ШАЙТАНАТ… (127-қисм)

0

 

 

* * *

 

Қизининг сочларини силаб ўтирган Манзура дераза оша осмонга қаради-ю, енгил хўрсиниб «Етқизганингга шукр», деб қўйди. Зайнаб бошини кўтариб, онасининг кўзларига боқди.

Яратган Оллоҳ оналарнинг митти қалби, қалбидан-да кўра миттироқ кўзларини ўзига хос бир қудрат ва ажиб мўъжиза билан беҳад чидамли қилиб яратган. Агар Тангри таолонинг бу мўъжизаси бўлмаса дунёга сиғмаган ғам-ташвиш митти юракка, юракдан-да миттироқ кўз қорачиғига сиғармиди…

Манзура шу пайтга қадар кўргуликлардан бировга ҳасрат қилмаган. Айтгандамиди, ҳасратини эшитган одам, унга душманлик аҳдида бўлса ҳам, ачиниб, «бундан кўра келинлик чоғингиздаёқ эрингиз қиморга ютқизиб юбора қолса минг марта яхши эди, бунчалик кўп азоб чекмасидингиз», демоғи шубҳасиз эди.

Ҳозир ҳам қизи онанинг кўзлари тубига яширинган ташвиш вулқонини кўрмади.

Онасининг енгил хўрсиниб қўйиш сабабини билмай:

— Ҳм, ойи? — деб сўради.

— Янги Ой чиқибдилар, — деди Манзура, дераза оша осмонга қараб. — Ўзларига тинчлар, элга нотинч… Худо сақласин ҳаммамизни.

Манзура шундай дегач, қўлларини фотиҳага очиб, пичирлаганича узоқ дуо қилди. Ой янгиланганида онасининг «Янги Ой чиқибдилар», деб сизлаб гапириши, сўнг дуо қилиши Зайнаб учун янгилик эмас. Бундай ҳолатни кичиклигидан кўравериб, дуо фақат ҳилол кўринганида қабул бўларкан, мавҳумликка эмас, айнан ҳилолга топинмоқ керак экан, деган янглиш ўйда, у ҳам баъзи-баъзида Худодан сўрайдиганларини сўраб оларди. Ҳозир ҳам унсиз равишда онасига қўшилди.

Дуодан сўнг Зайнаб онасининг саволга тутиб қолишидан чўчиб «У ёқнинг тўйи қандоқ бўларкан, айтиб беринг», деб қистади.

Тўй манзараси туширилган видеокассетанинг Москвада қолган жомадонларда эканини эслаган Манзуранинг кўнгли хираланди-ю, аммо паришонлигини қизига сездирмасликка интилиб, таассуротлари баёнига берилди.

Зайнаб хавотир билан кутган нохуш ҳолатдан шу тахлитда қутулиб қолди.

 

***

 

Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам ота-оналарининг таърифларига кўра, «Совет Иттифоқи» деб аталмиш мамлакатни эртакларда тасвир этилган қизил аждаҳо салтанати каби деб билар эдилар.

Ота-оналарининг Ватани бўлмиш юртини босиб ётган бу аждаҳонинг бошларини узгувчи бир баҳодир чиқармикин, деб улар ҳам орзу қилар эдилар. Фақат суратларинигина кўрган бу юртга уларнинг дилларини қандайдир бир куч тортиб турарди. Бир куни дадалари ҳасратли оҳангда:

— Юлдузларим, киндик қонлариниз бурая тўкилмиш ўлса-да, чин Ватанларингиз Ўзбекистондир. Ўзбекистон — бизим галбимиз, бизим умидимиз юлдузидир. Оллоҳ жаннатдан бир улуш олиб, бизим ажадодлара Ватан қилиб вермиш экан. Бу Ватан — Ўзбекистондир.

Манда тунда Ватан, деб кўз юмиюрман, субҳи содиқда эса яна Ватан, деб кўз очиюрман. Оллоҳнинг номидан сўнг энг суюкли сўз мен учун Ватан — Ўзбекистон!

Вақти келибким, барча сўзларимни ёддан чиқарсаларингизда, менинг бу сўзларимни унутмакдан тийилиниз, — деган эди.

Музаффархон Ватанга йўл кўрсатар, деган умидда йўлчи юлдуз — тонг юлдузига умид қилиб, қизининг исмини Чўлпоной қўйган эди. Қизлар буларни билишарди. Билишгани учун ҳам Ўзбекистонга келин бўлиб боражаклари ҳақидаги хабарни бир оз хавотир, айни дамда жиндек шодлик ила кутиб олдилар. Уларнинг хавотирлари қизил аждаҳо эгаллаб ётган юртга боришдан бўлса, шодликлари «бизим баҳонамиз ила ота-онамиз Ватанга етишурлар, юлдузлари чиндан-да чақнар», деган ўйда эди. Бўлажак куёв болалар билан танишиб, гаплашишгач, хавотирлари анча чекинди. Бўлажак қайноталарини қандай юмушлар билан банд экани, Тангри бу юмушлар эвазига қандай ажрлар тайёрлаб қўйгани, улар учун шубҳасиз мавҳум эди.

Бу ёруқ оламда яшаб турган одам, истиқомат еридан, сиғинаётган динидан қатъи назар, бирон жойга бормоқ истаса, ақли етган даражада режалар тузади. Бироқ, Оллоҳнинг истаги тамоман ўзгача бўлмоғи мумкинлигини ўйлаб кўрмайди. Ғофил банда мўлжалидаги тадбиру режалари амалга ошмаса-да, яна ўз ақлининг маҳсули бўлмиш тадбирларидан умид қилаверади. Донолар деб эканларким: «Қул тадбир олади, бироқ, тақдирнинг қайси марказда бўлишини билмайди. Тадбир эса Яратганнинг тақдири рўпарасида маҳв этилажакдир».

Ватан ҳавосининг гадоси Музаффархон ҳам, Гулузор бегим ҳам ўз тадбирларидан бахт кутган нодон қуллардан эдилар.

Ровийлар дерларким: Иброҳим Адҳам Балҳда подшоҳлик мартабасида эканида овга чиқиб, бир жайрон изидан от солибди. Жайрон бечора қочаверибди, у эса қуваверибди. От чарчаб, ҳолдан тойгач, жайрон тўхтаб, инсон сингари тилга кириб, дебдики: «Қувишни бас қилсанг-чи, эй ғофил банда! Сен бу иш учун яратилмагансан. Сени Оллоҳ мени овламоғинг учун бор этмади. Менга етиб олиб, овлаган тақдирингда нимага етишасан?» Бу гапни эшитган Иброҳим Адҳам ҳақиқатни англаб, подшоҳлик либосларини чўпонлик кийимларига алмаштирган экан.

Афсус шуки, бу ҳақиқатни англамак бахти ҳам барчага насиб этавермайди.

Ота-оналарининг тадбирлари туфайли бахтга етишажакларига ишонган икки қиз чарчаган бўлишларига қарамай ухлай олишмади. Ой нурида ялтиллаган шиллиқ қуртдан қуёш ясаб бўлмаганидек, ота-оналарининг тадбиридан бахтга етишолмасликларини англаб етмаган қизларнинг ҳар бири бўлиб ўтган воқеаларни ўзларича таҳлил этардилар. Қизларини кўзларининг икки гавҳари сингари авайлаган Музаффархон уларга юқори мақомда одоб бермоқ мақсадида исломни қабул қилган немис аёлини тарбиячиликка ёллаган эди. Физика илмидан эътиборли олималардан ҳисобланган фрау Хелга исломнинг илмий мўъжизалари билан танишгач, университетдаги вазифасини тарк этган, ҳатто исмини «хоним Хадича» деб ўзгартирган эди.

Тарки дунё қилув ниятидан узоқ бўлмиш бу аёл илмдаги ёлғон, нотўғри йўналишлардан йироқ юрмоқни истаган эди.

Музаффархон ҳам замонни, ҳам исломни билувчи аёлнинг қизларига тарбия бермоғини орзу қиларди. Бу муаммони доктор Худоёр осонгина ечиб берди. Ота-она бир, ҳатто тарбия мезони бир бўлгани билан қизларнинг феъллари айри-айри эди. Чўлпоной руҳан хоним Хадичага яқин эди. Унинг сўзларини ҳамиша бутун жону дили билан берилиб тингларди.

Унинг ҳар бир гапини ҳатто ҳақиқат тарзидан қабул қиларди. Муштарий эса, аксар ҳолларда бу гапларни зерикиш азоби билан тингларди.

Асадбекнинг хонадонида, келинлик кўшкида биринчи тунни ўтқазаётган опасингилларнинг хаёллари олган тарбияларига монанд равишда эди. Чўлпоной куёв тўраларнинг Москвада олиниб қолинишларининг асл сабабини билмаса-да, бу ҳаракат замирида зулм ётганини ақли билан ҳис этарди.

Чўлпоной бойлик бахт эмаслигини яхши тушунарди. Хоним Хадичанинг «Улуғ Оллоҳ Фиръавнга тўрт юз йиллик умр, мол-мулк, шоҳлик ва унинг бошқа турли орзулари адосини насиб этди. Буларнинг барчаси фароғат эмас, балки уни Оллоҳ ҳузуридан узоқлаштирган нарсалар эди. Фиръавнга ҳатто бош оғриғи ҳам берилмадики, оқибат у Ҳақни эсламай ўтди.

У ўз муроди билан банд бўлди ва Яратганни хотирламади», деганларини тез-тез ёдлайди, ҳар эслаганида янги маъно уқади. У бойликни атрофи паришонлик уммони билан ўралган ожиз орол деб билиб, бу оролнинг қачондир чўкиб, йўқ бўлиб кетмоғи тайин эканини ҳам англайди. Орол чўкиб кетмаган тақдирда ҳам, ундагилар паришонлик уммонида тез-тез чўмиларлар, бу сувдан ичарлар. Балки жон берар онларида ҳам лабларига ана шу паришонлик уммонининг афсус сувидан томизарлар…

Опа-сингил бир-бировига туннинг хайрли ўтмоғини тилаб, уй-уйига киргач, ўзларини олам аро ёлғиз қолгандек ҳис этдилар. Бундаги ҳамма нарса улар учун бегона эди. Бу ялтироқ пардаларни, серҳашам қандилларни, жавон тўла идиш-товоқларни Оврупо тарбиясини олган қизларнинг дидлари ҳазм қилолмас эди. Ортиқча ҳашамсиз, латифлик ила уй тутишга кўниккан қизларга бу уйдаги безагу анжомлар оғир юкдай туюлиб, худди бошлари устига бостириб келаётгандай бўлаверди. Ҳам бу оғирлик, ҳам ёлғизлик уларни дастлабки онданоқ сиқувга олди. Хоним Хадичанинг тарбиясига кўра, улар зериккан дақиқаларида китоб билан ҳамроз бўлардилар. Уларнинг хоналаридаги жавон безаклар билан эмас, турли тилларда, турли мамлакатларда нашр этилган китоблар билан банд эди. Опа-сингилларнинг ўзлари учун ажратилган келинлик хоналарига киргандаги дастлабки ажабланишлари ҳам жавонда бирорта китоб йўқлиги бўлди.

Қизлар лозим бўлганда руҳларига далда берувчи китоблардан беш-ўнтасини олволган эдилар. Аммо ҳозир, ёлғизлик омбурига маҳкум онларида халоскор бўла олгувчи бу китоблар эрлари билан биргаликда Москвада қолган…

Чўлпоной бир оз енгил тортиш мақсадида ичкарига кириб, юз-қўлини муздек сувга ювиб чиқди. Хонанинг чироғини ёқмай, дераза пардасини сурди. Шунда кўзлари самодаги ҳилолга тушиб, «алҳамдулиллаҳ!» деб пичирлади. Худди соғинган кишисига етишгандай, уч кунлик Ойга суқланиб боқди. «Бу ернинг осмони биз томонлардан тамизроқ, тиниқроқ экан, — деб ўйлади у. — Ойнинг нури-да, юлдузларнинг нурлари-да тамизроқ. Одамлари-да шундай бўлсин, иншооллоҳ» Чўлпоной яна бир оз осмонга мафтун ҳолда тикилиб тургач, синглисининг ҳузурига ошиқди.

Тунги чироқни ёқиб, юмшоқ оромкурсида ўтирган Муштарий опасининг кириб келишидан қувониб кетди.

— Бу не ҳолки, ақлим лол, — деди у ўрнидан туриб. — Айрилиқ кишани урилган маҳкума мартабасига етушмагимиз муборак ўлсун.

— Зинҳор! Ақлингиз лол-у ҳайрон бўлмасин, юлдузим, — деди Чўлпоной, синглисини худди онаси каби эркалаб. — Бери келинг-чи, кўкка бир боқинг-чи…

Бу хона деразасидаги парда ҳам сурилиб, Муштарий ҳилолга опаси сингари соғиниб боқди.

Сўнг худди ўзига ўзи гапираётган девонаваш сингари пичирлади:

Жон қасди кўп этти ёр ҳижрони манга,

Хирмон ўқин урди улчи имкони манга,

Гар бўлса мутеъ чарх даврони манга

Еткурса мен ул ойға ё они манга. *

— Бале, юлдузим! — Чўлпоной енгил қарсак чалиб, синглисини олқишлади. Бу олқиш айнан Гулузор бегимники эди. Қизларини мақтагиси келса шундай деб, енгил қарсак чалиб қўярди. Чўлпоной уйларида баъзан атайин, баъзан беихтиёр тақлидан равишда онасининг гапларини айтиб, қилиқларини такрорлаб турарди. Муштарий уйда бунга эътибор бермас эди.

Ҳозирги аҳволида онасининг эркалашлари ёдига тушиб, бир энтикди-ю, опасини енгил қучиб, елкасига бошини қўйди.

— Тингланг-чи, юлдузим, ҳилол биза бир ширин хабар шивирлайдир, — деди Чўлпоной синглисининг сочидан ўпиб. — Бу хабардин айрилиқ зиндонида тут-қун бўлганлар таскин топгайлар.

Муштарий бир оз жим турди. Худди сукунатга қулоқ тутиб опаси айтмоқчи, ҳилолнинг шивирлашларини эшитгандек бўлди. Сўнг бошини кўтариб Чўлпонойга тикилди:

— Оллоҳ, Оллоҳ, айрилиқ шомининг зимзиёлиги қанчалар дилни хуфтону жонни саргардон этгувчи эмиш.

Чўлпоной синглисининг дардли гапларини эшитиб, кулимсиради-да, қошлари, юзларини силай туриб, деди:

— Ваҳ, ваҳ! Висол тонгининг равшанлиги қанчалар дилга ёқимлигу жонни қувонтиргувчи эмиш…

Муштарий ўзини мажбурлаб жилмайди-да, жойига қайтди. Опасидан илгарироқ ўтириб, ҳурмат қоидасига хилоф қилганини англади-ю, чаққон туриб, Чўлпон-ойга узрли нигоҳ билан қаради. Чўлпоной синглисининг ёнига ўтиб ўтиргач, Муштарий енгил хўрсинди:

— Кўнглим бир қаҳва истар. Бунда бир хизматкор борми экан? Зайнаб хонимдан сўрамагимиз лозим эди.

— Пича сабр этинг, юлдузим. Дарровда бирон нимарса сўрамагимиз одоб саналмас.

— Ажойиб қизиқ қурилмиш бу уйлар. Сайр қилмоққа боғ ҳеч йўқтур. Одамлари-да ажойиб қизиқдурлар. Ўтирарлар, таом ерлар, сўнгсиз гапирарлар. Гапира-гапира чарчамаслар, таом ея-ея толиқмаслар, узоқ вақт ўтира-ўтира ҳормаслар. Кўрдимки, мусулмон юрт бўлса-да, бунда намоз қилмаслар.

— Бу менга-да ажаб туюлди. Насроний юртда намоз қилмаслик бизим учун айб эди, бунда айб эмас кўринадур. Бу сизнинг учун муддаонинг ўзи эмасдурми, деб хавотир қилурман.

Муштарий опасидан фарқли ўлароқ, уйда эканида намозга кўп ҳам эътибор бермас, ҳушига келса ўқир, бўлмаса йўқ эди. Чўлпоной ҳозир унинг шу одатига шама қилиб, айёрона кулиб қўйди. Умр йўлдошларининг доктор Худоёр таъсирида ўша ерда намозга ўрганганлари, уларнинг ҳам ибодатда собит эмасликларини улар ҳам билмас эдилар.

Асадбек ўғиллари билан меҳмонхонада тонг оттирган азобли кечада унинг хонадонида она ва қиз, опа ва сингил дунёнинг шўришларидан паришон ўтиришган эди.

Эртасига қайноталарига салом бераётганларида суюклиларига ўғринча қараб олишгач, кўнгил осмонида қуёш чарақлади.

 

***

 

 

Дастлабки кунлардаги келди-кетдилар камайгач, опа-сингиллар зерика бошладилар.

Абдусамад билан Абдулҳамид соғинган ошналари билан чойхоналардаги ўтиришларини бошлаб юборишгач, улар аввалига ажабланишди. Сўнг бу ерларнинг одатича «эр-хотин биргаликда судралиб юрмасликларини» билиб, афсус чодирига ўралганча бунга ҳам кўникишди.

Улар учун бу хонадонда бирдан-бир юпанч — Зайнаб эди. Эрлари ошхўрликларга кетган дамларда улар Зайнаб билан шаҳар сайрига чиқдилар. Элчинни ҳам йўқладилар.

Бир куни чой ичишиб ўтиришганда Муштарий:

— Зайнабхоним, сиз биза кутубхонангизи кўрсатмайсиз? — деб қолди.

Зайнаб онаси билан кўз уриштириб олиб, жавобга тараддудланди. Чунки кийим-кечагу безаклардан кам-кўсти бўлмаган бу жувоннинг кутубхонаси йўқ эди. Тўғри, у китоб ўқирди, баъзан дугоналари мақтаган асарни уч-тўрт кунга сўраб оларди, баъзида эса ўзи ҳам харид қиларди. Уйдаги китобни биров олгани, қайтиб бермагани билан иши йўқ эди.

Китобларни тўплаб, кутубхона шаклида тартиб беришни эса ўйламасди. Келин аясининг саволидан шу сабабли ҳам хижолат бўлди. Ўзини мутолаасиз, жоҳил қилиб кўрсатиб қўймаслик учун:

— Кутубхона нариги уйимда, — деб оғир вазиятдан қутулди.

— Сўрамакка ижоза веринг, Зайнаб хонум, мумкинмикин билмагимиз: бунларда қайси бир китоб чўх севилиб ўқиюлур?

Бу саволга жавоб тайёр бўлишига қарамасдан Зайнаб «айтаверайми?» дегандай онасига қараб олди. Манзура бу қарашни бошқача тушуниб, «ёшларнинг гапларига ҳалал бермай», деган фикрда ўрнидан туриб, чиқди. Қайнонанинг ҳурмати юзасидан ўринларидан туришган келинпошшалар жойларига қайтишгач, саволга жавоб кутиб, Зайнабга қарашди.

— Катта-ю кичик «Ўтган кунлар»ни яхши кўриб ўқишади, — деди Зайнаб.

— О, чўх гўзалдир бу! — деди Чўлпоной қувониб. Сўнг қувончи сабабини изоҳлади:

— Мен айни шундайдир, деб мулоҳаза қилиб эдим. Бу гўзал румонни ўзбекларнинг чўх суймасликлари мумкин эмасдир.

— Сиз… ўқиганмисиз? — деб ажабланиб сўради Зайнаб.

— Чўх-чўх маротабалаб, — деди Муштарий суҳбатга қўшилиб. — Унда зикр этилмиш сатрлар хаёлимизга-да муҳрланмиш.

— Сиз китобни нардан олдинийиз, деб ажабланиюрсизми? — деди Чўлпоной. — Бизим бир ватандош вордур, исм-насаблари Жўра Бўтакўз. Эшитганийиз ворми?

Зайнаб бунақа одамни эшитмаган эди, йўқ, маъ-носида елкасини қисиб қўя қолди.

Чўлпоной бу кишини ўзи кўрмаган, шундай миллатпарвар ватандошлари борлигини отасидан эшитган эди. Ҳозир ана шу ҳикояларни баён қилиб берди. Жўра Бўтакўзнинг бу китобга ғоят меҳри баландлиги туфайли «Ўтган кунлар»ни барча ватандошларим ўқисин», деган мақсадда араб алифбосида нашр қилдирганини, бунинг учун Истанбулдаги меҳмонхонасини сотиб, барча маблағини босмахона харажатларига сарф этганларини, ношир истаб Эрону Покистонга қадар борганларини ҳаяжонли туйғу билан айтди. Опа-сингилга миллат равнақи йўлидаги улуғ фидойилик ва жўмардлик бўлиб туюлган бу во-қеани Зайнаб оддий иш сифатида қабул қилди. Чўлпонойнинг ҳаяжонли ҳикоясини эҳтироссиз тарзда тинглади. Хонадонида ҳам, ўқишда, дугоналари даврасида ҳам миллат тақдири, Ватан равнақи ҳақида сўзлар эшитмаган, «Ватанни суймак», деган тарбия мезонидан узоқ бўлган Зайнаб бу воқеадан келин аялари каби ифтихор эта олмасди. Чунки унинг учун Ватанни соғиниб яшаш ҳисси бегона эди. Миллат учун борини бериш, ҳатто жондан кечиш ҳам бир бахт эканини у қайдан билсин? Унинг учун бахт — Кумушбиби каби суйганига етишмоқ эди. Етишолмаганини бахтсизликка йўйди. Бу олам аро бундан-да кўра улуғроқ бахт, бундан-да кўра ўлчовсиз бебахтликлар борлигини у тасаввур эта олмасди. Шахс ташвишидан ташқари миллат қайғуси деган фазилатлар борлигини Зайнаб бировлардан кўп марталаб эшитса-ю, ҳис қила олмаса, уни айблаш ўринли бўларди.

Яхшики, келинпошшалар Ватан тақдири, миллат қайғуси ҳақида ота-оналаридан эшитганларини айтиб, Зайнабдан бу борада фикр сўраб, уни оғир аҳволга солишмади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК