Динда саволим бор: » Мусулмон бўлмаганларнинг дафн маросимига бориш мумкинми?»

0

Савол:

– Бир танишимнинг бошлиғи вафот этди. У Ислом динига эмас, бошқа динга эътиқод қиларди. Танишим раҳбарининг дафн маросимида иштирок этди. Саволим шуки, шунга ўхшаш дафн маросимларига боришга динимизда рухсат борми?
Шунингдек, мусулмон киши бошқа диндаги инсонларни уларнинг диний байрами билан табрикласа бўладими? Баъзилар мусулмон ғайридинни табриклаш билан диндан чиқиб қолади, дейишади. Шу гаплар тўғрими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ жавоблари:
– Агар ишхонада сиз билан бирга ишлайдиган бир насронийнинг яқин кишиси оламдан ўтиб қолса, унга таъзия билдиришингиз мумкин. Мусулмон киши насронийларнинг дафн маросимига борса бўлади. Аммо ибодатларида иштирок этиши мутлақо мумкин эмас…
Мусулмон давлатларнинг раҳбарлари ва кўзга кўринган арбоблари бошқа диндагиларни байрамлари билан табриклашлари одат тусига кириб қолди. Буларнинг ҳаммаси уламоларнинг фатволари ва қарорлари асосида бўлмоқда. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик. Қувайт давлатида «Шаръий фатволар ҳайъати» томонидан чоп этилган «Муғтариб ва мусофирларга фатволар» номли китобнинг 17–18-бетларида «Насороларни янги йил билан табриклаш» сарлавҳаси остида берилган саволга жавобда диний маъноларни ишга солмай уларни табриклаш мумкинлиги айтилган. Замонамизнинг кўзга кўринган олими, Дунё мусулмон уламолари бирлигининг раиси Шайх Юсуф Қарзовий ўзининг «Замонавий фатволар» номли китобининг учинчи жузи 668–673-бетларида «Аҳли китобни байрамлари билан табриклаш» сарлавҳаси остида бу масалани батафсил баён қилган ва уларни байрамлари билан табриклаш мумкинлигини айтган… Албатта, бу табриклар улар билан мулоқот асосида бўлади. У уларнинг динига эътиқод қилиш ёки ибодатларини адо этиш маъносида эмас. Инсоний алоқа юзасидан ва улар ҳам бизни диний байрамларимиз ила табриклашаётгани учун бўлади.