ШАЙТАНАТ… (130-қисм)

0

 

 

* * *

 

Диванга бориб ўтиришганда Бўтқа чойнак кўтариб кирди-да: «У-бу керакмасми?» деб сўради. Кесакполвон «у-буга ҳожат йўқлигини» айтгач, пиёлаларга чой қуйиб узатдида, жимгина изига қайтди.

— Масковда Хонгирейни учратиб қолдим, — деди Асадбек, Бўтқа чиқиб кетгач. — Анавинда тўғри айтдинг: не бўлса ҳам мусулмонлиги бор бу боланинг. Козлов туфайли орамизга совуқлик тушди, деб афсусланиб юрувдим. Кўнгли кенг экан у чеченнинг.

«Ўртамизда гина-кудурат йўқ», деб айтди. Мардлигига қойил қолдим. Шерикка ёлчибмиз, ошна. Ана энди ош-қатиқ бўлсак арзийди. Бир-иккита зўр ишларни мўлжаллаб қўйган экан, ўзинг биллалашиб юритасан.

Бу сафарги «ўзинг биллалашиб» дейилуви Кесакполвоннинг диққатини четлаб ўтмади.

— Мўлжалидаги иш жуда катта, лекин жуда нозик, қалтис. Буни фақат ўзинг эплайсан.

Кесакполвон энди «ўзинг» шунчаки тилдан адашиб чиққан сўз эмаслигини англаб, таҳрир киритди:

— «Ўзимиз» дегин.

— Йўқ, энди бу ишларни сен юритасан. Сен билан мен учиб бораётган мошинанинг мурватларимиз. Мурват дегани эскийди, ишдан чиқади. Мурват янгиланмаса, ўзинг биласан, мошина абжақ бўлади. Иккаламиз билла юриб, ёмон бўлмадик. Энди мен четга чиқишим керак. Менинг ташқи кўринишим одам. Ичимни ҳали ҳам дард кемириб ётибди.

Менга раҳминг келсин.

Жумбоқнинг бу қадар енгил ҳал этилишини кутмаган Кесакполвон бир оз довдираб қолди.

Асадбекнинг аҳди қатъийми, самимийми ёки синаш учун айтяптими бу гапларни — фарқлай олмасдан гангиди. Собиқ хожасининг қарашлари, гапидаги оҳанг ичига яширинган сирни ошкор қилмади.

— Ҳа, нега жимиб қолдинг, гапир, — деди Асадбек.

— Нимани гапираман, Масковда жин-пин чалиб кетдими сени? Гапларингдан латта ҳиди келяпти. Касал бўлсанг, дамингни ол, ҳолингга қараб юравер. Сендан биров иш талаб қиляптими ё давлатнинг ишхонасига ўхшаб бюллетен кўрсатишинг керакми? Бир ёғинг-ни ёзга, бир ёғингни қишга қўйиб, таралла-бедод қилиб юравер, қанча иш бўлса, мен борман.

— Шуни айтяпманда. Ҳамма иш энди сенинг гарданингда бўлади.

— Гапни айлантирма. Сен — Асадбексан! Мен киссавурдан чиққан майда одамман.

— Илгари майда бўлган бўлсанг, энди йириклашасан. Масала ҳал бўлган, мен Хонгирей билан келишиб келдим.

— Нима, энди Хонгирей хўжайинлик қиладими?

— Хўжайин эмас, у сенинг шеригинг. Тенг шерик! Шуни унутмагину сира паст кетма.

Яна бошингга чиқиб, ўтириб қўймасин.

— Бошни қотирма. Менинг шеригим ҳам, хўжайиним ҳам ўзингсан. Мени ташлаб, четга чиқсанг, номардсан.

Асадбек унга кулимсираб қаради: «Бу гапни энди Хонгирейга айтасан. Хурсандликдан ёрилиб кетай деяпсан-ку…» Асадбек собиқ аъёнига шундай дегиси келди. Сўнг бўралаб сўкишни, кейин юмшоқ ерига боплаб бир тепишни истади. Кўнгил жилови бўш қўйилса, нималарни истамайди. Вақти-вақти билан «портлаб» кетувчи Асадбек бу сафар кўнгли ҳукмига бўйсунмади, кўнглини азобларга қолдириб, кулимсиради. Тил ва дил бирлигини бутунлай йўқотди.

— Гапларингни қара, четга чиқиб сен билан юзкўр-мас бўлиб кетяпманми? Ўша ошналигимиз, ўша қадрдонлигимиз бир мисқол ҳам камаймайди. Гўримга кетгунимча ёнингдаман. Фақат ҳамма ишни ўзинг мустақил юритасан. Хонгирей мўлжаллаган ишда иккита ақлнинг биттаси ортиқчалик қилади. Энди мен сенга иш буюрмайман. Ҳа, айтмоқчи, охирги марта битта иш буюраман, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам бажарасан, — Асадбек ўрнидан туриб, қўлида кўтариб кириб, столи устига қўйган газитга ўроғлиқ нарсани олди-да, Кесакполвонга узатди:

— Нима бу? — деб ажабланиб сўради Кесакполвон.

— Пул. Масковга кетмасимдан олдин Шарифнинг хотини берувди, — Асадбек гапининг ёлғонлигини ошкор этиб қўймаслик учун ҳамсуҳбатга қаттиқ тикилди.

… У эрталаб барвақт туриб, қабристондаги учрашувни эслаган, кун ёйилганда, аёлнинг идорага келишини истамай, уйига ўзи борган эди. Кесакполвон танимайдиган «қадрдонлардан биттаси» шу аёл эди.

Чала қурилишни кўриб, «ҳали ҳам битириб беришмабди-да», деб ғашланган бўлса, эски дарвозага осиқлиқ қулф уни ажаблантирди. Кўчага сув сепиб, супураётган қўшни аёлдан буларнинг қаердалигини сўраб, «уйни сотиб кетишган», жавобини эшитди-ю, таажжуби янада ошди.

Насиба болаларини олиб, онасиникига кўчиб кетган экан. Асадбек қўшни аёлдан унинг манзилини билиб, қидириб борди. Шариф Намозовнинг уйидан ҳам ҳароброқ бўлган уйга болалари билан кўчиб келган аёлнинг аҳволи қандай эканини биров айтмаса ҳам, Асадбек ҳис этди. Асадбек ота уйига турли сабаблар туфайли қайтиб келган аёлларнинг қисмати ҳақидаги гапларни кўп эшитган. Уйлар кўп, яшаш бемалол бўлган тақдирда ҳам бир қориндан тушган жигарларнинг бир ҳовлида яшамоқлари жуда мушкул. Уйни сотиб келган бу аёлнинг ака-укалари бордир, демак, уйнинг «келин» деб аталмиш норасмий эгалари бордир…

Асадбек шуларни ўйлаб, машинада ўтирганида Ҳалимжон Насибани бошлаб чиқди. Аёл Асадбекни кўриб, бир тўхтаб олди. Сўнг чўчибгина яқинлашди. Асадбек уни бу қўрқувдан қутқариш мақсадиди машина эшигини очиб, ўтирган ерида уни қаршилади.

— Маҳаллангизга йўлим тушувди, ғалати гапни эшитиб қолдим-ку? Синглим, уйни сотибсизми?

Насиба титроқ бармоқларини санаётгандай тикилиб қолди.

— Нега сотдингиз?

Насиба Асадбекка қараб олди. Унинг кўзларида ғазаб учқунини кўрмагач, сал дадилланиб, бир хунук йигитнинг пул талаб қилгани, кейин болаларини ўғирлаб кетганини айтди.

— Шунақа экан, нега менга бориб айтмадингиз? — деди Асадбек гина оҳангида.

— Борувдим, касал экансиз, ёрдамчингиз «биз бунақа жиноят ишларга аралашмаймиз, бошқа келманг», дедилар.

Асадбек бу гапни эшитиши билан кўз олдига дарров Кесакполвон келди. Чувриндининг бунақа демаслигига амин бўлса-да:

— Бўйи узунроқ, гавдали, мендан сал ёшроқ одаммиди? — деб сўради.

— Йў-ўқ… бўйлари сиздан анча паст эди…

— Ҳа… қора чигирткага ўхшаганми?

Аёл «ҳа» ишорасини қилди.

— Қабристонда менга шуни айтмоқчимидингиз?

— Йўқ… ҳозир… — Насиба шундай деб тезгина изига қайтди-да, сал ўтмай, қўлида газетага ўралган бир нимани Асадбекка узатди.

— Нима бу? — деб сўради Асадбек, газета ўрамига қўл узатмай.

— Бу… сотилган уйимизнинг қолган пули.

— Нима? — Асадбек «бу хотиннинг эси соғми?» дегандай тикилиб қаради. — Бу пулни… нега менга бер-япсиз? Ё… эрингиз васият қилувдими?

— Шариф акамнинг бир оғиз сўзларига зор бўлиб қолдик-ку… — Насиба шундай деб хўрсинди. Сўнг Асадбекка дадилроқ қаради: — Бу пул қурдираётган уйингизники. Бугун шу омонатни бергани бормоқчи эдим.

Асадбекка Насибанинг бу қилиғи малол келиб, аччиқланди, юзлари учди. Жеркиб ҳам бермоқчи бўлди. Аммо жаҳл учқуни аланга олмай, «бу бечорада айб йўқ-ку», деган фикрда ўзини тийди. «Пул ўзингизда қолаверсин, болаларга ишлатинг», демоққа оғиз жуфтлади-ю, аммо хаёлига бошқа бир фикр келиб, бу гапни айтмади. Фақат… Ҳалимга кўз қараши билан «пулни ол» деган ишора қилди…

… Ҳозир ўша пул ўрамини Кесакполвонга узатганида Насибанинг титроқ лабларидан учган сўзлар қулоқлари остида жаранглагандай бўлди.

Кесакполвон Насибанинг нажот истаб келганини эслади. «Бек нима учун буни кавлаштириб юрибди? Энди шу хотинга ёрдамлашмаганим учун сиқувга олмоқчими?» — деб ўйлади. Лекин у кутган гап айтилмади. Асадбек:

— Хотин зоти асли ақлсиз бўлади, ўзинг биласан. Шарифники аҳмоқликда ҳаммасидан ўтиб тушаркан. Эрини кўмиб келиб, уйни сотибди. Пулнинг чўғига қараганда озгинасини ишлатиб қўйганга ўхшайди. Энди мен аралашсам ярашмайди. Сен уйни сотиб олган одамга ётиғи билан тушунтир, пулини қайтиб олсин. Пулнинг етмаганини қўшарсан, иложинг бўлмаса, мен бера қоламан, — деди-да, пул ўрамини Кесакполвоннинг тиззаси устига қўйди: — Бу менинг охирги буйруғим. Бундан буёғидагилари энди илтимос бўлади.

— Сен нима қилаётганингни билаяпсанми?! — Кесакполвон аччиқланиб туриб кетди. — Сен мени… пичоқсиз сўйяпсан!

Кесакполвоннинг бу ҳолати Асадбекка роҳат бахш этди. Кўзлари кулди. «Қани эди, сен маразни ўтмас пичоқ билан киндигингдан бўғзингача сўйсам», деб ўйлади.

— Ҳайдар, сен ҳозир ловиллаяпсан, майли, бир гуриллаб ол. Лекин эртага ҳовуринг босилади.

Ўшанда «Асад тўғри қилган экан», дейсан. Менинг гапларим шу ерда қолади, а?

Дўст-душман бу ўзгаришни билмай қўяверсин. — Асадбек шундай деб ўрнидан турди-да, енгил керишди. — Аслида икки-уч йил олдин шундай қилишим керак эди. Ҳозир елкамни эзиб турган тоғ бирдан ағдарилди. Энди уйга бориб бола-чақа билан ғам-ташвишсиз, би-ир чақчақлашиб ўтирай. Эрталабдан худо хоҳласа, тўйни ҳаракатини бошлаймиз. Маҳмуднинг қирқи ўтиб олсин, би-ир тўй қилайлик, а ошна?

Бир-бирларини «ошна» деб атаганлари билан ораларида ҳеч қачон соф, самимий дўстлик бўлмаган, аксинча, Жалилнинг таъбири билан айтганда фақатгина манфаат қоидасига итоат этиб яшаган бу икки одам дилларини қафасга солганлари ҳолда, фақат тил учида гаплашдилар. Тиллардан гўё бол томди, дил эса захарли ўқларга тўлди.

Қалблар узил-кесил душманга айлангани ҳолда хайр-лашдилар.

Бирови собиқ, бирови эса янги хўжайин сифатида кўчага чиқдилар.

 

***

 

Зоҳид Ҳамдам Толиповнинг келишини кутиб ўтирган эди. Ваъдасига хиёнат қилмайдиган Ҳамдам бу сафар нима учундир кечикаётган эди. Зоҳид бетоқатланиб, соатига бир неча марта қараб-қараб олгач, Ҳамдамнинг хонасига қўнғироқ қилди. Жавоб бўлмагач, навбатчининг рақамларини терди. «Толиповнинг чиқиб кетганига бир соатдан ошди», деган жавобни эшитиб, нима қиларини билмай ўтирганида унга «Миркаримовнинг «Иши» бўйича Эркаева деган аёл келиб, сў-раётганини» маълум қилишди. Кутилмаган бу ташриф аввалига Зоҳидни таажжубга солди, сўнг эса «тинтувда олинган нарсаларини сўраб келгандир», деган фикрда аёлга рухсатнома буюрди.

Ойсанам кириб ўтиргач, Зоҳид дабдурустдан «нега келдингиз? Менда нима ишингиз бор?» демай, ҳол-аҳвол сўради. Ойсанам бу илтифотга жавобан «юрибмиз, Худога шукр», деб қўйди. Сўнг бир нафас сукут қилди-да, муддаога кўча қолди:

— Мен… акамни чиқариш масаласида келувдим.

— Чиқариш масаласида? — Зоҳид Ойсанамга тикилиб қаради. — Биров чиқараман, деб ваъда қилувди-ми?

— Йўқ… — Ойсанам бир оз тараддудланиб, қўлидаги кириш рухсатномасини буклай бошлади. Кейин ўзига тикилиб турган кўзларга қараб олгач, синиқроқ овозда мақсадини баён қилди: — Орадан неча ой ўтяпти. Гуноҳлари бўлса, бўйинларига қўйиб қамавормайсизларми? У ёқда акам азобдалар, бу ёқда болалари эзилиб кетишди.

Ойсанам «гапларим таъсир этяптими?» дегандай яна бир қараб олди. Бу сафар нигоҳи тикилиб турган кўзларга тўқнашмади. Зоҳид «майли, қанча гапи бўлса гапириб олсин», деган мақсадда ундан кўзларини узиб, столи устидаги қоғозларга тикилиб ўтирарди. Бундан пича қувватланган Ойсанам гапларини дадилроқ давом этди:

— Уйимга борганингизда ҳам айтганман: акамда айб йўқ. Асли… пешонамиз шўр бизнинг. Ҳамиша ҳар хил балолар изимиздан қувиб юради. Дадам раҳматли ишхоналарида бир палакат билан мажруҳ бўлиб қолувдилар. Ойим бечора бизларни минг-минг азоблар билан боқиб катта қилдилар. Яшаётган уйимга қараб, менга баҳо берманг. Биз камбағалликда, меҳнат билан, ит азобида катта бўлганмиз. Акамнинг уйларини бориб кўрдингизми?

Зоҳид бош чайқаб, «Борганимча йўқ», деди.

— Бориб кўринг: икки уй бир дахлизда олти боласи билан ўтиради. Кеннайим кутубхонада ишлайдилар. Тўқсон сўм маош билан олти боланинг қорнини ўйласинларми ё уст-бошига қарасинларми? Кеча борсам… йиғлаб ўтирибдилар. Боқчада бир тадбир бор экан, ширинлик пишириб келишни сўрашибди. Мактабга эса, бўёққа пул беришлари керак экан. Мен бу азобларни айтаверсам, бунақа гапларни атторнинг қутисидан ҳам топа олмайсиз… Сиз текшириб, тагига еткунингизча яна неча ой ўтаркин. Худо хайрингизни берсин, акамни қўйиб юборинг. Ишлаб, болаларини боқсинлар, ҳеч қаёққа қочиб кетмайдилар. Ахир тилхат олиб, кейин чиқарасизлар-ку, болаларига раҳмингиз келсин.

«Атторнинг қутисидаги гаплар» тугади шекилли. Ойсанам енгил хўрсингач, жим бўлди.

Бу каби хасратлар барча терговчилар қаторида Зоҳид учун ҳам янгилик эмас.

Бировнинг шўрини қуритишдан аввал ҳеч ким бечорахол бўлмайди. Қўлга тушиб, қамалгач, унинг «ҳаётда эзилгани», кўп «ғурбат чеккани» «маълум бўлиб қолади».

Бундай ҳасратларни эшитган одам жабрланувчига эмас, балки зулм қилганга ачиниши керак бўлиб қолади. «Ҳа, энди ўлган ўлиб кетди, бу одамни қамаганингиз билан мурда тирилиб қайтиб келармиди», «Ҳа, энди бир ёшлик қилиб, ўғирликка тушибди-да, нарсаларини қайтариб берди, раҳм қила қолинг», «Терговчи ука, бу ҳам йигитчиликдан-да, бир тепиб, иккитагина мушт урганга ҳам шунчами? Ёрилган жойи битиб кетибди, сиз ҳам «иш» — ни ямаб қўя қолинг» — хасратларнинг сўнггида очиқ айтилмаса-да, шу каби илтимослар яширинган бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, мазкур «Иш» «бир ёқлик қилингач», «суюнчиси» кутиб тургани ҳам қистириб ўтилади. Кейин эса… «Шу арзимаган ишни ёпдиёпди қилиб юборса ҳам бўларди, терговчи ўлгурда раҳм-шафқат деган нарса йўқ экан», деб ҳукм чиқарилади. «Арзимаган иш» туфайли неча кишининг жабр тортгани эса тарози палласига қўйилмайди.

Уйида хушламайгина гаплашган Ойсанам ўзгалардан фарқли ўлароқ, талабини очиқ айта қолди. Ўша куни осмонда эди, овозлари баланд пардада эди, бугун нечун ерга тушди, нечун ҳазин оҳангда гапиряпти? Наҳот келин аясининг кўз ёшлари унга бунчалик қаттиқ таъсир этди экан? Эри қамалганидан бери у аёл хасратларини энди баён қилибдими?

Балки эрининг топган-тўплаганларини еб адо қилгач, кўзларига ёш келдими?

Зоҳидни бу каби саволлар унча қийнамади, чунки Ойсанамнинг кўз ёшлар таъсирида эмас, кимнингдир даъватига кўра келганига кўпроқ ишонарди. Бунақа ҳолларда маслаҳатчилар кўп бўлишини билгани учун «Уни ҳузуримга ким юборди?» деган муаммога жавоб излаш ҳам Зоҳид учун айтарли аҳамиятли эмасди. У Ойсанамнинг ўз оёғи билан кириб келганидан фойдаланиб, кечаги сўроқ пайтида эшитган маълумотларини солиштириб, текшириб олиш пайида эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК