Диаметри 570 метр бўлган астероид Ер яқинидан учиб ўтади

0

10 августда 2006 QQ23 астероиди сайёрамиздан бор-йўғи 0,049 астрономик бирликка (7,3 млн км) тенг масофадан соатига 16740 км тезлик билан учиб ўтади.

Бу масофа сайёрамиз кўламида унча яқиндек туюлмаса-да, бироқ само жисмини ер атрофи объекти деб таснифлаш учун етарлидир. Бундан ташқари, астероид Ердан 0,05 астрономик бирликдан кичик масофада учиб ўтгани сабабли у хавф солиши мумкин бўлган астероидлар қаторига киритилади.

Астероиднинг диаметри 570 метрга яқин бўлиб, у Нью-Йоркдаги Эмпайр-стейт-билдинг осмонўпар биносидан (443 метр) ҳам каттароқдир. НАСАда таъкидланишича, ушбу объект сайёрамизга ҳеч қандай хавф солмайди.
АҚШ коинот агентлиги Ерга яқин учиб ўтувчи комета ва астероидларни, биринчи навбатда, улар бевосита хавф солгани учун эмас, балки бу объектлар келгусида хавф солмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун кузатишади. Ҳар йили 2006 QQ23 астероиди ўлчамидек келадиган ўртача 6 та само жисми Ер яқинидан учиб ўтади.