Қирғизистон собиқ президентининг қизи халқига видеомурожаат йўллади…

0

 

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг қизи Алия Шагиева «Инстаграм»даги саҳифасига видеомурожаат жойлаштирди.

— Мен рассомман, — деди Алия. — Сиёсатга ҳеч қачон аралашмаганман. Аммо куни кеча отамнинг ноқонуний тарзда қўлга олинишидан кейин чидаб тура олмадим. Бизнинг давлатда инсон ҳуқуқлари бузилган, мухолифатчи кучларнинг телеканаллари ёпиб қўйилмоқда. Матбуотга ёлғон маълумотлар бериляпти. Мен оилам, халқ бошига тушган кўргиликларни кўриб туриб даҳшатга тушяпман.

Шагиеванинг гапига кўра, отасини жиноят олами авторитетларидан бири Батукаев иши бўйича қўлга олишган. Бу бир баҳона. Аслида унинг мухолифатчи сифатидаги фаолияти учун қамашди. Отаси барибир Батукаев иши бўйича ёзма равишда маълумот бермоқчи эди. Аммо ҳукумат раҳбарлари буни кутиб ўтиришмади. Улар собиқ президентни қўлга олишга шу қадар ошифта бўлишди ва ниятларига етишди.

— Отамни қўллаб-қувватлаш учун аёллар болалари билан келган маҳал отамга ҳужум қилишгани мени қийнамоқда, — деди Алия. — Улар отам билан учрашиб, бирга суратга тушишмоқчи ва дарҳол кетишмоқчи эдилар. Афсуски, ҳукумат раҳбарларининг худди шу маҳал ҳужумга ўтиши катта жанжалларга, тартибсизликларга сабаб бўлди. Миллий хавфсизлик хизмати, махсус хизмат ташкилоти аскарлари жанговар қуролдан аҳолини ўққа тутишди. Қанчалаб одам яраланди, кўплар ҳалок бўлди. Қайси адолатпарвар ҳукумат ўз халқини ўққа тутади? Бундан кўриниб турибдики, бизнинг мамлакатда адолат йўқ. Отам қурбонлар яна кўпаймаслигининг олдини олиш ниятидагина таслим бўлди.