КУН КУЛГИСИ…

0

 

 

***

 

— Ҳисоблаб кўрсам, икки йил бирга яшаб қўйибмиз… Азизим, сизга жуда ўрганиб қолган эканман. Ҳатто сизсиз борлиқни, ҳаётимни тасаввур эта олмасдим. Биз бир умр биргаликда умргузаронлик қиламиз, бир-биримизни ардоқлаймиз, севамиз деб ўйлардим. Афсуски, ундай бўлиб чиқмади. Мен энди сизга муносиб эмаслигимни англаб етдим. Муҳаббатим, сизга бўлган чек-чегарасиз меҳрим ўз хоҳишим билан сиздан воз кечишга мажбур этди. Чунки биламан, сизни мен билан кўришса, кўчадагилар устингиздан кулишади, масхаралашади, сизни оёқ учида кўрсатишади. Севган кўнглим эса бу савдоларни сира кўтара олмайди. Аммо биламанки, сиз ҳам мени ҳеч қачон унутмайсиз. Аҳён-аҳёнда бўлса-да, ёдга оласиз, бирга ўтказган тунларимизни, бир-биридан ёруғ кунларимизни эслаб энтикасиз, соғинасиз. Алвидо, азизим, алвидо! Сизни Яратганнинг паноҳига топширдим!

Сизга чексиз муҳаббат билан:

Болаликдаги Сўрғичингиз!

***

 

ЭЪЛОН:

— Диққат, «Енгучи» кўчасидаги уйлардан бирининг ертўласида қирқ йил сақланган «Қадимий виждон» сотилади! Оҳори тўкилмаганига кафолот берамиз. Бу виждон унча-мунча виждонлардан эмас. Эгасига итдек вафодор, ҳеч қачон инжиқланиб, жаҳл қилиб, қайсарланиб, ақллилик қилиб, йиғлаб, потирлаб эгасини хит қилмайди. Ҳамиша сукут сақлайди. Эгаси мушкул вазиятларга тушиб қолса, артистлик қила олади. Башарти сотишни ихтиёр қилсангиз, жон деб сотила билади. Сизни тезлаб, қайраб, руҳлантириб душмандан аёвсиз ўч олишга ундаб туради. Ҳадеганда қадамингизни ўлчаб, бўлар-бўлмас маслаҳатлар бериб сизни безовта қилмайди. Бир марта бақириб ухлатиб қўйсангиз бас, керак бўлса юз йил миқ этмай ухлайди.

Юзсизлар, иккиюзламачилар, тамбаллар, қасамхўрлар, фирибгарлар, ҳасадчилар, ғийбатчилар, кўнглида кўмири борлар, хиёнаткорлар, кўрнамакларга юз фоиз чегирма бор!

 

***

 

Кексайиб қолган пашша дераза ойнасига тинмай ўзини урарди. Сал нари учиб боради-да, катта тезликда келиб яна ойнага урилади. Нималардир деб баъзида визиллаб ҳам қўяди.

Ойнанинг нариги тарафида эса, ёш, навқирон зангори пашша ўтирарди. Мана, бир ярим соатдан бери шу ерда қимирламай ўтириб, кекса пашшанинг қилиғини томоша қиляпти. Сира тушунмайди. Нега қария ўзини ойнага уради? Жонидан тўйганми?

Кекса пашша унга эътибор қилмасди. Қаҳрамонларча олдинга интилар, тўхтовсиз ойнага урилишда давом этарди. Охири кучи қолмади. Йиқилиб тушди. Зўрға ўрнидан туриб деразанинг очиқ қисмига етиб олди-да, ташқарига чиқмоқчи бўлди. Яна бўлмади. Парда илинган темирга осилганди сирпаниб кетди. Тағин полга қулади. Яшил пашша югуриб олдига келиб секин сўради:

— Кечирасиз, бобо, агар сир бўлмаса, айтинг-чи, нега бекордан-бекорга ўзингизни ойнага уряпсиз? Деразанинг бир томони очиқ турибди-ку! Ўша ердан чиқиб кетаверсангиз бўлмайдими?

Кекса пашша аранг жағини қимирлатиб жавоб қилди:

— Сен аҳмоқ экансан, болакай! Очиқ ойнадан ҳаммаям чиқиб кетишни билади. Хўш, учиб чиқдинг, учиб кирдинг!.. Нима маза топасан? Калла билан ишлаш керак, болакай! То бошинг ғурра бўлмагунча урилаверишинг лозим. Визиллашгаям кучинг қолмаганда секин очиқ ерга қараб юрсанг ярашади. Мен ҳозир қанчалар маза қилаётганимни билсайдинг!..

Яшил пашша қари пашшанинг шишиб кетган бошига қарамасликка интиларди. Кекса пашша бўлса, давом этди:

— Менинг дадам бир умр боши билан ойнага урилиб яшаган. Раҳматли онам ҳам ойнага бош уришни яхши кўрарди. Менгаям васият қилишди. Қачонки, қийинчиликнинг нима эканини бутун вужудинг билан ҳис этсанг, ўшандагина одам бўларкансан!

 

***

 

Замонавий рекламадан:

— Турмуш ўртоғингиз маошингиз камлигини юзингизга солиб тинчлик бермаяптими? Кейинги кунларда қўшни аёл кўзингизга «иссиқ» кўрина бошладими? Қайнонангиз қизига гап ўргатиб жонингизга тегяптими? Қайнилар ҳадеганда дўқлаб асабингизни бузяптими? Қайнсингиллар сизга ола қараяптими?..

Зудлик билан қўлингизга смартфонингизни олинг-у, Қорақамиш ва талабалар шаҳарчаси орасидаги кичик боғга боринг!

Айтишларича… Шу боғда «покемон»лар кўпмиш!

 

***

 

Олтинчи синфда ўқийдиган невара ўғил кекса бобосининг ёнида ўтириб китоб варақлар, гоҳ кулар, гоҳ жиддий тортарди. Бобо неварасига зимдан тикилиб қарар, аҳён-аҳёнда бош чайқаб кулимсирарди. Болакай китоб варақлай-варақлай, чарчадими, аста китобни бир четга қўйди-да, бобосидан сўради:

— Бобожон, сиз урушда бўлганмисиз?

— Ҳа, болам, бўлганман.

— Урушда немисларни роса ўлдирганмисиз?

— Ҳа, шундай қилишимизга тўғри келган, болажоним.

— Бобожон… Ҳалиги… Бугун тарих дарсида муаллимамиз бир гапни айтди.

— Нима деди муаллиманг?

— Ленинград қамалида одамлар нон топа олмай роса қийналишган экан. Шу тўғрими?

Бобо узун соқолини тутамлаб маҳзун жилмайди-да, неварасининг саволига жавоб берди:

— Тўғри, Ленинград қамали жуда оғир кечган. Нон тополмаганимиздан сариёғни колбасага суриб еганмиз, болам!

 

* * *

 

Ёши қирққа борган уч дўст чойхонада улфатчилик қиларди. Икки дўст учинчисига тикилар, кўйлаги ёқаси кирлангани, тугмалари қинғир-қийшиқ қадалгани, сочлари патаклашганини кўриб қур-қур бош чайқаб олишарди. Охири икки дўстдан бири ёрилди.

— Вей, Эшмат, қирққа киряпсан. Мана, биз Қўшмат билан учтадан фарзандли бўлдик. Бош болаларимиз ҳадемай мактабни тугатади. Уйлансанг бўлмайдими бўшашиб юравермай? Уйинг бўлса бор, ишлайсан. Бировдан кам еринг йўқ.

Эшмат бошини қашиб олди-да, танбеҳ берган дўстига тикилиб деди:

— Биласан, мен шу пайтгача идеалимдаги аёлни қидирганман.

— Хўш, топдингми ўша идеалингдаги аёлни? Ё ҳалиям қидириб юрибсанми?

— Топдим…

— Ие, вой писмиғ-эй! Нега шу кунгача индамадинг? Ўзимиз сўрамасак, индамас экансан-да-а?.. «Ювиш» керак-ку! Хўш-хўш, оти нима? Нима иш қиларкан? Қаерлик экан? Топиш-тутиши қанақайкан? Отаси боймикан?..

Эшматнинг дўсти ёғдириб ташлаган саволларидан кулгиси қистади-ю, кула олмади. Алам аралаш бошидаги ёғи чиққан эски дўппини зарда билан олиб ёнига ташлади ва аламли шивирлади:

— Ҳа, ўшайди идеалимдаги аёл. Афсуски, насиб қилмади.

— Н-нега? Ҳалиги… Нима бўлди унга?.. Касалмикан? Ё… Ҳалигидай… Оламдан ўтиб қолдими?..

— Йўғ-э, нафасингни шамол учирсин-э!

— Унда нега насиб қилмайди? Муаммо нимада?

— Муаммо шундаки, ўша аёл ҳам идеалидаги эркакни қидираётган экан.

 

* * *

 

6 ёшга тўлиб-тўлмаган Қизил Шапкачаян ойисига «заказ» сомса ёптириб, ўрмон орқали бувисидан хабар олиш учун келди. Ойиси тайинлаганидек, уй атрофларига қаради. Бўри баковул кўринмади. Шундан кейин кўнгли тинчланиб ичкарига кирди. Бувисини сомса билан сийлаб бўлгач, би-ир эркалангиси келиб тиззасига бошини қўйди-да, сўради:

— Бувижон, нега қулоқларингиз катта?

— Сенинг гапларингни яхши эшитиш учун, болам.

— Нега кўзларингиз катта?

— Сени яхши кўриш учун.

— Нега бурнингиз катта?

Бу саволдан бувисининг энсаси қотди-ю, норози сўзланди:

— Эй, Ара, аввал ўзингга боқ, тузукми!?.

 

***

 

Бугун Ҳормас Толмаснинг кайфияти ҳам росманасига шоирона эди. Хаёлан турли образларни, қофияларни ўйлаб топар, гўёки у ҳозир ерда эмас, қаердадир баланд-баланд чўққилар оша парвоз қилиб борарди. Хўш, нега? Чунки, у бугун севгилиси Ойшабибининг қўлини сўрайди. Тўй кунини белгилайди.

Шу тобда уни йўл четида турган милиция ходими чақириб қолди.

— Ҳой, ўртоқ, — деди милиционер Хормас Толмаснинг енгидан тортиб. — Сиз негадир кўзимга шубҳали кўриняпсиз!..

— «Қанақа ўртоқ? — кўнглидан ўтказди Хормас Толмас милиционернинг қўлини қайириб ташлаб, олдинга интиларкан. — Мен, ахир, шоирман!..»

Ярим йўлни босиб ўтган ҳам эдики, қўлтиғига бир шиша ичкиликни қистириб олган серсоқол эркак унинг йўлини тўсди.

— Эркак!.. — деди у чайқалиб. — Иккинчи бўлмайсанми? Кайф қилардик…

— Қанақа эркак?.. — энсаси қотиб нари кетди Хормас Толмас. — Мен, ахир, шоирман-ку!..

Аксига олгандек, Ойшабибининг уйига етай деб қолганда, гадой тўхтатди.

— Йигит, нонга пул йўқ. Юз сўм бер!..

— Қанақа йигит? — бақириб юборди Хормас Толмас. — Мен шоирман, билдингми?!..

Ниҳоят ичкарига кирди. Ойшабиби тунги кийимларда уни интизор бўлиб кутаётган экан. Хормас Толмас хонага кириши билан Ойшабиби унинг бўйнига осилди.

— Ўзимнинг қуёнчам! — дея эркаклай бошлади у. — Ўзимнинг тимсоҳим!..

— Қанақа қуён? Қанақа тимсоҳ?.. Мен, ахир, шоирман, тушунсанг-чи!..

Хормас Толмас азбаройи алам қилганидан қўлидаги гулдастани полга ирғитди-ю, ташқарига — ўз уйига жўнади.

Шундай қилиб тўй ҳам тўхтайдиган бўлди.

Нимаям қилсин бечора?..

Бизнинг замонда шоир бўлиш осон эмас.

Одамлар халақит қилишади.

 

***

 

Бир эркак автоҳалокатга учраганди. Мияси эзилиб кетибди. Буткул ишламай қолибди. Шунда врачлар мияни алмаштириш керак деган тўхтамга келишди. Аммо кимнинг миясини ўрнатишади? Буёқда эркак шўрликнинг мияси очиб қўйилган. Ишни тезлатмаса бўлмасди. Врач эркакнинг хотинига бир мияни кўрсатди. Пиёнистаники экан.

— Ҳо, энди бир камим пиёнистага хотин бўлишмиди? — жанжал кўтарди аёл. — Шундайлигича тикиб қўяверинглар! Қуриб кетсин савил!

Афсуски, бундай тикиб бўлмасди. Барибир бошқа мия ўрнатиш шарт эди. Врач иккинчи мияни кўрсатди. Жонига қасд қилган эркакники экан.

— Ҳо, — деди аёл. — Уйга келиб ўзини осса, яна қийналайми? Керакмас! Қуриб кетсин савил!

Шунда аёлнинг қўшниси, ветеринар Арслонқул Қўзибой ўғли ажойиб фикр айтиб қолди.

Кеча бақувват бир буқани йиқитган экан. Шу буқанинг мияси музлаткичда турганмиш. Врач рози бўлди. Ветеринар Арслонқул Қўзибой ўғли югургилаб бориб ўша буқанинг миясини олиб келди. Врач обдон мияни текшириб кўргач, ниҳоят енгил тортди. Шу мия ҳақиқатан беморга тўғри келаркан. Аёлга кўрсатганди, қўл силтади:

— Э, билганингизни қилинг! Қуриб кетсин савил!..

Мана, автоҳалокатга учраган эркакка буқа миясини ўрнатишгач, ўн кун муҳлат беришди. Ўн кун ичида янги мия янги бош билан ўзаро келишиб олиши лозим экан. Ўн биринчи куни эрталаб беморнинг хотини, врач, касалхона бош врачи, ветеринар Арслонқул Қўзибой ўғли палатага йиғилишди. Ҳаяжонли лаҳзалар. Ҳамширалар врач назоратида беморни ҳушига келтиришди…

Бемор аста ўрнидан турди-да, йиғилганларга бир-бир аламли қараб олгач, бор овозда қичқирди:

— Ҳамманг-чи… Ҳамманг… Мў-ў-ў-ў-ў-ў!!!

О. ҲАЙИТ тайёрлади