ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

Марияникига қайтгандан кейин ҳам танамдаги титроқлар босила қолмади. Қанча сездирмасликка уринмай, барибир жавдирашларим, тез-тез бир нуқтага термулганча қолишларим панд бериб қўяверди.

— Сен турмада ўтириб чиққанга, қотилга ўхшамайсан. — Мария ўртага дастурхон ёзиб, ароқ, пиёла ва бир товоқда шўр бодринг қўйди-да, рўпарамга чўкиб менга тик боқди.

— Нега энди ўхшамас эканман? — дедим сир бой бергим келмай. — Ўтирибман-ку жим!..

— Ҳақиқий каллакесарлар-чи, қалтираб ўтиришмайди. Қуй ароқдан!..

Шоша-пиша қадаҳларни ароққа тўлдириб, бирини Марияга узатдим.

— Кел, қарияни хотирлайлик! — деди у уф тортиб. — Ер бориб етказмасин-у, бироқ ўлгудай пасткаш эди. Афсуски, ўлганларни ёмонлаб бўлмайди. Нима бўлгандаям, жойи жаннатда бўлсин! Олдик!..

Хайрият, иккинчи қадаҳдан сўнг мен ҳам дадиллашдим. Энди титрамас, аксинча, вужудим қизиб, кайфим ошиб борарди. Ҳатто, Марияни мақташга улгурдим.

— Сен унча-мунча эркакдан дадилроқ, жасурроқ экансан. — дедим кайф таъсиридами, аёлнинг ярим очиқ оппоқ сийналарига ўғринча кўз солиб. — Қолаверса, сендан яхши хотин чиқиши мумкин.

— Ҳаддингдан ошаверма. — дея бошини терс бурди Мария. — Мен бунақанги ёлғон хушомадлардан тўйган аёлман. Гапирадиган бўлсанг, тўғрисини гапир!

— Мен алдашга ўрганмаганман. — норози оҳангда жавоб қайтардим унга. — Қайси гапим ёлғон-а?..

— Билмайман. Негадир шилқим эркаклар менга ёқмайди.

— Биласанми, Мария, айт, нега бир ўзингсан? Нимага шундай қишлоқда ҳеч ким яшамайди? Нима бўлган бу ернинг одамларига?

— Ҳа-а, — хўрсина-хўрсина гап бошлади Мария. — Бир пайтлар бу қишлоқ одамга тўла эди. Айтишларича, сўнгги пайтларда қишлоқда ҳаёт кечириш оғирлашиб қолибди. Газ йўқ, чироқнинг ҳам тайини бўлмайди. Бир кун ёнса, уч кун ёнмаслиги мумкин. Нима қилсин одамлар? Қачонгача ўрмонга кириб емиш қидиради? Ҳаммалари бирин-сирин шаҳарга кўчиб кетишибди.

— Сен-чи? Қаерда эдинг?

— Менми?.. — Мария бирпас жим қолди. Нималарнидир ўйлаган, мулоҳаза қилган каби бошини сарак-сарак қилди. — Турмада эдим.

— Турмада? Йўғ-э! Бўлиши мумкинмас!

— Мумкин. Жудаям мумкин-да!.. Вей, ҳали менга етишингга-чи, анча бор!..

Пайқадим. Мариянинг кайфи ошди. Ғўлдирай бошлади. Шундай бўлса-да, жим ўтириб уни тинглашда давом этдим.

— Мен бараварига еттита маразнинг бошига етганман! — “очила” борарди у. — Ўн етти йил турмада ўтирдим. Ҳозир ўттиз бешдаман, билдингми? Умримни хазон қилганлардан ўч олганман… Аммо афсусланмайман. Чунки, тўғри иш тутдим ўшанда. Менинг ўрнимда сен бўлсанг ҳам шундай йўл тутардинг.

— Сени кимлардир зўрлаганмиди?

— Зўрлаган… Зўрлага-ан… Йўқ, уч эркак ваҳшийлик қилган… Биргалашиб номусимни поймол қилишган. ҳа-а!.. Мен ҳам қараб турмадим. Аввалига чидадим… Чидашга мажбур эдим… Сал бўш қўйишгандан сўнг ҳаммасини маст қилиб битта-биттадан дарахтга бойладим-да, бўғавердим… То ўлмагунча қўйиб юбормадим… Ҳа, шу йўл билан у маразлардан ўч олдим…

Мариянинг кўзларида ёш қалқиди. Очиғи, шу лаҳзаларда Савелий воқеаси буткул ёдимдан кўтарилган, қаршимда ўтириб йиғлаётган аёл сиймосидаги қотилни юпатишга чора топа олмасдим.

— Бу дунёда ҳақиқат йўқ! — дея давом этди Мария йиғи аралаш. — Ўша кунни эсласам, даҳшатга тушаман. Одамлар разил экан. Уларда раҳм-шафқат йўқ экан. Турмадаям тўрт марта қўлим қонга бўялди.

— У ерда нима сабабдан одам ўлдирдинг? — сўрадим мен.

— Э, нашанинг орқасидан бўлган… Қўй, ярамни янгилама! Яхшиси, қуй ароқни!

— Балки етар! — дедим бир шишага, бир Мариянинг кўзларига боқиб.

— Қуй дегандан кейин қуй-да! Бу уйда мен хўжайинман, билдингми?!.

— “Ўлиб кетмайсанми, манжалақи?” — сўкиндим ичимда. Ва зарда билан дастурхондаги қадаҳни олдим-у, атайин тўлдириб қўлига тутқаздим.

— Қани, ич! Ичмайсанми?.. бақирдим унга. — Нега қараб турибсан? Ич!

Аёл бундай муомалани кутмаганди. Жавдираб кўзларимга тикилиб турди-да, бўшашганча қўлидаги қадаҳни дастурхон устига қўйди.

— Кечир, мард инсон! — деди ҳазин товушда. — Сенга қаттиқ гапириб юбордим. Кечир! Бўлди, ичмайман!.. Илтимос, мени каравотга ётқизиб қўй! Кайфим ошиб қолди. Ётқизасанми?

Мен индамасдан ўрнимдан туриб Марияни даст кўтардим-да, каравотга ётқиздим.

У боши ёстиққа теккани ҳамоно хуррак ота бошлади.

 

* * *

 

Ярим тун эди. Ташқарида кучли шамол аралаш қор гупиллаб ёғар, дераза тирқишларидан кирган совуқ этни жунжиктирарди.

Мен кайфим сал тарқагандан сўнг, елкамга юпқароқ кўрпача топиб ёпиб олганча полга чўзилдим.

Шарик ҳам қорни тўйгач, олд оёқларига бошини қўйган кўйи ухларди.

Шу пайт Мария уйқу орасида кимларнидир бақириб койиган бўлди. Ўз овозидан уйғониб кетдими, даст ўрнидан туриб ўтирди-ю, мен томон ўгирилди.

— Нега ухламаяпсан? — сўради у. — Чанқадим. Илтимос, менга бир стакан муздай сув бер!

— Ўзинг тура олмайсанми? — қайсарлигим тутиб, атайин ғашига текким келди.

— Илтимос, бера қолгин! — ялина бошлади Мария. — Ҳозир ўрнимдан қўзғалсам, йиқилиб тушаман.

Мен секин нариги хонага ўтдим-да, челакдаги сувдан бир стакан келтириб унинг қўлига тутқаздим. Мария сувни бир ҳўплаб, қолганини полга қўйди.

— Энди ёнимга ўтир! — деди у кутилмаганда оёғимдан маҳкам қучиб. — Ўтирмагунингча қўйиб юбормайман.

Иложсиз Мариянинг ёнига ўтирдим. У энди елкамдан қучоқлаб олди.

— Менга ёқиб тушдинг, мард йигит! — деди у лабларини қулоғимга жуда яқин олиб келиб. — Эшитяпсанми?.. Нега индамайсан?..

Аёлнинг қайноқ нафасини димоғимда туйиб, хаёлларим чалкашди. Вужудим аланга бўлиб ёна бошлади.

Охири бўлмади. Марияни маҳкам қучиб, лаблари-ю, сийналарини ўпа кетдим…

 

***

 

Биз шу кеча деярли мижжа қоқмадик. Бир-биримизни ялаб-юлқадик. Ора-сирада ароқ ичдик. Хуллас, ёруғ дунёнинг лаззатидан баҳра олдик.

Қизиғи, Шарикка бизнинг қилмишларимиз ёқмадими, ташқарига чиқиб кетганча қайтмади. Лекин мен ит ҳақида қайғурадиган аҳволда эмасдим. Кўзимни шира босган. Мариянинг қайноқ бағридан бўлак ҳеч нарсани кўрмасдим.

Фақат… Эрта тонгда туриб изғиринли ўрмонга чиққанимдан кейин ҳушёр тортгандек бўлдим. Қилиб қўйган ишларимдан пушаймон ея бошладим.

Кўз ўнгимда Еленанинг маҳзун чеҳраси намоён бўлди. У худди мени кузатиб тургандек, йиғлай-йиғлай қарғаётгандек туюлиб кетди.

Устига устак Савелий амаки кўмилган тарафга кўзим тушди-ю, ичим музлаб, қалбимни қўрқув ҳисси эгаллади.

“Нималар қилиб қўйдим? — дея ўйладим. — Мен, ахир, одам ўлдирдим! Бу ҳам етмагандек, Еленага хиёнат қилдим. Нега? Нима учун ўзимни тўхтата билмадим? Энди нима бўлади? Мария билан қолиб кетаманми? Бир кун келиб турмадагилар тутиб олишса-чи? Унда тақдирим қандай кечади?..”

— Ҳой, қочқоқ, бу ерда нима қилиб турибсан? — таниш овозни эшитиб шоша-пиша ортимга ўгирилдим.

Мендан сал нарида Мария қалин пальтосига ўранганча қўлида бир шиша ароқ кўтариб турарди.

— Қотиб қоласан-ку совуқда, жоним! — дея яқин келиб елкамга бош қўйди у. — Юрақол, манавини ичайлик! Бошим тарс ёрилай деяпти!

Ҳа, мен ич-ичимдан қанча афсус чекмай, барибир, шу келишган, жозибали аёл қаршисида ожиз эдим.

Уни маҳкам қучдим-да, ичкарига етакладим.

 

* * *

 

Ичкарига киргач, Мариянинг ўзи шишадаги ароқни иккита стаканга қуйиб бирини менинг қўлимга тутқазди. Ичиб дастурхондаги қолган-қутган бодринг бўлакларини газак қилдик. Ичкилик баданини қиздириб, кўзлари мошдек очилган аёл бир муддат менга тикилиб қолди-да, бош чайқаб ўрнидан турди.

— Қани, тур-чи! — деди у билагимдан тортиб. — Турақол!

— Нега? Тинчликми?

— Турсанг-чи!

Мен сакраб ўрнимдан туриб қаддимни ғоз тутдим.

— Қара, — деди Мария эгнимдаги пальтони ғижимлаб. — Пальтонг оҳори кетиб кийишга яроқсиз бўлиб қолибди.

— Нима қипти? Бори-да!

— Йўқ, тўхта!.. — Мария нариги хонага чопиб кирди-да, зум ўтмай қўлида деярли янги эркаклар пальтосини кўтариб чиқди.

— Манавини кийиб ол! — пальтони менга тутқазди у. — Тез кийиб ол! Сенга лойиқ келади.

Мен ҳайрон бўлиб елка қисиб олганча эгнимдаги эски пальтони ечдим-у, янгисини кийдим.

— Ярашди! — дея мени айланиб томоша қила бошлади Мария. — Жуда ярашди!.. Энди шу сеники. Сендай йигит эски-тускида юрса, уят бўлади!..

— Раҳмат! — дедим хижолат тортиб. — Шарт эмасди… Эскиям бўлаверарди менга…

Шу пайт сира кутилмаган ҳодиса содир бўлди.

Мария беихтиёр қаршимда тиз чўкиб, икки қўли билан янги пальтонинг этакларини маҳкам ғижимлади… Ва тўсатдан ўкириб йиғлаб юборди.

— Энди нима қилама-ан?.. Миша қани? Қани Менинг Мишам?.. Нега бир ўзим қолиб кетди-им?.. Миша!.. Шу пальтони ўзинг кийиб юрсанг бўлмасмиди?..

Мария даст ўрнидан турди-да, хонани айланиб дод сола бошлади.

Мен нима қилишни билмасдим. На аёлни тинчлантиришни, овутишни билардим. Турган жойимда тош қотганча қолиб кетгандим.

— Михаил! Кечир мени! Кечир мен ношудни!.. Сенинг ҳолингдан хабар ололмадим! Йў-ўқ! Чидай олмайман! Чидолмайман!..

Охири бўлмади. Мариянинг қўлларидан маҳкам тутиб ўрнидан турғаздим.

— Нега йиғлайсан? Ким ўзи Миша? Нега дод соляпсан? Гапирсанг-чи!..

Мария қайта-қайта силташларимдан сўнг сал ўзини босиб кирланиб кетган якандоз устига ўтирди.

Енгига кўз ёшларини артиб бош эгди.

— Гапир! — дедим рўпарасига чўкарканман. — Йиғлашларингнинг сабаби нима?

— Бунинг тарихи узун. — гап бошлади Мария ҳиқиллай-ҳиқиллай. — Бир пайтлар мен ҳам ўзимни дунёдаги энг бахтли аёл деб ҳисоблардим. Миша билан никоҳдан ҳам ўтгандик. Руҳонийнинг ўзи ҳам бизга боқиб ҳавас қилганди. Афсуски, пешонамга сиғмаган. Балиқ овига бориб… Тўйиб ичган-у, ухлаб қолган… Совуқда…

— Тушундим. — дедим унинг сўзини бўлиб. — Совуқда қотиб қолган экан-да!.. Тўхта, қачон бўлган ўзи бу воқеа?

— Ўн саккиз ёшимда… Шу воқеадан кейин сал ўтмай, кечаги айтган ишлар бўлиб кетди…

— Ҳа-а, — бош ирғаб қўйдим Марияга ачиниш билан тикилиб. — Демак, у аблаҳлар эрингни танишаркан-да!..

Мария боши билан маъқуллаб қўйди.

— Хўп, майли, — у лаб тишлаб қўлига ароқ шишасини олди. — Дийдиё қилган билан қайтиб келмайди Миша… Шунчаки… Анави пальтосини кўриб кўнглим бўшаб кетди…

Аёл стакандаги қолган ароқни бир кўтаришда симирди-да, секин келиб тиззамга бошини қўйди.

— Биласанми, — эркаланган оҳангда сўз бошлади у. — Сен мени бойитиб юборишинг керак. Ҳа, пулдор бўлишни хоҳлайман.

— Қандай қилиб бойитаман? Менинг хазинам бормиди?..

Мария бир четда индамайгина ётган Шарикка ишора қилди.

— Ана, овчи итинг бор. Оқ какликлар тутиб беради сенга. Сен бўлсанг, уларни сўйиб, ичидаги олтин зарраларини оласан.

— Оқ каклик дедингми? Демак, ўша қушларни каклик деб аташади-а, шундайми?

— Ҳа-да, — жонланиб қаддини кўтарди Мария. — Ўша сен тутиб ичидан олтин зарраларини топган қуш каклик. Фақат уларнинг ҳаммасиям олтин ютавермайди. Нима бўлмасин, барибир сен менга кў-ўп олтин топиб беришинг шарт.

— Топиб бермасам-чи?.. — негадир қайсарлигим тутиб сўрадим мен.

— Топасан. — деди Мария қатъийлик билан. — Топмай қаерга ҳам борардинг.

— Шунақа дегин? Сен ҳали мени фақат шу нарса учун ёнингда ушлаб турибсанми?

— Йўқ, йўқ, — Мария кутилмаганда икки елкамдан тутиб бир-икки силтаб қўйди. — Сен менга эркак сифатидаям кераксан. Бироқ… Бекор ўтиргандан нима фойда? Ўзинггаям яхши-ку!

— Адашяпсан. Менга бойлик керак эмас. Ҳали қиладиган ишларим кўп. Биласан-ку, турмадагилар барибир қидиришади.

— Ҳой, қанақанги қайсар одамсан ўзинг?.. Бу уйда менинг айтганим бўлади. Айтганимни қилмагин-чи… Мана шу қўлларим билан ўзим тутиб бераман сени.

— Яхши бўларди тутиб берсанг. — дедим жаҳлим чиқиб. — Шундоқ ҳам Еленани соғиндим.

— Нима?.. Қанақа Елена? Ўчир овозингни! Сен энди меникисан, билдингми, меники!..

Бу аёлнинг шунчалар ўзгарувчанлигини сўнгги дақиқаларда пайқай бошлагандим. Ундайларга тил билан бас келиб бўлмайди. Яхшиси, индамасдан ўз ишимни қилаверганим дуруст эмасми?..

Шуларни ўйларканман, индамадим. Жанжаллашишни ўзимга эп кўрмай, Шарикни етаклаганча ташқарига чиқиб кетдим.

Ўрмон томон кетиб борарканман, Мариянинг “Қани, мендан бошқасини деб кўр-чи! Ҳаммангни бўғизлаб ташлайман!” дея бақираётгани аниқ эшитилиб турарди.

 

***

 

Тунда яна йўталим қўзғаб тонгга қадар мижжа қоқмадим. Мария эса пишиллаб ухлар, уйқу орасида қур-қур йўталганимни эшитиб сўкиниб қўярди.

Хўрлигим келди. Кўз ўнгимда онадек меҳрибон Еленанинг ёқимтой чеҳраси ҳар гавдаланганда полда бошини икки олд оёғи орасига олганча мудраётган Шарикни силаб-силаб олдим.

Айниқса, бу аёл кечаги гаплари, устига-устак, тундаги суюқоёқларга хос қўпол ҳаракатларидан сўнг кўзимга шумшук кўриниб қолганди.

Эътиборсизлиги ошиб тушди.

“Итдан тарқаганга пича олтин топиб берсайдим, — ўйлардим ўзимча. — Даф бўлардим шу сассиқ уйидан. — Дунёга келиб бу қадар ёқимсиз, сўхтаси совуқ аёлни учратмагандим. Пешонам қурсин! Ҳа, тонг отса бас, каклик овлашга бораман. Ажаб эмаски, эртагаёқ жўнаб юборсам. Шунинг ёнида азоблангандан кўра, турмадагиларнинг қўлига тушиб, камерада ўтирганим маъқул эди…”

Ниҳоят тонг отди. Кечаси ҳаддан зиёд кўп ичиб юборган Мария ҳамон хуррак отарди. Мен у томон нафрат аралаш қараб қўйдим-да, Шарикни етаклаб ташқарига йўл олдим.

Қор деярли тинибди. Қуруқ совуқ баданнинг очиқ қолган жойларини узиб олай дерди.

Мен пальтонинг ёқасини кўтариб, қулоқларимни ёпганча таваккал дарё томон жўнадим. Ит олдинда гўёки йўл кўрсатиб борарди.

Икки чақиримча йўл босгач, сокин оқаётган дарё бўйига ҳам етиб келдик.

Соҳилда какликлар сайр қиларди. Шарик кела солиб уларни қувлашга тушди. Унинг овчилик қобилиятини кўриб сал бўлсин қайғуларим нари чекингандек эди. Сигарет тутатганча вафодор итимнинг ҳаракатларини кузатишда давом этдим.

“Эҳ, Елена, Елена! — сокин оқаётган дарё, қирғоқдаги қушларнинг чуғур-чуғури хаёлимни яна олисларга олиб кета бошлаганди. — Нега мени бу кўйга солдинг? Шу йўл билан озодлик тилаганмидинг? Сенсиз ўтган ҳар куним йилларга татиётганини наҳот ҳис қилмаётган бўлсанг? Сендек меҳрибон топа олмаслигимни билмасмидинг? Учратганим фақат разиллар эканини сезмаяпсанми? Шундан кўра турманинг карцерида кун ўтказсам яхши эмасмиди? Ҳар ҳолда сени кўриш бахтига муяссар эдим… Билмадим, мени севасанми-йўқми… Бунисини идрок эта олмайман. Фақат кўнглим сезади холос. Ана шу кўнглим сени қўмсайди. Тўйиб-тўйиб йиғлагим келади-ю, йигитлик ғурурим йўл бермайди. Ахир, сенгина ҳам отам, ҳам онам эдинг. Тепамда ўтириб баданимга игна санчганингда, қалбимда қайта-қайта қайноқ меҳр туярдим. Шу лаҳзаларда ёруғ дунёни унутиб, осмону фалакда парвоз қила бошлардим…”

Хаёл билан бўлиб икки соат вақт қандай ўтиб кетганини пайқамай қолибман. Шарик рўпарамга етти-саккизтача какликни келтириб ташлабди. Сесканиб ўрнимдан турдим-у, чўнтагимдаги пичоқни қўлимга олиб бирма-бир какликларнинг бошини кесиб, патларини юлдим. Сўнгра ичини ёриб олтин қидира бошладим. Афсуски, бугун негадир омадим келмади. Какликларнинг биронтаси олтин ютмабди.

Ҳафсалам пир бўлиб ҳаммасини халтачага жойладим ва итни эргаштириб Марияникига йўл солдим.

Келяпман-у, хаёлан аёлнинг қай аҳволда қолишини тасаввур этяпман.

Ҳа, у жазавага тушиши аниқ. Аксига олгандек, уйида ичкилик қолмаганди. Ўлганнинг устига тепган қилиб, мен ҳеч вақосиз кириб бораман.

— Йўқ, — дедим ўзимга ўзим. — Энди ўзидан кўрсин. Ана, қушларни оёқлари остига ташлайман. “Дарёда олтин қолмабди!” дейман-у, ҳайё-ҳуй деб йўлга тушаман. Тўхтатиб кўрсин-чи…

Етиб келганимда, Мария ҳовлидаги тўнгак устида ўтирганча ўй суриш билан банд эди.

Менга кўзи тушиб истар-истамас ўрнидан турди.

— Хўш, келишингдан бир қоп олтин топдингми дейман? — масхаралаган кўйи сўради у.

— Икки қоп. — дея оёқлари остига какликлар жойланган халтачани ирғитдим. — Ана, керагини олавер!

— Зарда қилма менга! Ҳеч нима тополмаганингни кўнглим аллақачон сезган.

— Сезган бўлса жуда яхши. Кўрдингми, мен сени бой қилишга ожиз эканман. Энди кетаверсам ҳам бўлади.

— Қаерга кетасан? Тағин эски ашулангни бошладингми?

— Тушунсанг-чи, — дедим куйиниб. — Мен турмадан қочган бир аристонман. Бир жойда узоқ яшашим сира мумкин эмас.

— Қўрқма, — деди Мария лаб буриб. — Бу ер тайганинг деярли инсон қадами етмайдиган бир бурчаги. Ҳеч ким сени топа олмайди. Айтганча… — Мария нимадир ёдига тушгандек менга яқин келди-да, бўйнимдан қучишга чоғланди. Мен беихтиёр ижирғаниб ўзимни орқага олдим.

— Биламан сен эркакларни, — хафа бўлиб саннай кетди Мария. — Бир марта кўрдингми, тамом, шу аёл ёқмай қолади. Ёқмасам-чи, ажаб бўпти!.. Барибир мажбурсан менминан ётишга!

— Вей, — азбаройи жаҳлим чиққанидан қўлимни пахса қилдим. — Сен жиннимисан, соғмисан ўзи? Оғзингга келган гапни гапираверсанми?

Мария тез тусини ўзгартириб, мулойимлашди. Бу қилиғи ҳақиқатан, соғлом одамнинг қўлидан келмайди.

“Турманинг таъсири бўлса керак. — ўйладим аёлнинг ўзгарувчанлигидан яна бир бор ҳайратга тушиб. — Ё одам ўлдиравериб эсини еб қўйган…”

— Жоним, пулим қолмабди. — гўё ҳеч нарса бўлмагандек майин овозда сўз қотди Мария. — Тиллангни менга берсанг, пулга алмаштириб келардим. Ахир, ичкилик, егулик керак-ку!.. Ё бермайсанми?..

— Бермайман! Сендан қарзим йўқ!

— Нима? Кечадан бери меникида еб-ичдинг, текинхўр!..

— Ким текинхўр! — муштларимни тугиб унга яқин бордим…

Ҳа, тағин бир оғиз ортиқча сўз айтса, уни уриб ташлашга тайёр эдим. Базўр ўзимни босиб турардим.

Аёлнинг ўзи ҳам буни сездими, дарҳол паст тушди.

— Кечир!.. Бўпти, бермасанг, ўзим шаҳарга тушиб ул-бул олиб келаман. Пулниям топаман, ҳа, топаман!.. Фақат… Кетма, илтимос!.. Кетсанг, кечирмайман! Қарғайман! Ёмон қарғайман!

Ҳа, ҳа, бу айни муддао эди. Кетсин! Шу баҳонада жуфтакни ростлайман-қўяман. Йўқса, бу аёл канадек ёпишиб олаверади. Кетишга қўймайди…

— Ҳеч қаерга жилмайман, — дедим Марияни тинчлантириб. — Ишон, уйда Шарик билан қимирламай ўтирамиз. Келгунингча, манави какликларни кабоб қилиб қўямиз.

— Ростданми? — Мария чеҳраси очилиб мени маҳкам қучоқлаб олди.

Ғижиним келса-да, индамадим. Елкасига қоқиб-қоқиб қўйдим.

— Бор, ҳали замон кеч тушади. Тезроқ бориб келақол!..

Мария ичкарига кириб кийимларини алмаштирди ва сўқмоқ бўйлаб чопа кетди.

 

* * *

 

Ёлғиз ҳам қолдим. Лекин шартта бу уйдан чиқиб кетишга ўзимда журъат топа олмасдим. Тўғриси, нимадандир қўрқар, қай манзилга боришни, нима қилишни билмаслигим қимирлашга қўймасди.

“Ғалати одамман-да! — ўйлардим. — Тайёр аёл бўлса, хотиним каби атрофимда гирдикапалак. Истаганимни муҳайё этишга шай турибди. Яна менга нима керак? Ҳаво совуқ бўлса, борадиган жойимнинг таийни йўқ. Қолаверса, анави қариянинг бошига етдим. У хоҳлаган вақтда сотиши ҳеч гапмас. Буёқда турмадан қочганман. Барибир ҳаётим қил устида. Эртами-кечми, қўлга тушаман. Шундай экан, ҳозирча кайф-сафо қилиб юрсам нима бўпти? Биров мени уришармиди?..”

Ана шундай хаёллар билан кунни кеч қилдим. Мария шомга яқин қўлида бир халта егулик, ароқ кўтариб ҳаллослаганча кириб келди.

— Билардим кетмаслигингни! — юзимдан ўпиб, қўлидагиларни дастурхонга қўя бошлади у. — Юрагим сезганди. Менсиз барибир адойи тамом бўлардинг.

— Жаҳлимни чиқарма! — сир бой бермай уни уришдим. — Ундан кўра, кел, ичайлик. Негадир юрагим сиқиляпти.

— Хўп, азизим, хўп! Кўрдинг-ку, сен учун елиб-югуряпман. Бўлди, ичамиз!.. Юрагим ёниб кетяпти!..

Ўртага жимлик чўкди. Иккаламиз кетма-кет қадаҳлардаги ичкиликни кўтардик. Мария колбаса ҳам келтирган эди. Бир бўлак колбасани оғзимга соларканман, билмайман, ўзим сезмаган ҳолда унга кўзим тушди. Ароқни ичиб битиргач, Мария оғзидан тупук сачратиб жонҳолатда газакка ёпишганди. Шу аҳволда у кўзимга жуда хунук кўриниб кетди. Азбаройи ғазабланганимдан стаканни тўлдириб ароқ қуйдим ва кўтардим.

Стаканни жойига қўяётиб эса муштларимни тугиб аёлга нафрат аралаш боқдим.

— Сен барибир менга ёқмайсан! — ўшқирдим кутилмаганда. — Сен жудаям жирканч аёлсан! Эшитяпсанми, жирканчсан!..

— Нима? — бу ҳақоратни кутмаган Мария лаб-лунжи осилиб бўшашган кўйи қўлидаги колбаса бўлагини идишга қўйди-да, титрай бошлади. — Шу гапни… Менга айтяпсанми, жоним?..

— Кимга бўлмаса?.. Нега мени мажбуран ушлаб ўтирибсан?.. Кимсан ўзинг? Ойнага бир қара!.. Турқингни бир кўргин!..

— Биламан. — деди шивирлаб Мария. — Жирканчлигимниям, ёқимсизлигимниям биламан… Фақат… Йўқ, ишон, мен албатта ўзгараман. Ўзимга қарайдиган бўламан… Фақат бироз кутгин, жоним!.. Озгина сабр қилгин! Кетиб қолмагин!.. Майли, менга олтин топмасанг ҳам розиман! Мени ташлаб кетмасанг бас! Сени ёқтириб қолдим, тушуняпсанми?!.

— Э, жонимга тегиб кетдинг! — бақирдим тағин стаканни ароққа тўлдириш асносида. — Одам деганиям шунчалик паст кетадими?.. Бўлди-да!.. Канадай ёпишиб олганингни қара!.. Мана, кўрасан, шу кеча кетаман! Тонгда уйғонасан-у, мени кўрмайсан.

— Йўқ, — совуқ кулимсиради Мария. — Сен ҳеч қаёққа кетмайсан!.. Кетишингга йўл қўймайман!.. Сен… Мана шу ерда, мана шу қалин ўрмонда қоласан!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ