Фирибгар экстрасенслар қалбаки туморнинг орқасидан пенсионерларни 19 млн рублга ухлатиб кетди…

0

 

Улар етти киши эди. Демак, жиноий гуруҳга айланган. «Экстрасенс»лар 2016 йил октябридан то шу кунга қадар Россия қишлоқлари, шаҳарларида яшовчи ишонувчан қарияларга гўёки балодан асровчи тумор сотишган. «Маҳсулот»ни Москва вилоятидаги телеканаллардан бири орқали реклама ҳам қилишган. Ачинарлиси, улар пулни бир манзил бўйича почта орқали қабул қилиб олиб, ваъда қилинган медальон кўринишидаги балодан асровчи туморни ҳам почта орқали пул юборган шахс номига жўнатишган.

Фирибнинг охири вой. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари барча фирибгар экстрасенсларни қўлга олди. Уларнинг дастидан моддий ва маънавий зарар кўрганлар 30 кишини ташкил этибди. Жабрдийдаларнинг деярли барчаси пенсия ёшидаги кексалар экани аниқланди. Йўқотишлар эса жами 19 миллион рублни ташкил этди.

Домодедово суди етти фирибгарнинг барчасига қарши ҳукм эълон қилди. Икки нафари 4 йил-у 10 ой, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Қолган беш нафарига шартли жазо белгиланди.