Тошкент метрополитенида йўл ҳақини контактсиз тўлаш тартиби тажриба тариқасида ишга туширилди

0

Жорий йилнинг 7 август куни Банклараро миллий процессинг маркази Тошкент метрополитени ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда метрода йўл ҳақини HUMO карталари орқали тўлаш тартибини тажриба тариқасида ишга туширди.

Банклараро миллий процессинг маркази (БМПМ) метрода йўл ҳақини HUMO карталари орқали контактсиз тарзда тўлаш бўйича тажриба лойиҳасини бошлаб юборди. Йўл ҳақини контактсиз тарзда тўлаш БМПМ, Тошкент метрополитени ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатлари орқали жорий этилди.

Йўл ҳақини HUMO банк картаси орқали контактсиз тарзда тўлаш учун турникет Чилонзор йўлининг “Халқлар дўстлиги” метро бекатида ўрнатилди. Айни пайтда у тажриба тариқасида ишламоқда. Тўловни ушбу усул билан “Плати картой HUMO. HUMO картаси билан тўланг” деган махсус табличка ўрнатилган турникет орқали, картани ўқиш мосламасига қўйган ҳолда амалга ошириш мумкин

“Ушбу ижобий тажриба август ойи якунига қадар бизга йўл ҳақини контактсиз тарзда тўлаш тартибини пойтахт метрополитенининг барча бекатларида жорий этиш имконини яратиб беради, деб умид қилиб қоламиз. Контактсиз тарзда тўлов имконини халқаро тўлов тизимлари карталари фойдаланувчилари учун ҳам жорий этиш келгусидаги режаларимиздан ўрин олган”, – дейди БМПМ директори Шуҳратбек Қурбонов.

Йўл ҳақини HUMO банк картаси орқали тўлаган ҳолда йўл жетонларини харид қилиш, зарур суммани қидириш ва қайтимни кутиш учун вақт сарфланмайди. Янги технология тиғиз пайтларда энг талабгор бекатларда янада самаралидир. Бундай шароитларда йўловчи кассада жетон харид қилиш ўрнига йўл ҳақини турникет орқали контактсиз тарзда тўлашни танлаган ҳолда кунига 8 дақиқагача вақт тежайди.

Контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда метрода бир марта юриш қиймати жетон қийматига тенг. Йўл ҳақини турникет орқали тўлаш метрополитен хизматларидан кам фойдаланадиган йўловчилар учун ҳам қулай.