Огоҳ бўлинг: FaceApp фойдаланувчилари – фирибгарлар нишонида!

0

Кейинги кунларда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам FaceApp фоторедактори жуда оммалашганидан хабарингиз бор. ESET антивирус компанияси эса ушбу илова фойдаланувчиларига йўналтирилган фирибгарлик хавфи ҳақида хабар бермоқда.

ESET компаниясининг таъкидлашича, фирибгарлар FaceApp машҳурлигидан фойдаланиш пайига тушиб қолишган. Улар мазкур илова ишқибозларига унинг янада кўпроқ функцияларга эга бўлган, FaceApp Pro номли қалбаки версияларини таклиф этишмоқда. Кўпгина ҳолатларда фирибгарлар унинг бепул версиясини юклаб олиш мумкин бўлган сохта сайтлар ҳам яратишган.

Ўша сайтдан иловани юклаб олишга ҳаракат қилсангиз, кўплаб қалқиб чиқувчи ойналар пайдо бўлади. Эътиборсизлик қилган фойдаланувчилар бу ерда пулли иловаларга ёки рекламаларга обунани расмийлаштириб қўйишлари мумкин. Шунингдек, билдиришномалар олиб туриш сўрови ҳам келадики, улар ҳам фирибгарлик схемасининг бир қисми ҳисобланади.

Шунақа қалбаки иловалардан бирини ҳатто Google Play дўконига ҳам жойлашни уддалашибди. Унинг ҳаволаси mediafire.com файл алишиш сервисига элтади, у ердан эса зиёнкор дастурий таъминот юкланиши эҳтимоли юқори.

Фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун, ESET тавсиясига кўра, иловаларни ҳамиша расмий Google Play ёки App Store каталогларидан юклаб олиш даркор.