкин.

Консилерни кўп ҳолатларда корректор билан алмаштиришади. Консилер ҳам нуқсонларни яширишга мўлжалланган. Аммо уларнинг орасида фарқ бор.

Консилернинг текстураси ярим шаффоф бўлиб, бошқа воситалар билан бемалол аралашиб кета олади. Корректорнинг текстураси эса анча қуюқроқ.

Витамин ичиш

А витамини: қуёшдан ҳимоя қилади. Таркибидаги антиоксидантлар ҳисобига витамин теридаги капиллярларни мустаҳкамлаб, терининг тонусини ушлаб туради.

С витамини: доғлардан халос бўлишга ёрдам беради.

Е витамини: тери қуруқлигини йўқотади. Бу ёғли витамин терининг липид мантиясини ушлаб туриб, унинг сувсизланишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, Е витамини антиоксидант ҳисобланади.

Витамин қабул қилишдан аввал шифокор тавсиясини олишни унутманг.

Бронзер

Бронзер ҳам консилер каби нуқсонларни яширади. Тери рангини текислаштиради. Бронзердан тонал креми ўрнида фойдаланиш ҳам мумкин.

ХОЛИДА тайёрлади.