АНГЛИЯЛИК АЁЛ СОБИҚ ЭРИГА ЎЗ БУЙРАГИНИ ҲАДЯ ЭТДИ…

0

 

Англиянинг Бромли шаҳрида яшовчи 43 яшар Келли Хоуп (Kelly Hope) собиқ эрига ўз буйрагини ҳадя этди.

Гап шундаки, 44 ёшли Дэн Пайетт ўн йилдан бери буйрак хасталигидан азоб чекарди. 2017 йили унинг аҳволи оғирлашди. Врачлар тирик қолиши учун буйрагини алмаштириш кераклига ишора қилишди. Орадан бир йил ўтди. Ҳадеганда донор топила қолмади. Шунда Хоуп хоним ёрдамга келди. У собиқ эрига донорлик қилишини баён этди.

— Биз ажрашган бўлсак-да, — деди аёл. — Болаларим отасиз қолишини истамайман…

Керакли таҳлиллар олингач, врачлар икковларига ҳам қон гуруҳлари тўғри келмаётганини айтишди. Бу жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз чиқиши мумкин дегани эди. Собиқ эр-хотинлар таваккал қилишди. 2018 йил августида эркак ўта мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли кечди. Орадан беш кун ўтгач, Пайетт уйга қайтди. Хоуп хонимнинг гапига қараганда, бу воқеа оилани яна бирлаштирибди. Улар бирга яшай бошлашибди. Барчаларининг бахтини берсин!