Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 5 август куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

5 август куни оила қурмаганларни на молиявий, на ҳаётий муаммолар қўрқита олади. Икки хаёлингиз жондан азиз бўлғуси жуфтингизда бўлади. Балки яқиндагина танишиб, муносабат юритаётгандирсиз. Аммо қалбингиздаги муҳаббат олови жуда кучли чиқади. Бугун романтик учрашувлар, кўнгил изҳорлари омадли ва хайрли кечади. Аммо ўша шиддатингизнинг ҳеч бўлмаса бир чимдимини рўзғор ташвишларини бартараф этиш учун ҳам ажратсангиз, фойдадан холи бўлмасди.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун кун давомида жанжалли вазиятларни бошдан кечиришингиз кутилади. Кимдир сизни атайин жанжал сари етаклаши мумкин. Эҳтиёт бўлинг. Оилали бўлсангиз, фарзандлар билан суҳбат қуриш орқали ҳам ижобий эмоцияларга эга бўласиз. Атрофдагиларнинг ҳам ўзингизга маъқуллари билангина мулоқот қилинг. Фирибгар, киссавурларнинг яқинига йўламанг. Кечқурун овқатланиш рационингизга бир назар ташлаб қўйинг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

5 августда янги танишувлар, бир-биридан ёрқин ҳодисалар, янги ғоялар ҳамроҳингиз бўлади. Ёз сиз учун худди сеҳрли мавсум каби туюла бошлайди. Молиявий масалада ҳам сира ташвиш тортманг. Пулнинг ўзи сизни қидириб келади. Ёлғизларни ажойиб танишув кутиб туради. Ана шундан кейингина дунёда муҳаббат ҳақиқатан борлигига амин бўласиз. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Омад сизга ёр бўлсин!

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Агар дуч келганга буйруқ бераверишни бас қилсангиз, одамлар янада кўпроқ сиз томон талпина бошлайди. Ҳар бир ҳаракатни режасиз амалга оширмаслигингиз тавсия қилинади. Бугун пул ишлаб топишингиз учун кўплаб қулай имкониятлар туғилади. Пул киссага тушгач, кечқурунгача қўймай қарзларни узишингиз ҳам керак бўлади. Бугун жарроҳлик амалиётидан воз кечганингиз маъқул.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

5 август куни иш жойингиздаги ҳамкасбларнинг аксарияти сизнинг кўмагингизга муҳтожлик сеза бошлаганига гувоҳ бўласиз. Ёрдам беринг. Кам бўлмайсиз. Улардан қайтмаса, худодан албатта қайтади. Тадбиркорларни фойдали шартномага имзо чекиш лаҳзалари кутади. Лекин бугун хизмат сафарига борманг. Кўнгилсизлик юз бериши мумкин. Кун давомида кўпроқ пиёда юришга ҳаракат қилинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Бугун эрталабдан турли мавзу ва кўринишдаги тадбирларга қатнашингиз талаб этилади. Қизиғи, бу амал сизга жуда ёқиб тушади. Шу сабабли чарчаганингизни ҳам ҳис этмайсиз. Бугун ижодкорлар, санъат намояндалари ва рассомларнинг куни туғади. Кечки пайт дўстлардан бири ажойиб бир хабар етказиши мумкин. Хабар шу қадар қимматлики, дўстингизни қайта-қайта олқишлашингизга тўғри келади.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Бугун яқин қариндошларингиз сизга қандайдир сюрприз ҳозирлаб қўйишни ният қилган. Уларнинг бири мерос билан боғлиқ бўлиши мумкин. Эрталабдан жисмоний ишларга қўр урманг. Бу иммунитетингизни тушириб, умумий аҳволингизни салбий тарафга ўзгартириб юбориши мумкин. Табиат қўйнида дам олиш, шахсий дала ҳовлингизда ишлаш бугун мароқли кечади. Сизни янги ишларга илҳомлантирувчиларга нисбатан ҳурмат сақланг. Кечқурун моддий аҳволингиз яхшиланиши кутилмоқда.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Агар 5 августда ишхонангиздан бир дунё муаммони қўлтиқлаганча қайтадиган бўлсангиз, уйда ҳам уларнинг устига шунча муаммо ортилади. Барча муаммоларни ташқарида қолдиринг. Шунда яқинларингиз билан муносабатларда гармония йўқолмайди. Саёҳат ишқибозларини бугун ажойиб манзаралар, анъаналар ва машғулотлар кутади. Ўзингиз учун нотаниш таомларни татиб кўраётганда, эҳтиёт бўлинг. Кечқурун қилган ишларингиз учун моддий рағбат оласиз. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

5 август куни айримлар олис сафарга отланиши мумкин. Ҳойнаҳой, бу сафар ишингиз билан боғлиқ бўлса керак. Ҳамроҳ сифатида ишончли дўстлар ёки ҳамкасблардан бирини олиб кетишингиз ҳам зиён келтирмайди. Сафардан аъло кайфиятда қайтишингиз эҳтимоли бор. Шахсий ҳаётда баъзилар бошқа манзилга кўчиш билан банд бўлишлари мумкин. Омадингизни берсин! Кечқурун овқатланиш режимини бузмаган ҳолда ҳаракатлар содир этинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугунги кунингиз кўплаб англашилмовчилик ва ечимсиз жумбоқлардан иборат бўлади. Лекин бунинг сира қўрқинчли жойи йўқ. Атрофдагилар билан мулоқотда, ишда ва кўчада ҳазил-мутойибани қурол қилиб олинг. Камлик кўрмайсиз. Агар жаҳлдор қариндошлардан бири ишни бузмаса, оилангизда ажойиб атмосфера мавжуд бўлади. Очиғи, уйингиздагиларнинг барчаси унинг жанжалли суҳбатларидан чарчаган.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

5 августда сира иккиланмасдан, ёз ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишингиз, ҳаётдан завқланишингиз ва керак бўлса, қўшиқ куйлашингиз ҳам тавсия қилинади. Бу қувноқликни йўқотманг. Шундайлигингизча қолинг. Дам олишни ихтиёр этсангиз, маданий ҳордиқ чиқариш ҳақида ўйлаб кўринг. Спиртли ичимликлар истеъмолидан воз кечинг. Мазангизни қочиради. Тадбиркорлар учун хориж фирмаси билан янги шартнома имзолаш имконияти бор.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Ўзингизга ёқмайдиган, мантиқсиз туюлган ишларга қўл уришингиз тавсия этилмайди. Ундай ишлар четда қола қолсин ёки бошқа ҳамкасблар бажараверсин. Агар олдиндан пухта режалаштирилган бўлса, ҳар қандай кўринишдаги сафар муваффақиятли кечади. Ўз фойдангизга ўзгартириш мумкин бўлган вазиятлардан юз ўгирманг. Саломатлигингиз бугун панд бермайди.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади