МАҲФИРАТ АЯНИНГ АРМОНЛАРИ…

0

 

 

ҚАЙНОНА БЎЛМАЙ ЎЛ, КАМПИР!

 

Дунёда қайнонасини тан олмайдиган келинлар кўп. Сарвиноз ҳам ўшаларнинг биттаси-да!.. Бахти кулиб Бахтиёрдек алп қоматли, чўнтаги пулга тўла, бунинг устига ёлғиз ўғилга тегиб ҳам шукр қилмаса, не ажаб. Бўлмаса, Маҳфират ая саксондан ошиб кексайган чоғида унинг мушугини пишт демайди. Аксинча, икки бирдек неварасини тиззасидан туширмай, қурби етганича қарайди, болам-болам қилиб чарчамайди. Шунда ҳам бу келин қурғурга ёқмаса, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деяверса, додини кимга айтади?.. Ўғлигами?.. «Бе, Бахтиёр ҳам уйлангандан кейин негадир айниган. Отаси раҳматли боридайди «ойи-чи ойи» қилиб айланиб ўргилишлари… Ҳозир хотини қурғурни измига кирди-қўйди… Ҳа, ишқилиб, имон берсин!..» Маҳфират ая тўнғич неварасининг бошида алла айтиб ўтири-иб, ўзи ҳам пинакка кетиб қолаёзган экан. Қуриб кетсин, қаричилик-да, келинининг қаердандир кела солиб шарақлатиб эшик ёпишидан сесканиб кўзини очди-ю, сал қурса юраги қинидан чиқиб кетаёзди.

— Вой худойим-ей, бу кампирга неча марта тайинлаш мумкин-а, неча марта уқтирса бўлади?..

Маҳфират ая Сарвиноз негадир жаврай бошлаганидан безовталаниб секин ваннахонага яқин борди.

— Ҳа, қизим, яна нотўғри иш қилиб қўйибманми-а?..

Сарвиноз қайнонасига менсимайгина қараб қўйди-ю, бурнини жийирди.

— Мен сизга кичкинамнинг иштонларини чайиб қўйинг демаганмидим?.. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку!..

— Вой, айланай қизим, анави Беҳзодни ухлатиб кейин юварман деб ғафлатда қолибман-да!.. — Маҳфират ая базўр ерга эгилиб кир тўла тоғорани кўтармоқчи бўлди.

— Керакмас!.. — Маҳфират аянинг қўлидан шартта тоғорани тортиб олиб ваннага улоқтирди Сарвиноз, — Ўлиб қолсам ҳам ўзим ювиб оларман… Қалтирамай даф бўлсин бу кампир…

Келини тоғора тутамлаганда қайнонасининг қўлини ҳам қўшиб маҳкам ғижимлаган эканми, Маҳфират ая лўқиллаб оғриётган бармоғини лабига босганча, индамай хонасига кириб кетди.

 

ОНАНГИЗНИ ЙЎҚОТИНГ, ДЕДИМ!..

 

Бахтиёрнинг бойман, дўкондорман дея керилгани, кўкрагига ургани бир пул. Димоғдорлиги, қолаверса, кўнгли қаттиқлиги уни аллақачон маҳалладан айириб қўйган. Бу ҳам етмагандек, хотинга мутеъ бўлишга бало борми?!. Сарвинознинг ҳар кунги дийдиёларини эшитавериб ўз туққан онасидан анча-мунча совиди. Ҳатто, меҳмон келса, Маҳфират аяни кўрсатишга ор қиладиган, хотинига ўхшаб унинг ҳар босган қадамидан ҳуда-беҳуда энсаси қотадиган бўлди. Она-я, она!.. Маҳфират ая тез-тез эшитиб турадиган танбеҳларнинг сабабини сўраш эсига ҳам келмади. Гўёки, Сарвиноз унга иккита Алпомишдек ўғилни туғиб берган-у, бу аёл ҳукмрон бўлиши муқаррардек бутун инон-ихтиёрини топшириб қўйди…

Маҳфират аянинг ўзи-чи?.. У ҳам бир вақтлар мўмин-қобил бўлган биттагина ўғлининг кўзига ҳадеб кўринаверишдан қўрқади. «Қўй-е, — дейди Бахтиёрнинг овози эшитилиши ҳамоно эшигини ичидан тамбалаб, — У ҳозир бой, қўлини қаерга узатса етади… Қариган чоғимда дилимни оғритиб жувонмарг бўлиб кетмасин… Тинчгина ўтирай… Афсус… Шунча ўзини олиб қочиб, эҳтиёт қилса ҳам яна балони сотиб олди-я!.. Хаёлини бир жойга қўйи-иб келини келгунча ванна, ҳожатхоналарни чиннидай қип қўйса нима бўларди?.. Яна пинакка кетиб ўтирибди… Сарвиноз эри келса тағин тўполон кўтаради. Бугун ҳам юраги ўйнаб чиқади тонг отгунча…» Маҳфират ая йўлакда ўғлининг қадам товушлари эшитилган заҳоти ёпиқ эшик ортида туриб қулоғини динг қилди.

— Яхши ўтирибсизларми? — деди у кийимларини ечиб хотинига узатаркан, — Тинчликми ҳаммаёқ?..

— Бу уйда бирон марта тинчлик бўлганми ўзи?.. — шанғиллай кетди Сарвиноз ҳожатхона тарафдан кўз узмай, — Манавиларни қаранг, шуям одам яшайдиган уйми-а?.. Бу ойингиз эртадан кечгача уйқудан бўшамаса, мен ишда бўлсам… Келибоқ латта чангаллашим керакми?.. Жонимдан тўйиб кетдим-ку!..

Бахтиёр қовоғи уйилиб бирпас нима қилишини билмай тургач, оғир уф тортиб қўйди.

— Нима қил дейсан?.. Онани уриб, сўкиб бўлмаса…

— Вой-вой-вой!.. Хотин азобланаверсин-у, бу киши кўнглига келган ишни қилаверсин экан-да-а?!.

— Хўш, айт, нима қилай?.. Нима қилсам кўнглинг тўлади ўзи, хотин?.. — бошини чангаллаб бақирди Бахтиёр, — Мақсадингни гапиргин-да, мундоқ!..

Сарвиноз беихтиёр эркаланган кўйи эрининг елкасига бошини қўйди.

— Шу… Кампирни бу ердан узоқроқ жойга… Ташлаб келсангиз… Мана, масалан қариялар уйигами… Ўзингизам нозик меҳмонларингизни тортинмай таклиф қилаверардингиз… Оиламиз ҳам анча тинч бўларди. Манавинақа ҳадеб беҳуда асаб бузавермасдик… Кўряпсиз-ку, ҳали гиламга овқат тўкиб ейди, ҳали бўлар-бўлмасга ваннага кириб соатлаб бурун қоқадими-ей!.. Йўқотинг!.. Томоғим тушиб ўлиб қолмасимдан йўқотинг ойингизни!..

Бахтиёр Сарвинознинг гапларини иложсиз маъқуллагандек асабий бош ирғаётган маҳалда муштипар она ҳаммасини ўз қулоғи билан эшитди. «Оббо, боласи тушмагурлар-ей, — кўзида ёш ҳалқаланаётганига қарамай пичирлай-пичирлай баъзи кийимларини йиғиштира бошлади Маҳфират ая, — Мен уларни зериктириб қўйибман-ку!.. Энди нима қиламан?.. Ўғлимнинг оғзидан бу гапларни эшитсам, кўтара олармикинман бу юкни?.. Не азобда катта қилгандим-а, худойим!.. Йўқ… Яхшиси, ўзим билиб кета қолай… қари одам кўчада қолиб кетмасман, ахир!.. Пешонамдагини кўраман-да энди!..» Маҳфират ая мулзам бўлиб кароватига сўнгги марта чўкди-ю, ўғлининг ваннага кириб кетишини кута бошлади.

 

МЕНГА НОН БЕРИНГ, ОДАМЛАР!

 

Маҳфират ая хуфтон маҳалида уйдан қон йиғлаб чиқиб кетди. Унинг остонадан ўтганини ҳеч ким пайқамади, ёки… Сезишса ҳам тил тишлашди… Энди қайга боради?.. Илгариги Тошкент қолмаган бўлса… Ҳаммаёқда янги иморат, кўчаларгача ўзгартириб юборишган… Устига-устак меҳрибончилик қилиб қучоқ очадиган қариндош-уруғлар ҳам аллақачон ўлиб кетишган… «Ҳеч бўлмаса, баҳоргача чидаб туришмади-да, қурмағурлар!.. — хаёлидан ўтказди Маҳфират ая бошидаги пахта гулли рўмолини янада қаттиқроқ тортиб, — Изғиринига қараганда, қор ёғадиганга ўхшайди… Анави бинонинг панасида ўтирай-чи, иссиқроққа ўхшайди-ку!..» Яқин йиллар ичида уйдан кўчага чиқмай қўйган кампир бор-йўғи ўғлидан икки-учта уй наригагина борганини билмас, қоронғида узоқ йўл юргандай туюлгани учунми, осмонўпар биноларга ҳайрат билан тикилганча бир четга бориб ўтирди-да, кўзларини юмди. Қарилик қурсин. Одам ёши бир жойга боргандан кейин мечкай бўлиб қолади, шекилли. Аср намози олдидан тамадди қилувди. Яна қорни ғулдир-ғулдир қиляпти… «Қорним очганиминан бир нарса ўзгариб қолармиди?.. — кўнглидан ўтказди Маҳфират ая, — Бирпас мизғисам тонг ҳам отиб қолар…» У беш-ўн дақиқа ухладими-ухламадими совуқда, қандайдир бегона эркакнинг дўриллаган овозидан чўчиб кўзини очди. Тепасида ёшгина миршаб йигит унга тикилиб турарди.

— Онахон, бу ерда нима қиб ўтирибсиз?.. — сўради у овозини ҳийла пасайтириб.

Маҳфират ая эҳтиёткорлик билан ўрнидан турди-да, тушунтира бошлади:

— Ойинг ўргилсин, мен ҳеч кими йўқ бир кампирман. Тунашга жой тополмай шу ерга ўтира қолдим-да!.. Сен мени қамаб қўясанми-а, ойинг ўргилсин?..

Миршаб йигит кулиб юборди.

— Вой, холажон-ей, — деди у ҳамон кулгидан ўзини тўхтатолмай, — Сизнинг нимангизни қамайман?.. Юринг, машинага чиқайлик бўлмаса, бир яхши жойга олиб бориб қўяман… У ерда совуқ емайсиз, оч қолмайсиз…

— Қамаб қўймайсанми, ахир?..

— Йўқ дедим-ку, юринг!..

Маҳфират ая ишониб-ишонмай миршабнинг орқасидан бориб, машинага чиқди. У қариялар уйига кетаётганини ҳали билмасди.

 

САРГАРДОНЛИК

 

Бир қаватли мўъжазгина бино ичкарисидагиларнинг барчаси Маҳфират аяга ўхшаш кекса чол-кампирлар эди. У ҳануз қаерга келиб қолганини англаёлмай гоҳ унга, гоҳ бунга қарар, миршабдан сўрагиси келарди-ю, барибир, қамаб қўйишидан қўрқиб индамайгина навбатчи ҳамширани кутарди. Миршаб масъул одамга Маҳфират аяни топширгач, тезда орқасига қайтди. Юзлари захилгина, лабларининг ингичкалигидан жаҳли тезлиги кўриниб турган ўрта яшар аёл ўзига ҳайрат билан тикилиб турган бу озғингина нотаниш кампирни бошдан-оёқ кузатиб чиқди-да, саволга тута бошлади:

— Ҳеч кимингиз йўқми?..

— Йўқ-да, болам!.. Бир ўзим кўчада қолиб кетганман…

— Ҳм-м… Паспортингизни беринг-чи!..

Маҳфират ая унинг нима деяётганини тушунмай аёлга яқинроқ ўтирди.

— Нима дединг, ойинг ўргилсин?..

— Паспорт дедим… Ҳужжат-пужжат борми?..

— Йўқ… Менда ҳужжат нима қилсин?!

— Шунақами?.. Унда биз сизни қабул қилолмаймиз… Қонун-қоида шунақа…

Аёлнинг кескин муомаласидан Маҳфират ая гўёки музлаб кетди. «Буям келинимдан баттарга ўхшайди, — ўйлади ичида, — Бир томондан қабул қилмаганиям яхши… Кейин ҳар куни қонимни ичсинми?!»

— Қабул қилмасанг, мен қаерга борай, ўргилай?.. Шаҳарни билмагандан кейин қийин-да!..

— Вой, мен қаёқдан билай?.. — аёл шундай деди-ю, Маҳфират аяни ташқарига судради, — Қани, энди чиқинг, ётадиган вақт бўлди… Вақтим йўқ…

Маҳфират ая қоронғи, нотаниш йўл бўйлаб кетиб бораркан, очликдан, чарчоқдан мажолсизланган тиззалари симиллаб оғрирди.

 

ЁЛҒИЗ ЯШАШ ОСОН ЭМАС

 

Боши берк кўчага кириб қолган Маҳфират ая пишқириб оқаётган катта бир анҳор бўйига амал-тақал етиб келгач, нафасини ростлаш илинжида қирғоққа ўтирди. Шундай тўкин-сочин замонда ҳеч кимни оч-наҳор, бунинг устига ёлғизлатиб қўймасин экан.

— Ҳой, одамлар-ей!.. — базўр овоз чиқариб ёлворарди кампир онда-сонда у ёқдан-бу ёққа шошилиб ўтиб бораётган нотаниш кимсаларга икки қўлини чўзиб, — Ташландиқ бир кампирга хайр қилинглар-ей!..

Йўқ… Чамаси, одамлар шафқатсиз бўлиб кетишибди. Ҳеч ким унга қайрилиб қарамади. Бир бурда нон ташлаб ўтишга ярамади одамлар. Руҳи тушиб бошида пайдо бўлган оғриққа чидолмай кетаётган Маҳфират ая беихтиёр қор босган ерга чопонини тўшаб оҳиста ёнбошлади-ю, кўзларини юмди. Шу тобда қаёқдан кела қолишди билмайди, икки-учта дайди ит гоҳ юз, гоҳ оғриётган оёқларини искалай бошлади. Шундоқ ҳам аъзойи баданидан совуқ ўтиб бетиним қақшаб ётган кампир исинарман деган умидда итлардан бирини маҳкам қучоқлаб олди. Янглишган экан. Ит ҳам очликка чидолмай турганиданми, ё қўрқиб кетдими, Маҳфират аянинг билагидан жонҳолатда тишлади-ю, шу заҳоти номаълум тарафга қараб қочди.

— Вой-вой-ей-й!.. Энди нима қиламан-а?! Вой, қўлгинам-ей!.. — Маҳфират ая йиғлай-йиғлай кўйлагининг этагидан пича йиртиб олиб қонга бўялган билагини боғлашга тушди.

— Ойижон, сизга нима бўлди?.. Нега йиғлаяпсиз?.. Ие, келинг, ўзим боғлаб қўяман ярангизни…

Кутилмаган овозни эшитиб жони оғриётганини ҳам унутаёзган Маҳфират ая ҳовлиқиб бошини кўтарди. Қаршисида 12-13 ёшлардаги ўғил бола турар, дарров кекса кампирнинг қўлини боғлаб қўйгиси келарди-ю, негадир иккиланарди.

— Вой, ойинг айлансин, ўзим боғлаб олдим… — деди кўз ёшларини енгига арта-арта Маҳфират ая, — Ўзинг ким бўласан?..

— Мен шу ердан ўтиб кетаётгандим, — деди бола энгашиб, — Ўзингиз нега совуқда ўтирибсиз?.. Уйингиз йўқми?..

— Уйим йўқ, болам, уйим йўқ…

— Унда юринг, сизни автобусда опкета қолай… Бизни домдаги ертўла иссиқ… Кейин… Сизга ўзим овқат олиб чиқиб тураман…

— Вой, бой бўлгур болам-ей!.. Мен кампирга ачиндингми-а?.. Майли, борсам-борарман… Қани, қўлимдан тортиб юборгин-чи, оёқ қурғур музлаб қолди шекилли…

Маҳфират ая автобусда ўтириб болага қайта-қайта тикилиб қараркан, қаердадир кўргандек бўларди-ю, сира эслаёлмасди.

 

БИР ТУШНИНГ ТАЪБИРИ

 

Маҳфират ая яна қайтиб ўғли яшайдиган жойдан битта уй нарига келишганини, афсуски, билмади. Бола кўрсатиб кетган ертўлани Тошкентнинг янги бир чеккаси билиб оғир хўрсиниш қилди-да, зах, қоронғи ертўлада пайпаслана-пайпаслана қуруқ жой топди. Сўнгги дамларда қулоғи сал оғирлашиб қолгани туфайли бўлса керак, қаердандир чакка ўтаётганини, суваракларнинг беўхшов чириллашларини эшитмади. Бироз вақт ўтгач, бола олиб чиққан бир бўлак нонни амал-тақал еган бўлди-ю, чарчоқ енгиб уйқуга кетди… Ҳа, кампир шўрликни бетон зах бўлса-да, иссиқ элтиб анча кундан бери илк бор туш кўрди. Тушида… Ям-яшил водийда Бахтиёр икковлари турган эмишлар-у, қаердандир чоли раҳматли бино бўлиб, нуқул уларни майсазор сари етаклармиш. Она-бола шунча ўзларини орқага ташласалар ҳам сира иложи бўлмабди қутулишнинг.

— Юр, — дебди кампирининг қўлидан тортқилаб қария, — Мен сенинг қийналганингни эшитиб қабримда тик турибман, кўряпсан-ку!.. Ўғлингни бўлса, анави аждаҳоларнинг синовига ташлаймиз, қутулса ана, қутула олмаса, дўзахи бўлади…

— Йўқ… Мен ҳали невараларимнинг тўйларини кўрмоқчиман… Намунча бизга ёпишиб олмасангиз?.. Қиладиган ишингиз йўқми шундан бошқа?.. — йиғлай бошлабди Маҳфират ая силтаниб. Шу кўйи жон талвасасида ўзини орқага ташлайверган кампир охири чарчаб ерга ўтириб қолибди-ю, пайтдан фойдаланган чоли ўғлини ҳам унутиб Маҳфират аяни даст кўтарганча, водий ичкарисига — турфа гул, сайроқи қушлар макон тутган тарафга олиб кета бошлабди. Аммо қандайдир дарвозага етгач, қурол ушлаган узун бўйли, олти кўзли девлар пайдо бўлибди-ю, Маҳфират аяни чолининг қўлидан тортиб олиб келган томонига чунонам ирғитишибди, сал қурса бели узилиб кетаёзибди…

— Вой жоним… Вой белим!.. — эрта тонгда белида пайдо бўлган кучли оғриқдан инқиллаб уйғонган Маҳфират ая чак-чак томаётган сувдан ичиш илинжида ўрнидан турмоқчи бўлди.

Афсуски, зах бетон тонгга қадар кампирнинг белидан олган, энди у ҳеч қачон ўрнидан қўзғалиш бахтига муяссар бўла билмасди.

 

АЗОБ УСТИГА АЗОБ

 

Маҳфират аядан хабар олавериб бола ҳам зерикди. У яна оч қолди. Икки кунлик қийналиш бутунлай ўрнидан туролмай қолган кампирни керагича ҳолдан тойдирди. Устига-устак ҳар сувараклар бор эдики ертўлада, гоҳ юзига ўрмалаб кетар, гоҳ ичига кириб тишлаб қочарди. Сичқон, каламушларни айтмаса бўлади. «Бу қоронғи жойларга иши тушадиган зот ҳам бормикан?.. — ўйларди Маҳфират ая, — Қанийди бирон-бир имонли одам адашиб бўлсаям кириб қолса-ю, бир бурда нон, ярим пиёла сув берса!.. Сўнгги нафасим қолгунча дуо қилардим, худойим!.. Ё бўлмаса, омонатингни олгин… Ёруғ дунёни кўролмасам, ўрнимдан қўзғалишга мадорим етмаса… Оч-наҳор, ташландиқ, нотавон бандангни бунча хор қилиб беназар қўйдинг-а?..» Не илож… Маҳфират ая икки кунгача тинимсиз гоҳ овоз чиқариб, гоҳ хаёлан илтижо қилди Худога. Бироқ у кутган нажотдан дарак бўлавермади. Жони ҳалқумига келаёзган кампир ертўлани тўлдириб у ёқдан-бу ёққа ўрмалаб ўтаётган шохли, ҳар бири ёнғоқдек-ёнғоқдек суваракларга қараб туриб беихтиёр улардан бирини тутиб олди-да, таваккал оғзига солиб чайнаб кўрди. Аввалига кўнгли айниб ўқчиб юборди. Лекин… Очлик уни яна шу ишни такрорлашга мажбур этарди. «Эссиз… Келиб-келиб куним шу махлуқларга қолиб ўтирса-я!.. — чайнала-чайнала жавраб қўйди Маҳфират ая, — Шунақа дейман-у, бу қурмағурлар ҳам таъмлига ўхшайди».

У барибир учтадан ортиқ суварак ея олмади. Меъдасига тегиб, жиғилдони қайнайверди. Шундан сўнг дунёдан умид узиб эндигина кўз юмган эдики, кутилмаганда ертўла эшиги очилиб, ичкарига ёруғлик тушди.

— Ҳой, имонинг бутун бўлгурлар, — ётган ерида ҳовлиқиб қичқира бошлади Маҳфират ая, — Мен нотавонга раҳмингиз келсин!.. Бу… ёққа-а!..

Унинг ноласи етди шекилли, кимдир зиналардан оҳиста пастга тушиб ичкарига мўралади. У сув йўлларини текшириб юрган уста йигит эди. Қоронғида кимдир ётганига, бақираётганига кўзи тушди-ю, шоша-пиша чироқни ёқди.

— Кимсиз?.. — Маҳфират аянинг рўпарасига келиб ғоз туриб қолди йигит, — Бу ерда нима қиб ётибсиз?..

— Вой болам-ей, мен ўрнимдан туролмайман… Бел… Белим ишламайди… Малол келмаса, бир бурда нон берсанг-чи, ойинг ўргилсин!.. У дунё-бу дунё дуо қиламан, ахир!..

— Ҳозир… Ҳозир… — йигит даҳшатга тушганидан ўзини зўрға босиб ортига қайтди, — Сиз ёта туринг, ҳозир опкеламан…

Маҳфират ая Яратган эгамга қайта-қайта ҳамду санолар айтиб, бир муддат очиқ эшикдан тушаётган қуёш нурига кўзида ёш билан термулиб қолди. Шу тобда негадир юраги ҳар қачонгидан ҳам безовтароқ ура бошлаган эди.

 

НАСИҲАТ КОР ҚИЛМАЙДИГАН ОДАМ

 

Уста йигит йўл-йўлакай бош қотира-қотира кутилмаганда сесканиб кетди. «Ахир… Бу кампир Бахтиёр аканинг онаси эмасми?.. Ҳа, ўша… Ўша… Қизиқ… Шундай бой одамнинг кекса онаси ертўлада нима қиб ётибди?..» У жонҳолатда югуриб бориб маҳаллақўм хонасининг эшигидан ичкарига қадам қўяркан, остонаданоқ қичқира бошлади:

— Саминжон ака, юринглар!.. Юринглар!..

— Ҳа, нима гап, тинчликми?.. — Кутилмаган бақир-чақирдан безовталаниб йўлакка югуриб чиққан маҳалла оқсоқоли йигитнинг елкасидан ушлади, — Сув тошибдими, ё ёнғин чиқибдими бирон жойда?.. Э, сал ўзингни босиб олсанг-чи!..

— Ўнинчи домнинг ертўласида… Анави дўкондор Бахтиёр ака бор-ку саккизинчи домдаги, ўшани ойиси ўрнидан туролмай ётибди… Мендан нон сўради… Анчадан бери ётган бўлса керак-да!..

— Нима?.. Маҳфират ая?.. — Самин оқсоқол бир зум бош қашиб олгач, йигитга юзланди, — Юр, ҳозироқ… Тез бўл!.. Оббо, Худо урди!..

Икковлон олдинма-кетин кўз очиб юмгунча ертўлага етишди.

Самин оқсоқол жонҳолатда кампирга яқинлашиб, юз, қўлларини ушлаб кўрди… Афсус… Улгуришмабди… Маҳфират ая аллақачон жон таслим қилиб улгурибди…

— Салим, нега шунча вақт бу ерда ётибди-ю, билмабмиз-а?.. — кўзида ёш билан уста йигитга термулди оқсоқол, — Қандай яхши кампир эди-я, раҳматли!.. Наҳотки, Бахтиёрниям хабари бўлмаса?.. Йў-ўқ… Бу ерда бир гап бор… Уйига кириш лозим… Нима бўлгандаям, фарзанди… Баҳонада сабабиниям аниқлаймиз…

Самин оқсоқол уста йигитни ёнига олиб мурдани маҳалла идорасига олиб борди. Ҳайратдан ёқа ушлаган одамлар бутун идорани босди. Кимдир ўзича хулоса ясади, кимдир Бахтиёрдан кўриб қарғади. Оқсоқол эса… Ўйланиб ўтиришга фурсат йўқ эди… Яна уста йигит, бир-икки кексароқ кишиларни ёнига олди-ю, Бахтиёрникига жўнади.

Бахтиёр бамайлихотир овқаланиб ўтирган экан. Эшикни очиб саломлашгандан кейин ҳам чайналаётганини кўрган Самин оқсоқол тутоқиб кетди. Аммо, андиша юзасидан ўзини босиб секин-аста сўради:

— Ука, ойинг уйдами?.. Маслаҳатлашадиган гап чиқиб қолувди…

— Ойим?.. — Бахтиёр бирдан ранги оқариб бош қашишга тушди, — Ойим уйда йўқ эди…

— Қаерда?..

— Билмадим… Бирон-бир қариндошлариникида бўлса керак-да!..

— Суф сенга-е, бойвачча!.. — деб юборди беихтиёр Самин оқсоқол қўлини мушт қилиб, — Кап-катта, дунё кўрган деб ким айтади сени?.. Кўзимга қараб ёлғон гапиряпсан-а, вей!..

— Э, оқсоқолман деб оғзингизга келганини гапираверманг, билдингизми?! Бу менинг оилам, сизнинг аралашишга ҳаққингиз йўқ!.. — Бахтиёр лаби учиб шу гапларни гапирди-ю, эшикни ёпмоқчи бўлди.

— Тўхта!.. — унинг ёқасидан олди Самин оқсоқол. — Ойинг ҳозир менинг хонамда… Ўлдириб бўлдинг уни, ҳароми, ўлдириб бўлдинг!.. Қанақа бойсан, қанақанги виждонсизсан-а?.. Сени шу ёшга етказган онани ҳайдаб солганмидинг, хотинчалиш?!

— Нима?! Ойим?! Қаерда?! Қайси… Нега?.. — кутилмаган хабарданми ёки номус азобида қолибми, тобора қон босими кўтарилиб бораётган Бахтиёрни икки эркак ичкарига олиб кириб дори ичириш билан овора бўлаётган маҳалда, Сарвиноз қўрқувдан дағ-дағ титрарди, холос.

 

СЎНГГИ НАФАСДАГИ СЎЗ

 

Маҳаллақўмнинг ортидан гўё кишанланган одамдек эргашиб келган Бахтиёр оломонни ёриб ўтиб, онасининг жонсиз танасига кўзи тушди-ю… Адойи тамом бўлаёзди.

— Ойи-и!.. — бирдан овозининг борича қичқириб Маҳфират аянинг устига ўзини ташлади у, — Мен… ҳайдаганим йўқ!.. Мен сизни… Хўрлаган эмасман!.. Ҳозир… Сизни уйга… Уйимизга, ўз уйингизга олиб бораман… — Бахтиёр кутилмаганда мурдага ёпишиб, уни ердан кўтариб олмоқчи бўлди.

— Йўқ… — Саминжон ака унинг елкасидан ғижимлади, — Мурдага тегма!.. Ҳеч бўлмаса, ўлгандан кейин тинч ётсин бечора… Худога шукр, маҳалла тирик, битта марҳума бўлса кўмиб олишга қурбимиз етади…

— Нима?.. — Бахтиёр маҳаллақўмнинг қўлини силтаб ташлаб жаҳл аралаш тикилди, — Қанақа маҳалла?.. Тупурдим ўша маҳаллангга, билдингми?.. Қоч ҳамманг!.. Йўлимни тўсма деди-им!..

Бу гапдан аччиқланган бир неча давангир йигитлар Бахтиёрни икки қўлтиғидан олиб диконглатганча ташқарига чиқариб ташлашди… Ҳам хўрлик, ҳам номус азобида қийналаётган Бахтиёр жаноза ўқилаётган маҳалла шийпонига киролмай уйи атрофида турганча дир-дир титрар, фақат… Баъзи-баъзида айвонда туриб маросим кўраётган хотинига алам билан қараб қўярди.

 

КЕЧ ОЧИЛГАН КЎЗ

 

Не қилсин?.. Бахтиёрнинг кўзлари бошига тушган қатор-қатор мусибатлардан кейингина янада каттароқ очилди. Худди осмондан тушгандек дўконларини босган солиқчилар хонумонини суғуриб олишди. Бир пасда бой деган номга бегона бўлиб, сувга тушган мушукдек шумшайган кўйи уйга қайтган Бахтиёрни бу сафар, афсуски, Сарвиноз ҳам негадир тарк этган эди. У стол устида қолдирилган хатни ўқиб чиқаркан… Кўзларига ишонмасди.

«Бахтиёр ака, сезгандим. Тушимга аён бўлганди… Сиз қарғишга қолгансиз… Ажаб бўлди, хўп бўлди… Энди… Сиз кимга кераксиз?.. Менга зарил кептими қарғиш урган одам билан яшаб… Яхши қолинг.

САРВИНОЗ.

Эсиз ёшлик… Эсиз болалик… Нега у вақтида ота-онанинг қадрига етмади?.. Нега хотинга сиғинди?.. Энди ким унга ҳамдард бўлади?.. Ким унинг ҳасратини тинглайди?.. Ҳеч ким… Ҳеч ким…

Вақт-соати етиб, ниҳоят, боши деворга урилган, Сарвиноздан ҳам, бойликдан ҳам вафо кўрмай, устига-устак, ўжар, меҳрсизлиги туфайли маҳалла-кўйнинг ҳурмат-эътиборига аллақачон бегона бўлган Бахтиёр бўшашганча қабристонга борди. Бор-йўғи лой билан суваб қўйилган Маҳфират аянинг қабрига бош тираб тўйгунича йиғлади, дод солди. Не ажабки, ҳар додлаганда кўримсизгина қабрнинг лой сувоқлари ёрилиб-ёрилиб бораётгандек эди.

Олимжон ҲАЙИТ