«Гол 2» фильмида «Реал»га мураббийлик қилган машҳур актёр вафот этди (+фото)

0

24 июль голландиялик машҳур актёр Рутгер Улсен Хауэр узоқ давом этган касалликдан сўнг, 75 ёшида оламдан кўз юмгани маълум бўлди.

Хауэр фаолияти давомида 100 дан кўпроқ фильмларда роль ижро этган бўлиб, у «Олтин Глобус» ҳамда «Сатурн» мукофотларини қўлга киритган. Футбол мухлислари учун эса актёр 2007 йили яратилган «Гол 2» киносидаги «Реал»нинг бош мураббийи сифатида танилганди.

Фильмда у ишлатган қуйидаги ибора кўпчиликнинг ёдида қолган:

Сенга маслаҳатим: аввалига юрагинга қулоқ сол, кейин бошинга, ундан сўнг эса рафиқанг сенга нима қилишни айтади.

Фильмда у Руди ван дер Мерве номи остида қатнашиб, клуб президенти Флорентино Пересга «Ньюкасл»нинг умидли футболчиси Сантьяго Муньесни клубга олиб келишни таклиф қилади.

Муньес жамоага ўтганидан сўнг эса «қироллик клуби» фильм сценарийсига кўра мавсум охирида ЕЧЛнинг финалида «Арсенал» устидан зафар қучиб, бош соврин эгасига айланади.


Эслатиб ўтамиз, филмда «Реал»нинг ўша вақтдаги юлдузли таркиби вакиллари – Зайниддин Зидан, Дэвид Бекхэм, Икер Касильяс, Роналдо, Роберто Карлос, Раул, Гути, Робиньо, Иван Эльгера ҳам кўриниш беришган. Шунингдек, эпизодларда Роналдиньо, Карлес Пуйоль, Сеск Фабрегас, Арсен Венгер, Тьерри Анри, Лионель Мессилар ҳам қатнашишганди.