Афғон можароси

0

Афғонистоннинг азал-азалдан ўзбеклар ва туркманлар зич яшаб келган шимолий ва шимолий-шарқий минтақалари аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош. Бу минтақалар ҳар икки урушаётган томон учун стратегик жиҳатдан муҳим саналади.

Минтақа аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик орқасидан кун кўриб келган. Тижорат ҳам анчайин тараққий топган ҳудудлар саналади.

Аммо айнан стратегик аҳамияти ва ички сиёсий низолар боис, бу ерларда сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият  издан чиққан.

Бу минтақалардаги хавфсизлик билан боғлиқ аҳвол  Афғонистонга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва ҳатто қудратли Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келмоқда.

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи давлати бўлади.

Узоқ йиллик урушлар боис, мамлакат аҳолиси расман рўйхатга олинмаган.

Аммо, шунда ҳам, у ердаги ўзбекларнинг сони бир неча миллионларга нисбат берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев  ўтган уч йилча вақт давомида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларга зўр берган.

Афғонистонга устма-уст ҳукумат миқёсидаги ҳайъатларини юборган, президентнинг махсус вакилини тайин этган, халқаро тинчлик анжуманига мезбонлик қилган, Толибон ҳайъатини Тошкентга келтиришга ҳам муваффақ бўлган.

Аммо гоҳ Ўзбекистон, гоҳ Россия, гоҳ Хитой, гоҳ Покистон ва гоҳ АҚШ воситачилигидаги бу каби музокаралар ҳануз давом этмоқда, афғон можароси ҳам ҳалича тингани йўқ.

Афғонистон Сурияни ортда қолдириб, дунёнинг энг хавфли давлатига айланган, жаҳоннинг ҳам аёллар ва ҳам болалар учун хатарли бўлган саноқли мамлакатлари рўйхатига кирган.