Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев қўлга олингач, мамлакатда аҳвол қандай? (дақиқабай маълумот. Маҳаллий вақт билан белгиланган)

0

 

20. 57. Атамбаев қўлга олингач, Қўй-Тошдан Бишкекка мингга яқин тарафдорлари кириб келди. Шу аснода «Instagram»да Атамбоевнинг махсус хизмат ташкилоти вакиллари билан гаплашаётгандаги видеоролик пайдо бўлди. Ўша ернинг ўзида милиционерлар тортиб олинган қуролларни санамоқда.

21. 05. Мамлакат ички ишлар вазирлиги биноси ёнида махсус хизмат ташкилоти аскарлари тўпланди. Алмазбек Атамбоев билан давлат тергов бошқармасига Фарид Ниязевни ҳам олиб келишди.

21. 15. Давлат тергов бошқармасига Атамбоевнинг маслаҳатчиси Кундуз Жолдубаевани ҳам олиб келишди.

21. 25. Қўй-Тош ва Тош-Мўйноқ қишлоқларида Атамбоев тарафдорлари ва милиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Милиционерлар уларга қарата шовқинли гранаталар ирғитмоқда, резинали ўқлар ёғдирмоқда. Собиқ президентнинг тарафдорлари эса милиционерларни тошбўрон қилмоқда.

21. 36. Алмазбек Атамбоевни миллий хавфсизлик хизмати биносига олиб келишди. Уни ҳимоя қилиш учун адвокат Сергей Слесарев ҳам ўша ёққа йўл олди.

22. 08. Саккиз нафар ярадор Бишкек травматология илмий текшириш марказига, тўққиз нафари курортология илмий институтига, уч нафар ярадор миллий госпиталга ётқизилди.

22. 13. Бишкек марказий майдонига Алмазбек Атамбоевнинг тарафдорлари йиғила бошлади. Уларнинг сони тахминан 500 нафарни ташкил этган.

22. 25. Бишкек шаҳрида яшовчиларнинг айтишича, марказий майдонга йиғилганлар ўзини жуда агрессив ҳолатда тутмоқда. Йўлларни ёпиб қўйиб, нуқул «Сооронбай кетсин!» дея қичқирмоқда.

22. 37. Оломон, аниқроғи, Атамбоевнинг тарафдорлари бақир-чақир қилганча Оқ уйга йўл олди.

22. 45. Айрим маълумотларга қараганда, Оқ уй томига снайпер жойлашиб олган.

22. 46. Оломон кутилмаганда дуч келган тарафга қоча бошлади. Чамаси, уларни милиционерлар ҳайдашга тушган.

22. 49. Марказий майдондагилар сони минг кишидан ошиб кетди. Турли туманлардан ёшлар майдонга оқиб келмоқда. Улар бир-бирларини тинчлантирганча Оқ уйга боришга ундашмоқда. Марказий майдонда вазият тобора қалтислашиб бормоқда.