БИЛАСИЗМИ…

0

 

 

НЕГА НЕФТ БАРРЕЛДА ЎЛЧАНАДИ?

 

Ҳақиқатан, бу савол жуда кўпчиликни қизиқтиради. Тарихий маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, бу олис ўтмишга бориб тақалади.

Нефт қазиш энди-энди бошланган даврларда бунинг учун ягона ўлчам бўлмаган. Кимдир ёғоч идишда, яна бошқа биров металл идишларда нефт ташиган.

XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб нефт қазиб олиш ривожланиб кетди. Ана ўшанда нефтни сақлашда муаммолар юзага келди. Нефт қазувчилар турли размердаги бочкалардан фойдаланишди. Лекин харидор учун катта бочкаларда нефт олиб кетиш жиддий ноқулайлик туғдирарди. Уни ўлчаш кўп вақт талаб қилиш билан бирга қийинчилик ҳам пайдо қиларди.

1866 йил августида Пенсильванияда Америкадаги нефтни қайта ишловчи корхоналар эгалари учрашиб нефтнинг ягона ўлчамини тасдиқлашди. Бунинг натижасида 42 галлонли бочкалар нефт учун стандарт ўлчамли идиш сифатида қабул қилинди. Сабаби, бу бочкаларни бир киши бемалол уддалай оларди. Ундан катта бочка одамга қийинчилик туғдирарди. Кичиги эса иқтисодий томондан тўғри келмасди. Қолаверса, 42 галлонли бочканинг 20 таси темир йўл платформаларига яхши жойлашарди. Шундай қилиб, бу бочкаларнинг биттасидаги нефт бир баррел дея тан олинди. Нефт олди-сотдиси билан шуғулланадиганлар билиб олишди. Битта 42 галлонли бочкадаги нефт 159 литрни ташкил этади. Бу бир баррел дея юритилади. Тўғри, ҳозирги кунда нефт бочкаларда олиб юрилмайди. Барча ишлар қувурлар орқали амалга оширилади. Аммо нефтнинг ягона ўлчами барибир баррелда ўлчанади. Бунинг учун албатта қора олтин ўша 42 галлонли бочкаларга қуйилади.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади