ШАЙТАНАТ… (111- қисм)

0

 

 

* * *

 

Пешинда қўшнилар пишириб чиқарган ошдан бир-икки қошиқ еган бўлиб, кетишга чоғланганида Жамшиднинг машинаси кўринди. Икки уй нарида тўхтаган машинадан Жамшид тушди-ю, юрарини ҳам, юрмасини ҳам билмай тўхтаб қолди. Фожеани йўлда эшитиб, ишониб-ишонмай келаётган Жамшид бу кўчага бурилди-ю, дарвоза ёнидаги одамларни кўриб юраги увишди.

Бир неча ой муқаддам шу дарвозадан куйиб кўмирга айланган майитни олиб чиқишган эди. Тутинган укасига «аза очган» Чувринди шу дарвоза оғзида уч кун бел боғлаб турган эди. Буни Жамшид билмайди. Билгани — Маҳмуд акасининг ўрнида ҳозир Умид бел боғлаб турибди. Кеча бу ердан кўтариб чиқишгани ҳам бировнинг куйган мурдаси эмас, айнан Маҳмуд акасининг жасади… Юришга мажоли қолмаган Жамшид кўчага чиқиб келаётган Асадбекни кўргач тамом жойида қотди.

Жамшидга кўзи тушган Асадбек ҳам тўхтади-да, Кесакполвондан:

— Бунинг қаерда эди, нега кўринмади? — деб сўради.

— Ҳайронман, — деди Кесакполвон елка қисиб, сўнг Жамшид томон тез-тез юрди-да, унга яқинлашиб, баланд овозда:

— Қаерларда санқиб юрибсан, маржабоз?! — деб сўради.

Жамшид унга «қаердалигимни ўзингиз биласиз-ку?» деган маънода ажабланиб қараганида Кесакполвон пастроқ овозда «Сени мен эмас, Маҳмуд аканг юборган», деб шипшиди.

Кесакполвон орқа ўгириб тургани учун Асадбек унинг кейинги гапини эшитмади. Лекин Кесакполвоннинг бирдан у томон юриб қолганидан ажабланди. Бунақа пайтда битта имлаб қўйилса кифоя эди, Жамшид югуриб келарди…

Кесакполвонга эргашиб юриб келган Жамшид Асадбекдан бир қадам берида тўхтаб, салом бергач, «Бандалик…» деб таъзия билдирди.

— Қайси гўрларда юрибсан? — деди Кесакполвон жеркиб.

— Термизга бориб келдим, — деди Жамшид ерга боққанича.

Саволга алик олмаган Асадбек бу гапдан кейин унга ажабланиб қаради-ю, индамади.

Кесакполвон «Аҳмоқ, Термизни айтиб қовун туширди-ку», деб ичида сўкиниб қўйгач, сўроқни давом эттирди:

— Термизда нима бор экан сенга?

— Меҳмонларни олиб бориб келдим.

— Қанақа меҳмон?

Жамшид ерга қаради, саволга жавоб бермади.

— Сендан сўраяпман, серраймай жавоб бер: қанақа меҳмон?

— Маҳмуд акамнинг… меҳмонлари. Уларни танимайман.

— Нимага боришибди?

— Билмайман. Битта уйга кириб чиқишди. Мен машинада ўтирувдим.

Асадбек ундаги саросимани сезса ҳам, парво қилмагандай бўлиб машинаси томон юрди. «Маҳмуднинг қанақа меҳмони бор экан, Термизга нимага боради?» деган саволга ҳар қанча уринмасин, жавоб топа олмади.

Жавобни кечқурун Жамшиднинг ўзи олиб келди.

Асадбек телефонда Манзура билан гаплашиб, унинг қайтиш ҳақидаги қароридан ғашланиб ўтирганида болохонадаги йигитлардан бири Жамшиднинг киришга изн сўраётганини маълум қилди. Жамшид қайтганидан бери «мендан нари юрсин», деган ҳукмга итоат этиб, суюкли ҳожасига яқинлашмаётган эди. Шу боис ҳам бемалол остона ҳатлаб кира оладиган хонадони эшиги олдида тўхтаб, рухсат сўради. Асадбекка унинг бу одоби маъқул келиб, «кирсин», деди.

Ҳовлига тасодифан чиққан Зайнаб дарвозахонадан кириб келаётган Жамшидни кўрди-ю, вужуди титраб кетди. Бироқ, оний саросимани енгишга ўзида куч топиб, тез-тез юрганича ошхонага кирди.

Яхшики шу дамда Асадбек дераза оша ҳовлига қарамади. Бу ҳолни кўрганида яна эски ярасига туз босилиб, Жамшид билан муомаласи бошқача бўлиши аниқ эди.

Жамшид хонага бир қадам қўйиб, салом берди-ю, тўхтади.

— Кир, киравер, ўтир, — деди Асадбек, унга рўпарасидан жой кўрсатиб.

Бу хонадонга ўғил, энг камида ука мақомида бўлган Жамшид энди худди бегонадай кириб, бегонадай омонат ўтирди.

— Термизга нима учун борганингни айтгани келдингми? — деди Асадбек заҳарли оҳангда.

— Ҳа, — деб жавоб берди Жамшид унга тик қарай олмай. — Сизга ёлғон гапирувдим.

— Билганман. Энди рост гапирмоқчимисан? Агар сени Маҳмуд юборганида мен хабардор бўлардим. Менга-ку, майли, тупурдинг, ўлган акангга туҳмат қилишга уялмадингми? Бунақа палидликни Хонгирейдан ўрганиб келдингми?

— Бек ака, мени нима қилсангиз қилинг, лекин ўша жойда шундай дейишга мажбур бўлдим.

— Кимдан қўрқдинг?

— Қўрқмадим… Рости, мени Ҳайдар акам юборган эдилар.

— Меҳмонлари ким эди, ростдан танимасми- динг?

— Сал-пал танирдим. Хонгирейнинг йигитларидан эди. Бек ака, бу ишдан латта ҳиди келиб турибди. Уларнинг нияти — қорадори.

— Қаёқдан биласан?

— Гапларидан фаҳмладим. Озгина юк ҳам олишди.

— Аҳмоқ! Қўлга тушиб қолсанг учиб кетардинг-ку, ўйламадингми?

— Иложсиз эдим…

— Қани ўша меҳмонларинг?

— Самарқандда кузатдим, Масковга учиб кетишди.

— Ҳайдар акангга ҳисоб бердингми?

— Ҳа.

— Нима учун Ҳайдар акахонингни менга сотяпсан? Ахир у бечора сенинг жонингни сақлаб қоламан, деб қаерлардан ўлик қидириб топган-а!

— Ўзингиз айтдингиз… Маҳмуд акамга туҳмат қила олмадим.

— Сени ўлимга мен ҳукм қилган эдим.

— Бу гап эсимдан чиққан.

— Ростданми?

— Эслаган куним — ўлганим.

— Яхши. Сен Ҳайдар акангдан узоқлашма. Ҳозирча битта нарсани билсанг етарли — унинг фикри бузилган, эҳтиёт бўл.

— Ҳайдар акам менга яна битта иш буюрганлар.

— Қанақа иш?

— Ҳалимни ўлдиришим керак экан.

— Ҳалимними? Нега?

— Хитларнинг одами, дедилар. Мен сал-пал ҳид олгандай бўлдим. Гапларида жон борга ўхшайди.

— Яна текшир. Хитларнинг одами бўлса, ўлиши ҳечам мумкин эмас. Сен… шу ҳафта ичи Масковга борасан, Кеннайинг билан укаларинг келишяпти, кутиб оласан.

Асадбек шундай деб «Сенга рухсат» дегандай ўрнидан турди.

Унинг «кеннайинг билан укаларинг» дейиши орадаги тўсиқни олиб ташлаб, Жамшиднинг яна энг ишончли одамга айланганидан далолат эди.

Асадбек Жамшид чиқиб кетгач, Ҳалимжон ҳақидаги гапни мулоҳаза қилиб «Хитларнинг одами бўлса, яна яхши, Ҳайдарнинг хизматини қилиб юраверади», деган қарорга келди.

 

***

 

«Гуноҳларни сиз қилдингиз-у, жабрини болалар тортишсинми?..»

Кимдир шундай деб бақиргандай бўлди.

Ҳа, Жамшид Москвадан телефон қилиб Абдуҳамид билан Абдусаматнинг милисахонада ўтирганини хабар қилган ондаёқ қайдандир шу овоз келди.

Бир неча ҳафта илгари Зайнабга «Ўзингни ос» деган маънода арқон ташлаб чиқаётганида ҳам шунга яқин гап айтилиб эди. Ундаги овоз Жалилники эди. Буниси… Манзураники!

… Гуноҳларни сиз қилдингиз-у…

Бирон марта бўлсин эрига тик қарамаган Манзура бу сафар бақирди. Умр бўйи тўпланиб, куч йиққан дарди шу онда гўё портлади. Портлади-ю, Асадбекнинг руҳини тилка-тилка қилиб юборди. Агар Манзура унга рўпара бўлиб шундай деса Асадбек илгаригидек «ўчир овозингни» деб қайириб ташлашга куч тополмасди.

«… Юкларидан қора дори чиққанмиш…»

Асадбек буни тасодиф ёки тушунмовчилик оқибати деб қабул қилмади. Илоннинг думини босиб олиб қўрқувда яшаётган одам каби Асадбек кейинги ойлар ичи Хонгирейнинг заҳар солиш онларини хавотир билан кутиб яшарди.

Манзуранинг қайтиш ҳақидаги қарори Асадбекнинг режаларини бузиб ташлади. Табиб муолажасидан сўнг Зайнабнинг ўзига келгани, Элчиннинг ҳолатидаги хавотирли онлар ортда қолганидан хабар топган Асадбекда қизини Олмонияга жўнатиш фикри қатъийлашди. У қарорини Чувринди орқали билдирганда Зайнаб «еримни бу аҳволда ташлаб кетолмайман» дебди. Асадбек бу гапдан ғашланиб Чувриндига:

— Эрини бўри ермиди, ҳужжатларини тайёрла, боради, — деди.

Ўша хунук воқеадан сўнг Асадбек гапи бўлса Чувринди орқали етказарди.

Зайнабнинг жавобини ҳам Чувринди билдириб, орада холис воситачи вазифасини бажариб қолган эди. Эри яралангунга қадар Зайнаб отасига кўринмасликка ҳаракат қилди. Элчин касалхонага тушгач, асосан ота уйида яшай бошлади. Шунда ҳам ота-боланинг ўзаро муомаласи салом-аликдан нарига ўтмаётган эди.

Асадбек куёвини Абдураҳмон табибга кўрсатишни ҳам ўйлади. Фикрини айтганда Чувринди маъқуллаб:

— Табиб кўриб қўйганидан кейин Элчинни ҳам бирга юборсакчи? У ёқда зўр дўхтирлар бор, — деди.

— Йўқ, — деди Асадбек бош чайқаб. — Дўхтири зўр бўлса зўрдир, лекин янги қудаларга «куёвимни тузатиб беринглар» деб юбораманми? Қўй, Абдураҳмон табиб ҳар қанақа касални тузатиб юборади.

Чувринди Зайнабнинг ҳужжатларини тайёрлаб қўйган эди. Агар ўлим ғолиб келмаганида эрталаб бориб идорадан ҳужжатларни олиб чиққан бўларди. Унинг ўлимидан сўнг ҳам Асадбек Зайнабни жўнатиш фикридан қайтмади. Манзуранинг ногаҳоний қароридан шунинг учун ҳам аччиқланди.

— Зайнабни жўнатаётган эдим-ку? — деди бўғи-либ.

— Вой адаси, қудаларингизга айтиб қўйдим. Зайнаб кейинроқ келиб кетар.

— Ҳей!.. — Асадбек «онангни…» деб бир «ширин» гапини айтмоқчи бўлди-ю, ўзини тийди. — У ер амма-холангнинг маҳалласими, Зайнабинг бугун бўлмаса эртага лип этиб бориб келаверадиган…

— «Бўпти, билганингни қил». — Асадбекнинг шундай деб чекинишдан ўзга чораси йўқ эди.

Билганини қилди хотини.

Оқибат бу…

Шунинг учун донолар «хотиннинг гапига қулоқ солу тескарисини қил», деб айтишгандир…

Асадбек аввалига Манзурани айблади. Кейинроқ, ҳовури босилгач, ўзининг калтабинлигини тан олиб, барча айбни ўз елкасига олди. «Манзура бечора тағин ҳам чидаб турди у ерда. Бугун бўлмаса эртага барибир қайтиши керак эди. Ўлганимдан кейин шунақа қоп-қонга тушса ким қутқаради?..»

«Ўлганимдан кейин…»

Ўлганидан кейин ҳам Хонгирей уларни тинч қўймайдими? Хонгирейга нима керак?

Асадбекнинг ўлими эмасми? Асадбек уруғи билан қирилиб кетиш даражасида гуноҳ қилибдими? Хўп, Козлов масаласидаги ўжарлиги дуруст бўлмади. Хонгирей «йўлимдан қоч», деганида нари турса олам гулистон эди. Бунда гап фақат ўжарликда эмас. Орада Козлов билан аҳднома бор эди, Асадбек бу аҳдга хиёнат қилиб паст кетишни истамади.

Бугун Козлов масаласида чекинса, эртага бошқа ишда қуллуқ қилиб турса Хонгирейнинг уни эшакка айлантириб миниб олиши ёки бошга чиқиб истаган номаъ-қулчилигини амалга ошириши мумкинлигини ҳам ҳисобдан чиқармаган эди.

Ҳосилнинг ўлими учун ҳисоб бериши керакми? Ахир уни Хонгирейга ўчакишиб ўлдирмадику?

Ҳосил ўлимни ўзи сотиб олди-ку? Фақат беномус отагина Ҳосилнинг қилиғига чидаши мумкин эди. Агар ана шу номус қасоси учун жон бериши шарт бўлса — Асадбек тайёр!

«Хонгирей… дардинг бўлса эркакчасига дангал айтмайсанми? Найрангга бало борми?

Ёки… дард чекиб инграганимда роҳат топасанми? Ундан кўра ўлдириб, жасадимни ёқиб, шу олов тафтида қўлингни иситиб маза қила қолмайсанми, номард!..»

Москвага учадиган учоқ ердан кўтарилгунича шу каби хаёллар қуршовида бўлган Асадбек Хонгирей билан учрашажаги аниқ эканини биларди, фақат қаерда, қай ҳолда кўришажаги хусусидаги тасаввури алдамчи эди. Хонгирей тайёрлаб қўйган найрангларнинг навбатдагисини у етти ухлаб бир тушида кўрмас эди.

У ёруғлик оламидан тобора зимистон дунёсига кириб, ана шу зулумот қаъридан ёруғликни умид қилиб борарди.

Ўғилларининг юклари орасидан чиндан ҳам қора дори чиққан бўлса, қўрққулик эмас. Бир неча кунда бўлмаса-да, узоғи билан уч-тўрт ҳафтада чиқариб олишга ишонади. Аммо бу Хонгирейнинг иши бўлса… чораси қийин. Томирида иблис қони оқувчи кимса ҳам Хонгирей даражасида бешафқат бўлмас. Асадбек ўғрилар оламида «Княз» деб ардоқланувчи бу одамнинг қилиқларини эшитиб юрарди, бироқ, ғилай Шомилнинг калласини қутига солиб юборганини билгач, ундаги бешафқатлик даражасининг чегара билмаслигига амин бўлди. Қонундаги ўғриларнинг «Ўғридан бошқа ҳеч ким инсон тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас», деган ақидасига содиқ ҳолда иш юритувчи Хонгирей Асадбекнинг, унинг ўғилларининг тақдирини қандай ҳал этар экан?

Учоқ булутлар бағрини ёриб юқорига кўтарилар маҳалда қаттиқ титради. Бунақа пайтда ҳар қандай одам Худони эслаб қолади. «Ўзинг асрагин, Тангрим, фалон-фалон гуноҳларни бошқа такрорламайман», деб тавба қилади, онт ичади. Учоқ титроқдан тўхтаб, оҳиста уча бошлагач, тавба ҳам унутилади, Худо ҳам. Кўп каби Асадбек ҳам шундай эди.

Ҳозир ундай бўлмади. Учоқнинг қулашидан, ўзининг ўлимидан қўрқмади. Аксинча, «бу кунимдан ўлиб кетганим минг марта яхши эмасми?» деган фикр уни карахт қилиб қўйди.

Ёши элликдан ошибди. Қанчадан қанча нарсаларни кўрибди. Қизиқ… Нималарни кўрди?

Ўйлаб қараса, ҳеч нимани кўрмаганга ўхшайди. Рўпарасида зулмат, ортига ўгирилиб қараса, қоронғу бўшлиқ. Фақат уқубат учун туғилган одам ҳам у каби уқубат чекмаса керак… Қоқ суяк топган ит ҳам ўзини бахтли ҳис қилар балки. Шунча бойлиги бўла туриб нима учун Асадбек бахтсиз?..

Ҳар бир одамнинг бахт дарахти ўзига алоҳида бўлади. Бу бахт дарахтини бойлик булоғи суви билан суғориб мева олмоқчи бўлганлар янглишадилар.

Асадбек ана шу адашувчилардан бири эди.

Фақат иймон булоғидан сув ичган бахт дарахтигина ширин мева беришини ҳамма ҳам англаб етавермайди.

Асадбек ана шу англамаганлардан бири эди.

Зулм булоғидан сув ичган бахт дарахти қиёматда заққум дарахтига айланажагидан барча хабардорми?

Асадбек хабардор бўлмаганлардан бири эди.

Учоқ титроғи тиниб, булутлар устига чиқиб олган онда икки қатор олдиндаги ўриндиқда ўтирган одамга Асадбекнинг кўзи тушиб, юраги бир ҳаприқди. Бошига дўппи кийиб олган бу одам ён томондан Собитхонга ўхшаркан.

Асадбек ўзининг сиҳати, ташвишлари билан андармон бўлиб уни йўқлай олмаган эди. Ҳозир шу дўппили кишининг чиндан ҳам Собитхон бўлиб қолишини истаб, унга қайта-қайта тикилди. У киши ортидан кимнингдир қаттиқ тикилаётганини сездими, бир-икки ўгирилиб қаради.

Дўппили бу кишининг ҳам соқол-мўйлови бўлса-да, юзида Собитхон юзидаги нур йўқ эди.

Шу киши баҳона бўлиб, Асадбек Қўқондаги шифохонада бўлган суҳбатни эслади:

Икки юз йил умр кўрган одам: «Балоли йиллар, фаровон йиллар… кун ўтади, тун ўтади.

Туққан туғади, ўлган ўлади. Туққан туғмасайди мавжудот тугарди. Ўлган ўлмасайди — Ер юзи ундагиларга тор бўлиб қоларди», деган экан.

Ҳа… Ўлганлар ўлиб турибди. Лекин шунда ҳам Асадбекнинг назарида, кенг дунё жуда тор бўлиб кетаётган эди. Тор бўлмаса, салкам беш миллиард одам сиққан шу дунёга Маҳмуд сиғмасмиди? Дунё биргина шу одамга торлик қилдими?.. Дунё янада торайиб, энди кимларни сиқиб чиқаради экан?

«Бек ака!..»

Ёнидаги одам Собитхоннинг овози билан чақиргандай бўлди. Асадбек беихтиёр равишда унга қаради: бурнига кўзойнак қўндириб газетага мук тушиб ўқияпти.

Овоз эса яна такрорланди:

«Бек ака… Яхшилаб ўйлаб қаралса, бу дунё ҳаётидан тубанроқ нарса йўқ. Дунёни йиқилишга юз тутган деворга ҳам ўхшатишади.

Деворнинг йиқилажагини билган ҳолда унга суянамиз, а? Дунё ҳаётини сирпанчиққа ҳам ўхшатишади. Бу сирпанчиқда ҳеч кимнинг оёғи собит турмайди… сирпаниб яшаймиз… Кейин эса… сўнгги зиёратгоҳга қараб жўнаймиз. Сўнгги зиёратгоҳимиз — қабр. Бу зиёратгоҳни ҳеч эсламаймиз, эслагимиз ҳам келмайди. Ажални унутишда бир-биримизни ортда қолдириб кетамиз…» Қўқон шифохонасидаги ўша учрашувдан сўнг кўп ойлар ўтди. Красноярда юрганда, айниқса хасталик ўлим дарвозасига ҳайдаб келган кунларда Собитхоннинг гапларини кўп эслаган эди. Кейинроқ ўлим остонасидан қайтиб, умид дарвозасига етганда ибодатдан йироқлашгани каби бу гапларни, Абдураҳмон табибнинг гаплари қаторида, эслашдан узоқлашди.

Ер билан осмон орасида эслаши…

Осмонда нима бор?

Ерда нима қолди? Бир-бирларини бўридай ғажийдиган одамларми?

Шу савол хаёлига урилиши билан қулоғи остида Анварнинг гапи жаранглади. Ҳа, айнан ўша овоз, айнан ўша гап:

«Бўридай десангиз бўрилар хафа бўлишармикин? Бўрилар аҳил яшашаркан…»

«Бўричалик ҳам ақлимиз йўқ, — деб ўйлади Асадбек. — Бу дунёда сирпаниб яшарканмизми? Мен сирпана-сирпана шу ҳолга келдимми? Энди сўнгги зиёратгоҳ қолдими? Йўқ, ҳали вақт бор… Биламан, Маҳмуд у дунёда кимнидир оловли гуллар билан кутиб турибди. Аввал ўша гул эгасини топиб, жўнатай…»

Асадбек зулм либосига ўралган ниятини қандай амалга оширишини ўзи ҳам яхши билмайди. У бир йил аввалги Асадбек бўлганида зулматли олам ичра бу қадар сарсари кезмасди. Аравалар отлардан олдин чиқиб кетган замонда бир қаноти қирқилган, иккинчиси эса хиёнат қилган қуш баланд уча олармикин? Ўлжага дадил ва бехато човут сола олармикин? Ҳеч бўлмаса ўзини ҳимоя эта олмоққа куч топармикин?

Бир қанотнинг қирқилиши кутилмаган ҳол бўлди. Аммо иккинчи қанотнинг хоинлиги тасодифми? Бир қанотнинг қирқилишига сабаб бўлган иккинчи қанотнинг хоинлиги қачон бошланди? Ўзини зийрак ва сергак деб ҳисобловчи Асадбек нечун бу ҳолни пайқамай қолди?

Қимор ўйнаб юрган кезларида рақибининг қарта тутган бармоқларига, жавдираган кўзларига қараб ғирром ўйин бўлаётганини фаҳмлаб оларди. Бу ўйиндаги ғирромликни нечун сезмади?

Бир куни Кесакполвон Асадбекка:

— Укангнинг танобини тортиб қўй, менинг илдизимга болта ураман, деб овора бўлмасин, — деган эди.

Шунда Асадбек юмшоқроқ оҳангда:

— Ҳаммамизнинг илдизимиз бир, болта урилса, баравар қуриймиз, — деб жавоб берган, Кесакполвон эса, қўл силтаб, зарда билан:

— Сен ҳам укахонингнинг гапларини айтяпсан, — деган эди.

Кесакполвон хиёнат кўчасига шундан сўнг кирдими ё у дамда кириб бўлгандими?

Асадбек Абдураҳмон табибникида шифо умидида юрган кезлари ўзи барпо этган олам қасрининг ёрила бошлаганини сезиб, «бу офат қачон бошланди?» деган саволига жавоб излаган эди. У Зайнабнинг ўғирланиши барча ташвиш эшикларини очиб юборди, деган тўхтамга келиб эди. Бу дунёда дунё умидида юрган кўп ғофил бандалар каби Асадбек ҳам Яратганнинг «Ябна Одама! Иза раайта-л-ғинаа муқбилан аълайна. Фақул занбун аъжилатун уқубаътуҳу»* деган хитобидан бехабар эди. Хабардор бўлганида ҳаёти ипларининг чигилини ечишда бу қадар қийналмас эди.

Бойлик ҳам келди, унинг изидан гуноҳ ҳам ҳаялламади.

Азоб-уқубат ва жазо ҳам нақд бўлди…

Ғофил банда буни билмайди.

Муҳрланган қалб кўзларнинг нурини ҳам олиб қўйган.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК