Ўзбек ошхонаси: Самарқанд нони икки доллар

0
Яқинда юртимизга Беларусдан келган хонимлардан бири никоҳ тўйининг 25 йиллигини Минскда фаолият юритадиган ўзбек чойхонасида нишонлаганини, мазкур ўзбек чойхонасига кириш ҳар бир беларуснинг орзуси эканини айтганда жуда қувонган эдим.
Кейинчалик бу мавзуга қизиқиб, суриштирганимда дунёнинг ҳар бир давлатида ўзбек ошхоналари фаолият юритишини билдим. Ҳатто АҚШда Самарқанд нони пишириб сотишлари ва унинг ҳар бири баҳоси 2 доллар эканидан ҳайратландим.
Бугун эса юртимизда гастрономик туризм борасидаги имкониятларимизни янада кенгроқ намоён этиш учун “Гастро Базар-2019” I-Халқаро гастрономик фестивали бошланди.
Миртолиб Мирзоҳидов,
Бутунжаҳон туризм ташкилотининг “Ипак йўли офиси” директори:
– Кейинги йилларда хорижий мамлакатларда ўзбек ресторанларининг сони ошиб бормоқда. Биргина Москва шаҳрида 300 ортиқ ресторанда ўзбек ошхонаси мавжуд. Нью-Йорк, Берлин, Франкфурт, Лондон, Лос-Анжелос, Дубай, Пекин, Сеул, Санкт-Петербург, Рига, Истанбул ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам фаолият юритиши миллий таомларимизга қизиқиш катта эканидан далолат.
“Ўзбек палови” ЮНEСКОнинг рўйхатидан жой олгани, ўтган йили
“Ўзбегим” миллий қадриятлар фестивалида 8 тонналик ўзбек паловининг Генниснинг рекордлар китобига киритилиши ҳам миллионлаб одамларнинг Ўзбекистонга саёҳат қилиш ва таомларга бўлган қизиқишини оширди.
Дмитрий Илин,
Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (WTO) аффиланган аъзолик дастури вакили:
Тўғри дунёда ҳар бир миллатнинг ўзига хос таом турлари мавжуд. Уни чиройли қилиб, истеъмолчига тақдим этиш ҳам ўзига хос эътибор талаб этади. Шу боис дунёда ҳар йили гастрономик туризм форуми ўтказилади. Мана уч кун давомида бундай тадбир Ўзбекистонда ҳам биринчи марта ўтказилади. Албатта, бу яхши натижа беришига ишонамиз. Ваҳоланки, биргина паловнинг ҳар бир вилоятга хос тури ва мазаси бор. Италия, Испания ва ёки бошқа давлатларда ҳам ўзбек ошхонаси алоҳида қадрланади. Баъзи ҳудудлар бўлади, унда тайёрланадиган таомлари туфайли машҳур бўлади. Сурхондарё тандири, Жиззах жизи, Андижон палови ҳақида мен ҳам биламан. Бошқаларга ҳам айтиб бера оламан.
Гуркан Бўзтепе,
Туркиянинг Гастрономик туризм уюшмаси раиси:
 Ўзбек ошхонаси дунё танийдиган, қўлда саналадиган машҳур ошхоналар орасида туради. Шу боис сайёҳларни жалб қилишда имкониятлар етарли. Мазкур йўналишга сайёҳлар кўпроқ маблағ сарфлашини Туркия мисолида таҳлил қилганмиз. Унга кўра, бошқа йўналишлар-зиёрат, тоғ туризми учун келганлар ўртача 174 доллар сарфласа, гастротуризм мақсадида келганлар ўртача 259 доллар харажат қилади. Ана шуларни ҳисобга олиб, Истанбул яқинида энг машҳур миллий таомларимиз тайёрланиб, сотиладиган гастро қишлоқ барпо этишни бошладик. Унда турк қаҳвасидан тортиб, энг машҳур таомларини тановул қилиш мумкин. Мазкур қишлоқда ўзбек таомлари учун ҳам жой ажратиб беришимиз мумкин, агар истовчилар бўлса.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорликда ташкил этган “Гастро Базар-2019” I – Халқаро гастрономик фестивали 11 августда якунланади. Унда юртимизнинг машҳур ресторанлари, қаҳвахоналари, тамаддихоналари билан бир қаторда хорижий давлат ошпазлари ҳам иштирок этмоқда.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА