Ўзбекистонда ҳам электромобиллар ишлаб чиқариладими?

0

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида электромобиль ишлаб чиқариш ташкил этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «2019 – 2022 йилларда Андижон вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган.

Андижон вилоятида 2019 – 2022 йилларда амалга ошириладиган саноат лойиҳалари рўйхатининг машинасозлик ва эҳтиёт қисмлар саноати қисмида айтилишича, Хонободда электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Лойиҳа ташаббускори «Олтин ер ҳимоя» МЧЖ бўлиб, лойиҳа қиймати – 1 000,0 млн сўм. Ушбу қийматнинг бари – 1 000,0 млн сўм корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан жалб этилади.

Ҳужжатда кўрсатилишича, лойиҳани амалга ошириш натижасида 10та янги иш ўрни яратилади. Ишга тушиш муддати – 2021 йил июль, масъул – маҳаллий ҳокимлик.

Бундан ташқари, Хонобод шаҳрида автомобиллар учун пластмасса деталлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилади. Plast Detal Tech МЧЖ ташаббускор бўлган лойиҳа қиймати 600,0 млн сўм. Ишга тушиш муддати – 2019 йил декабрь.

Бундан олдин, Андижонда янги автомобилларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилиши хабар берилганди.

kun.uz