“АМАЛДОР…” (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

 

Э, бормисан, жиян?!

 

Камол бу амалга осонликча эришгани йўқ. Ахир қишлоқдаги қайсидир кетмончининг асрандисига Тошкандек шаҳри азимга келиб ўқиш, ўқишни битириб, катта бир қурилиш раҳбари даражасига етишнинг ўзи бўлибдими?! Тўғри, уни асраб олиб, боққан одамлар ўлиб кетишгандан сўнг охирги ўн йил ичида қишлоққа бормай қўйган. Борганда нима қиларди?.. Барибир, «бегона» деган номи бор. Ўша бетайин қариндош-уруғларнинг кўзи учмаган, учмайди ҳам ҳеч қачон…

— Камол Каримович!..

У сесканиб бошини кўтарди-ю, остонада котиба қиз турганини кўриб аста ўрнидан қўзғалди.

— Нима гап?..

— Сизни қишлоғингиздан бир амаки сўраб кепти… Тоғасиман деяпти…

Камол беихтиёр ўйланиб қолди. «Қизиқ… Қанақа тоға?.. Онаси раҳматлининг ака-укалари йўқ эди, шекилли?!»

— Айта қолинг, майли, кирсин-чи!..

Орадан бош қашиганчалик вақт ўтиб-ўтмай, кабинетга қорадан келган, хўппа семиз, дўппининг устидан кичкинагина қилиб салла ўраган, тахминан 50-55 ёшлардаги эркак кириб бўсағаданоқ қулочини ёзди.

— Оббо, жиян-ей!.. — Камолни маҳкам бағрига босаркан, баланд овозда ҳайқира кетди у, — Шундай катта одам бўп кетибсан-у, биз билмай юраверибмиз-а, вей!..

— Кечирасиз-у, сизни негадир таниёлмай турибман-да!.. — «Меҳмон»га қизиқсиниб тикилди Камол.

— Ие, ие, тоғасиниям танимайдими одам?.. Мен ҳов Ҳожар холангни эри Ўлмасвой тоғанг бўламан-ку!.. Хафа қиляпсан, жиян, хафа қиляпсан!..

Камолнинг кўз ўнгида ўша, бир неча авлод нари бўлса-да, ота-онасидан доимо хабар олиб чарчамаган, ўзига ҳам болалигида кўп бора меҳр кўрсатган ювошгина, камсуқум аёл гавдаланди. «У холанинг уйига кичкиналигимда неча марталаб борганман, ахир!.. — ўйларди Камолерга боқиб, — Нега бу одамни кўрмаган эканман ўшанда?.. Ҳа, майли, барибир, қариндош экан-ку!..» Камол чеҳраси очилиб қишлоқдагиларни бирма-бир сўраб чиқди, Ҳожар холасини эсга олди. Сўнгра «тоға»ни шаҳарнинг энг номдор ресторанига меҳмон қилиш учун олиб кетди. Яп-янги «Мерседес»да керилиб ўтирган Ўлмасвой тоға ҳануз Камолни мақташдан бўшамасди.

 

ХОТИНГА ЁЛЧИМАГАН ЭРКАК

 

Камол ўз кучи билан бўлса-да, кўп нарсага етишди ҳаётда. Бир вақтлар туққан онаси масжидга ташлаб қочган етимчагина боланинг йигит бўлиб қўли пул, кўзлари уй, ҳовлиси машина кўрди. Аммо ўзини ўқитган Насим профессорнинг қизи Заринага уйланди-ю, боши ғурбатдан чиқмай қолди. Хотини жуда бойликка ўч экан. Кунора ресторанда овқатлангиси келади, ҳафтада бир тилла дўконига борсам дейди. Дастлаб ёшликка, кейинроқ фарзандли бўлишмаётганига йўйди. Лекин… Бир куни қўшнининг боласини беҳуда уришаётганига кўзи тушгач… Ҳафсаласи қайтди… «Наҳотки, бир кун келиб ўзи туғса ҳам шунақанги заҳрини сочаверса?.. Зап хотинга учраган эканман-ку!..» Афсуски… Амалдор одамга жанжал кўтариш, бақириб-чақириш ярашмайди. Қўшнилар нима дейди?..

Худди от каби аъзойи баданидан тер ҳиди келиб ҳаллослаганча ҳовлига кириб келган Ўлмасвой тоғани кўрди-ю, Зарина бурнини жийирганча эрини бир четга тортди.

— Вой, ким у?.. Қаердан топдингиз бунақанги исқирт қишлоқини?..

— Э, оғзингга қараб гапир!.. — жеркиб ташлади Камол, — Бу одам мени тоғам бўлади… Меҳмонхонага яхшилаб жой тайёрла!.. — Камол шундай дейишга деди-ю, ич-ичидан ўксинди. Бу унинг анчадан бери биринчи ўксиниши эди.

 

ИШРАТ САРИ БИР ҚАДАМ

 

Эркак киши уйда топмаганини кўчадан қидириши балки ростдир. Инжиқ ва хурмача қилиқлари тобора кўпайиб бораётган хотини Камолнинг жонига тегди. «Шунча бойлигим, давлатим бор, — ўйларди у тез-тез, — Бу нарсаларга осонликча эришганим ҳам йўқ… Хўш, унга нима етмайди?.. Фарзанд туғиб беролмагани камлик қилгандай, нозланишига, асабимни эговлайверишига бало борми?..»

Камол кунларнинг бирида кабинетда ўтири-иб чой дамлаб кирган котиба қиз Шоирага зимдан назар солди. Нақадар келишган қиз!.. Сўксанг, дағдаға қилсанг ҳам жим туриб эшитади. Фақат… Буюрсанг бас, барча истагингни адо этишга ҳозиру нозирдек…

Шоира иккинчи бор пиёла кўтариб киргандан сўнг Камолнинг нияти бузилди. «Наҳотки, шунчадан бери қўл остимда ишлаб, гўзаллигини пайқамаган бўлсам?.. — кўнглидан ўтказди у, — Нега энди ўша аҳмоқ хотинимнинг дийдиёларини эшити-иб юраверишим керак?.. Нима учун топганимни фақат ўшанинг қўйнига тиқишим шарт экан?.. Йўқ… Менам одамман… Одамларга ўхшаб бирон жойда дам олишни, Шоирадек паривашларнинг меҳрига қонишни истайман. Умр ўтиб кетяпти, ахир!..»

— Шоира, — деди Камол қизнинг қўлидан чой тўла пиёлани оларкан маъноли кўз қисиб, — Бирор ерга кетиб би-ир дам олмаймизми?.. Масалан, тоққа…

Раҳбардан ҳеч қачон бунақанги таклифни эшитиб ўрганмаган Шоира дув қизарди.

— Билмасам… Уйдагиларим нима дейишаркин?..

— Уларга бирон-бир баҳона топасиз-да!.. Сизминан би-ир дунё кезгим келди-да, асал қиз!.. Хўш, нима дейсиз?..

Қиз бироз каловланиб тургач, «маъқул» дегандек оҳиста бош ирғади. Худди ана шунақанги жавобларгагина кўниккан Камол эса, умрида қилиб кўрмаган ишга қўл уриб, Шоирани маҳкам бағрига босди.

 

МЕН СИЗГА ДУНЁНИ БЕРАМАН

 

Бўстонлиққа шанба кунлари одам дегани сиғмай кетади. Тўғри-да, тоғнинг мусаффо ҳавоси, булоқ сувлари, сойда мириқиб чўмилиш, кечалари тоғ тепасига чиқиб ётиш кимга ёқмайди?! Айниқса, Камолга ўхшаб қандайдир жононни етаклаб келганларнинг бу ерларда куни туғади. Ким билади, шундай худо ярлақаган маскан қанча даҳшатлар, сўнгсиз гуноҳларга гувоҳ бўлганийкин… Лекин улкан тоғ ораси буларнинг барчасини яшираверади, бағри қон бўлиб кетганда ҳам, барибир, ҳеч кимга билдирмайди… Сукут сақлайверади… Сақлайверади…

Шоира «бало» экан. Камолнинг мўъжазгина дала ҳовлисига келиб кийимларини алмаштирди-ю, «очилиб» кетди. Энди у қабулхонадаги тортинибгина турган котиба эмас, кўча қизлари каби шўх-шодон, ҳазилкаш бир сулувга ўхшаб кетарди.

— Сойда чўмилиб келмаймизми?.. — деди у кулиб, — Қаранг, ҳамма ўша ёқда!..

— Йўқ, биз ҳеч кимсиз ерга борамиз, — Шоирани қучоғига олиб эркалата бошлади Камол, — Қўрқмайсизми, ишқилиб, асалим?..

— Мен қўрқадиган иш қилмассиз, ахир!..

— Мабодо, шундай бўп қолса-чи?..

Бу гапдан Шоиранинг кўзлари айёрона қисилиб, секингина Камолнинг юзига шапатилаб қўйди.

— Вой, мен қиз боламан-ку ҳали!.. Унақанги нарсалардан қўрқаман…

«Эҳ, ҳозирги қизлар қанчалар маккор-а!.. — кўнглидан кечирди Камол узоқ-узоқларга кўз тикиб, — Қўрқаман дейди-я!.. Қўрққан қиз менга қўшилиб келмасди-ку тоққа!.. Кўнгли борлигини айтишга уяляптими ё?..»

— Шоира, наҳотки, шу нарса менданам азиз бўлса?.. — норози оҳангда сўз бошлади у, — Сизга ёмонлик тиламаслигимни биласиз-ку!.. Бор дунёимни бағишлайман сизга… Биргина қиз учун наҳотки, шулар ҳам кам бўлса?..

— Кеннойим-чи?.. Ахир оилалисиз-ку!..

Камол хотинининг номини эшитиб беихтиёр оғир тин олди.

— Қўйинг, ўша жодугарни эслатманг!.. Сиз ундайларнинг милёнтасидан афзалсиз… Сиз… Менга албатта, ўғил туғиб берасиз…

Шоира бу даражадаги очиқ-ойдинликни кутмаганиданми, беихтиёр кулиб тескари ўгирилди. У ичида ҳеч қанақа фарзанд туғишни истамаётган бўлса-да, раҳбарни ниҳоят қўлга ола бошлаганидан шод эди…

 

ХИЁНАТ МОЖАРОСИ

 

Тоғ «воқеа»си Камолни Шоирага жуда қаттиқ боғлаб қўйди. Қочиб қаерга ҳам борарди. Қиз гўёки унинг нақ бўйнига сиртмоқ солгандек эдики, қатор-қатор шартларни йўл-йўлакай адо эта бориши камлик қилиб, деярли ҳар куни Шоиранинг ёнида бўлишга, қаерга деса, олиб боришга маҳкум эди… Нима қилсин, эркаклардаги одатий феъл-атвор уни ҳам четлаб ўтган эмас. Бир ярим ойдан бери биргина котиба қизни тинглаш, ялаб-юлқаш, кейинги кунларда пайдо бўла бошлаган инжиқликларига чидаб ўтириш жонига теккан. Қолаверса, энди Шоира истаса чой дамлаб киради, истамаса…

Шоирани уйига элтгач, ярим тунда чарчаб ҳовлисига қайтган Камол ичкарига кирди-ю, остонада қайнотаси Насим профессор турганини кўриб ҳайрон бўлди. Қария кўринишдан зўрға жаҳлини босиб турарди. «Ярим кечаси нимага келдийкин?.. — ўйлади у кўришиш учун қайнотага қўл узатаркан, — Бунақанги одати йўқ эди-ку!..»

— Ҳа, куёв, кўрмаганни кўргани қурсин, деб шунга айтишаркан-да-а?..

Камол ҳеч нарсага тушунмай ҳайрат аралаш Насим профессорга тикилди.

— Тушунтириброқ гапираверинг!.. Нима гуноҳ қипмиз?..

— Гуноҳ ҳам гапми?.. — ичкари уйдан ўқдек отилиб чиққан Зарина алам билан эрига яқинлашди, — Сиз анави қанжиқ котибангизминан дон олишиб юрибсиз… Ҳаммасини билиб олдим… Қиз бола-я, қиз бола!.. Қаматаман, мана кўради, ада, ўз қўлимминан топшираман судга… Тупураман амалига!..

— Э, қизим, қанақа амал?.. — гапга аралашди қайнота, — Бунинг ҳали кимлигимни билмасакан… Шу иши учун иштонсиз кўчага ҳайдаттирмасам, отамни боласимасман, ҳа!..

Камол ота-болага қарши ҳеч нарса деёлмади. Айниқса, кечки пайт хотини ишхонасига излаб борганидан хабар топгач, бўлганича бўлди. Отасига эргашиб кўчага зардали қадамлар билан чиқиб кетаётган Заринанинг кетидан балки сўнгги марта маъюс қараб қолди-ю, келгусида ўзини қандай можаролар кутаётганини тахминан хомчўт қила бошлади.

 

«ФОЙДА»ЛИ ИШ

 

Камол яхши билади. Насим профессор ҳазилакам одам эмас. Тошканнинг ҳар бурчагида ошна-оғайниси ғиж-ғиж. Ишига ёпишдими, энди қўймайди. Қандай бўлмасин, қизининг аламини олса керак. Иш шу ёққа қараб кета бошлагандан кейин қўл қовуштириб ўтиравериш керакми?.. Ҳеч қачон…

Камол шошилинч уяли телефонини қўлига олди-да, ўринбосари Абдувалининг рақамини терди.

— Алло, Вали, сенмисан?.. Иш қалай кетяпти?.. Ҳаммаёқ тинчликми, ишқилиб?.. Қулоқ сол, тез келгин уйга… Ҳа, ҳозир уйдаман… Э, суриштиравермасанг-чи!.. Телефонда айтадиган гап эмас… Хўп, тезроқ келгин!..

Абдували жонини ҳовучлаб етиб келганида Камол қандайдир қоғозларни варақлаб, алланималарни ҳисоблаш билан овора эди.

— Нимага бегонага ўхшаб остонада турибсан?.. — ийманибми, ҳануз ичкари киришга иккиланаётган ўринбосарни уришган бўлди Камол, — Тезроқ оёғингдагини ечиб буёққа ўтгин-да, гапларимга яхшилаб қулоқ сол… Мана, шаҳар марказида қурилаётган меҳмонхонага беш юз минг дона ўтда ёнмайдиган ғишт, минг тонна цемент… Ва ҳоказоларни ҳозирча берганмиз, тўғрими?..

— Тўғри, тўғри, — сал жонлангандек тетиккина жавоб қилди Абдували.

— У ҳолда… Мундоқ қиламиз… Ҳар доимгидай сен ўша нарсаларнинг тенг ярмига харидор топасан… Фақат ишончли одамлар бўлсин… Пул… Ўзинг билганингдай учга икки… Мен кечаси соат ўн бирларда объектга етиб бораман…

Ҳамма иш пишгач, Камол ўринбосарни «ғизиллатди» — да, кўнгли таскин топиб бассейнга ўзини ташлади.

 

ТУЗОҚ ҚЎЙГАН КИМ БЎЛДИ?..

 

Соат миллари ўн бирга яқинлашгунча ҳам Камол ҳеч нарсани ўйламади. Ўйлаб, қайғурганда нима?.. Барибир, пешонага ёзилгани бўлади… У ўзи ёқтирган коняклардан бирини майдала-аб вақт ўтказди. Телевизор томоша қилди, радио эшитди. Бугун чўнтагига келиб тушадиган катта пул кўз олдида гавдаланиб ҳар юраги ҳаприққанда ҳовли айланиб ўзини босди… Ниҳоят орзиқиб кутилган онлар етиб, у «Мерседес»га ўт қўйди ва кўз очиб юмгунча айтилган жойда ҳозир бўлди. Объект ивирсиб ётарди. Агар, қоронғи бўлмаса, сочилиб кетган ғишт, бетон, қумларни кўрган киши бу ерда ташмачилик авжига чиқибди деб ўйлаши ҳеч гап эмасди… Камол ярми очиқ бинога туртина-туртина зўрға кириб олди-ю, бир бурчакда Абдувалининг сигарет тутатаётганини кўриб кўзларига ишонмади.

— Қачон кела қолдинг?.. — сўроққа тута кетди у ҳовлиқиб, — Иш битдими?.. Шундан гапир…

Абдували жавоб бериш ўрнига қора дипломат узатди.

— Мана бу улушингиз…

Камол «туҳфа»ни шоша-пиша қўлига олиб эндигина даста-даста пулларни эҳтиёткорона сийпалай бошлаган ҳам эдики, орқада кимларнингдир қадам товушлари эшитилгандай туюлди. Қўрқа-писа ўша тарафга ўгирилган Камол эса… Эс-ҳушини йиғиб улгуролмади. Икки-уч нафар фуқаро кийимидаги кишилар негадир тўппа-тўғри Камолга яқинлашиб икки қўлтиғидан олишди.

— Оббо, сиз-ей, — заҳархандалик билан деди улардан бири совуқ тиржайиб, — Давлат мулкини ўмариш ҳам эви билан-да!.. Шунча қўйиб бердик… Эсингиз кирмаганини қаранг-а!.. Ҳа, майли, қолганини прокуратурада гаплашамиз, кетдик!..

— Анави-чи?.. — беихтиёр бир четда қўл қовуштириб турган Абдувалига ишора қилиб норози оҳангда ғудранди Камол, — Унга нега тегмадинглар?.. Икковимизнинг ишимиз-ку, ахир!..

Нотаниш «суҳбатдош» кутилмаганда кулиб юборди.

— Оббо, сиз-ей… Ҳали сотқинман ҳам денг… У бизнинг, яъни прокуратуранинг одами бўлди-ку бугундан бошлаб!..

Камол шу гаплардан кейингина ичида илон асраб юрганини, беҳуда ўринбосар билан тил бириктириб қўйганини тушунди. Бироқ… Афсуски, энди кеч эди.

 

КЕЛИШСА БЎЛАРМИКАН?..

 

Миршаблар анойи эмас. Қайси маҳбус билан қанақанги муомала қилишни яхши билишади. Камолни ҳам собиқ раҳбар сифатида алоҳида камерага жойлаштиришди. Жойлаштирибгина қолмай, зарур «шароит»ларгача яратиб беришди. Икки кун «ўтиргач», уни терговчи ҳузурига олиб киришди. Бирам юзлари захил, кўзлари хунук эдики унинг… «Ўзиям турмадан қочганларданми нима бало?..» — ўйлади Камол терговчининг оғзига тикилиб, ундан савол кутаркан.

— Хўш, гражданин Саломов, нима ишлар қиб юрибсиз-а?.. — қандайдир қоғозларни тўлдириб бўлгач, ниҳоят бошини кўтарди терговчи.

— Нима қилганим ўзингизга маълумдир, ахир!..

— Албатта, маълум… Маълум бўлмай кўрсин-чи!.. Қаранг, сиз фақат давлат мулкини ўмаришда айбланяпсиз, десам, гуноҳларингиз ошиб-тошиб кетибди-ку-а?..

Камол ҳайрон бўлиб қулоғини янада динг қилди.

— Мана, — сўзида давом этаркан, қўлидаги аризаларни бирма-бир Камолга ирғита бошлади у, — Хотинингиз Зарина Насимовна сизни ҳақорат қилишда ва уни дўппослашда айблаяпти. Мана буниси эса, котибангиз Шоира Муслимовадан… Қизчанинг номусига теккансиз, зўрлагансиз… Эҳ-ҳе, камида 20-25 йилга эгалик қип турибсиз, ўртоқ Саломов… Ҳаракатингизни қилинг… Қимирланг… Бўлмаса…

— Қанақа ҳаракат?.. Нима қилишим керак?..

— Э, ўзингиз йўл-йўриқни менданам яхшироқ биларсиз… Сизга ўргатиб нима қилдим…

Камол ер остидан секин терговчига қараб қўйди. У сигарет тутатиб, у ёқ-бу ёққа аланглаб ўтиришидан нимадир «умид» қилаётгандек туюларди.

«Ярамаслар-ей, — кўнглидан ўтказди Камол беихтиёр муштлари тугилиб, — бало бир келса ботмонлаб келади, деганлари шу бўлса керак-да!.. Ҳаммаси сотибди… Ҳаммаси тил бириктириб менинг пайимга тушибди…»

— Ўртоқ терговчи, — Камол кутилмаганда умидли кўзлар билан тикилиб деди, — Мумкин бўлса, битта саволим бориди…

— Савол?.. Марҳамат…

— Мабодо… Сизминан «келишиб» қўя қолсак…

— Нима-а?.. — терговчи жаҳл устида ўрнидан туриб Камолнинг тепасига келди, — Сиз қаерда ўтирганингизни биласизми?.. Шундай «покиза» кабинетда туриб менга пора таклиф этяпсизми?.. Менга-я?.. Вей, буниям агар баённомага тиркаворсам, биласизми нима бўлади?.. Пора берган ҳам, олган ҳам камида ўн йил олади-ку!.. Чиқинг… Адвокат олинг… Йўқолинг!.. Навбатчи!..

Терговчининг хонасидан бағри баттар хун бўлиб чиққан Камол камерада шумшайиб ўтирганча хаёлан «йўл» қидириш билан банд эди.

 

КЎНГИЛ ҚУРСИН-А, КЎНГИЛ!..

 

Худойи таоло ёруғ дунёда ҳеч бир бандасини бесамар қўймайди. Яхши-ёмонга ҳам, шоҳу гадога ҳам меҳрибон. Аммо бу иноятларни кимдир тилаб-тилаб олади, кимлардир тилаб ўтирмай эришади. Камол ҳам, ҳойнаҳой, сўнгги тоифадагилар сирасига кирса, ажабмас… Негаки, уззукун бош қотириб адвокат топгани, уни айтганларининг барчасига кўндиргани билан шукр қилиш эсига келган эмас… Фақат… Бир умр тўплаганларидан бир соат ичида айрилгани кўзига кўринаверди. Заринани сўкди, Шоиранинг гўрига ғишт қалади… Аслида, унинг куйинганича бор эди. Зарина шунчаки ажрашиб қўя қолмай, ҳовли-жой борми, мол-мулк борми, барча-барчасини қонуний ўзига ўтказиб олди. Устига-устак, озодлик Камол учун нақ эллик минг зиёд «кўки»га тушди. Энди буткул кўчада қолган собиқ раҳбарнинг чўнтагида бир ҳафталик ейиш-ичишгагина етадиган пул қолди, холос… Нима қилади энди?.. Қаерга боради?.. Қандай кунларга солиб қўйишди-я!..

«Ҳа, майли, — шивирлади Камол неча ўн йиллардан буён қадам босмай кетган автобус бекатига яқинлашаётиб, — Ҳарқалай, анави қамоғидан қутулиб олдим-ку!.. Энди… Шоиранинг ёнига бориб ўзим ҳадя қилган… Тиллалардан ярим-ёлчисини сўраб кўраман… Ғинг деб кўрсин-чи!.. Балки… Сал юмшоқ гапирсам, хотинликка рози бўлармикин?.. Нима бўлгандаям, ўртамизда ҳалигидай…»

Камол адашган экан. Телефон гўшагидан унинг овозини эшитган Шоира сира кутилмаган жавобни берди:

— Кечирасиз, мен ҳеч қанақа Камол Каримовични танимайман… Бошқа рақамга тушиб қолдингиз…

— Маразла-ар!.. — будкада турган кўйи қичқириб юборди Камол, — Ҳамманг кечагина соямга салом қилганса-ан!.. Қучоғимда эркаланганларинг эсингдан чиқдими-и?!

«Тарвузи қўлтиғидан тушган» Камолни шу лаҳзада таниб бўлмасди. Қорни таталаб кетаётганини ҳис қилиб чўнтагидаги майда-чуйда пулларни санагани сайин хўрлиги келар, дунёга ўт қўйишга тайёр турарди-ю, афсуски, ожиз-нотавон эди.

 

БИЗ СЕНГА ҚАРИНДОШ ЭМАСМИЗ

 

Камол Каримовичдек одам туни билан автобус бекатида қолиб кетди. Ҳуда-беҳуда меҳмонхона, эски таниш-билишлариникига «сарғайиб» боришга ғурури ҳам, чўнтаги ҳам йўл бермасди. «Мана сенга ёруғ дунё деганлари, — баланд овозда сўзлана бошлади у азон маҳали деярли ҳеч кими йўқ бекатнинг у ёғидан-бу ёғига асабий юриб, — Асранди эдим, асрандилигимча қолдим… Лекин… Наҳотки, шунчалар оғир гуноҳларга йўл қўйган эканманки, бирпасда одам боласи кўтаролмайдиган савдоларни бошимга солишса?.. Наҳотки, заррача меҳр-оқибатга ҳақли бўлмасам?..» — Камол ўйлай-ўйлай, Хонободга — ўша Ўлмасвой тоғасининг ҳовлисига боришга қарор қилди. «Яхшиям ўшанда очиқ юз билан кутиб олган экан… Ўшалар ҳам бўлмаса, ҳозирги ҳолича кимнинг эшигини тақиллатиб кирарди?..»

У пулларини яна бир бор хомчўт қилиб кўрди. Ҳа-а… Қишлоққа етиб олади… Майда-чуйда олиши ҳам мумкин… «Ҳарқалай, шу кунда ташлаб қўйишмас, — хаёлидан ўтказди Камол Қўқонга кетаётган йўловчи машиналардан бирида шумшайиб ўтирганча, — Нима бўлгандаям қариндош деган номи бор-ку!..»

Ўлмасвой тоғанинг ҳовлиси оддийгина, кўримсизгина экан. Якка синчли уйларнинг сувоқлари ҳар ер-ҳар еридан кўчиб тушган, анчадан буён оҳак кўрмаган деворларни узоқдан кўрган одам оғилхона деб ўйлаши ҳеч гап эмасди.

— Э, мени жияним кеп қопти-ку!.. Қайси шамоллар учирди-а, жиян?.. Хат-пат жўнатсанг кутиб олардик Қўқонга чиқиб… Хотин, қўйнинг каттасини тайёрла, жиянимнинг оёғи тагида сўйворай!.. — ҳеч нарсадан хабари йўқ Ўлмасвой тоға боши эгилганча остонада иккиланиб турган Камолнинг атрофида айланиб-ўргилар, Ҳожар хола эса, кўришишни ҳам унутиб, оғилхонада қўй танлаш билан овора эди.

— Мен учун сираям овора бўлманглар, — деди Камол овози чиқар-чиқмас, — Энди илгариги даврлар ўтди… Ҳозир… Ташландиқ, ҳеч кимга кераксиз бир бандаман… Менга… Бир-икки кунга… жой бериб турсаларингам катта гап…

«Хайрият-ей, қўйни сўйвормай тўғри қилган эканман, — ўйлади ичида Ўлмасвой тоға «жияни»нинг узундан-узоқ ҳикоясини бепарво тингларкан, — Барибир, амалдан кетибди… Энди буям ўзимизга ўхшаган одам-да!.. Қаёқдаги асранди болага тушиб қолган қўйим бормиди… Ўтсин-э!..» Ўлмасвой тоға ҳақиқатдан бирданига тўнини тескари кийди. Кечки овқат устида ҳам Камолга тузук-қуруқ гапирмади. Чарчаганини баҳона қилди-ю, эрта-кундаёқ ётиб олди. Ҳожар хола эса, Камол билан жуда-жуда суҳбатлашгиси, дардлашгиси, ўтмишни бирга-бирга эслагиси келса-да, эридан қўрқди, унинг Камол кетгандан кейинги «ҳунар»ларини ўйлаб ўзини тортди…

Камолга негадир ташқаридаги сўрига жой қилиб беришди. Увадаси чиққан, яна… Қандайдир бадбўй ҳид ўрнашиб қолган кўрпага ўралиш Камолга жуда алам қилди. «Қариндош, жони ачигандир деб ўйласам, булар ҳам ўзгариб қолди, — уф тортиб қўйди у, — Демак… Бу ердаям узоқ туролмасам керак…»

Камол ҳар эҳтимолга қарши кийимларини эрталабга тайёрлаб қўйди. Энди у ўзини тақдир қўлига топширишга мажбур, кўргуликларга ён беришдан, тоқат қилишдан ўзга чораси йўқ эди…

— Ука, очиғи… Кетсанг… — ҳали тонг отиб улгурмай, ҳовлига чиққан Ўлмасвой тоғанинг биринчи гапи шу бўлди, — Ўзинг биласан… Қишлоқчилик… Қамалиб чиққан одам… Бу ерда ўтирсанг…

«Йўқ… Бу гапларни эшитгандан кўра… Ахир… Сал юмшатиб гапирса ҳам бўларди-ку!..» Камол худди иситмаси чиққан одамдек анча жойгача довдираб-довдираб борди… Шу лаҳзада бисотидаги бирдан-бир бойлиги —елкаси оша ташланган костюми ҳам унга оғирлик қилар, хўрланган, таҳқирланган, ўз вақтида ҳаётдан хулоса чиқаришни ўйламаган ёхуд улгурмаган собиқ амалдор йигит қуруқ қўл билан қай томон қадам қўйишни била олмай ҳалак эди.

Олимжон ҲАЙИТ