ХОҲ ИШОНИНГ, ХОҲ ИШОНМАНГ…

0

 

 

БИР ЙИЛДА ИККИ ОЙГИНА ОҚАДИГАН ДАРЁ

 

Бу дарёнинг ҳақиқатан борлигини кўпчилик билмайди. У Антарктидада жойлашган. Номи Оникс. Дарё Антарктидадаги энг узун дарё ҳисобланади. Узунлиги 30 километрга тенг. Ростдан ҳам Оникс бир йилда икки ойгина оқади холос. Қолган вақт музлаган ҳолда сукут сақлайди.

Оникс Виктория ерларида жойлашган. У Браунорт кўлидан оқиб чиқиб Ванда кўлига бориб қуйилади. Дарё жойлашган ер Антарктида ўлчамига асосланган ҳолда айтиладиган бўлса, ёқимли иқлимга эга. Чунки Оникс бир йилда икки ойга бўлса-да, музлик қаъридан озод бўлиш имконига эга. Айтишларича, 1974 йил 5 январида дарё жойлашган ҳудудда Цельсий бўйича 15 даража иссиқ кузатилган экан.

Оникс дарёсида ҳеч қачон балиқ бўлмаган. Бўлмайди ҳам. Дарё суви музликлар қай даражада эришига қараб кўпайиши ёки аксинча камайиши мумкин. Мисол учун 1984 йили дарё суви тўлиб оққани сабабли экстремал сайёҳлар чўмилиш имконига эга бўлишган.

Дарвоқе, Антарктидада яна бир ажойиб жой бор. Бу Мак-Мердо водийси деб аталади. Водийда эса «Қонли шаршара» мавжуд. Шаршара Тейлор музликларидан оқиб тушади. Шаршаранинг суви ҳақиқатан қон рангида. Бунга сабаб шуки, худди шу шаршара суви таркибида керагидан ортиқ темир моддаси бор экан. Шаршара 1911 йили австралиялик геолог Гриффит Тейлор томонидан аниқланган.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади