Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 11 август куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

Қурбон Ҳайитингиз муборак бўлсин!!!

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

11 август куни ҳаммаси кайфиятингиз билан боғлиқ бўлади. Агар позитив кайфиятда бўлсангиз, ишлар ҳам ўз-ўзидан унумли бўлиб бораверади. Тасодифий танишувлардан нари бўлишингиз тавсия этилади. Бу танишувлар сизга ижобий натижа бермайди. Молиявий муаммолар ўта мураккаб бўлса, ҳуқуқшунос ёрдамидан фойдаланинг. Айниқса, товон пули ундириш, меросга эга бўлиш масаласи ҳуқуқшунос иштирокисиз ижобий ҳал бўлмаслиги мумкин.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Кунингиз қулай вазиятларга бой бўлади. Улардан пиёда эмас, отда чиқиб кетиш имконига эга бўласиз. Фақат чиқиб кетаётганда, атрофга кўз ташлаб олишни унутманг. Молиявий масалада пича мушкулотларни бошдан ўтказасиз. Аммо инқирозга юз тутмайсиз. Муҳаббатда оиласизларнинг куни туғади. Сиз нафақат характери, балки қиёфаси ҳам ўзингизга ўхшаб кетадиган инсонни учратасиз. Омад сизга ёр бўлсин!

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугундан кенг масштабдаги муваффақиятларни кутмасангиз ҳам бўлади. Лекин у қадар катта бўлмаган сюрпризларга эга бўлишингиз тайин. Фақат ўзингизга нисбатан омадлироқ одамларга ҳасад қилишдан тийилинг. Шахсий ҳаётда оилалилар ўз манфаатлари йўлида тер тўкишларига тўғри келади. Иммунитетингиз тушиб кетган бўлса, чорасини кўринг. Акс ҳолда юқумли хасталикка дучор бўлишингиз ҳеч гап эмас.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

11 август куни ишларингиз унумли кечади. Кайфиятингиз байрамона бўлади. Ҳар бир ёмонликдан яхшилик изланг. Тақдирингиздан нолиманг. Уни Яратганнинг ўзи сизга ҳадя қилган. Шукр қилинг. Пул масаласида қўлингиз қуруқ қолиб кетмайсиз. Фақат йирик харидлардан умид қилмай туришингизга тўғри келади. Куннинг иккинчи ярмида қўшимча даромад келтирувчи иш топишингиз эҳтимоли бор. Оиласизлардан кимдир кечқурун сафарга отланиши кутилади. Сафарда бўлғуси жуфтингизни учратишингиз мумкин.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Бугун сизда куч ҳам, имконият ҳам етарли бўлади. Не ишга қўл урманг, ижобий натижа кўришингиз учун имконият албатта бўлади. Анчадан бери йирик лойиҳа устида ишлаб келган бўлсангиз, унинг натижасини ҳам бугун кўришингиз мумкин. Тадбиркорларнинг бугунга мўлжалланган хориж фирмалари вакиллари билан учрашуви номаълум муддатга қолдирилиши мумкин. Оилада ким биландир жанжаллашиб қолишдан сақланинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

11 август сиздан фаоллик ва барчага нисбатан илиқ муносабатни талаб қилади. Атрофингизда фирибгарлар, ёлғончи-қасамхўрлар ҳам чувалашиши мумкин. Эҳтиётингизни қилинг. Ҳақиқий дўст бўладиган одам дўстликка даъво қилмаслигини унутманг. Танқидларга қанчалар хотиржам муносабатда бўлсангиз, молиявий муаммолар шунча тез бартараф этилади. Кечқурун баъзилар сафарга отланиши кутилади.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Оилангиздаги илиқ атмосфера ҳар қанақанги мушкулотлар, тўсиқларни мардона енгиб ўтишда ёрдам беради. Зиммангиздаги вазифаларни қандай тез бажариб қўйганингизни ўзингиз ҳам пайқамай қоласиз. Қурилиш, таъмир ва рўзғор икир-чикирларини бартараф этиш амаллари ўз йўлида текис давом этади. Муҳаббатда қалбингиз шубҳаларга асир бўлишидан сақланинг. Сизга ишонган одамларга ўзингиз ҳам шундай ишонинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

11 август куни тадбиркорлар фойдали шартномаларга имзо чекишади, шу жумладан, йирик даромад келтирувчи қўшимча лойиҳаларни ҳам ҳаётга тадбиқ этишади. Фақат муҳим ҳужжатлар билан ишлаганда, эҳтиёт бўлинг. Рақобатчиларга ишониб бўлмайди. Улар ҳадеганда оёғингиздан чалиш пайида юради. Кечқурун яқинларингиз билан табиат қўйнига чиқиб чўмилишингиз, кабобхўрлик қилишингиз ҳам зиён қилмайди.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Бугун куннинг биринчи ярмидаёқ вазият режаларни фавқулодда ўзгартиришга мажбур этиши мумкин. Бугун мириқиб дам олмоқчи эдингиз. Тақдирда йўқ экан. Молиявий аҳволингиз талаб даражасида бўлишини истасангиз, ишланг ва яна ишланг. Оила аъзоларингиз билан уюштириладиган сайр-у саёҳатлар муваффақиятли кечади. Серқатнов йўлларда эҳтиёт бўлинг. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

11 августда куч дегани вужудингизда бисёр бўлади иншооллоҳ. Тоғларни толқон қилгингиз келади-ю, бахтга қарши улар йироқда бўлади. Унда ижод билан машғул бўлинг. Албатта ижобий натижага эришасиз. Саломатлик ҳақида қайғуришдан тийилманг. Спиртли ичимликлар истеъмолидан воз кечинг. Бу ичимлик сизга дўстлик қилмайди. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Ётишдан олдин сут ичиб ётсангиз, тушингиз тотли кечади.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Бугун истеъдодингиз, феъл-атворингиз билан қанча мақтансангиз, ғурурлансангиз кам. Нафақат ўзингиз, балки дўстларнинг оғирини ҳам енгиллатишга улгурасиз. Профессионал касбингиз билан боғлиқ ишларни бажаришда ҳам муваффақиятлар кутиб туради. Кечга яқин қўшимча даромадли иш таклиф этишлари мумкин. Йўлга чиқиш ниятингиз бўлса, шахсий автомобилингизда ҳеч қаерга борманг. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

11 август куни тақдир сизга турли синовларни кетма-кет ирғита бошлайди. Ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Тақдирга тан беришдан ўзга чорангиз йўқ. Зиммангизга юкланадиган ишларни соф кўнгил билан адо этсангиз, кам бўлмайсиз. Шахсий ҳаётда логикага қулоқ тутинг. Эҳтирос ва эмоцияларни четга суриб қўйинг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади