ШАЙТАНАТ… (126-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳаммаси ортга чекинди: ота-онасининг мунгли нигоҳи ҳам, Ноиласи билан баҳслашувлари ҳам энди безовта қилмай қўйди. Бел томонга азоб бераётган оғриқ камайиб, уйқули дамларидан кўра уйғоқ соатлари кўпайди. Беҳисоб дориларнинг кучидан карахт бўлсада, ўтмиш воқеаларни идрок этишга уринди. Ана шундай онларда Зелихоннинг «нодонсан, сен бола» деган гапини эслади. Қамоқдан чиқиб учрашганларида Зелихон бу гапни эркалаш оҳангида айтган эди. Асадбекнинг гапини икки қилмай эски ҳовлига келиши, унинг ҳукмига итоат этиб, узатилган тўппончани олганича ташқарига чиқишини ҳар эслаганида Зелихон энди эркалаш ўрнига жаҳл билан «Нодон!» деб сўкаётгандай туюлаверди. Аслида Зелихон эмас, «Қасоскор ҳам шунчалар аҳмоқ бўладими!» деб Элчин ўзини ўзи сўкарди. Сўка-сўка қанча ўйламасин, Асадбек мақсадининг тагига ета олмаётгани баробарида Жамшиднинг пайдо бўлиб қолиши сабабини англашга ҳам ожиз эди. Уйғонган турли гумонлар оқимлари унинг эсини тескари қилиб юборди. Дастлаб «Асадбек жонимни олишга юбордими буни» деб ўйлади. Қимирлашга ҳам ҳоли йўқ дамда шунинг қўлидан ўлим топмоғи унга алам қилди. «Эй Худо, менинг азроилим шу жаллод бўлса, майли, олсин жонимни, аммо озгина фурсат бер менга, ўзимга келиб олай, менга озгина куч-қувват ҳам бер, ўлсам-да, олишиб ўлайин!» деб нола қилди.

Зелихон Сочидан телефон қилиб «Жамшид тирик» деганидан сўнг асадбеклар оламининг найрангига тушунмай гангиб юрган Элчин ҳайрону паришонлик гирдобига янада тортилди. Жамшид «Ҳофиз ака», деб чақиргач, «ўлдирмайди шекилли, жон оладиган одам чақириб ўтирадими?» деб ўйлади. Жамшид чиқиб кетгач эса: «Нега чақирди? Биз Зайнаб билан топишдик, сиз ўлимингизни кутиб шу ерда ётаверинг», демоқчимиди?» деган хом хаёли ҳақиқат мақомига кўтарила бошлади. «Зайнаб энди келмайди», деган фикр бу ҳақиқатга қувват берди. Сўнг тақдирга тан бериб Зайнабни оқлади: «Ташлаб кетишга ҳаққи бор. Агар шу мараз унга бахт беролса, бахтли бўлишга ҳам ҳақли!» Элчин шундай тўхтамга келишга келди-ю, бироқ, «бир қўли билан жонимни олиб, мени бахтсиз қилган одамга иккинчи қўли билан қандай бахт тутсин?» деган саволга жавоб топа олмади.

Ҳамширанинг «гапирмасалар ҳам керак» сўзларини эшитгач «Қани эди, ҳам кар, ҳам кўр бўлиб қолсам», деган армон уйғонди. Ҳамшира айтмаса-да, гапиролмаслиги унинг учун янгилик эмасди. Уни ҳушсиз деб ўйлаган дўхтирнинг «умуртқа шикастланган, бир умр ҳаракатсиз ётади, тилдан ҳам қолади», деганини эшитган эди. Шу сабабли йўқловчилар келиши билан беихтиёр равишда чалажон каби кўзларини юмиб олаверди. Ҳеч ким йўғида эса бармоқларини қимирлатишга уринди. Оёқ панжалари ҳам ҳаракатга келгандай бўлди. Гапирмоқчи бўлди, ғўдираган товушини ўзи ҳам эшитиб, енгил тортди.

«Дўхтирларнинг ҳамма гаплари бекор», деб ўзини ўзи овутди. Жамшид келиб кетганидан сўнг Зайнабни кутди. Ҳатто «иккови бирга келса фотиҳа бериб юбораман», деб ҳам ўйлади. У қайнотасининг «менинг энг катта хатоим — сени ўлдиртирмаганим», деган гапини унутмайди. Шунга кўра, ҳали бу аҳволга тушмай туриб, «менинг энг катта хатойим шулар билан ўчакишганим бўлди, қизига уйланиб, паст кетдим», деган фикри қатъийлашган эди. Бу ерда ётиб хуши ўзига кела бошлагач, бу ўйиндан, бу даврадан чиқиш йўлини излади. Назарида биринчи қадами — Зайнабнинг жавобини бериш эди. Зайнаб кўнглида илиқлик уйғота бошлаган бўлса-да, «ундан айрилиш азоби юрагимни парчалаб ташламас», деб ҳисоблади. Асадбек оламидан қутулиш бахтининг саодати хотиндан айрилиш паришонлигидан улуғроқ туюлди. Зайнабдан ажралиш аҳди жон бериш ҳукми билан баробар эканини унинг ноқис ақли фаҳм этмас эди.

Элчин узоқ йиллар давомида муҳаббат оловлари ҳақида ашулалар айтиб юргани билан одамларнинг қалбини билмас эди. Айниқса аёл қалбининг қудратини, ундаги руҳ тўлқинларини ҳис эта олмасди. У «Зайнаб аламзада, мени ҳеч қачон кечирмайди», деб ўйлаб янглишмаган эди. Тўғри, Зайнаб қалби тўридаги умид чиннисини синдирган, тупроққа қорган одамни кечирмас эди. «Муслима кечиримли бўлмоғи керак, Оллоҳнинг розилиги учун гуноҳидан ўт, кек сақлаш дуруст амаллардан эмас»лигини билганида ҳам, тақдиридаги машъум кунларни унута олмасди.

Бироқ, унда Элчиндан қасос олиш режаси йўқ эди. То турмушга чиққунига қадар, аниқроғи, «Сиз… ўшами?» дейилгунига қадар унда қасос ўти мавжуд эди. «Отам мени хорлаган йигитни топсалар уни ўзим ўлдираман», деган аҳди бор эди. Қийнаб ўлдиришнинг турли йўлларини ўйлаб, топиб ҳам қўйганди. Лекин ўша хорлаган одамнинг қийшиқ бармоқлари никоҳ кечаси ўзини ошкор қилган дамда бу аҳди — қарори бўғилди. Бу аҳдга нисбатан «Эрга итоат этмоқ» деган ҳаёт қонуни устунлик қилди. Жамшидга бўлган муҳаббати хуружга кирган дамларда ҳам ўша итоат қонунига омухта бўлган эрлик жувон ҳаёси вужудидаги ўч оловини ўчириб турди. Элчин хотинига хос бу фазилатларни билмас, ҳис қила олмас эди.

Шу сабабли ҳам кейинги сафар Зайнаб ёлғиз кириб келганида ажабланди. Ярим очиқ эшикка қараб, Жамшиднинг қораси кўринишини кутди. Зайнаб эрининг эшикка тикилиб қолганини кўриб, орқасига ўгирилиб қаради. Сўнг ҳайрон тарзда «тузукмисиз?» деб сўради.

Элчиннинг «раҳмат» дейишга қурби етарди. Бироқ, гапиришни истамай, киприк қоқиб «ҳа» ишорасини қилди. Улар соғ пайтларида ҳам узоқ суҳбатлашишмас эдилар. Шунда Элчин ўзида бир масъулият сезиб, Зайнабни қизиқтириши мумкин бўлган воқеаларни баён қилиб ўтирарди. Ҳозир бундай зўраки суҳбатга хоҳиш ҳам, қувват ҳам йўқ эди.

Ҳамшира кириб, бир-бирига тикилиб турган эр-хотиннинг унсиз суҳбатини узди.

— Эрталаб эрингизнинг жиянлари келишувди. Профессорга ҳам учрашишди. «Жавоб тегадиган бўлса олиб кетамиз», дейишди. Профессор айтдиларки, буни фақат сиз ҳал қилар экансиз?

Бу гапни эшитиб, Элчиннинг қалби бир қалқиб тушди. Ўзи ҳам сезмаган ҳолда хотинига нажот кўзлари билан қаради. Яқингинада хотинининг жавобини бериб, уни Жамшиднинг ихтиёрига узатишни ўйлаб ётган Элчиннинг юраги «Йўқ!» деб фарёд ургандай бўлди.

Айни фарёд Зайнабнинг кўкрагини зириллатди. Чувриндининг хотини «Бояқиш оёқ-қўлсиз, тилсиз нима қилади, бу азоблардан кўра Худо жонини ола қолмайдими?» деганида Зайнаб ундан ранжиган эди. «Оёқсиз-қўлсиз бўлса ҳам у менинг эрим-ку?!» деганди. «Энди жиянлари эга чиқишмоқчими? — деб ўйлади Зай- наб. — Ҳа… хотини ташлаб кетади, хор қилади, дейишаётгандир-да…» Зайнаб хаёлида уйғонган бу фикрни ҳамширадан эшитгандай, унга норози қиёфада қа- ради:

— Бу киши менинг эрим, биласиз, а? — деди зардали овозда. Бу овозда Асадбекнинг руҳи сезилиб, Элчин енгил титраб олди. Зайнаб эридаги ўзгаришни сезмай, ҳамширадан, кўзларини узмаганича гапини давом эттирди: — Бу кишининг уйлари бор, оилалари бор.

Жиянлари яна келишса шундай деб қўйинг. Рухсат теккан куни ўзим олиб чиқаман.

Сиз эса… — Энди Зайнабнинг овозидаги қатъийлик кучайди. — Айтилган ишни қилинг: касалнинг олдига ҳар хил қаланғи-қа-санғиларни қўяверманг.

Зайнаб «тўғри қиламанми?» дегандай эрига қаради. Ундаги отасига хос мардлик Элчиннинг руҳини тамомила парча-парча қилиб ташлади. Кўзлари ёшга тўлиб, киприклари пирпиради. Зайнаб эрининг бош томонидаги стулга ўтириб олгач, қўлидаги тугунни ечди.

Қайноғи салгина босилган қайнатма шўрвадан ичирмоқчи бўлди. Зайнаб «бу киши менинг эрим» деганидаёқ кўкрагида уйғониб, бўғзига қадалганича туриб қолган фарёд шўрвага йўл берармиди? Зайнабнинг зўри билан икки қошиқни амаллаб ичди-ю, бош чайқаб «ичмайман» ишорасини қилди.

— Дўхтир «кучлироқ овқатга ўтиш мумкин», деди. Эртага димлама қилиб келайми? — деб сўради Зайнаб.

Ҳамма эркаклар «ўлдирса ҳам паловхонтўра ўлдирсин», деганда Элчин «таомларнинг подшоси димлама», деб ҳисобларди. Баъзан ҳафсала қилиб икки кишилик димлама тайёрларди.

Зайнаб шифохонада ётганида ҳам фақат димлама пишириб келарди.

— Сизчалик ширин пиширолмасам ҳам уриниб кўраман, — деди Зайнаб жилмайиб. Бу жилмайиш Элчиннинг илиниб турган жонини жойига қайтарди. У шукрона маъносида енгил хўрсинди. Шу хўрсиниш бўғзида тош каби тиқилиб турган фарёдни йўқот- ди-ю, Элчин ҳам хотинига жилмайиш билан жавоб берди.

Зайнаб кетганидан сўнг Элчин ўзини соппа-соғ ҳис қилди, ўрнидан турмоқни, қанот чиқариб уйга қараб учмоқни истади.

Тунда эса ширин бир туш кўрди: тоғнинг лолазор бағрида Зайнаб билан қувнаб юрганмиш. Зайнабнинг қўлида ширин бир бола эмиш. «Бу кимнинг боласи?» деб сўрармиш Элчин. «Ўзимизники» — Зайнаб шундай деб қувнармиш. «Ўлик туғилди», дейишганди-ку?» «Сизни алдашган». Элчин ҳам қувнаб-қувнаб яйрабди…

Уйғонди-ю, кўнгли яна хиралашди. Ўлик туғилган боласини кўмган куни ўз-ўзидан тилга келган марсияни эслади. Элчин ўша куни ёлғиз ўзи уйига қайтиб, беихтиёр тарзда қўлига тор олган, ўзига бўйсунмаган бармоқлари «Гиря»нинг пардаларини топишни ирода этган эди. Куйга монанд равишда йиғлагиси келган, аммо йиғлай олмаган эди.

Ўшанда «Гиря» тиниб, ундан-да маъюсроқ куй тарала бошлаган эди, тилидан эса ундан-да қайғулироқ сатрлар учган эди.

Ай, бағримни тиғлаган болам,

Ай, дунёга сиғмаган болам,

Ай, дунёнинг бевафолигин

Гўдакликдан илғаган болам…

Элчин бу сатрлар қаердан қуйилиб келаётганини билмади. Бармоқлари лозим пардаларни ўзлари топганлари каби, тил ҳам зарур сатрларни ўзи баён қиларди:

Қайдан келиб, қайга йўқолдинг,

Аччиқ-аччиқ ўйларга солдинг,

Онангнинг ё менинг гуноҳим

Қай бирининг касрига қолдинг.

Ноиласининг ўлимидан сўнг қамоқхонада тақдири ҳал бўлишини кутиб ётганида худди шунга ўхшаш марсия қуйилиб келган эди. Хаёлида туғилган марсиянинг сўзлари, куйи тилга чиқмай, бунинг эвазига кўз ёшига айланиб ёноқларини ювган эди.

Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кўз ёшларига сингган марсиядан ёноқлари куйди.

Уйғонган дардини эса яна қалбига дафн этди.

 

***

 

Эрининг қариндошлари айтиб кетган гап Зайнабнинг ҳамиятига тегиб, ғазабини уйғотди.

У «ногирон эрни ким олиб кетади?» деган муаммо уйғонар, деб сира ўйламаган эди.

«Бунақа нотавонни бошимга ураманми, баттар бўлсин, ким олиб кетса-олиб кетаверсин.

Худонинг ўзи мени ундан қутқарди. Ёш умримни хазон қилиб жинниманми, энди хоҳлаганимга тегаман…» дейиш у ёқда турсин, бунақа бемаъни гаплар ҳатто хаёлига ҳам келмаган эди. Отаси каби ўжарлик ғазаб ўтларида ёниб турса-да, онаси сингари тобелик, эрга итоат унинг ҳамишалик йўлдоши эди. Тўғри, у Жамшидни севди. Аммо ҳаё қўрғонидан чиқмади. Бу тарзда севмоқ айб эмас, балки жувоннинг ўзи учун мислсиз бир азобдир. Қора дорининг хумори кучи билан Мардона бошлаган ботқоққа қадам қўйди, бироқ, ботмади. Чунки она томонидан ҳам, ота томонидан ҳам етти пушти тоза эди. Кишининг ақли бовар қилмас насл қуввати уни сақлади. Эри ўлиб кетган тақдирда ҳам унинг руҳи рўпарасида виждони қийналмас эди.

Эри ўлмай қолди. Қўлсиз, оёқсиз, тилсиз бўлса ҳам эри бор. Зайнаб бунинг учун Яратганга шукр қилмаса ҳам, хотинлик мажбурияти юзасидан нотавон эрга қаноат этмоғи лозимлигини биларди. Била туриб, уни парваришлашга ҳозирлик кўрарди.

Бўлажак заҳматларга ўзини руҳан тайёрлаган дамда қандайдир қариндошлар эрини олиб кетишмоқчи бўлишса? Уларнинг бу ҳаракатларини Зайнаб ўзи учун ҳақорат деб билди.

«Кимсан, Асадбекнинг ёлғиз қизи бўлса, эрга қарамайди, хорлайди» — Зайнабнинг назарида улар дўхтирга шундай деб, ўз даъволарини асослашга уринишган. Жувоннинг алами айнан шундан эди. «Эримни олиб чиқсамми ё йўқми?» деб иккиланганида ҳам уларнинг бу ҳаракатлари, бу гаплари ғазабини қўзғотмаган бўларди.

Бу гап-сўзлар бўлиб ўтганда Манзура Олмонияда эди. Унинг қайтишини сабрсизлик билан кутаётган Зайнаб ҳасрат дафтарини варақлаб, онасига дардларини айтиш умидида эди.

Акаларини нима сабабдандир Москвада қолдириб келган онаси, келин аяларининг юзларидаги маъюслик уни бу ҳаракатдан тўхатди.

Ҳасрат дафтарининг очилмаганига яна бир сабаб бор эди. Ўша куни эрининг қариндошларидан ғазабланиб, ота уйига қайтди-ю, юраги тошиб кетаверди. Уйга ҳам, ҳовлига ҳам сиғмади. Ғойибона бир куч уни шифохонага тортаверди. Шунда отаси зиёфат берганда хизмат қиладиган ошпазни чақиртирди-да, димлама пиширтирди. Шомга қолмай қайноқ овқатни кўтариб, шифохонага жўнади. Унинг назарида уйдаги димлама пишгунча эрининг қариндошлари ишни пишитиб, уни олиб кетишгандай эди. Эри ётган хона эшигини очиб, уни жойида кўргунига қадар юраги ҳаприқиб кетаверди.

Ҳамшира боя ташлаб кетилган қайнатмани иситиб ичираётган эди. Шу дамда Зайнаб эрини ундан-да қиз-ғанди. Ҳамширани чиқариб юбориб, шўрвани четга суриб қўйди-да, эрини димлама билан сийлади. Элчиннинг овқатланишидан кўнгли жойига тушди. Зайнаб лабларини артиб қўяётганида Элчин ўзи ҳам кутилмаганда «раҳмат» деди. Паст овозда айтилган бу сўз Зайнабнинг қулоқларига ажиб бир роҳатбахш жаранг билан урилди.

Кейин келганида ҳам айтилди бу сўз. Ундан сўнг эса эри дудуқ бола каби тилга кириб, «Зайнаб… ке-чиринг…» деди. Шундан сўнг Зайнабнинг саодат юлдузи чекинмоқдан тўхтаб, бахтиёрлик осмонида чарақлай бошлаган бўлди.

Онаси, келин аялари келишганда эрининг тақдиридан сўз очмади. Манзура «Эринг кўринмайдими?» деб сўраганида «сал тоблари йўқроқ», деб қўяқолди. Манзура куёвининг қандай хасталик билан оғриганини суриштирмади. Чўғ тегиб қовжираган соч толасидай бўлиб қолган қизининг кўриниши уни ташвишлантирди. «Ўзинг тузукмисан? Деб бағрига қайта-қайта босди. Зайнабнинг кулимсираб «Яхшиман, ойи», дейишидан хавотири босилиб «балки боши қоронғудир», деб гумон қилди. Бу нурли гумон хуфтон дилини ёритиб, «есон-омон қутулиб олишини» Худодан сўради.

Булутлар билан олишиб чарчаган қуёш уфққа умидсиз равишда бош қўйди. Зайнаб, табиат одатига хилоф бўлса-да, бу сафар қуёшнинг ботмаслигини, шом, сўнг хуфтон кирмаслигини истарди. Чунки шом кириши билан йўқловчиларнинг қадамлари узилади. Сўнг эса ширин сўзлари, ширингина жилмайишлари билан Зайнабнинг хуфтон кўнглини ёритаётган келинлар ҳордиқ чиқармоқ учун уй-уйларига кириб кетадилар.

Шунда… Зайнаб онаси билан ёлғиз қолади. Узоқ вақт дийдор кўришмаган, ҳар дақиқаси соғинч азоби билан ўтаётган она билан қизнинг ёлғиз қолишлари одатда саодат ҳисобланади. Агар онаси йўқлигида шум кўргиликлар балчиғидан ўтмаганида балки Зайнаб учун ҳам шундай бўларди. Бу кеч эса онаси билан юзма-юз ўтириш бахтни эмас, руҳ азобини ваъда қиларди. Шубҳасиз, онанинг сезгир нигоҳи фарзанду аржумандининг ич-ичини кемираётган дардни пайқайди. Дардга рўпара қилган сабабни билмоқни истайди. Ўшанда Зайнаб нима деб жавоб беради? Мардонанинг макрига учраганиними ё отасига шармандали ҳолда кўринганиними? Ё отасининг арқондан сиртмоқ ясаганиними? Балки Мардонани ўлдириш қасдида бориб, уддасидан чиқолмаганини баён қилиб берар?

О, йўқ! Она қиз учун энг яхши ҳамроз бўлса-да, дард дафтарининг бу қора саҳифалари унга очилмайди. Бу сирни билувчилардан тўрттаси тупроқ остида ётибди. Энди заққум дарахтининг мевасидан ҳам аччиқроқ бўлмиш ғам болини фақат ота-болагина баҳам кўради. То сўнгги нафасларига қадар ўлчаб қўйилган бу ғам болига Манзуранинг шерик бўлишини Асадбек ҳам, Зайнаб ҳам исташмайди.

Зайнаб Элчин томонидан ўғирланиб, уйга ташлаб кетилгач, нима воқеа юз берганини онасига неча юз минг азоб билан зўрға айтганди. У воқеа қиз учун шармандали бўлса-да, Зайнабнинг айби йўқ эди. Шунда ҳам бир неча сўзни айтгунча қизнинг тили гўё чўққа айланиб, куйган эди. Энди-чи, энди қандай айтади?..

Сиртмоқ ясаб, ташлаб чиққан отаси қайтиб келиб, уни бағрига босган, бу билан гуноҳидан ўтганини маълум қилган бўлса ҳам, Зайнаб ўзини ўзи кечиролмас эди. Узоқ йиллар Кумуш бўлишни орзу қилган қиз, сўнг эса китобдаги Зайнабдан ҳам баттарроқ аҳволга тушган бахтсиз жувон ўз тақдирининг тушунуксиз сатр-ларидан ҳайрону лол қоларди. «Ўлайин десам ўлим олмаса, ҳеч бўлмаса Зайнабга ўхшаб ақлдан оза қолмайманми?» деб ўйларди. Кейин… унинг синиқ кўнгли бир тошга дуч келишни истади.

Тошга қараб: «Ёрилгин тош, ёрилтошим ёрилгиней, мен бағрингда паноҳ топайин», деса-ю, тош унинг илтижоларига чидай олмай ёрилса-да, ёрилтош қучоғига кириб, ўткинчи дунё ўтгунича унда қолиб кетса… Ёшлик сурури тупроққа қорилган, Кумушбиби эмас, «Тупроқбиби» «мартабаси»га етган жувон энди болалик умидларидан паноҳ изларди. Умидлари пуч эканини билса-да, ғойибдан мўъжизали паноҳ кутарди.

Бир донишманд ҳаётни тумшуқ томони йиртилиб, оғзи очилиб қолган этикка ўхшатган экан. Этик оч одам каби оғзини очиб тургани билан унга биров таом бермайди.

Аксинча, менсимай тепиб ўтади. Ўша этикни бахтга ташна одамга ҳам ўхшатиш мумкиндир… Ҳар ҳолда Зайнабнинг ҳаётдан бахт кутиши шу ҳолатни эслатади. У ғойибдан ўз саодатини кутарди. Ғойибдан келувчи «сенинг бахтинг отангнинг нафси учун қурбон бўлган», деган садони эшитмас, эшита олмас эди.

Ўзигина эмас, отаси, онаси ҳам эшитмас, эшита олмас эдилар. Чунки ғойибнинг бу каби овозларини ҳидоят йўлидагиларгина эшита олишлари мумкин… Ҳидоят йўлидагилар эса фарзандлари бахтини ўз нафс-лари йўлида қурбон қилмаслар.

Зайнаб хавотир билан кутган кеч сел каби ёпирилиб кирди. Меҳмонлар тарқалишди.

Манзуранинг изни билан келинпошшалар ётоқларига йўналишди.

Келин аяларини кузатган Зайнаб меҳмонхонага қайтиб, диванда ўтирган онасининг ёнидан жой олди-да, эрка қизалоқ каби уни қучди. Кўкрагига бош қўйди. Манзура қизининг сочларини силаб, ўпди.

Кун бўйи қуёш эплолмаган юмушни кечки шамол оппа-осон ҳал қилди: бир озгина ёмғир ёғишга имкон бергач, сўнг бош кўтариб, булутларни ҳайдаб осмонни тозалаб қўйди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК