ШАЙТАНАТ… (128-қисм)

0

 

 

* * *

 

Чўлпоной Жўра Бўтакўзнинг саргузаштларини айтиб адо қилгач, самимий тарзда деди:

— Бунларнинг қизлари худди Кумушбиби каби, худди Раъно хонум каби чўх гўзал эмишлар. Бунда ҳар бир хонумқиз бир Кумушдир, бир Раънодур. Бизим яшаганимиз Олмонияда на бир Кумуш вордур, на бир Раъно. Мирзо Анварким, бежиз байт битмамишларким:

Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси, Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг Раъноси.

— Офаринлар, ташаккурлар! — Муштарий яйраб кулганича енгил қарсак урди. — Сўнг опасини қув-ватлаш мақсадида гап қўшди: — Бунда кўрдимки мен, ҳар бир хонимқиз Кумушдир, вале ҳар йигит бир Фарҳоддир, бир Қайсдир. Бобур мирзомни эслаймизми:

Қани Лайли била Ширинким, алардан ишқ ўргансанг,

Қани Фарҳод ила Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам.

Зайнаб бу байтнинг айтилувидан мақсад — акаларини алқаш эканини англаб, жилмайди.

— Румонни мутолаа этивум жараёнинда Кумуш қандай қиз экан, деб чўх ўйга толурдим. Сизни кўрдим ва дедимки: ана, Кумуш!

Зайнаб бу гапдан сўнг бошини эгди. Келин аялари унинг бу ҳолатини ийманишга йўйишди. Лекин кутилмаганда Зайнаб паст овозда:

— Кумуш ўлган… — деди.

Опа-сингилларга бу гап оғир таъсир этиб, бир-бирларига савол назари билан қараб олишди.

Суҳбатни шу ҳолда узилишини истамаган Чўлпоной:

— Кумушбиби жисман ўлмишлар. Бибийимиз муҳаббатлари тирикдир, ўлмасдир. Унинг туйғулари сиз ила бизда яшар, — деди-ю, бу гапи билан Зайнабнинг юрагидаги ярани тирнаб, туз сепди. Зайнабнинг тирналган қалби ярадор қуш сингари потираб, жони бўғзига қадалгандек бўлди. Ундаги ўзгаришни опа-сингиллар сездилар. Муштарий «ножўя сўз айтдингиз», деган маънода опасига танбеҳ назари билан боқди-да, орадаги ноқулайлик тутунини тарқатмоқ ниятида «Мен қаҳва тайёрлайин-чи», деб ўрнидан турди. Ташқарига чиқиш баҳонасини қўлдан бермаслик учун Зайнаб «Ўзим тайёрлайман», деб чаққон турди. Аммо келинпошшалар бунга йўл бермадилар. Муштарий чиқиб кетгач, Чўлпоной қайинсинглисидан «Ўтган кунлар»ни ўқиш учун бериб туришини илтимос қилди.

Китоб бу ерда эмас, Зайнаб нариги уйига олиб кетган эди. Элчинни кўриб, шифохонадан қайтаётганида уйига атай бориб, китобни қидирди. Тополмади. Кимга берганини ҳам эслолмади. Шундан сўнг дугоналарига бир-бир қўнғироқ қилиб сўради. «Ўзингда йўқ, оламда йўқ», деганларидек, китоб танишларидан ҳам топилмагач, бир-икки кундан сўнг кутубхонадан олиб келиб берди.

— Бу китобнинг харидори кўп. Дугонамга берувдим, у яна биттасига берибди. Китоб шу зайлда оёқ чиқариб, юриб кетган, қаердалиги номаълум, — деди ҳазил оҳангида.

Музаффархон бир кунмас бир кун Ватанга қайтишига ишонгани учун қизларига русларнинг алифбосини ҳам ўргатган, китоблар олиб келиб берган эди. Шунинг учун ҳам Чўлпоной китобни ўқишда қийналмади. Уч кундан сўнг китобни Зайнабга қайтариб бера туриб:

— Ажаб ҳол, — деди.

Зайнаб нимаси ажабланарли экан, деб ҳайрон бўлди.

— Ажаб ҳолки, — деди Чўлпоной яна таъкидлаб, — китобда чўх саҳифалар йўқтур.

— Биров йиртиб олибдими? — деди Зайнаб афсусланиб.

— Саҳифалар ўзларининг ўрнидадир, аммо нашрда чўх гаплар йўқтур. Биз Юсуфбек ҳожимнинг сўзларини юракларимиз кўзлари ила ўқиб, хаёлимизга муҳрлаб олгандирмиз, — Чўлпоной шундай деб, китобни варақлаб, бир ерда тўхтади: — Мана бунда йўқтур у гаплар, — Чўлпоной бир оз ўйланиб турди-да, китобга киритилмай, тушириб қолдирилган сатрларни ёддан ўқиди: — «Буродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалон, деб қирилишсак, ҳолимиз нима бўладир? Бу тўғрида ҳам фикр қилғувчимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлик кўриб қўйғанмизми?!

Ҳожи ўзини тутолмай, кўз ёшисини оқ соқолига қуйиб давом этти: — Мана буродарлар! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадилар. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдур. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман! — деди ва рўймоли билан кўз ёшисини артиб, ўрнидан турди…»

Шу ерга келганида Чўлпонойнинг овози титради. Деворга осиғлиқ эроний гиламда худди Юсуфбек ҳожининг сиймоси тасвирлангандек тикилиб қолди. Сўнг деди:

— Дадам айтиб эдиларким, миллатнинг хорлиги айни ўша ҳаракатдан бошланмиш экан.

Миллатнинг иттифоқда собит эмаслиги ўз бошига қайғу солмиш экан… Китобда эса бунлар йўқтур…

Чўлпоной бошқа гапирмади. Китобни Зайнабнинг қўлига тутқазиб, ўзи изига қайтди.

Китобдан тушириб қолдирилган сатрлар, саҳифалар тақдири унинг учун сир бўлиб қолаверди.

 

***

 

«Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан», деганларидек, Асадбекнинг ҳар бир қараши Кесакполвоннинг нигоҳига зирапчадек санчиларди. Асадбек билан Хонгирейнинг нима ҳақда, қандай тарзда гаплашганлари унга номаълум. У фақат суҳбат натижасини билади:

Асадбек чекинган, бўйнига мағлублик кишанини солиб қайтган. Бу кишаннинг бир учи Хонгирейнинг қўлидами ёки Кесакполвонга тутқазиладими — буни билмайди. «Ошна, бўлар иш бўлибди, энди четга чиқа қол, оёқларим остида ўралашмай тур», дейдими ё Асадбекнинг ўзи «Ҳайдар ошнам, энди сенинг ошиғинг олчи турибди, бу ёғига катта-катта босавер», деб бўйнини эгадими — буни ҳам билмайди. Ҳар ҳолда Асадбек бўйнига арқон боғланса кўзларини жавдиратиб турувчи ахта қўчқор эмас, бундай демаслигига Кесакполвоннинг ақли етиб турарди. Гапни ўзи бошласа балоларга қолишига ҳам фаҳми етарди.

Асадбек қабристонга бориб келганидан сўнг у кетишга баҳона излади. Ашулачи келиб, хиргойисини бошлагач, собиқ хўжайини, бўлажак тобеидан рухсат сўраб, кўчага чиқди.

Асадбек бу сафар одатига хилоф равишда уни дарвозага қадар кузатиб чиқиб «Раҳмат, ошнам» деб, уни ҳайрат тўрига чирмаб қўйди. Шу пайтга қадар Кесакполвонни бу хонадонда биров кутиб олмаган, биров кузатмаган. У ўз уйига қандай кириб-чиқса, бу ерда ҳам ўзини шундай эркин тутарди. Асадбек кузатиб чиқиб «ошначилигимиз шу онда, шу остонада ниҳоясига етди, энди сен бегонасан», демоқчи бўлдими?

Асадбекда бундай фикр йўқ, беихтиёр тарзда кузатган бўлса-да, Кесакполвон унинг ҳаракатини бегоналик сари қўйилган дастлабки қадам деб билди. Кўнгил хиралашганича машинага ўтирганида Қози унга кутилмаган янгилик айтди:

— Қозихонада сизни масковлик меҳмон кутиб ўтирганмиш.

Бу хабар Кесакполвонга хуш ёқди. «Яхши, Хонгирей одам юборибди. Бек билан бўладиган олди-бердини ўзи эплаштириб ташлайди», деб ўйлади.

Шу кайфиятда қозихонага кирган Кесакполвон Селимни кўриб, тарвузи қўлтиғидан тушган одамдай ажабланди. Шу сабабли қисқа салом-аликдан сўнг дабду-рустдан:

— Сени ким юборди? — деб сўради.

— Хонгирей, — деди Селим. — Сизга айтишмадими?

— Йўқ. Хонгирей билан қанақа алоқанг бор, сенинг?

— Ака-укачилигимиз бор, — деди Селим фахр билан. Ҳозир у кечагина Хонгирейнинг ҳузурида пусиб, қалтираб турган Селим эмас, балки ўзидан бир неча поғона пастдаги тобедан лутфини дариғ тутмай гаплашаётган хожа мартабасидаги одам эди. «Вақти келса бургани ҳам тақалаб бера оламан», деб ўйловчи Селим ёлғон гапи билан Кесакполвонни жиловлаб олмоқчи эди. Кесакполвон «қанақасига ака-укасан, Ҳосил «пишт» деса думингни қисиб туришингни билмасмидим, Академикнинг дўппослаганини эшитмаганманми?» деб майдалашиб ўтирмади, Селимнинг гапига ишонгандай бўлиб:

— Хонгирейни қачон кўрувдинг? — деб сўради.

— Уч кун аввал.

«Демак, Асад бормасидан олдин кўришган. Бу ҳеч нима билмайди», деб ўйлаган Кесакполвон Селимни синаётгандек тикилиб туриб сўради:

— Хонгирей нима учун сени менга юборди? Мен кичкина бир одам бўлсам. Бу ерларнинг хўжайини бор?

— Сабабини Хонгирейнинг ўзидан сўрайсиз. Менинг билганим шуки, бу томонлар энди Хонгирейники. Бошқаларнинг тиши ўтмайди. Мен унинг вакилиман. Сиз билан бирга катта ишлар қилишимиз керак. Энди тирикчилик бошқачароқ бўлади.

— Тирикчилик, дегин… Эшитгандирсан, битта одам мажлисда насиҳат қилибди: «Касал бўлсангиз дўхтирга учранг, чунки дўхтирларнинг тирикчилиги бор. Дўхтир ёзиб берган дорини албатта сотиб олинг, чунки дорифурушларнинг ҳам тирикчилиги бор. Лекин бу дориларни ича кўрманг, чунки ўзингизнинг ҳам тирикчилигингиз бор». Ўша мажлисда гўрков ҳам ўтирган экан, шарт ўрнидан туриб: «Ўртоқлар, бу одамнинг гапига қулоқ солманг, ўша дориларни албатта ичинг, чунки менинг ҳам тирикчилигим бор», деган экан.

Селим кулиб, иягини қашиган бўлди-да:

— Гўрков бошқаларнинг ҳисобидан тирикчилик қилиб турар. Бизнинг ишимиз катта бўлади.

Лимонад сотиб юриш жонингизга тегмадими? — деди.

Бу луқма Кесакполвоннинг ғашини келтирди:

— Сен бола, ақлинг етмаган ишларга аралашма!

Кесакполвон бу гапни худди Асадбек каби қошларини чимирган ҳолда, зарда билан айтди.

Хонгирей беш бошли аждаҳо бўлса, энди битта боши менман, деб ўйлаётган Селимга бу зарда таъсир этмади. Хотиржам тарзда:

— Сиз бугун Хонгирейга қўнғироқ қилиб, келганимни айтиб қўйсангиз бас. Мен «Ленинград» меҳмонхонасида турибман. Бўш бўлсангиз ўтинг, бир ошиқ ташлаймиз, деди-да, ўрнидан турди.

У чиқиб кетгач, хонтахта остидан телефонни олган Кесакполвон Москвадаги Хонгирейнинг қароргоҳи рақамларини терди. Хонгирейнинг ўрнига Маматбей гаплашиб, Селимнинг гапларини тасдиқлади. Кесакполвон қўғирчоққа айланганини англаб, пешонасини тириштирди. Қози билан бир оз маишат қилиб, юраги сиқилди. У Асадбекни йўлидан олиб ташлаб ўзлари яратган оламга танҳо ҳукмронлик қилмоқчи эди. Оқибат нима бўлди?

Аввалги мартабасиданда пастлаб кетмадими? Ҳар ҳолда «Асадбекдан кейинги иккинчи одам», деган номи бор эди. Энди-чи? «Хонгирейнинг югурдаги» деган унвонга  етишдими? Энди бу хомсемиз Селимнинг оғзидан чиқадиган гапга маҳтал бўлиб ўтирадими?

Агар Кесакполвонда номус туйғуси бўлганида бу ҳолга тушганидан кўра ўлимни афзал биларди. Бундай туйғудан холи бўлгани сабабли ўлим ўрнига хорликни мақбул кўра қолди.

Ровийлар дерларким, Ҳиндистон подшоҳининг тўрт вазири бор экан. Вазири аъзам, Худонинг марҳамати билан, тенгсиз ақл-заковот эгаси экан. Яратганнинг қудратини қарангки, бировга ақлдан мўл берса, шун-га яраша ҳасадгўйларни ҳам бераркан. Уч ҳасадгўй вазири аъзамни йўлдан олиб ташлаб, подшоҳга янада яқинлашмоқ чорасини излашибди. Субҳи содиқда бир вазир кириб ажиб туш кўрганини баён қилиб дебди-ки:

«Жаннатмакон отангиз у дунёда ҳам подшоҳлик давру давронини сурмоқдалар. Аммо ақлли вазирга муҳтожликлари бор экан. Ўғлимга айт, вазири аъзамни ҳузуримга йўлласин», дедилар. Бир ҳасадгўйнинг изидан иккинчиси, сўнг учинчиси кириб айни туш кўрганларини айтишибди. Подшоҳ бундан ажабланиб, вазири аъзамдан маслаҳат сўрабди. Вазири аъзам ҳасадгўйларнинг мақсадларини англаб дебдики: «Эй подшоҳим, отангиз амр қилган эканлар, бўйинсинмоқ фарздир. У дунёга риҳлат қилмоқ олдидан менга қирқ кун муҳлат беринг. Бу даврни мен ибодат билан ўтказиб, тавбалар қилай, руҳимни поклаб олай.

Мўътабар отангиз ҳузурларига бу дунёда топганим — гуноҳларни ортмоқлаб бормай».

Подшоҳ рози бўлибди. Подшоҳ изн бергач, вазири аъзам фурсатни ғанимат билиб, уйидан то мурда ёқиладиган майдонга қадар лаҳм кавлатибди. Ўттиз тўққизинчи куни эса ўтинларни ўзи тахлатибди. Қир-қинчи куни оппоқ либосларни кийиб подшоҳ ҳузурига кирибдида: «Мен тайёрман. Аммо оловни ўзим ёқаман. Гуноҳкор бандалар гулханга яқин келишмасин», деб огоҳлантирибди. Айтгандай қилиб, оловни ёққач, тутун кўтарилиши билан ўтинлар орасидан пастга тушиб, ерости йўлаги орқали уйига борибдию бир йил ташқарига чиқмай ўтирибди. Сўнг яна ўша оппоқ либосини кийиб, подшоҳга рўпара бўлиб дебдики: «Олампаноҳим, мен қайтиб келдим. Отангиз сизни беҳисоб равишда дуо қилдилар.

Ва амр эттиларким, бу уч вазирингизни хизматларига юбормоғингиз жоиз экан». Подшоҳ ўйладики, «Мен вазири аъзамни булар кўрган тушга инониб у дунёга юборган эдим. У хизматини адо этиб қайтиб келди. Нега энди унинг сўзларига инонмайин?» Подшоҳнинг шу аҳди билан уч вазир ўтда ёнган экан…

Кесакполвон ўша вазирлар тоифасидан эди. У ўзининг майда ўғрилардан эканини унутган, Асадбек паноҳида юрмаганида сал нарсага қамалавериб ийиғи чиқиб кетиши мумкинлигини эса фаҳмлай олмасди. У баъзан «Асадбекни одам қилган менман, шунинг хизматида юрмаганимда аллақачон тож кийиб, қонундаги ўғриларнинг зўри бўлардим», деб ўйларди. Бироқ унинг калта ақли «Қонундаги ўғри мартабасига етиш учун ҳам фаросат керак», деган ҳақиқатни ҳазм қила олмас эди.

Кесакполвон айни дамда ранжигани билан Хонгирейга, ҳатто Селимга хизмат қилишга кўникиб кетаверарди. Уни ташвишга солаётган нарса Асадбек томонидан бўлажак ногаҳоний ҳужум эди. Асадбек Москвага кетганида бу ташвиш бир оз чекинган, ўзига далда берувчи баҳонаю сабаблар топган эди. Асадбек қайтиб, кўз кўзга тушди-ю, хавотир чўғи аланга ола бошлади.

Яйдоқ даладаги кўйлакчан одам дўлда қолса — ўлиши тайин. Кесакполвонни Асадбекнинг дўлларидан Хонгирей асрайдими ё кўйлакчан ҳолича дала ўртасига ташлаб қўяверадими?

Қозихонадаги эски кўрпача устига ёнбошлаган Кесакполвон дўлдан ҳимоя қилиш чораларини ўйларди. Хаёлига бир фикр ярқ этиб урилди-ю, қаддини кўтариб, чордона қуриб ўтириб олди. Хожасидаги бу ўзгаришдан ажабланган Қози ўрнидан туриб «Хизмат, хўжайин», дегандай қўл қовуштирди. Кесакполвон «нега туриб олдинг?» дегандай унга ҳайронлик билан қаради-да:

— Нима буюргансан, димламами ё қозонкабобми? — деб сўради.

— Ош дегандай бўлувдингиз… — Қози шундай де-ди-ю, эгасидан тепки ейишдан қўрқиб думини қисган ит ҳолига тушди.

Кесакполвон Селим билан кўришмай туриб, чойхона ҳовлисидан ўтаётганида ош буюрганини эслади, бироқ, сир бой бермай:

— Ош еявериб ичаклар пресс бўлиб кетди. Чиқиб айт, ёғлироқ гўшт босишсин, — деди.

Қози чиқиб кетгач, қаддини кўтаришга мажбур этган фикрга қайтди. У Асадбекнинг қаҳридан қутулиш йўлини топгандай бўлди: эртага тонгдаёқ қаймоқ кўтариб Асадбекникига боришни, нонуштада биргалашиб қаймоқхўрлик қилишни, сўнг «Маҳмудни мен ўлдиртирдим», деб тан олишни режа қилди. Унингча «Маҳмуд сенга хиёнат қилиб Хонгирей билан тил бириктираётганини билиб қолдим. Ўзинг айтгансан, бизда хиёнатчига айтадиган гап битта бўлади… Сенга билдирмаганимнинг сабаби: уни ўзим топиб, ўзим тарбия қилган эдим. Гуноҳига шерикман. Шунинг учун ўзим йўқ қилдим», деган гапларига Асадбек оз бўлса-да ишониши керак эди. Шубҳасиз, у «ўзинг-чи, Хонгирейга қандай илакишиб қолдинг?» деб сўрайди. Кесакполвоннинг мўлжалича, жавобнинг «хўррози» шу саволга қайтарилади: «Хонгирей хитланиб, сенга осилмасин, деб номигагина яқинлашдим».

Ўзининг бу кашфиётидан қувонган Кесакполвоннинг чеҳраси очилиб, қозонкабобни буюриб қайтган Қозига бир-икки ҳазил қилди.

Маишатлари якун топиб, кўчага чиқишгач, Кесакполвон «Қаерга борсам экан?» деб ўйланиб қолди. Хотинининг Японияга, қизи билан сартарошнинг Ленинградга жўнаши ҳақидаги гап-сўзларни эслаб, уйига боргиси келмади. Хотини бугун эрталаб «эри ўлган Ойсанам»нинг Японияга отланаётганини яна гапирганида «шу момақаймоқни анчадан бери кўрмадим-а», деб ўйлаган эди. Ҳозир ўша армонга барҳам бериб, жувонни кўрмоқ истагида машина сари юрди. Ҳайдовчи ўрнига ўтирмоқчи бўлган Қозини тўхтатиб, сўради:

— Дўхтирни топдингми?

— Уйидагилар айтишмаяпти.

— Бек аканг келди-я! Намунча лаллаясан, ҳеббим! Уйидагилар айтмаётган бўлса битта боласини анави ерга тиқиб қўйгин, сайраганини ўзи ҳам билмай қолсин. Нима, шунга ҳам ақл керакми?

Кесакполвон шундай деб сўкинди-да, ҳайдовчи ўрнига ўзи ўтирди.

 

***

 

Ойсанам… Киприклари узун-узун, қошлари камон, яна минг йил яшасам ҳам чиройимни бой бермайман, дегувчи латофат эгаси Кесакполвоннинг хаёлини ўзига тортган эди. Кесакполвон Ойсанамнинг онаси Кунсанамни эркалаб «қиз ўртоғим» дерди.

У дастлаб қамоққа тушганида ўғрилик билан нон топиш, тирикчилик қилиш осон эмаслигини англади. «Детдом боласиман», деб болаларга зўрлик қилиш замони ўтган, ўғрилар оламида етарли обрўга эга бўлиш учун лозим зеҳн, тадбирнинг ўзида йўқлиги, охироқибат хорлик жандасига ўрашини ҳам фаҳмлаб, «сендан бошқа менинг кимим бор?!» деб кўз ёши тўкиб, Асадбекнинг этагидан маҳкам тутди. Кесакполвоннинг умри бўйи қилган энг ақлли иши ҳам шу эди. Дам-бадам уйғонувчи «Мен ёнида бўлмасам Асад бу мартабаларга ета олмас эди», деган ўйига ўзи ҳам ишонмасди.

Ўғриликдан узоқлашиб, Асадбек бериб турувчи чўталга қаноат қилиб юрган кезлари енгил-елпи тўй қилиб бўлса-да, уйланди. «Детдом боласиман» деб керилиб юрувчи Кесакполвон йигит кишига бошпана ҳам зарур эканини ўшанда тушуниб етди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК