КИЛЛЕР… (10-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Ҳовли жуда тор эди. Тўрт томонида кичкина-кичкина хоналар. Уларнинг ҳам сувоқлари кўчган. Анчадан бери таъмир кўрмаганини Валидек ёш бола ҳам тез англаб етди…

Хоналардан бирига киришди. Остонага бетон қуйилгани боис баландроқ экан. Толмас ака аравачани даст кўтариб ичкарига киритиб юборди…

Ўртага хонтахта қўйилган. Хонтахта атрофида икки эркак мудраб ўтиришарди.

Бири эллик ёшлар оралиғида. Соқол қўйиб олган. Гоҳи-гоҳида иягини силкиб-силкиб қўяди.

Иккинчи эркак ёшроқ. Борган бўлса, қирққа боргандир. Бироқ унинг ҳам сочлари шеригиники каби оқариб кетган. Фақат соқоли йўқ. Билаклари йўғон, кенг елкали…

Кўз қарашлари хунук экан.

Кирганданоқ ўшаниси Валига ёқинқирамади.

— Қани, оқсоқол, танишинглар! — баланд овозда уларни уйғотди Толмас ака. — Манави болани ахлатхонадан топиб олдим. Бир кунимизга яраб қолар дедим-да!.. Э, раҳмим келди аҳволини кўриб!.. Уйингизда… Бизминан яшаб турса…

Вали шундан кейин оқсоқол деганлари уй эгаси эканини билди.

— Хў-ўш, қани, қўлни бер-чи ота ўғил! — соқолли эркак ўрнидан туриб Валига қўл узатди. — Маладес! Отинг нима?

Вали исмини айтди.

— Яхши, мени Оқсоқол амаки деб чақиравер! Бу амакинг эса, Полвон!..

Танишув онлари ниҳоя топгандан сўнг Толмас ака Валини авайлаб аравачадан тушириб олди ва орқасига болиш қўйиб кўрпачалардан бирига ўтқазди.

— Аввал қорнингни тўйғаз! — деди у дастурхондаги қотган-қутган нонларни, пиёладаги шакарни яқинроқ қўйиб. — Ҳозир чой ҳам дамлаб бераман…

Вали нонлардан пича тотинган бўлиб пиёлага қуйилган чойни ичди.

Ичкаридаги бадбўй ҳид нафас олишига халал берарди. Буни энди-энди ҳис эта бошлади. Шунга қарамай, хўриллатиб-хўриллатиб чой ичаётган Толмас акага мамнун қараб қўйди. У ҳам пайқаган каби Валига баъзан жилмайиб қўяр, шерикларига «Қара, зўр бола экан!» дегандек сўзсиз ишора қиларди…

Кечга бориб уй одамга тўлди. Дастурхон устига аввал ароқ, турли газаклар қўйишди. Албатта, ҳамма ишни Толмас ака бажарар, Оқсоқол ёнбошлаб олганча, йиғилганлар билан астойдил суҳбат қурарди…

Ҳаммаси тайёр бўлгач, ароқлар очилиб ичкилик бошланди. Валини аравачасига қайтадан ўтқазиб қўйишганди. Бир чеккада ўтирганча эркакларнинг ароқ ичишларини томоша қилди. Баъзилари пиёладаги ароқни худди сувдай симирар, газак ҳам қилиб ўтирмай, яна қуйиб беришини сўраб пиёлани Толмас аканинг олдига суриб қўярди. Баъзилар эса, икки марта бўлиб ичарди. Кетидан помидор чайнарди…

— Вей бола, — ўтирган еридан бақирди Оқсоқол. — озгина оласанми-а?..

Вали унга жавобан кулиб қўйди. Тўғриси, унинг ҳам ароқдан татиб кўргиси келиб ўтирганди. Анчадан бери қизиқарди. Шунинг учун ёнидаги йигит узатган пиёлани қайтариб ўтирмади. Шартта қўлидан олди-да, кўзларини юмиб кўтарди…

Жуда аччиқ нарса бўларкан. Етиб борган ерини куйдириб ўтди-ёв!.. Ҳатто, бир муддат нафас ололмай ҳиқиллаб ўтирди. Шунда кимдир қўлига помидор тутқазди. Помидорни чайнаб егандан кейин сал ўзига келиб пиёлани қайтадан Толмас акага узатди.

— Маладес, эркак! — қичқирди Оқсоқол. — Ҳақиқий эркак мана мундай бўпти!.. Менга қаранглар, жўралар, бу йигитчани Толмасвой ахлатхонадан топиб олибди. Энди бизминан яшайди. Чўталчи қилиб қўяман!

Бу гапи кимларгадир ёқмади шекилли, ўзларича ғудраниб қўйишди. Охири Оқсоқол тинимсиз Қийшиқ деб мурожаат қилаётган кўзлари ғилайроқ бир йигит гап ташлади.

— Энди кўпроқ пул йиғишнинг йўлини топибсиз-да-а, Оқсоқол?!.

— Вей, сенга ким қўйибди гапиришни? — кайфи ошиб қолган Оқсоқол даст ўрнидан туриб Қийшиқнинг ёқасидан бўғди. — Ўзинг кимсан-у, яна гапирасанми? Ҳозир…

Толмас ака эпчиллик билан Оқсоқолни елкасидан ушлаб турғазди.

— Қўйинг, ака, шу мишиқиминан тенг бўласизми? Гапирса гапириб ўлмайдими?!. Ҳозир ошиқ тепганда кўрамиз тили бурро бўлишини. Биласиз-ку!..

— Бўпти, қани, ичкиликни йиғиштир ҳамманг! Ўйинни бошлаймиз!..

Кўз очиб юмгунча дастурхондаги нарсалар йиғиштирилиб, хонтахта олиб ташланди. Толмас ака югурганча нариги хонага ўтиб, тўрт дона ошиқ келтирди ва гилам устига ташлади…

Биринчи бўлиб Толмас ака тепди. Омади келмади шекилли, ошиқларнинг биронтаси ҳам тик турмади. Ў кайфи ошгани панд берди. Ишқилиб, жаҳли чиққанидан «Ҳе онангни!» дея сўкинди-ю, бир четга ўтди. Навбат Қийшиқники эди. У билдирмай турганларга кўз ташлади. Ҳаммаси кайфда. Кўзларини қисганча ошиқни кузатишарди…

Қийшиқ пайтдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Бунинг устига хона торлиги сабаб у бошидан бу бошигача икки-уч қадам келади холос. У деворга бориб урилиб ёнгинасига ётиқ ҳолда келиб тушган ошиқларни оёғи билан тез тикка қилди. Буни деярли ҳеч ким пайқамай қолди. Фақат бир четда қиморни қизиқиб томоша қилаётган Вали билди. Англадики, Қийшиқ ғирромлик қилмоқчи. Бирпас индамай турди. Қараса, Қийшиқ астойдил қичқириб тикилган пулларни йиғиш билан овора.

— Ҳа-а!!! Ютдимми?!. Ютдимми?!. Ана шунақа! Қийшиқниям омади бор!..

— Ўлғон! — ўтирган ерида бақириб юборди Вали. — Толмас амаки! У оёғиминан тикка қилди ошиқларни! Ўзим кўрдим!..

— Нима? — Толмас ака ўзига келгандек Қийшиқнинг тепасига келди. — Сен ҳали ғирромлик қилишниям биласанми?..

— Қўлингни торт, қария!.. Бу мишиқи боланг ниманиям тушунарди. Ўлай агар, оёғимни теккизган бўлсам…

— Ўш бола ёлғон гапирмайди!.. Қани, буёққа юр, кунингни кўрсатиб қўяман сени!..

Толмас ака Қийшиқни судраб ташқарига олиб чиқиб кетди. Оқсоқол гандираклаб келганча, Валининг пешонасидан ўпиб қўйди. Аммо Қийшиқнинг тарафдорлари ундан кўз узмай, нафрат аралаш қараб туришарди…

Орадан ярим соатлар ўтиб Толмас ака Қийшиқни ичкарига судраб кирди. Шу жанжал баҳона қимор ҳам тўхтаб, ўтирганларнинг кайфи тарқаган кўйи хомуш тортиб қолишганди.

Толмас ака Оқсоқолнинг имоси билан башараси қонга бўялган Қийшиқни ўртага олиб ўтди.

— Тошканда қимор деганига ғирромлик сиғмайди. Буни билардинг-а? — Оқсоқол Қийшиққа яқин келиб елкасига қўлини қўйди. — Ўзинг ўзингга ташвиш орттирдинг, акаси! Энди бу айбингни қандай ювмоқчисан?..

Қийшиқ бош эгган кўйи шерикларига бир-бир қараб қўйди.

— Бошқатдан ўйнаймиз.

— Яхши. Бироқ… Ҳа майли, бунисини кейин гаплашармиз… Қани, ошиқларни қўлингга ол!..

Қийшиқ итоаткорона юриб бориб уй бурчида сочилиб ётган ошиқларни қўлига олди ва ҳаммасини тик ҳолда хона ўртасига ўрнатди.

— Қанча тикасан? Тикиш сендан!.. — деди Оқсоқол Толмас акага кўз қисиб. — Пулинг борми ўзи?

— Хафа қилаяпсиз, ака! — ғудранди Қийшиқ. — Пулим бўлмаса, қиморхонангизга қадам босмайман. Мени ўзингиз яхши биласиз.

— Илгари билардим сени. Жуда ҳалол ўйнардинг. Билмадим, бугун нима жин урди сенга!.. Хўп, қанча тикасан?

Қийшиқ бирпас ўйланиб турди-да, ҳаммага эшиттириб тикаётган пулининг миқдорини маълум қилди.

— Бир милён!..

— Ў алҳазар!.. — ўтирганлар бирдан оҳ тортиб юборишди.

— Гапинг гапми? — сўради Оқсоқол кулимсираб. — Тағин кейин… Гапингдан қайтиб ўтирмайсанми? Ўзингга ёмон бўлади, бола!

— Гапим гап!

— Теп ошиқни!

— Ў Жамшид!..

Афсуски, ошиқлар у айтгандай тик туриб қолмади. Ҳеч бўлмаса, биттаси Қийшиқнинг ишончини оқламади…

Келишилганидек, Оқсоқол навбат олди. Унинг тепиши масалани ҳал қилади. Мабодо иши ўнгидан келмаса, Қийшиқ яна бир ошиқ тепиш имконини олади…

Йўқ, Қийшиқнинг омади чопмади. Қиморда Оқсоқол деб ном чиқарган бу одамнинг тепган ошиқлари баравар тик турди…

Қийшиқ адойи тамом бўлди… Бошини чангаллаган кўйи анча вақт ўтирди…

Уни Оқсоқолнинг овози ўзига келтирди.

— Нимаям қилардик, ука? Буни ўйин деб қўйибди. Энди шерикларингминан маслаҳатлашиб пулнинг иложини топарсан… Сенга бир ҳафта муддат. Келаси Шанба шу вақтда пуллар менинг қўлимда бўлиши лозим. Кечиксанг, фоизи ошиб бораверади.

— Биламан, ака! — шивирлади Қийшиқ. Ва шерикларини ташқарига имлади…

Буларнинг ҳаммасини Вали бир четдан кузатиб ўтирар, қиморбозларнинг тортишишлари, бировининг ютқазиб оғир аҳволга тушиши янада қизиқишини орттирар, «қанийди яна ўйин бўлса», деган хаёл билан ҳаммаларига бир-бир умидвор тикилиб қўярди…

Йўқ, ўйин жуда совуқ ниҳоя топди. Бунақаси баъзи-баъзида содир бўлиб туришига қарамай, барибир қиморбозлар ўртасига совуқчилик тушиб, сўзсиз, бир-бирларига нафрат билан тикилган кўйи тарқалишди…

— Хўш, болакай, ўйин сенга ёқдими? — Толмас ака уйда ёлғиз қолишгач, Валига юзланиб сўради.

— Зўр экан! — деди ҳовлиқиб Вали. — Энди қачон ўйнайсизлар, амаки?

— Эндими?.. Шошилма, бу ерда эртага бугунгисиданам зўр ўйин бўлади. Қўқонлик қиморбозлар келишади!

— Улар яхши ўйнайдими?

Бу саволни эшитиб Толмас аканинг ранги бирдан ўзгарди.

— Бекорларни айтибсан! — деди Валига қаттиқ тикилиб. — Қимор ўйнашда тошканликка етадигани йўқ. Кўрасан, уйим пулга тўлмаса, отимни бошқа қўяман!..

 

* * *

 

Қоронғи тушгач, ҳаммалари ётишга чоғланишди. Хонада айтарли кўрпа-тўшак йўқ эди. Оқсоқол Валига увадаси чиққан, ҳаммаёғини қасмоқ босган эски кўрпачани тўшаб берди. Устига ўзининг пиджагини ёпиб қўйди…

Кўрдики, иккала эркак ҳам ароқ таъсиридами, бошларини ёстиққа қўйишлари ҳамоно хуррак ота бошлашди. Валига беўхшов овозлар халал берарди. Анча вақтгача кўз юма олмади. Аксига олгандек, шу кеча яна оёғи симиллаб оғришга тушди. Қўли билан полга тиралиб аста ўрнидан туриб ўтирди. Хона жим-жит…

Шу пайт ахлатхонадаги милтиқ эсига тушиб кетди.

— «Биров опқўйган бўлса-я?! — кўнглидан ўтказди у жавдираб. — Анави машинадагилар келиб опкетган бўлса-я?!. Йўқ, ҳозир бормасам бўлмайди. Лекин… Қандай тураман ўрнимдан?.. Уй эгаси сезиб қолса-чи?..»

Йўқ, қанча уринмасин, гавдасини кўтариб аравачага қадар ета олмади. Алам қилганидан ўкириб йиғлагиси келди. Лекин… иродаси йўл қўймади. Бир пайтлар ахлатхонада тортган азоблари, дайди, пиёниста эркаклардан беҳуда еган калтаклари кўз олдида намоён бўлиб лабларини қаттиқ тишлаб олди. Ахир, ўшанда ҳам кўзига ёш тўлиб кетса-да, овоз чиқариб йиғлашни ўзига эп кўрмаган! Йиғлаш фақат қизларга хос деб ўйлаган. Ҳозирги қийналгани нима бўпти?!. Майли, эрталабгача чидайди. Толмас акадан сўраса, қўйворар…

Шундай хаёллар билан қайтадан ўрнига чўзилиб деразадан ташқарини кузатган бўлди. Осмонда юлдузлар деярли кўринмас, афтидан ёмғир ёғиши мумкиндек, аҳён-аҳёнда қора булутлар осмонда саф тортиб тобора яқинлашиб келарди…

Вали анча пайтгача кесилган оёғини силаб ётди. Шундай қилса, гўё оғриқ пасаяётган каби силаган сари жони ҳузур топганга ўхшарди…

Шу ётишда қанча ётди билмайди. Барибир кўзи юмилмади. Эндигина ширин хаёлларга берила бошлаганди ҳамки, эшик безовта тақиллади. Оқсоқол хуррак отишдан тўхтаб қоронғида тимирскилана-тимирскилана кийимларини топиб кийди ва эшик зулфинини суғурди…

Эшик очилиши ҳамоно Оқсоқолнинг хириллаган товушини эшитган Вали сапчиб ўрнидан туриб кетди. Бу орада Толмас ака ҳам уйғониб ташқарига чопди.

Келганлар Қийшиқ ва унинг тўрт нафар ҳамтовоғи эди. Уларнинг баланд овозда сўкинишлари хонани тутди.

— Сен мени синдирмоқчи бўлдингми? — дея қичқирарди Қийшиқ. — Вей, кимлигимни билмайсан ҳали!.. Юр ичкарига, қанжиқ!.. Эркакмисан? Юр, дедим!..

Кўз очиб юмгунча ҳаммалари хонага кириб эшикни ичкаридан тамбалашди…

Вали аввалига қўрқиб кетди. Оқсоқолнинг юзлари қонталаш бўлиб кетибди. У секин кўрпа орасидан мўралаб бошқаларини кузатди. Қийшиқдан бошқасини танимади. Иккитаси Толмас акани ҳам бўғиб олганди.

— Болани ташқарига опчиқиб ташла! — улардан бири Толмас акага буюрди. — Бўл тез, қўрқиб кетади!..

Ҳайрон қолди. Толмас ака ҳам бақувватликда улардан қолишмасди. Бироқ шу тобда индамай Валини кўтариб аравачага ўтқазди-ю, эшик томон ғилдиратди…

Бечора бола. Яна кўчада қоладиган бўлди. Ташқари анча совуқ. Аксига олиб шошилинчда устидаги костюмини ҳам кийдириб қўйишмабди…

Хўш, энди нима қилади?.. Қачонгача ичкаридагилар чиқишини кутади…

Ичкарида бўлса, бақир-чақир кучайгандан кучайди.

— Хўш, гапингни қайтиб оласанми-йўқми? — ҳайқирарди Қийшиқ. — Айт тезроқ, вақтим йўқ!..

— Менинг ҳезалаклик одатим йўқ. — бу овозни аниқ англади. Оқсоқол. Фақат… Нега хириллаб чиқаяпти товуши?..

— Эркак бўп туғилганманми, шундайлигимча қоламан… Вей, ютқаздингми? Тўлаб қўй энди, хунаса!..

— Мана тўлайман!..

— Менга қара, — деди нотаниш овоз эгаси. — чўзиб ўтирамизми? Кел, тезроқ буларни тинчитиб кета қолайлик!.. Пичоқни ол, пичоқни!..

Вали сездики, ҳозир-ҳозир пичоқбозлик бўлади. Бу нарсанинг қандай оқибатга олиб келишини ўн учга тўлиб-тўлмаган бўлса-да, яхши билади.

— «Қочаман, — дея хаёл қилиб ҳовли тарафга юра бошлади у. — мениям ўлдирворади бу одамлар…»

У жонҳолатда дарвозани очиб ташқарига чиқди-да, қоронғилик қаърида ўзи билган ахлатхона томон аравачасини учирди…

Бетон уйча ёнига етгач, ҳар эҳтимолга қарши орқасига қараб олди. Тўғриси, нимадандир қўрқаётганини ҳис этарди. Бу ҳолат унга илгари бегона бўлган. Ҳозир нега қўрққиси келаяпти?.. Ақли етмади. Ҳеч ким йўқлигидан хурсанд бўлган кўйи ичкарига кирди.

Уйчанинг ичи ташқаридан ҳам қоронғи эди. Нимадир эсига тушгандек шимининг чўнтакларини пайпаслади. Ҳа-а, яхшиям анави қиморбозлар ичиб ўтирганда чўнтагига гугуртлардан бирини солиб олган экан. Шоша-пиша қўлига олиб гугуртни ёқди. Хона ичи ёришгач, секин-аста милтиқ яширилган ерга яқин борди ва ковлай-ковлай уни қўлига олди…

Эҳ, қанийди узоқ-узоқларда, кимсасиз ерларда бўлса-ю, бир отиб кўрса!.. Бу ерлар шаҳар бўлса. Кимдир эшитиб қолса, милисага бериб юборишдан ҳам тоймайди…

Шу пайт машина овози эшитилгандек бўлди. Вали жонҳолатда қуролни жойига беркитди-да, ташқарига мўралади. Ҳақиқатан… Ҳов нарига машина келиб тўхтаганди.

— Булар кечагилар. — кўнглидан ўтказди у. — Яна милтиқ қидириб келишган… Қизиқ, ким экан булар ўзи?.. Каллакесарлар бўлса керак-да!..

У секин-секин аравачасини ғилдиратиб бетон уйчанинг панасига ўтди-ю, уларни кузата бошлади…

Аксига олиб машинадан тушган тўрт эркак нақ бетон уйча томон юриб келишарди.

— Ана, панада бекиниб турибди! — деди улардан бири шерикларига. — Қаранглар, бало экан шекилли бу бола-а?!. Отаси тенги одамларни сарсон қилиб юрибди-я!..

Вали аввалига бу гаплар кимга қаратилганини тушунмади. Яна биров ахлатхонага беркинган шекилли, ўшани кўрсатишаяпти, деб ўйлади. Аммо эркаклар яқин келиб қолгач, юраги безовта уриб, кўзларини жавдиратганча қочишга, яширинишга қулайроқ жой қидира бошлади…

Йўқ, энди кеч эди. Эгниларига қора плашчлар кийган барваста эркаклар Валига жуда яқин келиб қолишди.

— Ҳой бола, қани, чиқ буёққа! — қичқирди уларнинг бири. — Қўрқма, биз сени урмаймиз!.. Гапимиз бор сенда…

Тўртовлари кула-кула Валининг тепасига келиб уни ўраб олишди. Биттаси қўлидаги фонарни ёқиб Валининг юзига тўғрилади.

Бола ҳаммаларига бир-бир қараб олди. Юз тузилишлари каллакесарга сира ўхшамасди. Жуда башанг кийинишган. Ҳатто, бошларидаги кепкалар ҳам янги…

— Қани, оғайни, танишайлик! — кулимсираб қўл узатди фонар тутган эркак. — Мен Хурсанд амакинг бўламан. Сен-чи?

— Вали…

— Оббо Валижон-ей, нега биздан беркинаяпсан?.. Бу ерлар қоронғи бўлса… Қўрқмайсанми?

— Қўрқиб қиз боламидим? — Вали сир бой бермай, овозини кўтариброқ жавоб қилди. Эркаклар шарақлаб кулиб юборишди. Хурсанд деганлари аста унинг бошига қўлини қўйди.

— Маладес, ўғил бола!.. Эркак шундай бўлиши керак… Қани, энди менга яшириб қўйган милтиғингни кўрсат-чи!

— Қ-қанақа милтиқ? — қўрқиб кетган Вали қўлларини мушт қилди. — Мен ҳеч қанақанги милтиқ яширганим йўқ… Ҳали ёш боламан-ку!..

— Ҳечам-да, — деди Хурсанд ака болага сирли жилмайиб боқаркан. — сен балони биласан, Валижон!.. Алдашга уринма, биз сени хафа қилмаймиз дедим-ку!.. Кел, бизга ўша қуролни топгин, сениям ўзимминан опкетаман. Маза қилиб яшайсан меникида!..

Вали аста аравачасини орқага тисарди.

— Ҳозир таваккал отаман. — хаёлидан ўтказди у эркаклардан кўз узмай. — Секингина уйчага кириб милтиқни олсам бас… Э, қандай ўқлашни биламан. Кўрганман илгари…

У индамасдан аравачани орқаси билан уйча томон етаклади. Эркаклар ҳамон ҳушёр туришар, унинг ваҳима ичида ўзини сувга отишидан чўчиб ариқ томонни тўсиб олишганди…

Вали ниҳоят уйчага кириб шоша-пиша қўлига милтиқни олди-да, қоронғиликда тимирскиланиб ўқланадиган ерини топди.

— Ана энди кунингни кўрсатаман! — эшитилар-эшитилмас шивирлади у. — Ҳозир ташқарига чиқиб олсам…

Чиқишга чиқди. Аммо милтиқ тепкисини босишга улгурмади. Хурсанд аканинг ўзи орқасидан келиб маҳкам ушлаб қолди.

— Оббо хумпар-ей, — хириллади милтиқни Валининг қўлидан тортиб оларкан. — Ҳали отишниям биламан дегин?.. Яхши, кўрамиз…

— Қўйворинг, қўйворинг! — типирчилай бошлади Вали йиғлаб. — Милтиғимни беринг! Беринг деяпман!.. Ҳаққингиз йўқ!..

— Тез болани машинага ортинглар! — ёнидагиларга буюрди Хурсанд ака. — Вей, қайсар бола, ҳозир меникига борсанг, ҳақиқий жаннатни кўрасан!..

Валининг йиғлаб-сиқтаб ялинишларига ҳеч ким қулоқ солмади. Икки эркак уни ўртага олиб маҳкам қисиб олишди. Машина шу заҳоти ўрнидан қўзғалиб, номаълум тарафга қараб ўқдай учиб кетди…

 

* * *

 

— Тўғри дачага ҳайда! — ҳайдовчига буюрди Хурсанд ака. — Шаҳар жонга тегиб кетди. Бу болани би-ир хурсанд қилайлик!.. Менга қара, Валижон, аёлларга қалайсан-а?..

Ўтирганлар бараварига кулиб юборишди. Вали эса, қовоғини уйганча жим кетиб борарди. Беўхшов кулгилар баттар ғашини келтириб оғир хўрсиниб қўйди.

— Сенам кап-катта бўп қопсан. — давом этди Хурсанд ака. — Ўшинг нечада ўзи?

— Ўн учга кирдим. — истамайгина жавоб қилди Вали.

— Ўҳ-ҳў!.. Уйланадиган бўп қопсан-у, яна индамайсан-а!.. Ҳозир сенга шундай бир аёлларни кўрсатайки, оғзингнинг сўлаги оқиб кетсин!

Яна кулги кўтарилди…

Шу кўйи улар бир қишлоққа кириб боришди. Бу ерларда уйлар кам эди. Айлана атроф дала. Қоронғида нима экилганини кўра олмаган бўлса-да, тоза, ёқимли ҳаво Валига Фарғонани, Вадимни эслатиб юборди. Кўз ўнгида тоғ томон кетиб бораётган машина… Кутилмаганда ағанай бошлашлари… Ҳамма-ҳаммаси бир-бир гавдаланди. Юрагининг бир чети ачишиб оғригандек бўлди…

Аммо ёнидагиларга ғиқ этмади. Олдинда ўзини нималар кутаётганини тасаввур қилиб кўрди…

Қийинчиликлар, турли саргузаштлар болани ҳам катталар каби фикрлашга ўргатаркан.

— «Э, булар ким бўпти?! — ўйлади у ойнадан ташқарини бамайлахотир кузатиб бораркан. — Мерган акадай қўрқинчли одамларни, анави… Ўтоқхонадаги безориларни кўрдим. Қўлларидан нима келди? Ўлиб қолмадим-ку!.. Уф-ф!.. Ота-онам бўлса, бундай кунларни кўрмасмидим… Оёғим соғ бўлармиди… Ким билсин?.. Балки бунданам баттар кунларни кўрардим… Нима бўлса бўлар. Энди менга барибир…»

Машина тор кўчалардан бирига бурилиб кўримсизгина дарвоза ёнида тўхтади.

— Ана, етиб келдик! — Валини Хурсанд аканинг шахсан ўзи машинадан тушириб аравачаси билан бирга ерга қўйди. — Мана шу ерда яшайсан энди, Валижон!..

Улар дарвозани очиб улгурмай, бели букчайган, ёши тахминан элликлардан ўтган озғин бир эркак чиқиб келиб Хурсанд аканинг қўлидаги сумкани олди.

— Яхши келдингизми, хўжайин?..

— Манави болани ичкарига олиб кир! — унга буюрди Хурсанд ака. — Ундан кейин… Ким бор уйда?

— Уйдами?.. Иккита зўридан олдириб келдим…

— Бўлиққинами ишқилиб? Тағин ўзингга ўхшаган тирриқ бўлишмасин.

— Нималар деяпсиз, хўжайин?.. Шунақанги кетворган аёлларки… Э, ўзингиз кўринг!..

Ҳовлининг тўрт тарафига чироқлар ўрнатилгани сабаб то томорқа тарафларгача кафтдек кўриниб турарди. Вали ўтирган ерида ҳаммаёқни кўздан кечириб борди…

Томорқа узумзор экан. Ҳовлининг айлана атрофи қўша-қўша уйлардан иборат. Европача таъмирланган. Ўртада худди Мерган аканикидагидай бассейн. Хоналарга зинапоялардан чиқиларкан…

Хизматчи уни даст кўтарди-да, бурчакдаги хонага олиб кирди…

Ичкари ҳам Валига ёқиб тушди. Ҳатто, гилам устида аравачаси юриб бораётганда бироз хижолат ҳам чекиб қўйди…

— Вой, бу ширин бола қаердан келди? — ясатилган стол атрофида ўтирган икки аёлнинг бири ўрнидан туриб Валига яқин келди. Боланинг кўзи унинг очиқ сонларига, кўкракларига тушиб тез ерга қараб олди.

— Уялиб кетди! — кулиб юборишди улар бараварига. — Вой, уялмагин! Йигит кишиям уяладими?.. Қани, столга яқинроқ кел-чи, ўзим сен манави шоколадлар, бананларминан меҳмон қиламан!..

— Хўжайин келди, Нозанин! — деди хизматчи Валининг ёнида турган оқ сариқ, дўмбоқ, сочлари ёйиқ аёлга қараб. — Тайёргарликларингни кўраверинглар!.. Ҳозир ошниям дамлайман…

Бу орада хонага Хурсанд ака ва машинада бирга келган эркаклар ҳам киришди. Ҳаммалари аёллар билан бир-бир сўрашган бўлиб стол атрофига ўтиришди. Хурсанд ака хизматчига «Зўр» дегандек маъноли кўз қисиб қўйди-ю, Валига юзланди.

— Хўш, Валижон, манави аёлларнинг қайси бирини танлайсан?

— Мен унақа нарсаларни билмайман. — норози тўнғиллаб қўйди Вали ердан кўзини узмай. — Яхшиси, менга милтиғимни беринг!..

— Вей, ҳалиям ўша милтиқни эсингдан чиқармадингми? Нима қиласан уни? Бошингга урасанми?..

— Отишни ўрганардим.

— Отишни ўрганмоқчи бўлсанг, сенга бошқасини оберамиз, тўғрими Самин?..

Хурсанд аканинг ўнг биқинида ўтирган барваста йигит бош ирғади.

— Тўппа-тўғри. Ана, дўконлар тўла милтиқ. Истаганча отаверасан.

— Ҳой, ўани!.. — Хурсанд ака деразадан бошини чиқариб бақирди.

— Лаббай, хўжайин!

Ўани деганлари ҳалиги озғин хизматчи экан. Кўз очиб юмгунча хонада пайдо бўлди.

— Бор, болани ҳовлига опчиқ! Бир айланиб келсин!..

— Хўп бўлади! Қани, юр-чи, яхши бола!..

У аравачани етаклаб ҳовлига олиб чиқди. Вали ош пишаётган қозон атрофида бироз уёқ-буёқни кузатган бўлди. Хаёлида эса, ҳамон тортиб олинган милтиқ айланарди.

— Амаки, ҳалиги милтиқни қаерга яширдингиз? — аста сўради хизматчидан.

— Сен уни нима қиласан?

— Меники эди. Анавилар тортиб олишди.

ўани ака кулимсираб Валининг тепасига келди.

— Сен бундай гапларни гапирмагин, болам! Булар ким эканини биласанми?

— Билмайман.

— Ана, кўрдингми? Агар сал ортиқча гапирсанг, ўлдириб юборишданам тойишмайди.

— Амаки, ўзи ким улар? — қизиқсиниб сўради Вали.

— Э, улар… Қиморбозлар. Ҳозир ош еб бўлингач, қарта сузишни бошлашади. Жа катта ўйин бўлади. Ҳали қараб турсанг, бу ерга казо-казо одамлар келишади. Индама!.. Оғзингни юмгин-у, жим ўтиравер!..

ўани ака бошқа гапирмади. Ошни дамлаб, ўчоқдаги оловни пасайтирди-да, стол устидаги ароқлардан иккитасини олиб ичкарига чопди. Вали бўлса, ҳовлиларни томоша қилиш илинжида аравачасини юрғазди…

 

* * *

 

Қанча вақт ўтди билмайди. Ичкарида тўсатдан шовқин-сурон эшитилди. Хурсанд аканинг бўралаб сўкингани, аёл кишининг ув солиб йиғлаганини эшитган Вали ҳушёр тортди. Ҳар эҳтимолга қарши дарвоза тарафга бориб бир бурчакда қисиниб ўтирди…

Орадан икки-уч дақиқалар ўтди ё ўтмади. Эшик очилиб ичкаридан Нозанин учиб чиқди.

— Падарингга лаънатлар! — йиғи аралаш сочларини шоша-пиша турмакларкан, хона томонга ўгирилиб сўкинди у. — Худоё, балога йўлиққин, ҳезалак!.. Эркакман деб юрибсан-да сенам!..

Вали аёл кимни сўкаётганини тушунмаса-да, бу ҳолат унга жуда қизиқарли туюлар, жанжал ташқарида давом этиб қолишидан умид қиларди.

Афсуски, ичкаридан ҳеч ким чиқмади. Нозанин уёқ-буёғини тўғрилаган бўлиб дарвоза олдига келди-ю, бир бурчакда қисинибгина ўтирган Валини кўриб таққа тўхтади.

— Ҳа, жоним, нега бу ерда ўтирибсан? — мулойимлик билан сўради у. — Ў сениям анави маразлар хафа қилишдими?

— Йўқ, ўзим… — дея жавоб қилди Вали аёлга ҳайрат аралаш тикилиб. — Ўзингиз-чи?..

— Менми?.. Э, мени қўявер!.. Қисматим қурсин… Пешонамга шу кунлар ёзилган мени…

— Калтаклашдими?

Нозанин жавоб бериш ўрнига Валининг елкасидан тутди.

— Менга қара, булар ёмон одамлар. Сен бу уйда қолсанг, хор бўласан. Юр, сени ўзимминан опкетай!..

— Қаерга?

— Уйимга. Иккаламиз маза қилиб яшаймиз.

— Хурсанд амаки уришса-чи?

— Уришмайди. Ҳозир улар қимор ўйнашаяпти. Тез кўчага чиқамиз-у, такси ушлаймиз…

Вали бир муддат ўйланиб қолди. Ўзига ҳам бу ҳовли негадир ёқинқирамаганди. Айниқса, ичкиликларни, эркаклар қиморбоз эканини эшитгач, қўрқа бошлаганди. Мерган аканикидаги воқеа такрорланишини кўз олдига келтириб нима қилишини билмай турганди…

Хўш, нима қилсин? Аёл билан кетаверсинми? Кейин нима бўлади?.. Милтиқ-чи?..

Ана шу нарса эсига тушиб Нозанинга умид билан тикилиб сўради:

— Милтиғим қолиб кетадими?

Аёл ҳайрон бўлди.

— Қанақа милтиқ, болажон?

— Хурсанд амаки милтиғимни тортиб олиб қаергадир яшириб қўйди. Қайтиб беришмади.

— Ростакам милтиқми?

— Ҳа, ўқиям бор эди.

— Қўявер, агар мен билан бирга яшасанг, унданам зўрини сотиб оламиз.

— Унақанги ҳақиқий милтиқни сотишмайди-да!

— Нега сотишмас экан? Сотишади. Пул бўлса, ҳамма нарсани сотишади. Юр, вақтни ўтказмайлик! Ҳозир анавилар чиқиб қолишса…

— Бўпти, кетдик!

Вали таваккал аёлнинг кетидан эргашди…

Нозанин Сирдарёнинг қайсидир тумани марказида оддий квартирада яшаркан. Етиб келиб эшикни тақиллатишлари билан эшикни ўн саккиз ёшлар атрофидаги бир қиз очди.

— Нигора, яхши ўтирибсанми? — ичкарига кирибоқ қизни саволга тута кетди Нозанин. — Ҳеч ким мени сўрамадими?

Қиз бир Нозанинга, бир аравачада ўтирган Валига тикилиб жавоб қилди.

— Гулистондаги мижозлар келишди.

— Хўш, нима дейишди?

— Ҳеч нарса. Икки киши келишган экан. Нариги домдаги Ҳуснияниям чақириб чиқдим.

— Хафа бўлишмадими ишқилиб?

— Хафа қилиб ўлибманми, опа? Биласиз-ку!..

Вали ҳеч нарсага тушунмади. Улар нима ҳақида гаплашишаяпти, қанақанги мижоз… Унчалик эътибор ҳам бериб ўтирмади… Тўғриси, бу уйдан келаётган ширин атир ҳиди димоғига ёқиб қолганди. Нозанинга билдирмасдан тўйиб-тўйиб нафас оларди, холос…

— Вой, болажон, сени ичкарига кир ҳам демабман-ку, эсим қурсин!

Нозанин хижолат тортиб аравачани залга етаклаб кирди…

Хона унчалик безатилмаганди. Бир бурчакка телевизор, нариги томонга диван қўйилган. Ўртада стол. Лекин Хурсанд амакиникидаги каби усти ноз неъматларга тўла эмас. Патнисда нон, қанд-қур солинган идиш-у, чойнак…

Шунга қарамасдан, Валига бу ер маъқул тушди. Айниқса, ҳеч ким йўқлиги, бемалол телевизор кўриши мумкинлигини юракдан ҳис қилиб чеҳраси очилди.

— Қани, Нигора, таниш, бу Валижон! — деди қизга ўгирилиб Нозанин. — Энди биз билан бирга яшайди. Жуда эпчил, ишбилармон болага ўхшади. Олиб келавердим.

— Опа, эртага қайтишингиз керак эди-ку! — Нигора Нозаниннинг сўлғин юзларига термулди. — Нега кўзларингиз қизарган?

— Қўявер, кейин айтиб бераман. Олдин боланинг қорнини тўйдирайлик!..

Шу кеча Вали одамлардек юмшоқ диванда ухлади. Ҳаво айниган бўлишига қарамай, оёғи ҳам дард қилмади…

Туш кўрибди. Нозаниннинг квартирасига онаси оппоқ кийимда келганмиш… Ҳа, у шундоқ Вали ётган диваннинг бир четида ўтирармиш…

Нуқул йиғлаб уни турғазмоқчи бўлармиш…

— Юр, сени ташқарига чиқазиб юборай! — дея ялина бошлабди она Вали кўзларини очиб ўрнидан туриб ўтиргач. — Бу ерлар сенга ҳаром! Мен бир умр фоҳишалик қилдим, етар! Энди сенинг ҳам бу йўлга кириб кетишингни истамайман… Чиқ, уйдан чиқ!..

Вали кимнингдир турткисидан уйғониб кетди…

Йўқ, туртаётган онаси эмасди. Нозанин экан. У худди кечагидай кўкраклари, сонлари ярим очиқ ҳолда жилмайиб турар, бир қўлида иккита банан ушлаб олганди.

— Кел, сени ювинтириб қўяман! — деди у ҳамон жилмайиб. — Кейин манави бананларни еб оласан. Банан еганмисан ҳеч?..

Вали индамади. Бундай мевани биринчи марта қаерда егани эсида эди…

Лекин ҳозир бу ҳақда гапиришга уялди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ