Ҳиндистонлик аёлнинг ошқозонидан бутун бошли хазина топилди…

0

 

Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида яшовчи 22 ёшли Руни Хатун қорин қисмида кучли оғриқ туйиши ва кўнгил айниши билан шифохонага ётқизилганди. Айтишларича, ҳар сафар овқатлангач, қуса бошларкан. Рентген аёлнинг ошқозонида металл буюмлар борлигини кўрсатди. Жарроҳлар эса бу аёл ошқозонидан 69 та тилла занжир, 80 та тилла зирак, 46 та тилла танга, 8 та медальон, 11 та бурун устига тақиладиган тилла сирға, 5 та оёққа тақиладиган тилла балдоқни чиқариб олишди. Бутун бошли хазина! Тўғри эмасми? Чиқариб олинган тилла буюмлар пулга чақилганда, 53 минг фунт-стерлингга тенг бўлди.

— Кейинги пайтда уйдаги тилла буюмлар йўқолиб қолаётганини пайқагандик, — деди аёлнинг қариндошларидан бири. — Биз ундан ҳар сафар сўраганимизда, айтмасди, дарров йиғлашга тушарди…

2018 йили Ҳиндистон врачлари бир аёлнинг ошқозонидан бир ярим кило металл чиқариб олишган. Улар орасида ёнғоқ ҳам, больт, тилла буюмлар бор эди. Мутахассисларнинг тахминича, бу сафарги аёл ҳам акуфагия хасталигидан азобланган бўлиши мумкин. Акуфагияга учраганлар руҳан хаста ҳисобланиб, нуқул дуч келган буюмни ютишга ошифта бўлади. Аммо айнан тилла буюмларни ютиш бемор аслида бемор эмаслигидан, балки бойликка ўчлигидан ҳам далолат беради. Негаки, бемор бўлса, темир буюмларни ҳам тап тортмай ютиши лозим эди.