КУН КУЛГИСИ…

0

 

 

* * *

 

Сураткаш туғилган кунга таклиф этилганди. Бир-иккита суратлар олиб уй бекасига кўрсатганди, у қувончини яширолмади.

— Вой, суратларнинг зўрлигини! Фотоаппаратингиз янгими дейман?..

Сураткаш жавоб бермади. Фақат кетаётиб уй бекасига деди:

— Овқатлар жуда мазали бўлибди. Қозонингиз янгими дейман?

 

* * *

 

— Ишонасанми, кеча шахсан Каспаров билан ошхонада бир стол атрофида ўтирдим.

— Нима бўпти?

— Э, тузни узатиб юборинг десам, нақ қирқ беш дақиқа кутдирди.

 

* * *

 

Икки йигит қизникига меҳмонга келишди. Йигитлардан бири сўради:

— Сизда ичкарида кийиб туришга шиппак борми?

— Ҳа, марҳамат!

Қиз иккинчи йигитнинг индамай ўтирганини кўриб ҳайрон бўлди.

— Сизга шиппак керак эмасми?

Унинг ўрнига шериги жавоб берди:

— Қўяверинг, дўстимнинг пайпоғи ҳали йиртилмаган.

 

* * *

 

Икки жинни кўчада кетишаётганди. Бири иккинчисига деди:

— Қара, ўлик қуш!

Шериги осмонга қараб сўради:

— Қани?

 

* * *

 

— Дўхтир, тўғрисини айтишга қўрқаяпман…

— Айтаверинг! Биз руҳшуносларга ҳаммасини батафсил айтиб бермасангиз бўлмайди.

— Қачон қарасам, орқамдан қандайдир бегона одамлар эргашиб юргандек туюлаверади.

— Шунақа денг?.. Ким бўлиб ишлайсиз?

— Музейда экскурсоводман.

 

* * *

 

Иғвогар ўлими олдидан яқинларини олдига чақириб улардан бирма-бир узр сўрай кетди.

— Ука, эсингдами, сени ишдан ҳайдашганди. Мен уюштиргандим, кечир! Синглим, сени махсус хизмат ходимлари судрашганди-а? Мен устингдан юмалоқ хат ёзгандим, кечир! Хотин, сени қамашмоқчи бўлишганди. Менинг айбим билан эди, кечир!.. Алвидо! Мени қандилга оёғимдан осиб қўйинглар!.. Бу охирги илтимосим…

Уни яқинлари сўраганидек, қандилга оёғидан осиб туришганди, эшик тақиллаб, ичкарига милиционерлар кириб келишди.

— Кечирасизлар, бизга ариза тушди. Сизлар мурдани қийноққа солаётган эмишсизлар!

 

* * *

 

Чукча югуриш мусобақасидан олдин допинг қабул қилди. Мусобақа бошлангандан сўнг эса, жуда секин югура бошлади… Допинг қабул қилганини бошқалар билиб қолишмасин деб қўрқди.

 

* * *

 

Лагерда дам олаётган ўқувчи ота-онасига хат ёзди:

— Кеча лагеримизда бокс бўйича мусобақа бўлганди. Шунинг учун тиш чўткаси, пастаси ва шунга ўхшаш кераксиз нарсаларни уйга жўнатяпман.

 

* * *

 

— Азизам, сенга кутилмаган совғам бор!

— Вой, мукофот олдингизми?

— Ҳа, уч ойлик маош миқдорида.

— Яшанг, ўзимнинг асалим!

— Ўша пулларнинг ҳаммасига сен учун гулдасталар сотиб олдим.

— Аҳмоқ!

 

* * *

 

Тош асри. Эр ўтириб тошга суратлар чизмоқда. Хотини яқин келиб сўради:

— Нега найза кўтарган эркакни чиздингиз?

— Авлодлар менинг қандай ов қилганимни билишсин.

— Нега илон, шерларни чизяпсиз?

— Менинг ҳеч нарсадан қўрқмаслигимни авлодлар кўриб қўйишсин.

— Нега қайиқни чиздингиз?

— Дарёда нима ёрдамида сузганимни авлодлар кўрсин.

— Нега менинг суратимни чизмаяпсиз?

— Жиннимисан? Авлодлар менинг қандай қийналиб яшаганимни кўришларини истамайман!

Ҳормасбой ТОЛМАСБОЕВ тайёрлади

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here