“ЖУМБОҚ” туркумидан: “ПРОФЕССОРНИНГ ҚАБРДА ҚОЛИБ КЕТГАН КАШФИЁТИ…”

0

 

Аллақачон кўпчиликнинг ёдидан чиқиб улгурган, аммо ўз даврида Менделеев, Попов, Циолковскийлар қаторида энг машҳур инсон ҳисобланган Н. Д. Пильчиков қачонлардир Николай Тесла билан биргаликда Радиобошқарув телемеханиа тизимини яратиб, бу кашфиётни муваффақиятли синовдан ҳам ўтказган эди…

 

Шон-шуҳрат сари бир қадам

 

Николай Дмитриевич Пильчиков 1857 йил 9 май куни Полтава шаҳрида ҳарбий оиласида дунёга келган. Онаси эрта ўлиб кетгани сабабли унинг тарбияси билан отаси шуғулланишга мажбур бўлди. Николайни гимназияга берди. Пильчиков гимназияда аъло баҳоларга ўқиб, математика ва физикани яхши ўзлаштира олди.

— Ўғлингиз келажакда машҳур олим бўлиши мумкин, — дейишганди ўшанда гимназия муаллимлари отасига. — Болада сиз-у бизга маълум бўлмаган сирли қобилият бор…

Гимназияни тугатиб, Коля Харьков университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирди. Университет профессорлари ҳам унинг меҳнатсеварлиги, интилувчанлигига қойил қола бошлашди. Аммо Николай ҳамон сирли ва камгаплигича қолаверди.

Университетни тугатгач, уни аспирантурада олиб қолишди. Пильчиков фан билан астойдил шуғуллана бошлади. 1885 йили Харьков университети доцентига айланди. 1887 йили физика бўйича магистр унвонига эга бўлиб, малака ошириш учун Парижга жўнатилди ва тез орада Франция илм аҳли орасида машҳурликка эришди. Орадан маълум вақт ўтиб, Харьков университети профессори номига эга бўлган Пильчиков дунё бўйлаб хизмат сафарлари уюштира бошлади ва кўплаб нуфузли симпозиумларда нутқлар сўзлади.

ХIХ асрнинг тўқсонинчи йилларида эса Россия империяси ҳарбий вазирлиги билан махфий муносабатларга киришди. Профессорни император ҳали дунёнинг ҳеч бир давлатида яратилмаган ҳарбий техникалар кашф этишга ундади. Пильчиков билан бир қаторда Менделеев ҳам махфий агент сифатида фаолият юритган.

Россия марказий давлат ҳарбий архивида ҳануз Пильчиковнинг ҳарбий вазир билан ўзаро ёзишмалари сақланиб қолган. Бу мактубларда Пильчиков ахборотни ўзга давлатдаги разведкачиларга қай йўл билан рақамли техника орқали етказиб бериш қоидалари, йўллари ҳақидаги фикрларни олдинга сурган. Шубҳасиз, бу ҳаракатлари билан Пильчиков Австро-Венгрия, Германия махсус хизмат вакиллари эътиборини тортмай қолмаган. Англия ҳам профессор яратаётган кашфиётлардан бебаҳра қолишни хоҳламасди. Франция тарафи эса Германия ҳужуми баҳонасида Россияга мурожаат этиб, рус аскарлари мамлакатни немислардан ҳимоя этишларини сўраганлари ҳам сир эмас. Лекин бунинг замирида барибир Пильчиковнинг сирли кашфиётларидан воқиф бўлиш истаги ётарди.

Профессор Пильчиков дунёда биринчи бўлиб махфий равишда мамлакат ичкарисига оқиб келаётган сирли тўлқинларни қандай тутиш, буни ҳеч кимга сездирмаслик хусусидаги кашфиёти билан император ҳурматига сазовор бўлди. Ваҳоланки, ўшанда айнан шу иш билан Попов, Маркони, Теслалар ҳам шуғулланиб кўришганди. Бироқ Пильчиковнинг янги кашфиёти уларникидан ўтиб тушди.

1898 йили Пильчиков яна бир янгиликка қўл урди. У денгизда ҳаракатланаётган душман ҳарбий кемасига қарши олдиндан сув остига ўрнатилган минани маълум масофадан портлатиш қувватига эга пульт кашф этди ва императорга намойиш этди. Бундан ташқари, у пульт ёрдамида замбаракдан ўқ отиш, темир йўл семафорини, денгиз бўйидаги ранг-баранг чироқларни ёқиш мумкинлигини ҳам исботлай олди.

Мудофаа вазирлиги давлат хазинасидан беш минг рубл ажратиб, ушбу синовларни денгизда ўтказиши учун Пильчиковга алоҳида кема берди. 1903-1904 йилларда профессор янги кашфиётини аъло даражада синовдан ўтказиб, шахсан ҳарбий вазирнинг ташакурини эшитишдек бахтга сазовор бўлди. Фақат ўшанда рус-япон урушининг қизғин лаҳзалари эди. Вазир профессорни айнан синов учунми, ёки бошқа алоҳида хизмати учун мақтадими, бу сирлигича қолиб кетди.

 

Сирли ўлим

 

Пильчиковнинг аъло даражадаги тадқиқотлари 1908 йил баҳорига қадар давом этди. Архив материалларида ёзилишича, 1908 йил 3 майида номини сир тутган бир эркак ўз даврининг машҳур врачи И. Я. Платоновга қўнғироқ қилиб, шундай савол берди:

— Клиникангизда таниқли олим ва профессор Пильчиков учун алоҳида палата топиладими?

— Албатта, — деди Платонов. — Профессор учун ажойиб, барча қулайликларга эга палатани ажратамиз. Қачон даволанмоқчи профессор?

— Эртага, — дея жавоб қилди номаълум эркак ва дарҳол гўшакни жойига илди…

Платонов ҳайрон эди. Ҳозир ким билан гаплашди? Балки бу Пильчиковнинг ўзидир? Агар унинг ўзи бўлмаса, ким қўнғироқ қилди-ю, профессор ҳақида бунчалик қайғурди?

4 май куни Платонов клиникасига калбош, соқол қўйган, костюм кийган профессор Пильчиков кириб келди. Қўлида жомадони ҳам бор эди. Шуниси ажабланарлики, профессор ҳеч қачон жомадон ичида нима борлигини бировга айтмасди, ўзгаларнинг олдида жомадонини очмасди.

— Сизни кўриб турганимдан мамнунман, — деди Платонов уни очиқ чеҳра била нқарши оларкан. — Иккинчи қаватга чиқайлик, палатангиз ўша ерда!

4 ва 5- май сокин ўтди. Аммо 6-май куни эрталаб клиника хизматчилари иккинчи қаватда тўппончадан отилган ўқ овозини эшитишди. Ўқ Пильчиков ётган палатадан келганди. Зудлик билан ҳамшира ва врачлар иккинчи қаватга кўтарилди. Афсуски, Пильчиковнинг палата эшиги ичкаридан тамбаланганди.

— Тезда болта, лом олиб келинг! — буюрди Платонов хизматчиларга.

Олиб келишди. Эшик бузилди. Пильчиков каравотда икки қўлини кўксига қўйган ҳолда ётар, юрак қисмидан қон томчиларди. Ёнбошдаги тумбочка устида эса тўппонча турарди. Ҳайрон бўлишди. Чунки уни таниганлар ҳеч қачон Пильчиков тўппонча олиб юрганини кўришмаганди.

Бу иш билан полиция шуғуллана бошлади. Ачинарлиси, ўша пайтларда изқуварлик Россияда у қадар ривожланмаган, бармоқ излари олиш ҳам тадқиқ қилинмаганди. Шу сабабли ҳеч ким тушунмади. Қандай қилиб профессор ўз юрагига ўқ узди ва шундан кейин ҳам тўппончани тумбочка устига қўя олди? Балки бу қотилликдир? Агар шундай бўлса, ким усталик билан иккинчи қаватга бекитиқча кўтарилди? Пильчиковни ўлдириб, эшикни ичкаридан тамбалади ва яна бекитиқча фожиа жойини тарк эта билди? У ким?

Бунинг устига профессорнинг ҳали фанга маълум қилмаган янги кашфиётлари битилган қоғозлар ҳам ғойиб бўлганди. Мутахассислар ҳануз бош қотиришади. Саломатлигидан умуман шикоят қилмай туриб нега Пильчиков психоневрология клиникасига сирли равишда ётди? Балки кимдандир беркинмоқчи бўлгандир? Аммо кимдан? Бу ҳам жумбоқлигича қолаверди. Асосийси, ғойиб бўлган қоғозларда профессорнинг қайси янги кашфиёти яширин эди? Мана шу нарса ҳали ҳануз мутахассисларни ўйга толдиради.

«100 великих тайн России» китобидан олинди

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси