Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 31 июл куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

31 июл куни қалбингиз ва сизнинг орангизда қарама-қаршилик пайдо бўлади. Бу курашда ёлғиз ғалаба қозона олмайсиз. Яқинларингиз ёки психолог ёрдами зарур бўлади. Муҳаббатда қалтис ишларга қўл урмаслигингиз тавсия қилинади. Ҳаммаси борича қолаверсин. Шуниси тинч. Ҳаётдан завқланинг. Тўйиб-тўйиб нафас олинг. Табиат қўйнига чиқиб ҳаво алмаштиринг. Бугун фақат дам олишгина сизга ҳамроҳлик қила олади. Соғлиғингизни асранг. Тўғри овқатланинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун янги давралардан нари бўлишингиз, жамоатчилик фикри ва раҳбарият билан рўбарў бўлишдан сақланишингиз талаб этилади. Фаоллик бугун сизга фақат зиён етказади. Шунинг учун панада тура қолинг. Иш жойингиздаги юмушларни бажаришда хатога йўл қўя кўрманг. Обрўйингизга путур етиши мумкин. Агар тақдир сизга бошқа йўл кўрсатаётган бўлса, ўша йўлдангина боринг. Молиявий масалада ютуқларга эришиш учун тежамкор бўлишингиз зарур.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

31 июлда омад сиздан юз ўгирмайди. Фақат тўлиқ ғолиб бўлишингизга ҳали эрта. Тақдир юборган кўргиликлар, муваффақиятлар, кўнгилсизликларни мардона ва хотиржамликда қабул қилиб олинг. Миянгизга ўрлайдиган ёмон ўйларни ҳайдаб солинг. Суюкли инсонингизнинг муносабатларида совуққонлик кўзга ташланиши мумкин. Йўлини топсангиз, совуққонликка тез орада барҳам бера оласиз. Бардам бўлинг! Омад сизга ёр бўлсин!

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Бугун фақат кўнглингизга яқин одамлар билан мулоқотда бўлинг. Ёқтирмайдиганларингиздан нари бўлишга ҳаракат қилинг. Ишда раҳбарлар билан биргаликда ўйлаб топган усуллардан унумли фойдаланинг. Шунда мукофот ҳам, даромад ҳам, ҳурмат-эътибор ҳам бўлади. Оилада ҳар бир кичик қувончли лаҳзадан ҳам завқланиш пайида бўлинг. Омадингизни берсин. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

31 июл куни ҳаётингизда бир умр эсда қоладиган ёқимли лаҳзалар кўп бўлиши кутилмоқда. Сиз ўша лаҳзаларни суратга олиб қўйсангиз ҳам зиён кўрмайсиз. Моддий аҳволингиз худди қон босим каби кун давомида сакраб туради. Гоҳ яхшиланади, гоҳ ёмонлашади. Куннинг иккинчи ярмида айримлар кўчадан каттагина пул топиб олиши эҳтимолга яқин бўлиб турибди. Агар кечқурун хизмат сафарига жўнаб кетсангиз, билингки, сафар сизга муваффақият келтиради.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Бугун асло ёлғиз қолманг. Ҳар бир кутилмаган совғадан завқ олинг. Ишларингизда унум кўзга ташланади. Айниқса, ақлий меҳнат паризод буржи остида туғилганларга омад ва ёқимли лаҳзаларни ҳадя этади. Лекин жисмоний меҳнатдан қочинг. Саломатлигингизга путур етади. Руҳингиз шикастланади. Кечқурун кимдир қўлингизга бир даста пул тутқазиши мумкин. Бундан ташқари, ёқимли хабар ҳам эшитасиз. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

31 июлда тақдир нафақат ёқимли онларни, балки мушкулотли соатларни ҳам ҳозирлаб қўйиши мумкин. Амалда ҳаётий ва иш тажрибангизни уйғунлаштирган ҳолда муаммоларни бартараф этинг. Бугун ҳар қандай хасталикка қарши даволаниш, ички дунёни тафтишдан ўтказиш ва обрўли шахслар билан учрашиб мулоқот қилиш хайрли кечади. Атрофдагилар қаршисида ўзингизни идора эта билинг, агрессивликка асло йўл берманг. Кечқурун тоза ҳавода ўтириб дам олсангиз, фойдадан холи бўлмайди.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Атрофдагилар, иш жойингиздагилар билан қарама-қарши фикрлашингиз кутилади. Гўё ҳеч ким сизга қулоқ тутмаётгандек, сизни тушуна олмаётгандек туюла бошлайди. Аммо бундай кайфиятда ишлаш зиён келтиради. Кун давомида оммавий тадбирларда иштирок этишингиз мумкин. Фақат тадбирга кечикиб бормаслигингиз тавсия этилади. Даромад бўлади, фақат кам. Бир сўз билан айтганда, бойиб ҳам кетмайсиз, пулсиз ҳам қолмайсиз.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

31 июл куни неки ишга қўл урсангиз, унумини албатта кўрасиз. Принципларингизни йўқотишдан сақланинг. Акс ҳолда ишда ҳушёрликни бой бериб қўясиз. Шахсий ҳаётда қалбингизгагина қулоқ тутинг. Суюкли инсонингиз билан муносабатларингиз совуқлашгандек. Мулоқот ва хушомадларни кўпайтиришга ҳаракат қилинг. Оиласизлар кечқурун романтик учрашувга отланадиган бўлиб туришибди. Бахт сизга ёр бўлсин! Саломатликка алоҳида эътибор билан ёндашинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугун тоғ эчкиси буржи вакиллари нафақат фирибгарларга чув тушиб қолиши, балки ғийбат ва бўҳтонлар чангалига ҳам тушиши кутилади. Афсуски, буларнинг барчасига қарши ёлғизликда кураша олмайсиз. Ёрдамчиларни қидириб топишингизга тўғри келади. Бугун харидларни амалга ошириш, хизмат сафарига бориш, уй таъмири муваффақиятли кечади. Заҳирадаги пулларингизни ҳам айлантириш пайида бўлинг. Пулни пул топади деб бекорга айтишмаган.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

31 июлда кимлардир оёғингиздан чалиши ёки чалишга ҳаракат қилиб кўриши мумкин. Шахсий ҳаётингизда қандайдир кўнгилсиз ҳодиса содир бўлса, бунинг сабабини ўзингиздан қидиринг. Яқин дўстлардан бирининг қимматли маслаҳатлари рўзғордаги муаммоларни бартараф этишда жуда асқотади. Кечқурун хонадонингизга меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Яхши дам олинг!

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Оиласизларнинг баъзилари кўз остига олган одамнинг ёнига бориб кўнглини очишга уялиши мумкин. Аммо қачонгача уялиб юрасиз? Таваккал қилинг. Шу орада ишларингизни ҳам чин кўнгилдан адо этишга ҳаракат қилинг. Бугун ижодкорларнинг куни туғади. Бадиий кўргазмалар залига сайр қилиш муваффақиятли кечади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади