ЖИН… (марҳум қизиқчи Ҳожибой ТОЖИБОЕВ бисотидан)

0

 

Бойвачча ярқираган «Мерседес»ида светофорнинг қизил чироғига келиб тўхтаганди, орқадан «Запорожец» келиб урилди. Азбаройи тутоқиб кетган бойвачча зарда билан пастга тушди. Қараса, «Запорожец» рулида ёши 80 дан ошган бир чол ўтирибди.

— Хўш, ота, нима қип қўйдингиз? — бақирди бойвачча. — Машина ҳайдашни билмасангиз, уйда ўтирмасизми жи-им? Нима қип қўйдингиз? Бу машина неча пул туришини биласизми ўзи?

— Менга қара, — деди қария хотиржамлик билан. — Намунча ваҳима қилмасанг? Хўш, қанча тўласам, чакагинг ўчади ўзи?

Бойвачча бу гапни эшитиб баттар тутоқди.

— Вей, кулгимни қистатманг, — деди у лаби учиб. — Қанча тўлайманмиш! Олдин ўзингизга ойнадан бир қаранг! Шалоғи чиққан «Запорожец» ку минганингиз, тағин осмондан келасиз-а вей!

— Мен сендан охирги марта сўраяпман, — деди чол янада жиддий тортиб. — Қанча тўласам унинг ўчади?

— Бўлди, гапни кўпайтирманг! — деди бойвачча. — Ҳозир кулавериб ичак-пичагим узилиб кетади. Бўлди!

— Ҳали сенми мени пастга урадиган? — деди қария. — Қани, ўтир ёнимга! Ўтир дедим!

Бойвачча энсаси қотганча қариянинг ёнига ўтирди.

— Хўш, ўтирдим. Яна нима дейсиз?

— Хоҳласам-чи, — деди қария бойваччанинг кўзларига тик боқиб. — Анави пачоғи чиққан мошинанг, ўзинг, э, борки, уй-пуйингминан сотволаман, тузукми?!..

Бойвачча жаҳл аралаш қўл силтаб юзини терс бурди.

— Демак, ҳалиям менга ишонмаяпсан-а? — деди қария тараддудланиб. — Бўпти, ҳозир… Ҳозир ўзинг кўрасан!..

Қария ўриндиқ остидан бир хум чиқарди ва чопонининг енги билан хумни бир неча марта сийпалади. Шу тобда кутилмаган ҳодиса юз берди. Хум қариянинг қўлидан отилиб орқа ўриндиққа тушди ва шу заҳоти ичидан тутун ўрлаб, «Запорожец» шифти остида улкан бир жин пайдо бўлди. Жин икки қўлини кўксига қўйиб, деди:

— Амрингга мунтазирман, хўжайин!

Қария даҳшатдан тош қотиб, тили-да калимага келмай қолган бойваччага бир қараб қўйди-да, буюрди:

— Жин, бошланишига бизга аччиқ кўк чой дамла!

— Бош устига, хўжайин!

Кўз очиб юмгунча қариянинг ёнида бир чойнак кўк чой иккита пиёла билан пайдо бўлди.

Бойвачча кўк чойдан бир-икки ҳўплагач, бир жинга, бир қарияга қараб аранг сўради:

— Б-бу… Ростдан Ж-жинми?

Қария бамайлахотир жавоб қилди.

— Албатта жин-да! Кўриб турибсан-ку!

— Ота, менда бир таклиф бор, — деди бойвачча. — Агар йўқ демасангиз, майли… «Мерседес» бош-кўздан садақа. Локигин… Мана шу жинни менга сотинг! Оғзингизга сиққан пулни бераман!

— Э, йў-ўқ, — деди норози бош чайқаб қария. — Бу жин ўзимгаям керак. У сотилмайди, болам.

— Бир миллион доллар бераман!

— Айтдим-ку сотилмайди деб!

— 10 миллион доллар!..

Қария 10 миллион долларнинг дарагини эшитгач, бир-икки бош қашиб олиб бойваччанинг таклифини маъқуллаган бўлди.

— Менинг болаларимданам қайсаракансан вей! Қўймадинг-қўймадинг-да! Бўпти, сен айтганча бўла қолсин! 10 миллион доллар бўлса бўпти-да! Аммо пулларни ҳозироқ берасан. Мен жинни насяга беролмайман!

— Жин… Ҳамма ишни эплайди-а? — қайта сўради бойвачча. — Ҳалиги…

— Кўрдинг-ку ўзинг! Яна нима истайсан?

— Йўқ, йўқ… Бўлди, ҳозир тўғрилаймиз…

Бойвачча таниш-билишларига қўнғироқ қилиб, ҳаш-паш дегунча 10 миллион долларни йиғиб қарияга тутқазди. Ўзи эса хумни қўлтиқлаганча ҳовлиқиб уйига жўнади…

Уйига келгач, ҳамма эшикларни ёпиб, хотини билан бирга каттакон залга кирди. Зал эшигини ҳам ичкаридан тамбалаб, хотинига хумни кўз-кўз қилди.

— Ҳозир-чи, хотин, сенминан биз бирдан миллиардерга айланамиз!

— Нима… Шу кичкина хум ичида 1 миллиард доллар пул борми?

Бойвачча хотинининг соддалигидан кулиб пешонасига бир-икки чертиб қўйди.

— Ўқимаган, бу хум сеҳрли хумлардан. Ичига эса ҳақиқий жин беркитилган. Ҳамма буйруғингни жон деб бажаради.

— Йўғ-э, ростданми?

— Ҳозир кўрасан!

Бойвачча хумни енги билан бир-икки ишқалаганди, хум қўлидан отилиб, зал бурчагига бориб тушди ва беўхшов товушлар таратганча шифт остида улкан жин пайдо бўлди.

— Амрингга мунтазирман, хўжайин!

— Олдинига бир чойнак аччиқ кўк чой дамла! — буюрди бойвачча.

— Бош устига!

Киприк қоққанчалик вақт ўтмай, ёнида бир чойнак кўк чой ва иккита пиёла ҳозир бўлди.

Бойваччанинг хотини бақа бўлиб қолганди. Бойвачча эса азбаройи тўлқинланиб кетганидан жинга буюрди.

— Ҳозироқ 100 миллион доллар ҳозирла!

— Бунинг иложи йўқ, хўжайин! — дея бош эгди жин.

— Нима? Нега иложи йўқ? Жинсан-ку!

— Жинман, аммо бунинг сираям иложи йў-ўқ, хўжайи-ин!

— Нимага иложи йўқ? Гапир, овсар!

— Чунки мен фақат кўк чой дамлашни биламан холос-да!..

Мана шу ерга келганда, бойвачча алданганини англаб етди. Афсуски, кеч эди. Қарияни ҳам топа олмасди. Сабаби, манзилини ҳам, исмини ҳам билмасди. Мелисага ҳам арз қила олмасди. «10 миллион пулни, жинни қаердан топгансан?», деб сўроққа тутишларидан чўчирди.

Бойвачча пешонасига бир неча марта муштлади-ю, ҳушидан кетиб йиқилди.

Ҳормасбой ТОЛМАСБОЕВ тайёрлади